Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 02.16.34
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Июль » 22 » "ТУРОНЗАМИН"да
    17.12.43
    "ТУРОНЗАМИН"да
    Менинг милициям мени қўриқлайди - ми?

    Ўзбекистонда ҳар қадамда хоҳлаган жойда миршабга дуч келасиз. Кўчада,бозорда,маҳаллада, банкда,автобекатда,вокзалда,аэропортда ва ҳоказо.Улар истаганча сизни шахсий ҳужжатларингизни ва сумкаларингизни текшириши мумкин.Арзимаган сабаб топиб сиздан пул ундириш пайида бўлишади.

    Ўзбекистондаги барча ҳайдовчилар йўл патрул ҳаракати (ГАИ) нозирини кўрса гўё пайғамбарни кўргандай бўлишади.Республика ичидаги автойўлларда сон-саноқсиз блок постлар ташкил этилган,бу постлар йўл нозирлари учун битмас-туганмас даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.Бу постларнинг ҳар бирига тўхтаб,нозирга минг тавалло қилиб ҳужжатларингизни ва юкхоналарингизни кўрсатасиз,сўнгра “долянка”ни чўзиб яна йўлда давом этасиз.

    Ўзбекистонда миршабларнинг текшир-текширидан зада бўлганим боис Кореяга келган илк кунларимдан бу ернинг полициячиларини кузатдим.

    Шаҳар кўчасидан кетаяпман биронта миршаб учрамади,гоҳида кўчадан полиция машинаси ўтиб қолади.Эртаси куни шаҳар айланиб юриб бир магазинни томоша қилиб,қайтиб кўчага чиқсам не кўз билан кўрайки кўчани нариги томонидан менга томон бир миршаб келяпти.Гарчи ҳужжатларим жойида бўлсада этим жимирлаб кетди.Хаёлимдан,ҳозир кимлигимни суриштирса керак деган ўй кечди.Қаерда дейсиз,парвойи палак ҳатто башарамга ҳам қарамасдан ёнимдан ўтиб кетди.Ичимда айтдим: Ҳой ,сен қанақа миршабсан,ҳеч қурса ҳужжатларимни кўрмайсанми баччағар! Ахир бизлар кўрсатавериб ўрганиб қолганмиз-да!

    Корея бўйлаб юрганингизда сиздан ҳеч ким шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатни сўрамайди,сиздан ҳужжат сўраш сизнинг ҳуқуқингизни поймол қилиш ҳисобланади,айрим ҳоллар бундан мустасно,масалан маст ҳолда жамоат жойларда тўполон қилиш,безорилик ва жиноят содир этганда махсус маҳкамалар сиз билан шуғулланади.
    Кореяда жамоат жойларида деярли миршабларни учратмайсиз,фақат кўчаларда полиция машиналарини жуда секин ҳаракатланаётганига кўзингиз тушади.Бу мамлакат йўлларида биронта полиция блок постларини кўрмайсиз.

    Катта магистрал йўлларда бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кираётганда йўл махсус кенгайтирилган бўлиб,бир вақтнинг ўзида ўнлаб автомашиналар бир муддат тўхтаб,белгиланган суммани тўлайди ва йўлида давом этади.

    Бу ерда йўл нозирининг бирорта автомашинани тўхтатиб,унинг ҳужжатларини ёхуд юк ҳужжатларини текшираётганини кўрмадим.

    Тўғри,жуда кам ҳолларда маълум вақт бир гуруҳ нозирлар йўлда рейд уюштиради,келаётган ҳар бир автомашина тўхтатилиб ҳайдовчининг спиртли ичимлик ичган ичмаганлигини аниқлайди,меъёрдан ошиқча ичган ҳайдовчи жазога тортилади.Бу тўхтатиш жараёни атиги тўрт-беш секунд вақтни олади,яъни ҳайдовчи ойнасини тушириб,нозирни қўлидаги махсус асбобни ичига бир марта пуфлаши керак.

    Кореяда ким кимни машинасини ҳайдайди бунинг аҳамияти йўқ,фақат ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт.Гувоҳномаси бўлмаган ҳайдовчига жуда катта жарима юкланади.
    Деярли барча автойўлларда кузатув камераси ўрнатилган,қоида бузган ҳайдовчини тезда топиб жаримага тортиш ҳеч гап эмас.Йўллар шу даражада қурилганки бирор жойда чуқурча кўрмайсиз,ваҳоланки Кореяда мавсумий шиддатли муссон ёмғирлар кўп бўлади.

    Қуйида бевосита ўзим кўриб гувоҳи бўлган воқеалардан айримларини келтириб ўтаман.
    Ёз кунларининг бирида шаҳар чеккасидаги чоғроқ қишлоқда кечки пайт тўрт-беш нафар ҳамюртлар билан кўкаламзорда ўтириб суҳбатлашиб ўтиргандик.Биз ўтирган жойдан юз метрлар нарида қишлоқ ўртасидан йўл ўтган ва йўл ёқасида бир шахсий хонадон хўжалиги жойлашган бўлиб,у ерда атрофи темир тўсиқлар билан ўраб олинган кичикроқ молхона (бостирма) бор эди.Молхонада беш-олти бош сигирлар бўлиб,қўра атрофида бир бузоқча диконглаб югуриб юрганди.Шу пайт йўлдан полиция машинаси ўтиб қолди ва чамаси 60-70 метрлар юргандан сўнг кескин тўхтади ва орқага юра бошлади.Йўл нозири машинанинг орқани кўрсатувчи ойнасидан кўчада югуриб юрган бузоқчани кўрган эди.

    Уйнинг тўғрисига келиб тўхтаган машинадан икки нафар йўл нозири тушди,улардан бири уй эгасини чақириб чиқди.Биз ўтирган жойимиздан воқеани кузатиб турибмиз.Уй эгаси кексароқ киши экан миршабларга бир нималар деди,шу пайт икки миршаб бузоқни қувлашга тушди,росаям қувлашди шоввозлар,йўқ орадан ўн дақиқалар ўтгач бузоқни ушлаб қўрага қамадилар ва шундан сўнг йўлда давом этишди.

    Иккинчи воқеа:Иш юзасидан бир жойга боришга тўғри келди,биз бораётган йўлнинг маълум қисми ўрмонзор орқали ўтилиши керак эди.Ана шу йўлнинг тахминан ўрталарига етганимизда олдимизда уч-тўртта машина,қарама-қарши томонда ҳам шунча машина бўлиб ўртада полиция машинаси турарди.Шамолда бир кичикроқ дарахт қулаб,йўлнинг ярмини тўсиб қўйган экан.Икки нафар йўл нозири қийинчилик билан қулаган дарахтни йўлнинг чеккасига тортмоқда.Тўхтаб кутиб турган машиналардан бирон киши ҳам тушиб ёрдамга ошиқмади.Нозирлар йўлни очиб,ўтишга команда берди.

    Яна бир воқеа: Қиш,қаттиқ совуқ,йўллар музлаган.Биз тушган машина йўлнинг тикроқ қияли жойига келганда йўл четида полиция машинаси турар ва икки нафар нозир тинмасдан йўл чеккасига тўплаб қўйилган халтачали қумларни йўлни музлаган жойларига сепарди.Бундай ҳолатни кейин ҳам жуда кўп учратдим.

    Мен бу воқеаларни бежизга келтирмадим.Мабодо шунақа воқеалар бизда,яъни Ўзбекистонда бўлса бизнинг миршабларимиз қандай йўл тутарди.Биринчи воқеа бўйича қарайдиган бўлсак,бизнинг нозирлар йўлга чиқиб югургилаб юрган бузоққа умуман эътибор бермасдан кетаверади,мабодо уриб кетгудек бўлса ҳам эгасини айбдор қилади.Чунки молига қарамаган,айбдор! Ахир қанчадан-қанча молларни экинни пайхон қилган деб бўғзига пичоқ тортган миршаблар учун бир бузоқча нима деган гап.

    Иккинчи ва учинчи воқеаларда эса бизнинг нозирларимиз шубҳасиз бунақа юмушларга ҳайдовчиларни жалб қилишади.

    Кореяда қонун устивор.Мамлакатда куч ишлатар тизимлар қонунга қаттиқ риоя қилади.Қонундан бироз чекинган ходимни шўрига шўрва тўкилади.Шу сабаб ҳар бир ходим ўз вазифасини қонун асосида виждонан бажаришга ҳаракат қилади.

    Мамлакатда оммавий намойишлар ўтказиш одатий ҳолат.Деярли ҳар куни мамлакатнинг у ёки бу жойида митинг ёки норозилик чиқишлар бўлиб туради.Шунақа намойишларнинг энг йириги шу йил 10 июнда бўлиб ўтди.Биргина Сеул шаҳрининг ўзида юз мингдан ортиқ киши намойишга чиқди.Намойишчилар Корея ва АҚШ ўртасида имзоланган эркин савдо ҳақидаги битимни бекор қилиш ва Президент истеъфосини талаб қилиб чиқишди.Бу намойишни ўтказишга асосий сабаб бўлган омиллардан бири гўёки АҚШ томони қутуриш касаллиги билан касалланган мол гўштини экспорт қилаётган эмиш.

    Бу қанчалик ҳақиқатга яқин ёки йўқ билмадиму,лекин буям бир ўз истеъмол бозорини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш деб тушуниш мумкин.Сиздан угина биздан бугина деган гап бор.Корея томони АҚШга автомобил,ярим ўтказгичлар,радиоаппаратуралар,компьютерлар ва электротехника маҳсулотларини экспорт қилади.Эвазига эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилишга мажбур.

    Ушбу битим имзоланганига қарийб икки йил бўлмоқдаки ҳали ҳануз томонларнинг парламентида ратификация қилингани йўқ,аксинча бу битим атрофидаги тортишувлар тингани йўқ.Мамлакат Президенти бир неча бор чиқиш қилиб,халқдан расман кечирим сўради.Фуқароларни ҳаловатини бузиб таҳликага қўйганлиги ва ўз вақтида буни олдини олмаганлиги учун Президент маъмурияти ва ҳукуматни айблади.

    Шундан сўнг Президент маъмурияти ва ҳукумат тўлиқ таркибда мамлакатдаги мураккаб вазиятни ижобий томонга силжитишда ожиз эканликларини билдириб истеъфо бердилар.Лекин Президент уларни истеъфосини якка тартибда кўриб чиқишини унинг матбуот котиби эълон қилди.
    Бугунги кунда Ўзбекистонга асосан Хитойда ишлаб чиқарилган сифатсиз халқ истеъмол моллари кириб келмоқда.Халқимиз орасида “одноразовый” деб ном чиқарган Хитой маҳсулотларидан жабр кўраётган халқимиздан бирон бир расмий кечирим сўрадими.Бир вақтлар Хитойдан келтирилган арақдан ўнлаб (балким юзлаб) кишилар заҳарланиб нобуд бўлди.Бунақа воқеалар учун Ўзбекистонда ҳеч ким жавобгар эмас.

    Инсон Ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси қабул қилинганини 60 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида ўзбек матбуоти бонг урмоқда..Лекин…Миршаблари ҳар қадамда фуқароларни ҳуқуқларини топтаб турган,мансабдорлари порахўрликка ружу қўйган,ҳақ овозлар бўғиб қўйилган,ўғлонлари мардикорликда сарсон-саргардон,ҳақиқатгўй фарзандлар бадарға қилинган,коррупция ботқоғига ботган камбағал юртда ҳуқуқ декларацияси ҳақида гапириш ўта кулгили туюлар экан.

    Ҳайдар. Жанубий Корея


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz