Жаҳонгир Муҳаммад
ХОТИРА
Хотиранинг дарёси қуриб борар йил сайин,
Болалик соҳиллари Орол бўйига ўхшар.
Дўстим сени қидирсам овозинг бунча майин,
Кўзларинг хира тортган, сочларинг тонги маҳшар.
Хотиранинг дафтари сарғаймиш хўп сукутда,
Ёшлик куйи хазонмиш шамолга тоб беролмас.
Дўстим сени қидирсам дуторнинг тори битта,
Иккинчиси узилган боғлашга қўл етолмас.
Хотиранинг шуъласи сўниб қолганми, билмам,
Балки дардни елкалаб, алам бошлаб келибман.
Дўстим сени қидирсам кўзимда ёшим, кулмам,
Табассум сувратини сенга ташлаб келибман.
Вашингтон, 2003 йил
|