Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 00.35.22
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июнь » 28 » "Эзгулик" хабар беради
    09.14.03
    "Эзгулик" хабар беради
    Халқ сарсон-саргардон

    ezgulikЎзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани Чорсу массиви 9 — 33-хонадонда яшовчи фуқаро Лола Ҳакимова мурожаат қилиб, сўнгги умиди биздан эканини таъкидлаган. Маълум бўлишича, жиноят ишлдари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 1999 йил феврал воқеалари муносабати билан 20 йилга озодликдан махрум этилган ўғли Шерзод Ҳакимов(Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169, 267, 276, 159-моддалари билан судланган)нинг аҳволи оғир экани, унинг Андижон турмасида қийноқлар натижасида оғир аҳволга тушиб қолганини баён қилган.

    1999 йил 20 февралда ҳибсга олинган Шерзод Ҳакимов февраль портлашлари қатнашчиси сифатида турли жазони ўташ колонияларида бўлган: Жаслиқ, Зарафшон, Косон, Шайхали… Аммо Андижондаги ёпиқ турмада муассаса бошлиғи Зокир Алимов бошчилигида назоратчилар томонидан аёвсиз калтакланган, натижада умуртқа поғонаси синиб оёғи фалаж бўлиб қолган. 1999 йилнинг августида ўтган суд жараёнлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган, ана шу жараён қаҳрамони Шерзод Ҳакимов воқеаси халқаро ташкилотлар, жамоатчилик томонидан шов-шув қилинган. Суд жараёнлари халқаро ҳамжамияти назоратида бўлишига қарамасдан, қийноқлар остида олинган кўргазма ва сўроқлар оқибатида узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу хам етмагандек, бир неча ой мукаддам Шерзод Хакимов камокхона тартибини бузганликда айбланиб илгариги жазо муддатига яна 3 йил кушиб берилди.

    Жамиятимизга Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани Халқ таълими бўлимининг собиқ мудираси Раънохон Рўзимбетова мурожаат қилиб, ўзининг фирибгарлик қурбони бўлганини таъкидлайди. Шикоятда баён қилинишича, у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг тележурналист қизи Юлдуз Орипованинг тузоғига илинган. Навбатдаги аттестациядан Халқ таълими собиқ вазири Туроб Жўраевга бир оғиз айтиб, ўтказиб қўйишни ваъда қилган Юлдуз вазирнинг расми туширилган қимматбаҳо туркман гилами, бир қўй ва бир қоп хоразмнинг олий навли гуручини олиб кетган. Ишлари битмагач, Абдулла Ориповнинг Тошкент шаҳар Гоголь кўчасидаги хонадонига келган Раънохон Рўзимбетова хонадон бекаси Ханифахон опа (Абдулла Ориповнинг хотини)ни учратган, опа: “Агар Юлдуз ишни битирмаса, Абдулла акангизга айтаман” деб 1500 АҚШ доллари олган. Аммо иши битмаган Халқ таълими бўлимининг собиқ мудираси Тошкентга келавериб, 4000 АҚШ долларига яқин моддий зарар кўрган. Қаҳрамон шоирнинг оиласи ишончига кириш учун берган 264-69-40 телефон рақами(афтидан шоирнинг хонадони телефон рақами — Эзгулик)ни бошқа киши кўтараверган ва хонадон бекасининг уйида йўқлигини айтган. Арзгўй Юлдуз Ориповага тегишли Тошкент шаҳар ТТЗ-2 40-56-хонадон эшиги диом ёпиқ бўлишини таъкидлаган. Рўзимбетова Юлдуз Орипова хоразмлик хонанда Зафар Қурбонбоевга 1500 АҚШ доллари эвазига “Халқ артисти” уновони олиб беришни ваъда қилиб, унга ҳам фириб берганини баён қилади.

    Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Тузбозор қишлоқ фуқаролари йиғинида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Ҳалима Қосимова Россиянинг Красноярск шаҳрига нон излаб кетган ўғли Дилмуроднинг йўлига интизор экани, уни қайтаришга ёрдам беришимизни сўраб мурожаат қилган. Аниқланишича, Дилмурод Қосимов Красноярск шаҳар 2-милиция бўлими томонидан Россия фуқаросига тан жароҳати етказганликда ноҳақ айбланиб, ҳибсга олинган. Ота-оналарнинг Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мамлакат Президенти ва дипломатик муассасаларга мурожаатлари самарасиз қолаётир. Ҳатто уларга суд ҳукми нусхалари берилмаган, икки фарзанди интизор кутаётган Дилмурод Қосимовнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилиб, уларнинг эътиборини шу масалага тортди.

    Анчадан бери можаро уясига айланиб қолган Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар бозоридан жамиятимизга мурожаат қилган 15 нафар тадбиркор Сирдарё вилояти маъмурияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уларнинг арзларини республика раҳбариятига етказишга тўсқинлик қилаётганини баён қилишган. Мазкур бозор ҳудудининг можаро уясига айланиб қолгани, расталарнинг бетартиблиги, бозор маъмуриятининг уқувсизлиги ва Янгиер шаҳар ҳокимлигининг лўттибозлиги оқибатида носоғлом вазият юзага келганини таъкидлашади. Тадбиркорлар бозор расталарининг мажбурий кўчирилиши, коррупция ва уюшган жиноятчилик оқибатида мулкчиликнинг акциядорлик шаклини танлаган бозор кундан кунга ночорлик ботқоғига ботаётганини эътироф этишган.

    Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Андижон вилояти бошқармаси Хўжаобод тумани бўлинмаси раҳбари устидан шикоят қилган фуқаро Наргиза Бурҳонова Хўжаобод тумани Тошота МФЙ Имомота қишлоғида истиқомат қилишини айтади. Маълум бўлишича, 2008 йилнинг 20 июнь куни кеч соат 23:30 ларда хонадонга МХХ туман бўлинмаси тезкор вакилларидан иборат икки фуқаро кийимидаги шахс, 10 нафар харбий либосдаги ниқобли кишилар кириб, хонадон соҳибаси Наргиза Бурҳоновадан Булоқбоши туманида яшовчи узоқ қариндоши Жасурнинг қаерда эканини сўрайди. Бурҳонова билмаслигини айтгач, МХХ бошлиғи Эркин (фамилияси қайд қилинмаган — Эзгулик) уни ваҳшийларча калтаклаганини баён қилади. Бақир-чақирдан қўрқиб кетган ёш болалар, воқеа жойига етиб келган қўни-қўшнилар Наргиза Бурҳоновани касалхонага етказишган. Фуқаро шикоятида ўзи ҳам нималигини тушунмаётган ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олгани ва шифохонада даволанаётганини, қўшниларнинг ҳодиса ҳақидаги гувоҳлик кўрсатмалари, жароҳатдан кейин олинган фотосуратларни тақдим этган.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти юқоридаги шикоят хатлари, фуқароларнинг мурожаатлари жамият хатқутисига мамлакатимизнинг турли мутасадди идораларига қилинган арзлардан сўнг келмоқда. Мониторинг ва таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, шикоятларнинг арифметик прогрессия шаклида ўсаётганининг объектив сабаби қонунчилик кафолати бўлган прокуратура органларининг ишламаётган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимидаги коррупция ва қонунсизлик, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг параллел ҳолатда эканлигидир. Жамиятимиз мамлакат ҳукумати, миллатимиз эрки ва иродасини ифода этувчи Парламент, унинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)ни кескин ислоҳотлар ўтказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига танқидий-таҳлилий баҳо беришга чақиради. Ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий илғор шахсларни фаолликка ундайди.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz