Ризобек Суббота, 2024-05-18, 22.48.39
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июнь » 26 » ТАРИХ ( давоми )
    09.37.42
    ТАРИХ ( давоми )
    Ўзбекистон тарихининг унутилмас куни

    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД:

    МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАНДИ?

    Каримовнинг жаҳли чиққан эди, гапимни кесди.

    -Менга чунки-мункини гапирманг. Сизлар бир нечта жўжахороз бу ерни ҳам Москвага айлантириб юбормоқчисизлар. Аммо билинглар, бу ерда Горбачевга ўхшаган латтачайнар йўқ. Сизлар чалган мусиқага ўйнаб ўтирадиган одам йўқ бу ерда. Мусиқани мен чаламан. Мен айтдимми, тамом, ҳозирнинг ўзида чиқиб лойиҳанинг иккинчисни қайтиб оласиз ва биринчисни ўртага қўясиз.

    -Энди орқага қайтиш мумкин эмас. Қолаверса биринчи лойиҳада ҳеч гап йўқ. Уни эълон қилдигу қилмадик, ҳеч фарқи бўлмайди,-дедим мен.

    Каримов мушти билан столга уриб бақирди.

    -Мен айтганни бажар деяпман, сенга!

    -Мени сенсираманг ва бу оҳангда буйруқ ҳам қилманг! Васвасага тушганингизни ҳозир чиқиб депутатларга эълон қиламан,-дедим мен.

    Каримов энди пешонасига муштлади.

    -Ҳаммасига ешшак КГБ айбдор, Мелкумов айбдор! Санларни бу ерга яқин йўлатмаслик керак, дегандим. Битта ишни эплолмади аблаҳлар.Тарқатиб юбораман, қайтадан тузаман. Санларга эса алоҳида турма қуриб бераман. Чириб кетасанлар ўша ерда.

    -Биз чириб кетадиган нима иш қилдик? Мамлакатимиз мустақил бўлсин десак, бу жиноятми?

    - Ҳа жиноят. Мамлакатимиз битта. Совет Иттифоқи. Ўшанда туғилдик ўшанда ўламиз.Ҳозир қулай пайти келган, Москвадан кўпроқ ҳақ олишимиз мумкин. Буджет тешилиб ётибди. Санлар оёғимга болта ураяпсанлар, билдингми? Москва бизни мустақил бўлишга қўймайди. Оёғимиздан осади. Халқингни ҳам, санларни ҳам қириб ташлайди. Санлар тарихни ҳам билмайсанлар.

    -Агар сенсирашда давом этсангиз мен ҳам сизни сенсираб гапираман,- дедим мен Каримовнинг беписанд оҳангига қарши.

    -Сиз билан ҳали камерада сизлашиб гаплашаман, унда мен гапираман, сиз эшитасиз, чунки жавоб қайтарадиган мана шу тилингиз кесилган бўлади!

    - Ҳали қассоблик ҳунарим ҳам бор денг…

    Билмаган ҳолда Каримовнинг энг нозик нуқтасига “уриб” қўйибман. Унинг отаси Абдуғани ака Самарқандда қассоб бўлгани, туя гўшти сотиб қўлга тушгани, бу эса Каримовда энди партияга ўта олмайман деган фикр ўйғотгани ва шундан кейин у отасини дўппослаб уйдан чиқиб кетганини кейин эшитдим. Ўша кезда отаси ёки бирор яқин кишиси қамалган бўлса, партияга аъзо қилиб олишмас эди. Аммо Каримовнинг омади чопган экан. Отаси ўлиб кетган бўлсада акаси ва укаси қамоқда бўлишига қарамасдан У Ўзбекистон Коммунистк партияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб “сайланган” эди. КПСС Марказий Комитети Сиёсий буйросининг аъзосо ҳам бўлди.

    Каримов бирдан бақириб юборди.

    -Шукур! Ўлдираман сени, сан айтгансан буларга. Ман санга қассобликни кўрсатаман, аблаҳ!

    У очиқ эшик томонга қараб сўкина бошлади. Шукрулла Мирсаидов бизнинг тортишувимиз пайтида қўлидаги сигаретни кўрсатиб ташқарига, яъни кичик хонадан каттароқ жойга ўтганди. У нима гап, дегандай кириб келганда Каримовнинг оғзидан кўпик сачраб сўкинаётган эди.

    Шу пайт Олий Кенгаш қўмиталаридан бирининг раиси А. Йўлдошевнинг айтган гапи эсимга тушди.

    -Бу одамнинг қуянчиғи бор,-деган эди у. Ўшанда у одам Каримовнинг жаҳли чиқишига шаъма қилиб шундай деди дея тушунган эдим.

    А.Йўлдошев илгари Тошкент вилоят ижроия қўмитасида раҳбар бўлган. Кейин уни Самарқанд вилоят ижроия қўмитаси раислигига юборишганда танишган эдим. 1988 йилда у киши билан бирга Афғонистонга борган эдик. Кўнгли очиқ, самимий одам.Мени яхши танигани учун ҳам маслаҳат бериб турар, Каримовдан эҳтиёт бўлишга ундарди. Аслида ҳам мен ҳали Каримовни яхши билмас эдим, аммо у киши унинг мусиқасини эшитиб кўрган, уни яқиндан танир эди.

    У oгир, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган ва қишлоқ хўжалиги иқтисодини яхши биладиган одам эди. У Олий кенгашнинг Иқтисод қўмитасини бошқарар эди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ишлаган депутат Эркин Хўжаев эса унга ўринбосар эди. Улар битта хонада ўтирар эдилар. Мен кириб борсам у киши Эркин Хўжаевнинг олдида гапирмасликка ҳаракат қиларди. Аммо ёлгиз ўзи бўлса анча гаплашардик. Тажрибали, билимли бу одам билан суҳбатлашиш мароқли эди. Кейинчалик билсам, Каримов ниҳоятда тарбияли, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган, ўз ишининг билимдони бўлган бу кишини ҳам кўп ҳақоратлаган экан. Мана энди унинг “Каримовнинг қуянчиғи бор” деган гапини эслаб, ростдан ҳам шундай эканми, деб ўйлаб қолдим.

    А.Йўлдошев бундай пайтда йўлини қилиб, ундан узоқ кетиш керак, дер эди. Шу ўгитга амал қилиб, ташқарига чиқдиму сессия бўлаётган томонга ўтиб кетдим. Депутатлар орасидан Нурали Қобул, Муҳаммд Солиҳ, Эркин Воҳидов ва бошқаларни топиб, бўлаётган гапларни айтиб бердим ва уларни орқадаги хонага келишларини сўрадим.

    Орадан кўп ўтмай сессияда Шукрулла Мирсаидовга сўз берилди.

    -Бу бир парча қоғоз. Ҳамма нарса шу билан ҳал бўлиб қолмайди, -деди у. - Масаланинг иқтисодий томонларини ҳам кўриб чиқишимиз керак.Мен билан ёнма-ён ўтирадиган бир депутат “Боғча қуриш аҳамиятлими, мустақиллик баёнотими?” деб сўради. Ана шу саволнинг ўзи кўрсатаяптики, бу масалани бир ҳайъатга юклашимиз ва бутун таклифларни инобатга олган ҳолда ўртага чиқаришимиз керак. Мана менинг қўлимда иккита лойиҳа бор. Хўш, бунинг қайси бирини қабул қиламиз? Мен мажлисда танаффус эълон қилинишини ва бутун вилоятларнинг вакиллари йиғилиб, бу масалани муҳокама қилишларини таклиф этаман.

    Каримов аллақачон барча вилоят раҳбарларини ичкарига чақирган экан.

    Шу орада котибиятга СССР хал депутати Золотухинни сессияга киритишмаяпати деган хат келганди. Мен Мирзаолим акадан сўрасам у киши Марказий қўмита ташкилий ишлар бўлим мудири Ўткир Зокировни кўрсатди. Масалани аниқлаш учун унинг ёнига бордим.

    -Сизлар нима қилаяпсизлар ўзи. Охири ёмон бўлади. Бу исён билан барвар,- деди у. У билан ҳам ади- бади айтиб ўтиргим келмади. Золотухин ҳақида сўрасам:

    -Хомсизлар, дедимку, бундай масалани бошқа одам ҳал қила олмаслигини, фақат ўзлари қарор беришлари мумкинлигини билишингиз керак,-деди у орқа хонага ишора қилиб.

    Ичкарида Каримов тўпланган раҳбарлар билан гаплашаётганди. Менинг кириб борганимни кўриб:

    -Яна нима гап?- деди.

    -Қонунларимизга кўра СССР халқ депутатлари сессияга киришлари мумкин. Мустақиллик Декларациясини қабул қилганимиздан кейин бу масалани ҳам кўриб чиқамиз. Лекин ҳозирча…

    -Биласизми? Сиз эмас биз кўриб чиқамиз.Ўша иплос Золотухин ким? Ҳе унинг онасини…

    Каримов бақир-чақир қилиб Золотухинни сиртдан сўка бошлади. Вилоят раҳбарлари бош эгиб ўтирардилар. Хоразм вилоятининг раҳбари аёл эди. У бир нима демоқчи бўлганди Каримов уни ҳам эркакчасига сўкиб берди.

    Мирсаидов ҳеч нарса бўлмагандек масалани Декларация томонга бурди. Базъи раҳбарларга жавоб бериб юборди ва фаол депутатларни чақиртирди. Каримов эса бир четда Эркин Воҳидов, Нурали Қобул ва Муҳаммад Солиҳ билан Декларация ҳақида гаплашаётган эди. Улар нимани гаплашдилар менга қоронғу, лекин Каримов жаҳлидан тушиб, ўзини анча эркин сезиб қолганди. Шу боис ҳам биз тўпланган жойга яқин ҳам келмади. Мирсаидов унинг ёнига бориб келди-да:

    -Таклифларни инобатга олган ҳолда янги бир матн тайёрлаш учун беш кишилик ҳаъат тузамиз,-деди. Кейин кимларни ҳаятга киритишни сўради. Беш кишини кўрсатишди. Мирсаидовнинг ўзи, мен, Муҳаммад Солиҳ, Мурод Жўраев, Ойгул Маматовадан иборат ҳайъат тузилди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Ҳамма кетиб қолди. Аммо матн эрталабга тайёр бўлиши керак эди.Вазирлар маҳкамсининг умумий ишлар бўлими мудири Равил Абдуқодиров билан иккаламизга қолди бу иш. Кейин билсам, Каримов матнга СССРнинг барча қонунлари Ўзбекистонда ҳал қилувчи кучга эга, деган моддани киритишни истаган экан.

    Биз Равил Абдуқодиров билан шу ернинг ўзида ўтириб матнни қайта ёза бошалдик. Равил Абдуқодиров ҳам рус тилида, ҳам ўзбек тилида ҳужжатларни ёзишга жуда уста экан. Қисқа вақтда бир неча вариантни ёзиб қўйди. Ҳар бир вариантни олиб бориб Ефимовга кўрсатиб келишарди. У Коммунистик партия марказий қўмитасининг иккинчи котиби ва матнларни Москва билан келишаётган экан. Хуллас, иш оқшомдан эрталабга қолди ва эртаси куни тушга қaдар давом этди. Тушдан кейинги сессия очилиши билан Мирсаидовгa сўз бердик:

    -Кеча ярим тунга қадар лойиҳани кўриб чиқдик,- дея у матнни ўқиб берди ва қабул қилинишини сўради.

    Кўпчилик мустақиллик ташнаси эканлиги сезилиб турарди. Мирзаолим Иброҳимов тортишувлардан кейин масалани овозга қўйди ва яна залга қараб ҳам ўтирмасдан “Бир овоздан қабул қилинди” деб эълон этди.. Ҳамма ўрнидан туриб қарсак чаларкан, Ефимов, Ҳамидовлар ҳам бу шиддатли сел каби оқимнинг кучига дош беролмай оёққа қалққандилар. Миллатвакили Насрулло Саййид миллий байроқни ўртага олиб чиқди. “Яшасин мустақиллик!” дея ҳайқирди. Унинг бу ҳайқириши тоғларда акс садо бергандек қатор ораларида такрорлана бошланди… Унга Имом Файзи қўшилди. Ҳатто раис “дўппилик йигит” деган миллатвакили ҳам…”Мустақиллик!” дея ҳайқираётганлар қандайдир ўй - фикрларга эмас, қалбларига қулоқ солаётгандилар.

    Мустақиллик Декларацияси қабул қилингандан кейин Каримов яна норози бўлди. Чунки матн унинг изнисиз муҳокамага қўйиб юборилишини у кутмаган экан.

    -Бу яна нима гап?,- дея бақира бошалди у.

    Шу пайт Мирсаидов келиб, лойиҳалар муҳокама қилингани ва Ефимовга кўрсатилиб деярли қайта ёзиб чиқилганини айтди. Каримов қўлидаги қоғозни унга пеш қилиб бақирар экан, мен чиқиб кетдим, чунки дўстларим кутиб туришганди. Тошкент меҳмонхонасига бориб у ердаги депутатлар билан ресторанда байрам қилдик, ҳамма бир- бирини қутлаган, шод эди.

    Ошанда биз Олий кенгашда ишлаган депутаталар Вазирлар маҳкамасига қарашли меҳмонхода яшар эдик. Кечқурун телевидениеда сессия ҳақида маълумот берилиб, Декларация ҳақида гап бўлмади. Мен қўшни хоналарга ўтиб Мели Қобулов, Ойгул Маматова, Ҳамза Эшназаров ва бошқаларни тўплаб масалани муҳокама қилдик.

    Норозилик баёноти ёзиб эълон қиламиз, деган қарорга келдик. Сўнгра мен Марказий Қўмитанинг телевидениени назорат қилувчи котиби Жаҳонгир Ҳамидовга сим қоқдим.

    -Биз ҳам шунинг дардида ухламай ўтирибмиз, - деди Ҳмидов. - Бошқа норозилар ҳам бор, мухолифат митингга чиқмочи экан, Ислом акага телефон қилаяпмиз, боғланишнинг иложи бўлмаяпти…

    1990 йилнинг 20 Июнида қабул қилинган Мустақиллик Декларацияси ниҳоят 22 Июнда “Совет Ўзбекистони” газетасида босиб чиқарилди.”Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси” эса декларасияни 29 Июнда эълон қилди.Декларация Каримов томонидан тузатилган ва ундаги “Ўзбекистон” калимaлари “Ўзбекистон ССР” деб ўзгартирилган ва Москвани қониқтирадиган бирқанча ўзгаришлар киритилганди. Яъни Каримов ўз сўзида “турган” ва Декларацияни ўзига мослаб эълон қилганди. Масалан, ундаги 12 модда муҳокама қилинганда қуйидагича эди:

    “12. Ушбу Декларация мустақил Ўзбекистоннинг янги конституциясини ишлаб чиқиш учун асосдир”. Каримов томонидан матбуотга берилган матнда эса бу модда қуйидагича эди.

    “12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР нинг янги конституцияси ҳамда иттифоқ шартномасини ишлаб чиқиш учун асосдир”.

    Ўшанда Москва республикаларга Иттифоқ шартномаси тузишни таклиф қилган пайт бўлгани учун ҳам бунга урғу берилган бўлса ажаб эмас?!

    Қуйида Ўзбекистон Мустақиллик Декларациясининг 1990 йил 20 Июнда қабул қилинган ва Каримов томонидан ўзгартириб икки кун кейин эълон қилинган матнини келтирмоқчиман. Қора ҳарфлар билан ёзилган ва остида чизиқ бўлган калимлар Декларация халқ вакиллари томонидан қабул қилингандан сўнг унга зўравон ҳукумат томонидан қўшилган сўзларадир.

    “Мустақиллик Декларацияси

    Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ Олий совети:

    Ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой анаъналари,

    Ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлашдан иборат олий мақсад ҳақи,

    ҳар бир кишининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашни олий мақсад деб билган ҳолда,

    Ўзбекистон халқларининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда,

    халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократия принсипларига асосланиб,

    Ўзбекистон СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ нинг давлат мустақиллигини эълон қилади.

    1.Ўзбекистон ССР нинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.

    2. Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди, чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб ўзгартирилиши мумкин эмас.

    3. Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир.

    4.СССР Олий Советида қабил қилинадиган қарорлар Ўзбекистон ССР конституциясига мувофиқ Олий Совет томонидан тасдиқлангандан кейингина Ўзбекистон ССР ҳудудида кучга эга бўлади.

    (ИЗОҲ:Ислом Каримов бу бандни “СССР Олий Советида қабил қилинадиган қарорлар Ўзбекистон ССР конституциясига мувофиқ Ўзбекистон ССР ҳудудида етакчи кучга эгадир” тарзида таклиф қилган аммо депутатларнинг қаттиқ талаби билан унга “Ўзбекистон Олий Совети томонидан тасдиқлангандан кейингина” деган қўшимча киритилган эди.-ЖМ)

    5. Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ваколатига Ўзбекистон ССР ички ва ташқи сиёсатига тегишли барча масалалар киради.

    6. Ўзбекистон ССР халқаро ҳуқуқнинг асосий принсипларини тан олади ва ҳурмат қилади.

    7. Ўзбекистон ССР ИТТИФОҚДОШ РЕСПУБЛИКЛАР ВА бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа муносабатларини шартномалар асосида белгилайди ва малга оширади.

    8. Ўзбекистон ССР ўзининг тараққий йўлини, ЎЗ НОМИНИ ЎЗИ БЕЛГИЛАЙДИ ва давлат белгиларини (Герб, Байроқ, Мадҳия) ўзи таъсис этади.

    (ИЗОҲ:Бу банд Ўзбекистон ўзининг тараққий йўлини ўзи белгилайди ва Ўзбекистон ССР Ўзбекистон Республикаси деб ўзгартирилганини эълон этади ва Ўзбекистон республикасининг давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади.” тарзида эди-ЖМ).

    9.ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН МУХТОР СОВЕТ СОЦИАЛИСТИК РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИ МУХТОР РЕСПУБЛИКА КОНСТИТУЦИЯСИ ТАЪМИН ЭТАДИ. ЎЗБЕКИСТОН ССР УНИНГ АСОСИЙ ҚОНУНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН ССР КОНСТИТУЦИЯСИ АСОСИДА ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН МССРНИНГ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ.

    (ИЗОҲ:Асосий матнда бу банд қуйидагича эди: Қорақалпоғистон келажагини Ўзбекистон қонунлари доирасида бу ҳудудда яшаётган халқларнинг вакиллари ўлароқ бу жумҳуриятнинг олий совети белгилайди”. Бу мазкур минтақа депутатларининг таклифи эди.-ЖМ).

    10. Ўзбекистон ССРнинг қонун чиқарувчи ҳокимияти Ўзбекистон ССР давлат мустақиллигини амалга ошириш учун зарур бўлган қонунларни ишлаб чиқади. Ўзбекистон ССРнинг сиёсий ва иқтисодий системалари таркибини ва қурилишини белгилайди.

    11.Ўзбекистон ССР Олий Совети умумхалқ муҳокамаси асосида демократик ҳуқуқий давлат тузишга қарор қилганини билдиради. Ўзбекистон ССРда яшаётган барча миллат ва элатларнинг қонуний, сиёсий, иқтисодий, этник, маданий ҳуқуқларига ҳамда она тиллари ривожлантирилишига кафиллик беради. (Бу модданинг иккинчи жумласи асл матнда йўқ эди. Билишимизча русларнинг ва рус тилининг манфаати кўзланган ҳолда бу сатрлар киритилган.-ЖМ)

    12.Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР нинг янги конституцияси ҲАМДА ИТТИФОҚ ШАРТНОМАСИ ни ишлаб чиқиш учун асосдир”.

