Жаҳонгир Муҳаммад
Кураш
Мозийнинг муҳрли ёдида битик,
Гўрўғли султоннинг отида битик,
Беҳистун тошларин қатида битик,
Қуш каби элатнинг патида битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!
Тўмарисдан ёдгор узукда битик,
Оқсоқ бобом шаъни-Тузукда битик,
Йўл боши Йилдириб кўзўкда битик,
Ойдин кун, моҳитоб сузукда битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!
Забонсиз, забунсиз қирғоқда битик,
Ватанли, беватан сайғоқда битик,
Турк бўлиб тарқалган тарқоқда битик,
Бўйнимда илондай арқоқда битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!
Қатағон кетганлар қабрида битик,
Гунг бўлиб юрганлар сабрида битик,
Ақли донишларнинг табрида битик,
Етим болакайнинг абрида битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!
Сўзимда сўнмаган ул шоним битик,
Ҳеч қачон ўлмаган имоним битик,
Йўлларда битмаган дармоним битик,
Ва лекин кўксимда армоним битик-
Кураш!
Кураш!!
Кураш!!!
6 Март, 1993, Самарқанд. ЖАҲОННОМА
|