Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.03.27
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июнь » 17 » "Эзгулик" хабар беради
    11.26.56
    "Эзгулик" хабар беради
    Васила Иноятова

    ОШКОРА “ҚОТИЛЛИК” ҚИССАСИ
    Ёхуд икки миршабнинг хаспўшланаётган жинояти ҳақида

    Буюк Маркес ўз асарида ака-ука Викариоларнинг намойишкорона қотиллиги қиссасини шундай чизиб бергандики, бу хроникадан иборат адабий асар жаҳон адабиётнинг гултожига айланган. Гарчанд, инсон ҳаётига ваҳшиёна тажовузда айбланган Викариоларнинг қилмиши даҳшатли манзара касб этса-да, ўқувчи рашк туфайли бу ишга жазм этган кимсаларнинг шафқатсизлигини кечиришга уринади. Аммо каттақўрғонлик икки миршабнинг оддий фуқарога ўтказган ситамини... кечириш қийин, деймиз-у, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уларнинг жиноятини хаспўшлаётганидан ёқа ушлаймиз.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Каттақўрғон тумани Жумабой қишлоғида яшовчи фуқаро Мустафо Фармоновнинг арзини тинглай туриб, икки миршаб ўласи қилиб урган, оқибатда беҳад азоблар билан жон берган фуқаро Суюнбой Файзиевнинг қисматидан хафа бўлиб кетдик. Маълум бўлишича, шу йилнинг 16 апрелида тўрт нафар фарзанднинг отаси Суюнбой Файзиев Пайшанба — Иштихон йўлининг Чўянли қишлоғи ҳудудида икки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими — Фарруҳ Қурбонов ва Шуҳрат Қўзиевлар томонидан тўхтатилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг одатий таъмагирлиги — “спритли ичимлик ичгансан” деган айблови билан давлат белгиси N14AC034 бўлган автомабилга солиб, олиб кетилган. Тумандаги Жарбоши қишлоғи ҳудудидаги яйдоқ далада миршаблар кимсан собиқ Адлия вазири Алишер Мардиевнинг жияни бўлишини таъкидлаб, ўдағайлашган. Туман Марказий шифохонаси навбатчилик қисмида шифокор бўлмагани боис ҳамшира Гулноза Жабборовага тегишли маълумотнома ёздиришган.

    Шундан сўнг ўз уйига олиб келиб ташланган Суюнбойни орадан шу куни, тун ярмидан оққанида жон таслим этди. Мустафо Фармоновнинг таъкидлашича, жаноза маросимидан олдин маййитни ювиш пайтида унинг бадани моматалоқ бўлиб кетгани, Суюнбой ўлими олдидан болаларига миршабларнинг ваҳшиёна калтаклаганини айтганини, бу борада марҳум тушунтириш хати ёзиб қолдирганини таъкидлайди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, туман прокурори Х. Субҳонқулов, терговчи М. Худойқуловга мурожаат қилган арзгўйларнинг муроаажтлари оқибатсиз қолдирилади. Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фуқароларнинг дардини эшитмади, токи республика Бош прокуратураси томонидан мурожаат назоратга олинмагунича.

    Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кўрсатмаси билан мурда эксгумация қилинди ва унга нисбатан оғир тан жароҳатлари етказилгани, буйрак, талоқ ва жигар аҳзоларининг калтак зарбидан эзилгани таъкидланди. Аммо шикоятчиларга экспертиза хулосалари берилмади, миршабларга, умуман, мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилмади. Шикоятчиларнинг таъкилашича, зўровон миршабларнинг бири Фарруҳ Қурбонов собиқ Адлия вазири, собиқ вилояти ҳокими, ҳозирда эса Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Алишер Мардиевнинг тус жиянидир. Мардиев — мамлакат Олий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг қудаси. Кўринишидан қотиллик жиноятининг хаспўшланиши сабабларини шундан қидириш керак.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти коррупция ва таниш-билишчилик, ўзаро қариндошлик ришталари билан боғланган Самарқанд вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини қоралайди. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг бир неча навбатдан ташқари сессияларида Президент Ислом Каримов томонидан тилга олинган вилоятдаги носоғлом муҳит, мувозанатдан чиққан вазиятга барҳам берилишига чақиради. Ўзбекистон Бош прокуратураси Тергов бошқармасига расмий мурожаатлар килиб марҳум Суюнбой Файзиевнинг ўлими юзасидан изоҳ беришга чақиради.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz