Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.51.46
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Март » 29 » АДАБИЁТ
    09.06.51
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир Маматов: Ўзгармаган дунё

    mamatov.jpgОЙДИНЛАР…

    Ўқиган ва ўқиганни уққан, фозилу фузало, ақли дониш, илму урфон, маърифатли ва маданиятли инсонларни турк дунёсида ойдинлар дейишади. Қоронғулик ва зулмат бағрини тилган нурдир ойдинлар. Миллатнинг кўз ва кучи, Ватаннинг истиқбол ва ифтихоридир ойдинлар. Бошқа бир ифода ила ойдин калимаси ойдан маъносини ҳам беради. Ер юзини зулмат қоплаганда ой чиқади. У юлдузларни, умидларни бошлаб келади.

    Биз зиёли, деймиз ойдинларни. Зиё сочувчи, нур сочувчи демак. Илк турк ҳоқонлиги бўлмиш Осиё хунлар давлати бошида ўтирган Теоман: «Зиёлиси бўлмаган ўлканинг кундузи ҳам қоронғудир», деган. Бу милоддан аввал юзинчи йилларда айтилган гап. Милодга қараб бироз одим отсак, биз Ўғизхон деганимиз Метехон ва шимолий Хун ҳоқони Атилладан тортиб, Мирзо Бобурга қадар, Бойсунқур Мирзодан тортиб Анвар пошшогача барча буюкларимиз ойдин инсонларни, зиёлиларни алоҳида қадрладилар, уларга умид боғладилар.

    Ривоят қилишларича, Амир Темур ҳазратлари узоқ йиллик сафардан қайтганларида мамлакатда аҳвол оғирлашиб, халқ солиқлар остида қолган экан. Саройда музаффарлик шарафига уюштириладиган зиёфатдан аввал Амир Темур зиёлилар машъаласини кўтарган Мирсаид Барака билан учрашиб, ҳақиқий аҳволни ундан ўрганибдилар. Зиёфатда эса насру назм қаламкашлари, муаррихлар Соҳибқиронни кўкларга кўтариб, мақтаб унга ҳамду сано айтишибди. Шунда Соҳибқирон улардан бирига «Мен йўғимда битилган девонларингни келтир» дедилар.

    Шоирнинг шеърлари фиғон, шикоят, дард ва алам сатрларидан қурилган экан. Шунда Амир Темур шоирга «Сен нима учун иккиюзламачилик қилаяпсан? Нега шеъринг бошқа, ўзинг бошқа», дедилар. Шоир бош эгиб, индамай тураверибди. Шундан кейин, Амир Темур «Бу миллатнинг бошига яхшилик келса ҳам, ёмонлик келса ҳам ойдинлардан келади», деган эканлар.

    Яқинда бир дўстимиз Ўзбекистондаги оғир аҳволдан куюниб гапирар экан, ўз дардини бир шоирнинг шеърлари билан ифода этди. Дард ва аламга тўла бу шеърнинг соҳиби бугун саройда, давранинг энг тўрида ўтирадиган киши, яъни Амир Темур ифодаси билан айтганда, унинг шеъри бошқа, ўзи бошқадир.

    Мен атайлаб унинг исмини сўзламадим, чунки бундай зиёлиларни Ўзбекистонда ҳар қадамда учратиш мумкин. Президент девони таркибига назар солсангиз, саксон фоизи зиёлилардир. Президентнинг нутқларини, китобларини, дастурини, учрашувларини улар белгилайдилар. Ҳукуматнинг бошқа жуда кўп муҳим нутқларида ҳам таниқли зиёлиларни кўриш мумкин. Уларнинг романлари, қиссалари, шеърларида халқимизнинг оғир аҳволи ҳақида имоли сўз боради. Яъни улар халқ чекаётган изтироблар ҳақида халқнинг ўзига яширин шикоят қиладилар. Бу ерда уларнинг бошқа бир дунёлари бор. Ҳаётда эса ана шу изтироблардан кўз юмадилар, ўз манфаатларига зарар тегишидан чўчиб, бу изтиробларни кимларгадир андозалаб кўрсатадилар. Уларнинг кўпчилиги советлар даврида ҳам энг юқори поғоналарда ва давраларнинг тўрида эдилар. Улар шахси ва ижоди бошқа-бошқа бўлган ойдинлардир.

    Бир қисм ойдинлар борки, эллик йил коммунизмни куйладилар ва бугун ҳам ҳукуматни мадҳ этмокдалар.Улардан шикоятчи эмасмиз. Чунки уларнинг кимликлари аниқ. Ҳамма уларнинг маддоҳлигини, ижодини, фикри, қобилиятини манфаатга сотганлигини яхши билади. Лекин иккиюзламачи ойдинларимиз энг катта фожеамиздир. Халқ уларни севади, шеърларини ёдлайди, романларига умид боғлайди, арзандларига уларнинг исмини беради, лекин бутун бало улардан келаётганини билмайди.

    Сайёра Рашидовани яхши танийман. Истеъдодли олимадир. Шароф Рашидов ердан олиб осмонга, осмондан олиб ерга урилаётган пайтда Сайёра опа ва онаси Хурсанд ая биз журналистларнинг ҳузурига шикоят билан келишди: «Ҳатто уйимизни тортиб олишди», дея кўз ёши қилишди ва сиз ҳақиқатни ёзмаяпсиз, ҳақиқатдан қўрқаяпсиз, дейишди. Ўша журналистларнинг ёзганлари боис Сайёра опа кун ёруғига чикди. Бугун у Ўзбекистонда инсон ҳақлари бўйича бош мутасадди. Аммо ўнлаб, юзлаб ҳақлари поймол этилган ва ҳатто қамоқларда ўлдирилаётган инсонларнинг ҳаёт ҳақиқатидан кўз юммокда. Бугун Ўзбекистонда Сайёра Рашидова каби кеча зулм кўрган ва энди иқтидорда бўлган жуда кўп ойдинлар бор. Булар яна бир фожеамиз. Чунки табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб, дея бутун умидлар уларга боғланди ва охирида саробга айланди.

    Учинчи бир тоифа ойдинларимиз булар газета, журнал ва нашриётларнинг бошида ўтирган инсонлардир. Бугун Ўзбекистонда цензура мавжудлиги ҳар томондан танқид қилинмокда. Қайси бир жиҳатдан ҳукумат цензура йўқ дер экан, ҳакдир. Чунки бугунги муҳаррирлар бор экан, цензурага эҳтиёж қолмайди. Фожеали томони шундаки, улар журналистлар ёзган жиддий танқидларни турли баҳоналар билан ғаладонда сақлайдилар. Президент «Сиз нега танқид ёзмаяпсиз?» дер экан, «ёлғон танқиднинг нима кераги бор, ҳаммаёқ мунаввар, олам гулистон», дейдилар. Зотан, шундай жавоб кутилишини яхши биладилар.

    АЛ-ҚИССА: Бу миллатнинг бошига яхшилик келса ҳам, ёмонлик келса ҳам ойдинлардан келади. (1996 й.) “Ўзлигим” китобидан.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz