Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 03.57.21
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Май » 31 » АДАБИЁТ
    02.17.52
    АДАБИЁТ

    Жаҳонгир Муҳаммад

    Ўзлигим

    РОМАН-ПАМФЛЕТ

    Мазкур китобда Америка ойнасидан Ўзбекистонга назар ташланади ва унинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий олами таҳлил этилади. Китобнинг аксарият қисми парчалар ҳолида “Озодлик” радиосида муаллиф томонидан ўқиб эшиттирилганидан хабардор ўқувчиларимиз учун бу яхлит ҳолдаги тақдимдир. Радиони мунтазам эшитиш имконияти бўлмаганлар ва умуман “Озодлик”ни эшитиб бориш ҳаққидан ҳам маҳрум қолган ўқувчилар учун эса китоб мушоҳада, мулоҳаза, муҳокама манбаи деган умиддамиз. Китобни “Америка ва Ўзбекистон” деб ҳам номлаш мумкин, аммо тарозининг Ўзбекистон қисми оғир босади. Асарда гарчи кейинги йиллар ва шу кунларнинг воқеалари устида гап борса-да, у Ўзбек элининг келажаги ҳам. Асар марказида Ўзбекистон, унинг авторитар режими, бу режимнинг тўралари, маддоҳлари ва қуллари турадилар. Уларнинг қаршисида эса ёзувчининг “Мен”и .

    ЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

    Сен карнай-сурнай шовқинида “Ўзбегим” дея ўйин ўйнаётган пайтда, мен “Ўзлигим” дея изтироб чекаётган ва мотам тутаётган эдим.

    МУАЛЛИФ.


    ҲАЙРАТЛИ ҲАДЯ

    Ҳар ким дунёни ўз кўзи билан кўради. Юқорида мен зикр этган масалада ҳам ҳар кимнинг ўз қараши мавжуд. Чунки дунёнинг битта ҳақиқати бор, аммо ҳар бир инсоннинг унга нисбатан ўз мезонлари бўлади. Бугунга қадар энг кўп гапирилган ва энг кўп ёзилган давлатлардан бири Америкадир. Кимдир уни дунёнинг енгилмас кучи, дея таъриф этса, яна кимдир орзулар ўлкаси, дейди.

    Америка ва Ўзбекистон. Иккиси икки дунё. Осилсанг баланд дорга осил деганларидек, Ўзбекистоннинг баъзи жиҳатларини Америкага солиштирмоқ истади кўнгил. Бундан минг йил муқаддам илм хазинасининг соҳиби аввали Абу Райҳон Беруний ҳазратлари уммон ва денгизлар ортидаги бу ўлканинг борлиги ҳақида сўз этганларида ҳали Колумбнинг бобокалони ҳам туғилмаган эди. Бироқ дунёнинг ишлари шундай чигалки, калаванинг учини топаман деганлар ўз йўлларини йўқотиб қўядилар. Бугун не десак ҳам барибир Америка ўз кашфиётчисини Колумб, деб билади. Гап Американинг кашф этилишида эмас, гап Американинг яратилишида. Бу муаззам ўлка ҳақидаги ҳикояларимга мени ҳайратга туширган бир воқеани ўнг сўз сифатида қабул этдим.

    Зеҳният, яъни менталитет қондан -қонга кўчадиган нарса эмас. У инсон туғилгандан кейин шаклланадиган ҳодисадир. Аммо оддий қишлокдан тортиб то кўкдаги сайёраларнинг ўтмиш ва келажакларини тасаввур қилиш, тафаккурга сингдириш, хулосага тўкиш ана шу зеҳният билан боғлиқ. Борни бор қиладиган ҳам, йўқни бор қиладиган ҳам зеҳниятдир.

    Тарихимизда жуда кўп империялар тузилди ва парчаланиб кетди. Ҳар бири ҳақида айри-айри хулосалар мавжуд, аммо уларнинг бир умр яшаб қололмаганлари замирида зеҳниятни шакллантира олмаганлари, тўғрироғи зеҳниятни суғориб турмаганлари кўзга ташланади. Биз воқеалар рўй бераётган пайтида эмас, балки тарихга айланган вақтида у ҳакда фикр этишга одатланганмиз.

    Ўтмишни севмасдан келажакни севиш мумкин эмас, лекин ўтмиш ва келажак ўртасида бугун ҳам борлигини унутмасак, севгимизни бугундан дариғ тутмасак, ўшандагина ҳаққоният йўлини танлаган бўламиз.

    Америкага келишим олдидан ИстанбулнингКочдорилфунунида Оврупа тарихидан дарс бераётган ҳамкасбим Стефан Ричманд икки ҳадя келтирди. Ўттиз бир ёшида профессор бўлган бу йигитнинг ота-боболари Болтиқ бўйида туғилган эканлар, у эса Американинг Бостон штатида дунёга келган. Стефан ўзи туғилиб ўсган Бостон штати ҳақидаги рангли китобни узатаркан:

    - Бу ерни “Янги Англия” дейишади. Бостон Американинг қалбидир, - деди.

    Китоб ҳақикатдан ҳам гўзал эди, аммо мени ҳайратлантирмади. Чунки Самарқанд, Бухоро, Хива ҳақидаги анъанавий, рангли китобларимиз ундан қолишмайди. Бироздан сўнг Стефан қўлини ён чўнтагига солди-да:

    - Энди энг қимматли ҳадямни бераман. Буни 1980-йилдан буён ён чўнтагимда ташийман, яъни юрагимнинг устида. Ёш бола эдим, уни менга отам ҳадя қилганди,- деди.

    У чўнтагидан митти бир китобчани чиқарди. Бундай ҳадяни биз хаёлимизга келтириш у ёкда турсин, балки эшитганда масхараомуз кулиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Аммо бу ҳадя бир америкаликнинг зеҳниятини, давлати, мамлакатини устун қилишга интилишининг энг мунаввар ифодаси эди. У менга “Америка Конституцияси” китобчасини ҳадя этганди.

    Ана энди бирор бир юртдошимиз ўртага чиқиб айтсинчи:” Мен ҳам фалон америкаликка ўзбек тилида ёзилган Асосий қонунимиз китобчасини ҳадя этдимдеб. Айта олмайди ва бу унинг қусури эмас, чунки биз Конститутциямизни туғилган кунидан буён тортиша бошладик. Яна ҳам аччиқ ҳақиқат шуки, уни чанг босган ғаладонга итқитдик, чунки унинг қабул қилиниш жараёни, ҳозирланишидан тасдиқланишига қадар шубҳали ва ғайридемократик эди.

    Қолаверса, миллат ўлкада телефон Конститутцияси яшаётганини кўриб турарди. Етмиш йил “Ассалом Рус халқи…” деб бошланадиган мадҳияни эшитган миллат яна ўша мусиқа, ўша оҳангда (юзлаб гўзал шеърлар четга сурилиб, Президент томонидан танланган шеър) куйланса, қандай қилиб шавққа тўлсин? Конститутциясида ҳурлик, эркинлик, адолатдан сўз очилиб, амалда эса Конститутцияни ёзганлар зулмни байроқ қилсалар, миллат қандай қилиб бу қонунни севсин?

    Америка эса бутун халқнинг хоҳиш иродасини мужассам этиб, Конститутцияни бир марта ёзишди ва икки юз йилдан зиёд замондан бери бир сатр у ёкда турсин, бир ҳарфини ҳам ўзгартиришмади. Биз эса ишламаган Конститутцияга ҳар сессияда бир қўшимча қиламиз. Америкада Конститутцияга риоя этмаган Президент миллатнинг душмани, деб эълон қилинади. Бизда эса Конститутцияни поймол этган Президентни танқид қилганлар миллатнинг душманига айланади.

    Бу ҳам майли. Америкада Конститутция ҳар бир фуқаронинг ёстикдан бош кўтаришидан эътиборан яна ёстиққа бош қўйишига қадар йўлчи юлдузи бўлди. ҳақиқат, адолат ўлчовларини ундан топди. Инсондек яшаш ҳаққини ундан топди. Мамлакатига ҳақиқий хўжайин бўла олиш ҳуқуқини ундан топди. Шу боис ҳам ифтихор билан Конститутция китобчасини кўтариб юради. Бу зеҳният масаласи.

    Мен Стефандан ҳазил аралаш “Бу сенга ҳадя экан, ҳадяни ҳадя қилиш мумкинми?” деб сурадим. Стефан жилмайди-да:

    - Мен уни ёд олганман, - деди. Бу эса мени яна ҳам ҳайратлантирди. Чунки биз ёд олиш у ёкда турсин, бафуржа ўтириб, Ўзбек Конститутциясини бошдан оёқ ўқиб ҳам чиққанимиз йўқ, чунки “Ўқиганлар не бўлди” деймиз. Бу ҳам зеҳният масаласи.

    АЛ-ҚИССА: Сен ҳадя бериш нималигини билмадинг, чунки ҳадя олишга ўргангандинг. Мен ҳадя олишни севмадим, чунки умрим ҳадядир.

    (Давом этади ).

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz