Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.06.33
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Август » 8 » Йилларим ва йўлларим
    10.56.41
    Йилларим ва йўлларим
    25.Қумри қурмагур куйдирганди

    У пайтлар сув нима, олов нима фарқига бормайдиган бола эдим.Лекин қишлоғимиздаги ҳозир эслашимга кўра пайтларда энг гўзал қизларидан бири Қумрихон эди.Қизларнинг гўзаллиги унчалик бахт келтирмайди дейишади.Қизиқарли китобни ҳамма ўқигиси келгани каби чиройли қизларни ҳам ҳамма суйгиси, ардоқлагиси келади деб ҳам қўйишади.Лекин Қумри тушмагур ҳамма йигитларни доғда қолдириб борар,  ҳеч бирига рўйхушлик бериб қиё боқмасди.Унинг онаси Ҳожар хола биздан сал наридаги ҳовлида қўшни бўлгани учун биз болакайлар бу меҳрибон бувининг ёнига кўп бориб турардик.Ҳожар холанинг тўрт қизи бор эди.Лекин Ғани бува иккаловлари саксон йил бирга яшашди-ю ўғил фарзанд кўришмади.Мен улар саксон йил бирга яшаган даврларида мактаб ёшига етмаган бола эдим.

    Айтмоқчи бўлганим, ўша болалик палла айланиб бориб Ҳожар холаникига кирдим.Одатдагидай Ҳожар хола пешонамадан ўпди.Унинг ўпгани яхши эди-ю аммо бироз вақт ўтиб сўлаги пешонамда қотиб тириштириши ёқмасди.Бир гал шундай бўлгандан сўнг билиб олгандимки, Ҳожар хола ўпиши билан ортидан тезда пешонамни қўлим билан артиб ташлардим, шунда вақт ўтиб пешонам тиришмасди.Кейин у менга туршакми бир нарса бериб, бирор-бир эртакка ўхшаш афсонани сўйлаб берарди.Менга Ҳожар холанинг ёқадиган жиҳати худди ана шу афсоналар айтиб бериши эди.

    Бу гал унинг ёнига борганимда ҳам одатдагидай пешонамдан ўпди-да ортидан афсона эмас ўзининг Қумри исмли қизи ҳақида куюниб гапира бошлади.Мени ёш болаку демаганди ўшанда Ҳожар буви.Балки унинг куюнгани-ю суюнганлари ҳақида қачондир қайлардадир ҳикоя қилишимни ҳис қилганмикан-а деб ўйланиб ҳам қоламан.Хуллас Ҳожар хола ўшанда:

    -Бу Қумри тушмагур шу кунларда мени ёмон куйдирди болам.Нега десанг, қурмагур Қумри жа чиройли.Чиройли бўлгандаям ўша сенга айтиб берганим эртаклардаги парилардай  бекаму кўст чиройли.Аммо қизи тушмагур отасиниям мениям юзимизни ерга қаратиб қўйди.Ахир ҳеч ким уни пинҳона Тоштонбой билан дон олишиб юради деб хаёлига ҳам келтирмаганди-ку.Бу ер ютмагур бирор бир бўй йигит билан дон олишса ҳам гўрга эди.Келиб-келиб қарамайсанми, ким билан дегин-а беш боласи бор, қирқ ёшни уриб қўйган колхоззи кастиридан  ҳомилали бўлиб, мана туққунгача билмабмиз-а.Буниси ҳам майли.Отаси нега бундай қилдинг жон қизим, ахир Тоштон ўғри бизнинг қавмдан эмас.У колхознинг молини ўғирлаб еб юрган бир ярамаску деса.Ўлдирсангиз ҳам ўша Тоштонни дейман дейди бу яшшамагур Қумри...

    Ҳожар хола яна аллақанча куюниб бир нималар деди.Лекин ўшанда айтганларининг ҳаммаси ҳам ёдимда йўқ.

    Ёдимда қолгани эса, Қумри ўша Тоштондан бир ўғил туғиб исмини Юсуф қўйган, у йигит ҳозир бир касб билан  оиласини тебратиб юрибди.Юсуфдан сўнг бир Тожинисо исмли қиз туғди ўша Тоштонбойдан.Тоштонбой эса колхоз ғазнасидан камомад ( растарат қилди дейишганди ўшанда ) келтирди деган айб билан  қамалиб кетиб, роппа-роса 25 йилда қайтиб келди.

    Қумри эса бу пайт болалари билан  бошқа қишлоқлик қассоб қарияга турмушга чиқиб кетиб яна бир этак фарзандли бўлди.Ўша кезларда Ҳожар хола ёниб-куюб юраркан одамлар орасида ҳангоманамо қўшиқлар ҳам айтилиб юрилганди.

    Ҳа, Қумри, Қумри , учди кетди у шохга,
    Энди қайта қўнарми яна бизнинг бу шохга.
     
    Шунақа, ўшанда бир Қумри куйдирганди бир қишлоқни.Бу воқеани узоқ йил ўтиб эслаганимнинг боиси шуки, кечаги суҳбатдошимнинг айтишича ҳозирда  Ўзбекистонда куйдирадиганлар ғоят кўпайиб кетган эмиш...

    Ризо Обид
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz