Юсуф Жумага Ўзбекистонда одат тусини олган суд бўлиб, адолатсиз ҳукм ўқилди...
Шеър ёзадиганлар ва мен шоирман дейдиганлар кўп бўларкану, аммо қўли кишанда туриб ҳам ҳақ учун фарёд қиладиган чиндан шоири замон миллионтадан битта, балки юз йилда бир чиқаркан назаримда.
Зар чопонга бурканиб, унвонларга сотилиб, шох қасрида қоқилганлар!Зимдан ҳақгўйларнинг изини пойлаб юрган айғоқчи "шоирлар".Нафси йўлида, жонини сақлаш илинжида, амал-мартаба йўлида қабоҳату жаҳолатга ботиб ётганларини қанчасини кўряпмиз.Аммо ривоятда айтилган уч юз йил қарға каби гўнг титиб яшагандан озроқ бўлсада бургут каби соф-мусаффо қонла яшаш, яшаганда ҳам фақат бошқалар учун ҳаётни тикиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайдиган жасорат эканини кўриб туриб тан ололмаётган айрим "шоирман" деганларга-ю тахтпарастларга суф дегинг, юзларига "туф" дегинг келаверади.
Ҳақиқат эгилади аммо синмайди дейишади.Аммо ана шу эгилишлар эврилишида сотқинга айланган хиёнаткорлар оҳ-ҳов афсус ғоят кўпайиб кетди.Чиройли сўзлайдиган, кўнглида қасрни кўзлайдиганлари йўқ денгчи.Йўқ деёлмайсиз.Чунки ундайлар ҳар одимда ва ёнгинангизда турибди.
Лекин, дунёнинг дунё бўлиб туришида қаҳрамон шоир Юсуф Жумалар, унинг фарзандлари ва марду майдон шоирнинг аёли Гулнора опалар сингарилар ғоят оз бўлсада борликларидан деб айтгинг, тан олгинг келади.Худога шукур деб дунёга келиб, худога шукур деб кекириб-кекириб умр ўтказаётганлар ҳам кўп.Улар қоринларини силаб юришлари ҳам Юсуф Жума сингари оловқалблар эвазига эканини билишармикан?Билишади.Аммо бу ҳақда овоз чиқариб айтишга улардаги тахтпарастлигу ва яна бошқа қатор параст-парастлик иллатлари йўл қўймайди холос.
Ҳа, ҳамма ҳам Юсуф Жума бўлмайди ва бўлолмайди экан...Лекин биз миллатнинг чин қаҳрамони Юсуф Жума озодлигини талаб қилаверамиз, токи зулм чекинмас экан, кураш бир зум ҳам тўхтамайди!