Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.25.50
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июнь » 8 » Йилларим ва йўлларим
    00.24.10
    Йилларим ва йўлларим

    19.Палаги қуриган ошқовоқ...

    Қишлоғимизда турфа одамлар борлигини аввал ҳам айтдим.Уларнинг ҳар бири бир оламлиги ва уларнинг ҳар бири ҳақида бир китоб ёзилса камлик қилишини ҳам айтдим.Шундай инсонлардан яна бири Абдулло амаки.Уни тенгқурлари Абдулло банги дея лақаби билан аташарди.Нега шундай аташганининг сабабини айтгунча Абдулло амакининг ўзи кимлиги ҳақида икки оғиз сўз айтсам.

    Унинг аёлининг исми Ойимхон бўлиб қишлоқнинг энг кўҳлик аёллари учта бўлса биттаси эди.Уларнинг Яҳё исмли дилбар ўғиллари борки, у ғоят улфати йигит бўлиб кўп йиллар қурилиш ташкилотларида лавозимдор бўлди.Лекин мустақиллик йиллари деб аталувчи Ўзбекистонда вужудга келган танглик уни бу соҳадан кетишга мажбур қилди.Яҳё ака шу кунларда ҳам ҳамқишлоқларнинг ҳамма иссиқ-совуқ маъракаларида кўмакдош.Тўй-йўриқларда қассоблик қилади.Ҳарқалай кўпчилик қатори юрибди.

    Абдулло амакининг Ойимхон аядан ёлғиз шу ўғли бор эди холос, негалигини билмадим-ку улар ажралишмадику-я, аммо Абдулло амаки Марғилонга онаси ортидан кетиб қолган, кейин яна қайтиб келган Меҳрихон исмли ғоят гўзал жувонга ўйланди-ю у билан қишлоқдаги адирнинг устига уйча қуриб чиқиб кетди.Меҳрихон ая ширали овозда қўшиқлар куйларди, унинг адир устидан туриб айтаётган қўшиқлари узоқ-узоқларгача эшитилиб турар, Абдулло ака эса тиним билмай меҳнат қиларди.Меҳрихон ая билан бахтли яшашса керак-ки унинг боғи атрофида қўй-қўзи боқиб юрган биз болакайлар доим қувноқ , жарангдор қаҳқаҳаларни эшитиб турардик.

    Абдулло амаки бир гектардан зиёд адир устида ер ўзлаштриб боғу бўстонга айлантирди.Аммо Ойимхон аяни ҳам гоҳ-гоҳ йўқлаб, ўғли Яҳёни тенгқурларидан кам қилмай тарбиялади.Меҳрихон ая билан ҳам ўзаро турмушдан бир қиз фарзанд кўришди.Иноятхон исмли гўзал қизлари турмушга чиқиб бир оиланинг бахтли бекаси.

    Абдулло амаки ҳақида бу қадар нега батафсил ҳикоя қилиб қолдинг дерсиз.Ёшим улғайгач Абдулло амакининг адирига чиқиб, унинг сўрисида ўтириб суҳбатини олдим ва мен билмаган айрим у билан боғлиқ жиҳатлар хусусида қизиқдим.Ўшанда Абдулло амаки 75 ёшлар чамасида эди.Ҳозир ўзаро савол-жавобларимизни айнан келтириб ўтирмоқчимасману, шунчаки унинг сўзларини мухтасар ҳолда сизга етказишга ҳаракат қиламан:

    -Одамлардан безганман ука.Анча бўлди.Уларнинг гап-сўзларига тоқатим йўқ.Оғзига кучи етмаганлар Ойимхонни бадном этувчи ғийбатлари билан жон-жонимга тегишди.Аммо аянгиз пок аёл эди билардим, лекин йигитлик ғурури устунлик қилиб ажралишдим.Кейин мана Меҳрихонга ўйланиб яна гап-сўздан нари турай деб адирга чиқиб кетдим.Ойимхон менга садоқат қилиб бошқа турмуш қурмади.Одамларнинг мени банги дейишлари асосли.Чунки мен ёшлигимдан ўзим тамаки экиб нос қиламан.Ҳозир ҳам.Шунақанги ўткир нос тайёрлайманки унча бунча носкаш чекса гангиб иситмаси чиқади ва анча муддат йўлини йўқотиб гангиб қолиши турган гап.Улфатларим нос сўрашганда бир икки бор улфатчилик учун шу носимдан бергач кўтара олмай менга " банги" деб лақаб қўйишган.

    Мана анча суҳбатлашдик.Ука, шуни яхши билиб қўйингки ҳар ким қўлидан келган ишни қилсин.Меҳнатнинг ёки касбнинг паст-баланди бўлмайди.Мана масалан мен унча-мунча қўшиқлар тўқийман уни Меҳрихон аянгиз куйлайди.Аммо баъзан радиолда шоир фалончи шеъри, пистончи ижро этади деган қўшиқларни эшитиб, "қўшиқни ҳам палаги қуриган ошқовоққа алмаштириб юборишибди-я" деб қўяман.

    Булар Абдулло амаки айтган гаплар эди.Бу суҳбатга чорак асрча бўлди.Бугун эсладим.Сабаби биттаси радиодан туриб "мен шунақанги зўр адибманки , ўҳ-ҳов сизлар билмайсизлар" дегани қулоғимга чалиниб қолди.Кейин Абдулло амаки айтгандай бу палаги қуриган ошқовоқдай ёзғувчилар ҳам кўпайиб кетди-да деб қўйдим.

    Ризо Обид
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz