Жаҳонгир Муҳаммад
ЎЗБЕК ЎЗИН ЎЗИ ЕР
Тошканди эсанг магар,
“Қозоқ”, деган ном олдинг.
Самарқандда туғилсанг гар,
Бас, Тожик бўлиб қолдинг.
Аҳли Фарғона бўлсанг,
“Анди”, дерлар тап тортмай.
Хоразм элда ўлсанг,
Юз бурарлар тап ботмай.
“Бухоролик ман” десанг,
“Жугут”, дейдилар бешак.
Асли қишлоқдан эсанг,
Отинг қўярлар “Эшак”.
Наманган гар ватанинг
“Хунаса”, деб сўкарлар.
Ҳукм бўлса айтганинг,
Олдингда тиз чўкарлар.
Қора қирғиз ёт унсур,
Жиззах Гулистон учун.
Туркманнинг юзи қурсин,
Қарши, Андижон учун.
“Ё қўнғирот ё найман”,
Дерлар ул юклик учун.
“Ё эроний, ё ҳайман”,
Ҳақорат турклик учун.
Фитна уруғин сепиб,
Ука душман акага.
Дўсти дўстини тепиб,
Кўнгил берар такага.
Айрилганни айиқ ер,
Бўлинган ем бўрига.
Ўзбек ўзин ўзи ер,
Тош қалар сўнг гўрига.
Вашингтон, 2003 йил.
|