Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 01.14.24
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Март » 17 » Мулоҳаза
    14.34.04
    Мулоҳаза
    Миллат муштга айланмаса...

    Бугун дунё нотинч дейишади.Ҳақиқатан ҳам шундайми?
    Менимча дунё дунё бўлиб яралгандан буён нотинч.Фақат унинг нотинчлигини ҳар ким ўз бошига иш тушгандагина ҳис қилади чамаси.Одамларнинг сўзларига қулоқ тутар эканман кимдир бахтидан тўлиб-тошиб гапиради, кимдир эса бебахтлигидан ўксиниб қўяди.Бахтлилар қаҳ-қаҳ отиб кулишса, бахтсизлар тиззаларига муштлаб, сочларини юлиб йиғлашади.

    Ўзбекистонликларчи, дея албатта ўз ватандошларинг ҳақида ўй сурасан.Ватандошларнинг аксарияти шахсан ўз бошига иш тушганларигина юртда нотинчлик, адолатсизлик ва ҳакозолар ҳақида гапиришади.Унгача гапирадиганлари эса фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб сўзлайди назаримда.

    Булар ҳақида мулоҳаза юритишга уринганим сабаби шуки, ўтган дам олиш кунларида оддий холанд хонадонида меҳмонда бўлдим.Биздаги "бир пиёла чой устида суҳбат" деган каби уларда ҳам шунга ўхшаш меҳмондорчилик ҳам бор.Чойми ё кофе баҳона янги танишлар турли мавзуларда суҳбатлашишади.

    Улар билан суҳбатлардан сўнг тафсилотлари ҳақида беихтиёр мулоҳаза юрита бошладим.Ҳаммада ҳам шундай бўлса керак.У нима деди, мен нима дедим?Биринчи туғилган савол:бизнинг улардан фарқимиз нима?

    Одамзот сифатида ҳеч бир тафовут йўқ.Лекин нафақат кечаги суҳбат умуман кузатишларимдан хулосам шуки, улар мавжуд қонун-қоидаларга қатъий риоя этишади.Улар бир киши ёрдам сўраса ҳечда рад этишмайди.Имконлари қадар ёрдам беришга, ёрдам берганда ҳам ўз манфаатлари учун жонкуярлик қилгандай, шунчаки эмас.Бундан ташқари менимча энг муҳими атрофда бошқа кишига нисбатан ноҳақликка бепарво эмас.Чунки худди шу ҳол мен билан ҳам рўй бериши мумкин, деган тушунча бор.Оврўпаликлар юрагига қулоқ тутиб эмас, бош билан ўйлаб ақлан иш тутишади дейишади.Бу хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.Улар ҳам тирик жон , шундай экан улар ҳам қалбларига қулоқ тутадиган кезлар ҳам бўлади албатта.

    Энг асосийси улар ўз ватанини ўз уйим, оилам ва мен унинг соҳибларидан бириман.Ҳар бир шу мамлакат фуқароси эса менинг биродарим, менинг ватандошим деб ҳисоблайди.

    Биздачи?Бугун одамларга қулоқ солиб кўряпман.Уларнинг аксарияти тушкун кайфиятдалиги сезилиб туради.Қачон Ўзбекистонда кўнгилдагидай жамият бўлар экан?...

    Бизлар шундаймизки, юқорида ҳам айтганимдай қачон ўзимизнинг бошимизга иш тушгачгина ҳуқуқбон бўламиз, бизлар қачон амалимиз тортиб олингач мухолифатчи бўламиз.Хуллас таъбир жоиз бўлса ҳар биримизга шахсан қачон адолатсизлик қиличи жароҳат етказсагина исён қиламиз.Бошқа пайт лоқайдмиз.Бугун амал курсисида ялпайиб ўтирганимиз ҳақми-ноҳақми зулмнинг мусиқасини тинглаб, ҳатто ундан ҳузурланиб ўтирамиз.Бугун бизнинг фарзандимизнинг ҳеч нарсадан ками кўсти йўқ - бахтиёрмиз.Қўшнининг ўнта боласи қамаладими, офат тегиб ўладими тўпиғимизга чиқмайди.Лоқайдмиз.Қачонки ўзимизнинг оёғимизга тикон киргач айюҳаннос соламиз.Ўзимизга билинмайди, атрофдан қараган кишида: "ҳар кимники ўзига ширинда, типратикан боласини юмшоғим, қўнғиз боласини оппоғим" дейди-да деган фикр ўтади.Бу ҳол неча йилларки давом этиб келяпти.Зулм шу боис ҳам битта-битталаб барг терган каби салгина бош кўтарганнинг бошини эзиб келмоқда.

    Албатта чиндан ноҳақликка мухолифлар, чиндан инсонлар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашчилар бор.Афсуски бундайлар бармоқ билан санарли.

    Яна ўша аввалги савол қадди эгик тураверади:қачон Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бўлади?

    Қачонки ҳамма нафақат ўзининг бошига иш тушганда мухолифатчи ё ҳуқуқбонга айланиши , балки юқорида мисол келтирганим холланддияликлар каби бизнинг ватандошлар ҳам:Ўзбекистон менинг ватаним, мен унинг соҳибиман.Ватандаги ҳар бир инсон менинг ватандошим, менинг миллатдошим, унинг бошига иш тушдими демак менинг бошимга иш тушди деган ҳис билан яшай бошласа ўшандан бошлаб ижобий томонга ўзгаришлар бўлиши мумкин.Бир сўз билан айтиладиган бўлса:миллат муштга айланмас экан, аҳвол ҳам бугун қандай бўлса шундайлигича қолаверади.

    Ризо Обид.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz