Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 05.42.19
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Сентябрь » 1 » ҚУТЛОВЛАР!
    01.03.53
    ҚУТЛОВЛАР!
    1 сентябрь - Жаҳонгир Муҳаммад туғилган кун!

     
    ҲАҚ СЎЗНИНГ ЁНИДАМИЗ!

    Ўзбек халқининг жонкуяр фарзанди Жаҳонгир Муҳаммадни 1 сентябр - туғилган куни билан чин дилдан табриклаймиз!

    Ҳақ сўз ҳамма вақт, ҳамма даврларда зулмнинг қатағони билан юзма-юз келган ва доим курашлар гирдобида яшаган. Бугун ҳам. Бу қатағоннинг оғирлиги эса ҳақ сўзни айтганларнинг елкасига тушган. Бугун устозимиз, сафдошимиз, таниқли сиёсат арбоби, тилшунос олим, ёзувчи ва журналист - Демократик Ўзбекистон Конгрессининг асосчиси Жаҳонгир Муҳаммадга диктатура режими 17 йилдан бери таъқиб этиши, йўқотишга уриниши ҳам бунга мисол.
    Бу саволга Жаҳонгир Муҳаммаднинг таржимаи ҳолига назар солсак жавоб топасиз.
    Жаҳонгир Муҳаммад бир неча йиллик журналистик фаолияти даврида ҳам ҳақ сўзни айтиб халқ оғзига тушган ва шунинг учун муқобил номзодлар орасидан ғолиб чиқиб, 1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати бўлган. Бугун ўзини “қаҳрамон” деб юрган кимсалар каби у коммунистик партиянинг рўйхатидан, битта округдан бир ўзи “сайлатилган” эмас. Аксинча коммунистик партиянинг зулми билан курашиб, унинг тўрт нафар номзодини енгиб 35 ёшида депутат бўлган.
    У 1990-1993 йилларда Ўзбекистон Олий кенгашида Ошкоралик қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган ва у пайтда бутун Ўзбекистонга таниқли демократ эди. Бизнинг оталаримиз, оналаримиз ва акаларимиз бу одам ҳақида фақат яхши гапни айтганлар.
    Ўзбекистон Олий кенгашида 1990 йилнинг 20 Ноябрида Кенгаш котибиятининг раиси этиб сайланган Жаҳонгир Муҳаммад шу сессиянинг кун тартибига Ўзбекистон Мустақиллиги декларациясини қабул қилиш масаласини киритишга муваффақ бўлган инсондир. "ЭРК" ва "Бирлик" тақдим этган лойиҳалар асосида янги бир лойиҳа ёзиш учун тузилган беш кишилик комиссия таркибига кирган Жаҳонгир Муҳаммад сессияда қабул қилинган Ўзбекистон Мустақиллик декларацияси матнини ёзган халқ вакили сифатида тарихда алоҳида ўринга эгадир.
    Бекобод, Бўка воқеаларидан кейин Паркентда Месхет турклари билан юз берган қонли ҳодисаларни ҳукуматнинг ўзи уюштирганини парламентда кўтариб чиққан Жаҳонгир Муҳаммад сафдошлари билан бирга мазкур масалада Олий кенгаш комиссиясини туздиришга муваффақ бўлган. Ўзи ҳам мазкур комиссия таркибига сайланиб ҳақиқатдан ҳам Паркент воқеалари ортида КГБ турганини исботловчи ҳужжатларни ўртага чиқаришга муваффақ бўлган ва шундан кейин қувғинга учраганди.
    У ишлаган Ошкоралик қўмитаси Олий кенгашнинг қудратли кучига айланганини одамлар бугун ҳам гапириб юришади. Шу сабабдан ҳам Каримовнинг топшириғи билан бир неча марта бу қўмитани ёпишга уринганлар. Ўшанда Олий кенгаш ҳақидаги қонунлар қўпол бузилган ҳолда бу қўмита ёпилган. Мақсад Жаҳонгир Муҳаммадни четлатиш бўлгани ўз-ўзидан кўриниб турибди. 1991 йилда Жаҳонгир Муҳаммад ўз сафдошлари билан бирга президент Каримовнинг диктатларча ҳаракатларини жиловлаш масаласини Олий кенгашнинг 7-сессияси кун тартибига кирита олганди.
    Ташаббускор депутатларнинг талаби билан Ўзбекистон президенти ва Халқ депутатлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бўлим очилиб Жаҳонгир Муҳаммад мазкур бўлимга мудир бўлди. Кейин у Ўзбекистон Телевидениесига раҳбар этиб тайинланди.
    1992 йилнинг 16 январида Тошкент талабалар шаҳарчасида юз берган қонли воқеалардан кейин мазкур ҳодисаларни Ўзбекистон телевидениесида ошкора ёритиш имкониятлари чеклангани ва мамлакатда диктатура ўрнатилганини эълон қилиб у ўз вазифасидан истеъфо берди. Бу воқеа Ўзбекистон тарихида ҳукумат таркибида туриб, ҳукуматга норозилик билдирган, диктатура ўрнатилганини очиқ, ёзма равишда эълон қилиб ўз вазифасидан истеъфо этган биринчи воқеа эди.
    Жаҳонгир Муҳаммад ўзбек демократик мухолифатини бирлаштириб, диктатурага қарши туриш учун 1992 йил 28 Март куни Эрк партияси биносида ўтган Ўзбекистон Демократик кучлари форумининг ташкилотчиларидан бири эканлигини кўпчилик яхши билади. Унинг Эрк партиясининг мафкура масалалари бўйича котиби ва "ЭРК" газетасининг Бош муҳаррири сифатидаги фаолияти ҳам элга маълум.
    У қандай вазифада бўлмасин оддий халқ томонида турди. Бўлмаса, 1993 йил 6 январда "Известия" газетасида чиққан мақолада ёзилгани каби Эрк партияси биноси яқинида унга суиқасд қилинармиди? Ҳукумат қонунга хилоф равишда у бош муҳаррири бўлган газетани ёпармиди? Унинг Тошкентдаги уйи тортиб олинармиди ва у куч билан Самарқандга кўчирилармиди?
    У хорижга чиққандан кейин Каримов шахси ва режимининг моҳиятини очиб ташлаган "Қувғин" романини ёзди. Бу китоб Ўзбек адабиёти тарихида содда ва янги услубда ёзилган ҳамда қўлба-қўл ўқилган, турли йўллар билан қишлоқларга қадар етиб борган асар бўлди.
    1995 йилда Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати талаби билан Ўзбекистон Олий Суди уни "ЭРК" газетасини хорижда чоп этганликда, президентни ҳақорат қилганликда, изн олмай мамлакатдан чиқиб кетганликда айблади. Шу зайл уни конституциявий тузумни ағдаришга уриниш каби уйдирма билан айблаб, қидирув элон қилишди.
    Шундан кейин режим Жаҳонгир Муҳаммадни йўқотиш учун хорижга суиқасдчиларни юборгани бизга матбуотдан маълум. Унинг ҳаёти Туркияда ҳам хавф остида қолгач, у Туркия ҳукуматининг босимига учрагач, 1998 йилда БМТнинг қочқинлар комиссарлиги орқали АҚШдан сиёсий бошпана топган.
    2000 йилда Ўзбекистон Олий суди яна бир марта ажрим чиқариб, уни қидирувда деб эълон қилди ва 2001 йил май ойида унинг опа-сингиллари, яқинлари туҳмат билан қамоққа олиндилар.
    АҚШда у журналистик фаолиятини давом эттирди ва 1999-2004 йилларда "Америка овози" радиосининг ўзбек хизматида ишлади. Илгари тингловчилари деярли бўлмаган радиони Ўзбекистонда Би-Би-Си ва "Озодлик" радиолари даражасига кўтарди.
    2005 йилнинг 23 май куни Жаҳонгир Муҳаммад ўзбек мухолифатини бирлаштириш мурожаати билан чиқди ва узоқ йиллардан кейин илк бор 2005 йилнинг 11 Июлида мухолифат лидерлари ва фаолларини бир жойга тўплашга муваффақ бўлди. Лекин мухолифатни парчалашга киришган қабиҳ ниятли кишилар бу ишга зарба бердилар. У 2007 йил президентлик сайловида мамлакат ичидан бир номзод билан қатнашайлик деган ташаббус билан чиқди ва биз ҳам буни қўлладик.
    Жаҳонгир Маматов 30 дан зиёд китобнинг муаллифидир. Унинг АҚШ, Туркия, Озарбайжонда ҳам бир қанча китоблари нашр этилган. Аммо унинг асарлари ўзи мустақиллиги учун курашган Ватани - Ўзбекистонда таъқиқланган. У тилшунослик борасида АҚШда нашр этилган учта йирик китобнинг ҳам муаллифидир.
    У 2001 йилдан эътиборан ўзининг www.jahongir.org веб саҳифасига эга.
    “Қувғин” қаторида унинг “ИАК”, “Ассассин”, “Оқсарой сирлари”, “Ярми чин, Ярми химчин”, “Яқин мозий”, “Каримовнинг кашфиётлари”, “Зеҳният жумбоғи”, “Ўзлигим”, “Тарихни титратган кунлар”, “Қатағон” ва бошқа китоблари Каримов режининг ҳақиқий башарасини очиб берди.
    Режимнинг аксига халқимиз бугунга қадар Жаҳонгир Муҳаммадни ҳурмат қилиб, ардоқлаб келмоқда ва бундан кейин ҳам уни улуғлайди. Чунки у ҳақ сўзни айтар экан буни халқнинг юрагидан олиб айтади. Биз ҳақ сўз билан биргамиз, Жаҳонгир Маматовни туғилган куни билан чин дилдан табриклаймиз, узоқ умр сиҳат саломатлик тилаймиз. Унинг яқин йиллар ичида ватанга қайтиши учун йўллар очилишига ҳам ишонамиз.

    Демократик Ўзбекистон Конгресси фаоллари ва дўстлари.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz