18.Ўзи учун ухлаган - биров учун туш кўрмас
Мана ўзингиз айтингчи, ҳар куни тирикчилик ташвишида елиб-югуриб
юрган одам кечга томон топган нарсасини қўшниникига олиб кириб
берганини ҳеч кўрганмисиз ё эшитганмисиз?
Йўқ албатта, ҳар кимнинг қора қозони ўзиники ва уни баҳолиқудрат
қайнатмаса оиласидагилар оч қолади.Аслида бу жўнгина оила билан боғлиқ
мисолни бежиз келтирганим йўқ бу жойда.
Яъни айтмоқчи бўлганим шуки, давлатларао муносабатларда ҳам худди
ўша оиладаги каби ҳол.Ҳар бир мамлакат бошқа бир мамлакат билан
муносабатларда ҳам худди оиладаги каби ўз манфаатларидан келиб чиқиб
сиёсат юргизади.
Мабодо қўшни хайр-эҳсон қилиб қўшнисига бир нима берган тақдирда ҳам
моли янада кўп бўлиб, бой бўлишини тилаб хайрия қилади.Давлатлараро ҳам
миллиардлаб инвестициялар киритилаётган ёки бошқа ёрдамлар
кўрсатилаётган эсада унинг замирида қандайдир манфаатдорлик ётади.
Энди бугун Ўзбекистонда инсон ҳақлари абгорлигича қолаётган
шароитда-чи? Мамлакат бўйлаб қашшоқлик, тенгсизлик бир сўз билан
айтганда адолат тарозиси паллалари бир томонга қийшайиб ётган бўлса-чи?
Ким бу ҳолдан чиқишга кўмак ёҳуд ёрдам беради?
Менингча сарлавҳада айтилгандай ўзи учун ухлаган бошқа бир киши учун
туш кўрмайди.Агар буни чин юракдан истаганда ҳам уддасидан чиқиб
бўлмайдиган юмуш.
Демак, энди Ўзбекистондаги аҳволни ўнглаш юзасидан мантиқий хулосавий фикр айтилса бўлар.
Фақат ва фақат мамлакат ичидаги одамларгина аҳволни ўнглашлари
мумкин.Ташқаридагилар эса уларни қўллаб-қувватлашлари керак.Кимдир
ниманидир ўзгартириб беришини кутиш аввал ҳам минг бор таъкидлангандай
тоғдаги такага пут кўтариб ётиш демакдир.
Кези келганда кўнгилдан кечган фикрларни айтиб қўйиш шарт деб ўйлайман.
Буни ҳамма беш қўлдай билсада фақат яна бир бор эслаб қўйиш мақсадида.
Ризо Обид