Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 02.33.54
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июнь » 21 » "ТУРОНЗАМИН"да
    01.28.10
    "ТУРОНЗАМИН"да
    Жаҳонгир МУҲАММАД: ОҚ УЙ

    9. Манфаатлар доираси

    Оқ уй тарихан Туркистон (Ўрта Осиё - Марказий Осиё) билан жиддий қизиқмаган. Баъзи сиёсатчилар бунга Буюк Британиянинг Жанубий Осиёдан мағлубона қайтиш тарихи сабаб десалар, баъзилар ҳатто гапни Искандарга қадар олиб бориб боғлайдилар.

    Менимча, минтақа Оқ уйнинг манфаатлари доирасига тушмаган, холос. Агар тушганда эди, биров натижага эриша олмаган Афғонистондаги каби Ўрта Осиёни ҳам назардан чета қолдирмас эди.

    Оқ уйнинг манфаатлари - бу биринчи галда Америка халқининг, Америка давлатининг мафаатларидан келиб чиқади. Қандайдир шахс ёки қандайдир гуруҳларнинг манфаатлари давлат даражасига кўтарилиши Америка шароитида камдан-кам учрайдиган ҳол.

    Ҳозир иқтисод ва хавфсизлик стратегик манфаатлар доирасининг асосий чизиқларидир. Ички ва ташқи сиёсат ана шу доира чизиғига қадалган ўқлар ва қолган тактик манфаатлар ҳам шундан туғилади. Демократия эса бу манфаатларнинг замини. Бу замин бўлмаса балки манфаатлар ҳам бошқача бўлиши мумкин, диктатуралардаги каби.

    Мана бугун Ўрта Осиёнинг баъзи нуқталари Оқ уйнинг манфаатлари доирасига яқинлашмоқда. Хусусан, Қозоғистон ва Туркманистон. Бу ҳам қайси бир бой ёки бойларнинг истаги билан эмас, балки Америка халқининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда.

    Оқ уйда ким ишламасин, у халқ манфаатларига ҳамоҳанг ҳаракат қилишга мажбур. Албатта, халқ дейилганда мамлакатнинг бутун аҳолиси эмас, балки кўпчилик (majority) назарда тутилмоқда. Демократияларда кўпчиликнинг овози ҳал қилади.

    Америка бугун нефтга боғланиб қолган. Баъзилар у ўз нефтини сақлаб қўйиб, бошқаларникига кўз олайтиради, деб ўйлашади. Аслида ундай эмас. Мана куни кеча президентликка номзод Жон Маккейннинг талаби билан президент Буш океан соҳилларида нефт қазиб олиш учун қўйилган мараториумни бекор қилишни сўраб Конгрессга мурожаат қилди.

    Бунга биринчи бўлиб Барак Обама қарши чиқди. Зотан республикачилар бир неча йилдан бери Аляскада нефт қазишни бошлайлик дея ўртага ташлаган лойиҳаларни демократлар тўхтатиб келишмоқда. Уларга кўра, бу табиат мувозанатини издан чиқаради, глобал иссиқлашувни тезлаштиради ва республикачи бойларнинг янада бойиб кетишига йўл очади. Демократлар маблағни бунинг ўрнига алтернатив ёқилғи топиш учун сарфлаш керак деган қарордалар.

    Хуллас, бугун нефт Американинг биринчи даражали қизиқишининг асосини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса нефт ўзига етмайди.

    Ўзбекистондаги қолган бойликларнинг Америкага умуман олганда қизиғи йўқ. Қандайдир компаниялар олтин каби нарсалар билан қизиқишлари мумкин. Аммо бу давлат сиёсати даражасига етиб бормайди.

    Совет Иттифоқи даврида Оқ уйнинг асосий манфаатлари доирасида қизил чизиқ билан ажратилган масала - бу коммунизм таҳликаси масаласи бўлган. Шунинг учун ҳам СССР йиқилгандан кейин Оқ уй МДҲ давлатлари билан қисман шуғуллана бошлади. Аммо Давлат котиби Жеймс Бейкер(James Baker)нинг минтақага бориб қайтиши билан Оқ уй Ўрта Осиёнинг жиловини Туркияга беришга ва коммунизм ўрнига демократияни Туркия орқали олиб киришга ҳаракат қилди.

    Ката оғасиз юришни эплолмайдиган бўлиб қолганларни энди турк оғага тоширсак поезд юриб кетади деб ўйлашди. Аммо Туркия бу ишни уддалай олмади. Гарчи ҳамма жиҳатдан яқин бўлишига қарамай Анқара Ўрта Осиёни тушуна билмади.

    Аввалига ҳукуматларни қўллаб, туркий давлатлар бирлигини тузмоқчи бўлди. Кўрдики, коммунист раҳбарлардан иш чиқмайди. Мухолифатга қўл узатиб кўрди. Энди коммунист раҳбарларнинг жаҳли чиқди. Бошқа йўлларни синади. Масалан, Сулаймон Демирал даврида Тошкентнинг қўлтиғига кириш учун бир неча кишининг қўлига қурол тутқазиб, Туркияда очиқ машқлардан ўтказиб, буни филмга тушириб, Тошкентга олиб боришди ва мухолифатингиз давлат тўнтариши қилмоқчи дея дўст кўринишди, вақтинча оға бўлиб юришди.

    Аммо бунақа ўйинларнинг пардасини йиртишга уста Тошкент Анқарани онасининг орқасидан тентираган бузоқ ҳолига туширди. Бугунга қадар ҳам Анқара Тошкентни тушуна олган эмас. Чунки аслида ўзи ўзини тушуна оладиган даражада эмас׃ ички ўйинлар гирдобида доим. АҚШ Марказий Осиё тақдирини Анқарага ташлаб қўйиб, катта хато қилган эди. Бу минтақа 2001 йилдан кейин манфаат доирасига яқинлашиб қолишини тахмин қилмаган-да!

    Оқ уйнинг нефтдан кейин бошини оғритган масала, (балки нефтдан олдин бўлиши ҳам мумкин-ЖМ), терроризм масаласидир. Бошқача айтганда, радикал исломий гуруҳларнинг таҳликаси.

    2001 йилдан кейин Ўзбекистон худди ана шу масалада Оқ уй манфаатлари доирасига тушганди. Бугун ҳам Оқ уйда Ўзбекистон асосан ана шу масалада эсланади, холос. Аммо бу борада Оқ уйдагиларда аниқ фикр шаклланиб бўлган. Улар Ўзбекистондаги мавжуд радикал гуруҳларни уддалай оладиган демократик куч йўқ деб ҳисоблайдилар. Яъни ҳокимиятни қўлга олиб, бошқарадиган алтернатив кучлар - демократик сиёсий куч сифатида шаклланмаган. Қуруқ гаплар кўп. Аммо у гаплар Оқ уйга қадар етиб келмайди.

    Қолаверса, Ироқ, Афғонистон тажрибаси ва Туркманистон воқеасидан кейин Оқ уй Ўзбекистонда ҳокимият ҳокимиятдагилардан бирига ўтишидан қисман манфаатдордек кўринади.

    Хуллас, Оқ уй Ўзбекистон билан жиддий шуғулланиши, Ўзбекистонни биринчи галдаги масала деб билиш учун ё унинг манфаатлар доирасида ўзгариш юз бериши керак ёки Ўзбекистон фавқулодда бир йўл билан Оқ уйнинг манфаатлар доирасига кириб қолиши лозим.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz