Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.33.28
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июль » 3 » АДАБИЁТ
    00.40.28
    АДАБИЁТ
    Жаҳонгир МУҲАММАД: ИШОРАТЛАР ( Шу номли туркумдан )

    ТУШ

    Баъзи одамлар кўрган тушларини тўла эслаб қололмасликларини айтишади. Менда акси. Худди филм каби ёдимда қолади. Лекин барибир мен ҳам бир неча кундан кейин унутаман.

    Битта туш эса ҳеч хаёлимдан кўтарилмайди. “Тушингни аввал сувга айт, менинг тушим эмас, пайғамбарларнинг туши, яхшиликка бўлсин, деб айт”, дейишингиз мумкин. Бу туш ана шу талаблардан ҳам ўтган ва кўп танишларимга ҳам айтиб берилган. Шунда ҳам унут бўлмайди.

    Охири ёзиб қўйишга қарор қилдим. Балки шундан кейин бу туш йўқликка равона бўлар.

    Хуллас, тушимда уммоннинг соҳилида ўтирибман. Теппадаги қуёш кўз қамаштиради. Ундан қочиб, соябон остида ўтирсам, қуёш ўчакишгандек сувга санчилиб, сув орқали менинг кўзларимга ниш қадар эди. Шунинг учун ҳам ёнимга келиб ўтирган одамни сезмай қолибман.

    -Нега бунча хаёл сурмоқдасан?

    Чап томонимга қарасам, оппоқ либосда кекса бир одам ўтирибди. Унинг сочлари, қошлари, соқоллари ҳам оқ. Ўзига жуда ярашган. Чеҳраси ҳам жуда самимий. Сўзларидан ҳам самимият таралар эди. Балки шунинг учун ҳам унинг саволларига жавоб бера бошладим.

    -Ватанни ўйлайман-да! Бечора одамлар зулм остида эзилмоқдалар. Битта одам бир неча миллион кишининг додини бермоқда. Лекин унинг жазосини берадиган йўқ. Тангри ҳам унга узоқ умр бергани, доим унинг йўлини очгани мени ҳайратга солади…

    -Одамлар Тангридан кўп нарса кутадилар. Аммо “Тангри менинг томонимда эмас, мен Тангрининг томонида” деб ҳукм чиқармайдилар. Агар улар Тангрининг томонига ўтганларида кўп нарсалар бошқача бўлар эди. Ҳатто унга чин дилдан ишонганлар ҳам унинг томонида эмас. Ҳув ана у томонга қара…

    Оқсоқол шундай деб менга ўнг томонни кўрсатди. Қарасам, уммон устида бир хона. Унча ёруғ бўлмаган хонада бир неча киши. Бир одам нина тиғлик гиламчанинг устида чалқанча ётиб, китоб ўқимоқда. Хона бурчагида бир аёл ўтирибди. Бошида ҳижоб. Қўлида Китоб. Олдида ҳазориспандга ўхшаган нимадир тутамоқда. У қора тутунни мен томонга пуфламоқда ва дуо ўқиб, менинг номимни айтиб, Тангридан менга жазо сўрамоқда. Аёлнинг гезарган юзи танишга ўхшади.

    -Танидингми уни?

    -Танишга ўхшаяти, аммо эслай олмаяпман.

    -У илгари бошқа динга ишонган. Кейин яхшигина мусулмон бўлиб олди. Эрини ҳам ўз йўлига солди. Бошқа ишонмаганларни ҳам ишонтирди. Унга куч берилган, одамларни ишонтира олиш кучи. У баъзиларни руҳан ва баъзиларни жисмонан ҳам доволайдиган кучга эга. Агар у чин дилдан истаса, Тангри унинг истагини эшитиши мумкин. Лекин у кучини нотўғри томонга йўналтирган, яъни қора ниятига ишлатаяпти.

    Оқсоқол шундай деб менга яқинлашиб қолган қора тутунни кафти билан орқага қайтарди. Тутун бориб ҳалиги аёлга урилди. Бирдан унинг ёнидаги кишининг тишлари дув этиб тўкилди ва қўрқинчли одамга айланди.

