Жаҳонгир Муҳаммад
ПАНЖАРАЛАР
Тарихимнинг қатларига из- из бўлиб санчилган,
Дор оғочнинг қаватига эгиз бўлиб санчилган,
Юрагимнинг қалъасига бигиз бўлиб санчилган,
Панжаралар,
Панжаралар!
Истиқболим, манглайинга байроқ бўлиб санчилган,
Ҳақни айтсам биқинимга бармоқ бўлиб санчилган,
Тафаккурим сўқмоғига қайроқ бўлиб санчилган,
Панжаралар,
Панжаралар!
Шоҳу миллат орасига посбон бўлиб санчилган,
Зиндон ва эрк деворига ҳижрон бўлиб санчилган,
Бу не кўргу, кўзларимга мужгон бўлиб санчилган,
Панжаралар,
Панжаралар!
Зулм-денгиз соҳилига маёқ бўлиб санчилган,
Бешигимда атрофимга таёқ бўлиб санчилган,
Тобутимнинг тўрт бурчига оёқ бўлиб санчилган,
Панжаралар!
Панжаралар!
Вашингтон 2002 йил. Манба:ЖАҲОННОМА
|