    Аслида демократик жамиятларда парламент қабул қилган ҳужжатга бундай ўзгартириш киритиш тасаввурга ҳам сиғмайди ва бу жуда катта жиноятдир.Ўзбекистонда эса барча қабул қилинган қонунларга сессиядан кейин ҳам қўшимча киритилаверади. Бу эса диктатуранинг жиноят клубидан иборатлигини кўрсатувчи бир далилдир.

    Шу ўринда яна бир нарсани қўшимча қилмоқчиман. Мазкур воқеалар ҳақида билганларимни ёзган ва Туркияда яшаган пайтимизда “ЭРК” газетасида эълон қилаётган эдим. 1994 йилнинг Май-Июн ойида болаларимни олиб келиш мақсадида Бакуга кетгандим. Қайтиб келганимда “ЭРК” газетасининг 11(1060) сонини кўриб ҳайрон қолдим. Менинг китобимдан “Декларация тарихи” қисми ўзгартириб чоп этилганди. Қўлёзмаларимга қарасам, Муҳаммад Солиҳ менинг ёзганларимдан ярмини ўчириб ўрнига: “Бу хусусда Муҳаммад Солиҳ шундай ҳикоя қилади:..” деб узундан узоқ ўз ҳикоясини қўшган. Мен ёқамни ушлаб қолдим. Агар мен хато ёзган бўлсам, у алоҳида муносабат билдириши мумкин эди. Ёки у ўз билганларини ўз номидан ёзса яна ҳам яхшироқ бўларди.

    Умуман воқеаларнинг иштирокчиси бўлган ҳар бир киши ўз билганларини ёзса, шундай қилиб ҳақиқат ўртага чиқишига хизмат қилади.Лекин менинг номимдан ёзилган нарсага ўзига “керакли” ҳикояни қўшиб юбориши худди Каримовнинг Мустақиллик Декларациясига муносабатини эслатди.

    Декларация ўзгартирилиб эълон қилинганини мен депутатларга ва халқимизга нисбатан қаттиқ ҳақорат сифатида қабул қилганман. Менинг ёзганимга Муҳаммад Солиҳ ўзини тарғиб қилувчи ҳикояни қўшиб юбориши эса менга бундан ҳам оғир ҳақорат сифатида таъсир қилганди.

    Хуллас, бу бўлимга илова қиладиган яна битта нарса бор. Иккинчи сессиядан кейин Ўзбекистон Компартияси марказий қўмитасининг пленуми чақирилди ва сессияда жиловни депутатларга бериб қўйгани учун Мирзаолим Иброҳимов масаласи муҳокама этилиб, унинг раисликда қолиб қолмаслиги савол остига қўйилди.

    Шунча бўлган воқеаларга қарамасдан, Ўзбекистон Мустақиллик Декларацияси халқимизнинг, унинг вакилларининг, мухолифатнинг(“ЭРК” ва “Бирлик” назарда тутилмоқда) азмини ўртага қўйган улкан ҳодисадир.

    Ушбу тарихий ҳодисадан кейин орадан бир йилу икки ой ўтиб Каримов қайтaдан Мустақиллик эълон қилар экан, депутатларнинг бепарволиги, ҳатто қарсак чалишмагани бугунга қадар масхара қилинади. Аслида бу уларнинг Каримовга, унинг иккиюзламачилиги, сўзбўямачилигига қарши яна бир исёнлари эди…

    “ИАК” китобидан.

    www.jahonnoma.com

    Суратда: 1991йил. Ўзбекистон халқ депутатлари Жаҳонгир Муҳаммад (ўнгда), Тойиба Тўлаганова ва Воҳид Аъзамов.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz