Жаҳонгир Муҳаммад
МАГАР…
Магар сен қафасни севмасанг,
Қафасда сайрайсан не сабаб?
Душманга эврилиб, дўстингга
Қайроқни қайрайсан не сабаб?
Не сабаб ноҳақни ҳақ дейсан,
Манфаат чашмасин кўрганда?
Не сабаб қарз олиб нақд дейсан,
Дардингни майдалаб ўрганда?
Пул бўлса қардошинг бегона,
Минг йиллик андиша бир пулдир.
Меҳр қолиб, зулмни ягона
Тан олган бечора сен-қулдир.
Қуёшга ҳам тортасан парда,
Моҳтобнинг юлдузи ёр дея.
Ҳақ айтилса қиласан зарда,
Зулматнинг кундузи бор дея.
Магар сен адолат қумсасанг,
Эркингни сотасан не сабаб?
Магар сен курашни истасанг,
Туну кун ётасан не сабаб?
Вашингтон, 2003 йил.
|