Одамзот яратилиб ер юзига келар экан у бутун ҳаёти давомида синовлардан ўтаркан.Ҳар қадамда адашиб турилиши бу инсонларга хос.Бири бошқасининг хатосидан ўрнак олиб уни такрорламасликка ҳаракат қилса, бошқа бири эса янги-янги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғаройиб ҳунарларини харжлайди.
Кексайиб бораётган авлоднинг кўп вакиллари ҳаётдаги фаолликларидан бироз сустлашиб, ортдан келаётганларни кузата бошлаши киши диққатини тортади.
Касб нуқтаи назаридан турли ёшдаги кишилар билан суҳбатлашаман.Улардан бири айтганлари бироз мулоҳаза қилишга молик назаримда.Мана у нималар деди:
Болалигидан биладиганим ҳозир навқирон йигит ҳақида айтсам.Исмини эса шунчаки Ҳошим деб атай қолайлик.Ўша Ҳошим маҳалламиздаги энг одобли, илм олишда пешқадам болалардан бири сифатида тенгдошлари орасида ажралиб турарди.
Унинг болалиги ҳамма болалар каби осон кечмади.Ота-онасининг қўли юпқалиги боис дастурхонларида ҳамиша нон танқис, кийинишда ҳам ҳамиша ўксиниб юриши синиқ юзида акс этиб турарди.
Вақт келиб мактабни тамомлади-ю ота-оналари фарзандалари албатта илм олишни давом эттириши зарур деб ҳисоблаб чет элга ўқиш учун қарз-ҳавола қилиб йўлга отлантиришди.Ҳошим ғарб мамлакатларидан бирига етиб келди.Бироқ имтиҳонларни мувафақиятли топшира олмади.Ўзбекистонга қайтиб бориш учун ўқишга киролмаганидан орландими қайтмади.Ётадиган жойининг тайни йўқ кимсага айланди.Шундай кунларнинг бирида у ўзини масжидга урди.Ислом дунёси илмларини ўргана бошлагач масжид унга бошпана бўлди.Орадан бирмунча йиллар ўтиб ғарблик аёл билан турмуш қурди.
Ҳаёти бироз йўлга тушди.Аёли туфайли анча-мунча кам-кўстлари ўнгланиб, ҳатто ота-онасига ҳам баҳолиқудрат ёрдам бера бошлади.
Хомсут эмган банда ибораси унга нисбатан ишлатиладиган кез келиб қолди.У аллақанақанги диний оқим вакиллари кўмагида оилали, уйли-жойли бўлди, ҳадяга автоли ҳам бўлди.
Буни қарангки у ҳалиям ўша Ҳошим бўлсада , бироқ энди бироз кибр пайдо бўлди хулқида.Балки бу қусур унинг ўзига сезилмасада лекин бошқаларга кафтдагидай кўриниб турарди.
Яна ўша ўзига маълум бўлган диний гуруҳ томонидан ҳаж сафарига ҳам бориб келди.Энди Ҳошимнинг кибри энг юқори пардага кўтарилди.Ҳеч кимни менсимай қўйди.Гўё у ўзича ҳаққа етиб бўлган сутдай оппоқ фаришта-ю атрофидагиларнинг бари унга тобе осий бандалардай муомала қила бошлади.Ҳошим ўзидан аввал ҳам миллионлаб кишилар ҳаж сафарини адо этишганини ёддан чиқарди гўё...
Лекин вақт-соати келиб Ҳошим кибрга берилганини англаб етар деб ўйлайман.Ахир у ҳам хомсут эмган банда-да, ўзингиздан қолар гап йўқ - дея суҳбатдошим Ҳошим ҳақидаги ҳикоясини якунлади.