    Лекин аёл ҳали ҳам мени қарғаётган эди. Қора тутунни яна мен томонга пуфлаяпти. Бутун нафратини менга сочиб, Тангридан менга жазо тиламоқда. Наҳотки унинг истаклари ижобат бўлса?!

    Қора тутун яна менга яқинлаша бошлади. Шу пайт ўнг томонимдан бир қўл бу тутунни орқага қайтарди. Қарасам, ўнг томонимда ҳам айни ҳалиги оқсоқолга ўхшаган киши ўтирган экан. Тутун қайтиб, аёлнинг юзига урилди. Бирдан чалқанча ётган кишининг китобидан варақлар узилиб кета бошлади. Унинг остидаги ниналар эса баданига санчилди. Аммо қон чиқмади. Унинг юзи йўқликка айланди.

    Аёл эса яна кучини тўплаб, қўллари билан ҳаракатлар қилиб тутунни мен томонга пуфларди.

    Ўнг томонимдаги оқсоқол майин овозда׃

    -Тангри билгувчидир. Тангри сенинг ҳам, унинг ҳам дилингиздагини билгувчидир. Агар шундай бўлмаганда бундан ўн беш йил олдин сен балога йўлиққан бўлардинг. Чунки бу аёл бугун эмас, ўн беш йилдан бери қора тутунни сен томонга пуфлайди,-деди.

    -Мен унга нима ёмонлик қилибманки, у бу қадар ғаззабда?

    -Ҳамма гап шунда-да. Сен унга ёмонлик қилганинг эмас. У номи чиққанларнинг ҳаммасини қарғайди, ҳаммасига қарши тутун пуфлайди, уларни қулга айлантириш учун интилади. Унинг олдида фақат сенинг эмас, сенга ўхшаган бир неча кишининг сурати бор эди. Қул бўлганларнинг сурати йиртилиб, сувга оқди. Сеники эса турибди.

    -Агар унинг ҳунари менга ўтмаётган бўлса, сиз нега бу ҳолатни менга кўрсатаясиз?

    -Бу ерда гап сен ёки у аёлда эмас. Гап кўпчиликда. Демоқчиманки, одамларнинг бир гуруҳи ана шундай кучга соҳиб бўлгани ҳолда, буни зулмга қарши эмас, зулмга қарши бўлганларга ишлатишади. Улар буни фақат ўзлари учун эмас, балки эрлари, оталари, яқинлари, ўйнашлари ёки жуда кичик манфаатлари учун ҳам қиладилар. Иккинчи бир гуруҳ эса, Тангрига эмас, шундайларга қул. Яна бир гуруҳ бўлса, золимга чин дилдан узоқ умр тилайди. Бошқаси сўзда Тангрини улуғлаб, амалда золимнинг хизматида. Яъни Тангрининг номини сотиш билан овора. Ўзга бир гуруҳ бир-бирини алдаш билан банд. Шундай экан, Тангри одилдир. У ҳамманинг кўнглига ва истагига қараб иш тутади.

    -Бу билан нима демоқчисиз?

    -Хулосани ўзинг чиқариб ол!

    Оқсоқол билан энди баҳсга киришаман деб турган эдим, умон бирдан кўтарилиб, соҳилга урилди ва мен сувнинг остида қолдим. Сув шу қадар тиниқ, оромбахш эдики, бу роҳат билан бўлиб ёнимга ҳам қарамабман. Оқсоқолни ҳам унутибман

    Уйғонсам тонг отмоқда экан

    Ана шу туш ҳали ҳам мени безовта қилади, хаёлларимни, дилимни тарк этмайди. Бу жуда оғир бир юк каби елкамдан босиб туради. Балки бу кўрган тушимнинг эмас, чиқарган хулосамнинг оғирлигимикан?!

    www.jahonnoma.com (”Ишоратлар” китобидан)


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz