Жаҳонгир Муҳаммад
БУЮК ДАРА
Ўзбек онасига ўхшайди замин,
Тепкилар зарбидан моматалоқдир,
Ҳатто ўз эрига айтганда ғамин,
Олгани ҳақорат ё уч талоқдир.
Дард сели сингимиш соч ўрмонига,
Вужуди титроқда, қони қародир,
Хуршид ҳам ниш урар қалб вулқонига,
Юраги ўпирилган Буюк Дарадир.
Саҳро ухлаб ётар мангу бир рўё,
Уммон сукунатнинг сассиз боласи,
Тоғларнинг келбати ўлгандай гўё,
Буюк Дара бугун дарднинг ноласи.
Лос Анжелес, 2003 йил.
***
Баъзан бошимни унутиб,
ёшимни унутиб,
Сену ўйлайман.
Баъзан рўёни унутиб,
Дунёни унутиб
Сени ўйлайман.
Баъзан сўзимни унутиб,
Ўзимни унутиб,
Сени ўйлайман.
Баъзан йўлимни унутиб.
Ўлимни унутиб
Сени ўйлайман.
Бегоналик шунақа,
Девоналик шунақа,
Баъзан бегонаман,
Баъзан девона.
Вашингтон, 2002 йил
|