Зулм зиндонидаги шоир Юсуф ЖУМА ижодидан
Юкни йўқ нарсага юклама зинҳор
Васлинг гулханида бир зум исинсам
Ҳатто ўлигим ҳам тирилар қайта.
Умр осмонида юлдузим сўнса
Висолингдан тағин порлар албатта.
Фалак инъом этган жамолингга ой
Ўзининг ойидан гўзал минг карра.
Ҳуснинг куни кундан ўт, ёғдуга бой
Қароғинг қошида чўлпони хира.
Фалак яхши кўрар сени ўзидан
Ўзидан гўзалсан ўзидан дилдор.
Осмони келмайди ҳатто изингдан
Унинг қудратидан жамолингда бор.
Ошиқма дилларни қирилтиришга
Сенга имконидан берган ложарам.
Қодирсан васлингда тирилтиришга
Қодирсан ҳажрингда ўлдиришга ҳам.
11.07.05.
Халқ мавҳум нарсадир, халқ мавҳум нарса.
Нусрат халкда дейсан, хўш, нечун хормиз.
Халқ мавҳум нарсадир, сен, мен, у эса
Чиндан шоёндирмиз, чиндан ҳам бормиз.
Юкни йўқ нарсага юклама зинҳор
Ҳақ юкига ёрдир елкаларимиз.
Кураш қуёшидан ёришсин бедор
Юрак деб аталган ўлкаларимиз.
Халқ мавҳум нарсадир, сен, мен, у аён
Биз зафар қилмасак қилолмайди халқ.
Диёнат дастида бўлмасак пайкон
Осмондан тушмайди ҳурлик билан ҳақ.
Боғни халқ экмайди, экар сен мен, у
Ҳар томчи дарёга жўшқинлик қўшар.
Букун зиндондамиз, зиндонга ёғду
Осмондан тушмайди, шамлардан тушар.
11.07.05.