Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.12.53
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Сентябрь » 24 » Ўқувчилар ёппасига яна пахта теримига жалб қилинди
    11.34.34
    Ўқувчилар ёппасига яна пахта теримига жалб қилинди
    ezgulik

    -ҲОЛВАНИ ҲОКИМ ЕЙДИ, КАЛТАКНИ ЕТИМ…
    -КАМПАНИЯ ҚУРБОНЛАР ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА!

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига Жиззах вилояти Фориш туманидаги 69-ўрта умумтаълим мактаблари ўқитувчилари Тожибой Жуманов, Нурқосим Болбеков, Қудрат Дархонов, Нодир Жўраев ҳамда Улуғбек Сирлибоевлар мурожаат қилиб, ўқувчиларнинг пахта йиғим-теримига олиб чиқилиши билан боғлиқ можаро тафсилини баён этган. Маълум бўлишича, улар хизмат қилаётган мактаб ўқувчилари 2007 йилнинг 1 октябрида туман ҳокими Байрам Узоқов ва туман халқ таълими бўлими мудири Қудрат Силлиевнинг кўрсатмаси, ташкилотчилигида пахта-йиғим теримига олиб чиқилган. Тумандаги Охунбобоев номли касб-ҳунар коллежи спорт залига жойлаштирилган 168 нафар ўқувчилар учун шарт-шароитлар яратилмаган.

    Етарли озиқ-овқат, тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, меҳнат шароитлари оғир мазкур ўқувчилар орасида бош оғриғи, ич кетиш, тери касалликлари тарқалиб кетган. Оқибатда мактабнинг 8-синф ўқувчиси Лочин Болтабоев 9 октябрь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган, кўрилган чора-табдирларга қарамай 16 октябрь куни шифохонада вафот этган. Аммо мактаб маъмурияти, туман ва вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари болалар меҳнатини яшириш мақсадида улар пахта-йиғим теримида бўлган даврда ҳам синф журналлари, табелларни тўлдириб келишган. Ҳатто терим даврида вафот этган Лочин Болтабоевнининг ҳам дарсларга келгани қайд қилинган, унга предметлар бўйича баҳолар қўйилган.

    Лочин Болтабовнинг ота-онаси, қариндошлари юқори идораларга шикоят қилишгач, мазкур ҳодиса юзасидан Фориш тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилди. Туман прокурори Р. Абдуғаниев юқорида номлари зикр қилинган ўқитувчиларга нисбатан Ўзбекистон Респубилкаси ЖКнинг 91-моддаси (Мажбурлов чораларининг мақсадлари), 92-моддаси (Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллашнинг умумий асослари) ҳамда 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) сингари айблов билан иш қўзғатди. Ўқитувчиларга айблов хулосалари берилмай, иш судга ўтказилди. Жиноят ишлари бўйича туман суди жиноятчи-ўқитувчиларни жазолаб, уларга тегишли тартибда жарималар қўллади. Гўё, шу билан “бахтсиз ҳодиса” хотима топди, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолди!

    Энди давлатнинг пахтасини териб, эвазига жиноятчига айланган мураббийлар ҳуқуқларини талаб қилишмоқда. Ахир, ҳоким эмасми, ўқувчиларни пахтага ҳайдаган — халқ таълими мудири эмасми, болалар пахтада бўлишига қарамай журналларни тўлдириб боришга кўрсатма берган?! Умуман, агар болалар пахтага чиққан даврда журналларни тўлдириб бориш жиноят бўлса, бутун мамлакат ўқитувчилари жиноятчилар эмасми?! Қонунчилик назорати бўлган прокуратура органи “Бола ҳуқуқи” ҳақидаги халқаро Конвенция, “Бола ҳуқуқининг кафолатлари” ҳамда “Таълим тўғрисида”ги миллий қонунларда болаларни меҳнатга жалб қилиш таъқиқланганини билмайдими?!

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бундай шармандали ҳолат юзасидан Република Бош прокуратурасини дарҳол изоҳ беришга, Фориш тумани ҳокими Байрам Узоқов, туман ҳалқ таълими бўлими мудири Қудрат Силлиевнинг ҳаракатларига нисбатан прокурорлик чоралари қўллашга чақиради. Ҳуқуқ ҳимоячилари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини пахта сиёсати қурбони бўлган мураббийларни ҳимоя қилишга ундайди.

    P.S. Бугун «Эзгулик» жамиятига келган хабарга кўра Республиканинг барча вилоятларида 22 октябр кунидан бошлаб барча ўрта мактаб, лицей ва колледжлар ёпилиб, ўқувчилар ялписига пахта теримига сафарбар қилинган.

    КАМПАНИЯ ҚУРБОНЛАР ТАЛАБ ҚИЛМОҚДА!

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қашқадарё вилояти бўлими фаоллари тақдим этган маълумотларга кўра, шу йилнинг 18 сентябрида вилоятнинг Нишон тумани Гулистон фермерлар уюшмасига қарашли дала шийпонида истиқомат қилиб, пахта теримида иштирок этаётган ҳашарчилардан бири ваҳшиёна қотилликнинг қурбони бўлди. Китоб туманидаги маиший хизмат коллежи ўқувчиси Сардор Ахмедов сабоқдоши томонидан ўзаро жанжал оқибатида ўлдирилди. Бўйин соҳаси, қорин қисмига берилган учта зарбадан сўнг воқеа жойида жон таслим қилган коллеж ўқувчиси қариндошларининг оҳи-зори шиддат билан давом этаётган капманияга таъсирини ўтказа олмади.

    Сабоқдошлари пахта пайкалида жавлон ураётган паллада қотил ўқувчининг устидан Нишон тумани прокуратураси жиноят иши қўзғатди ва дастлабки тергов ҳаракатларини бошлаб юборди. Воқеа гувоҳларининг кўрсатмаларига кўра, икки ўқувчи ётоқхонадаги қулай кароватни талашишган, ўзаро нифоқ натижасида мазкур ҳодиса содир бўлди. Энди бир-икки мураббий ҳам жавобгар бўлади, дейишмоқда терговчилар. Аслида қотилликдан уч кун аввал содир бўлган ҳодисанинг ўзиёқ маҳаллий мутасаддиларга сабоқ бўлиши керак эди…

    15 сентябр куни айнан ўша шийпонда, ўша ўқувчилар ўртасида Нишон касб-ҳунар коллежининг Гули исмли ўқувчиси ҳашарчилар учун катта қозонда пахта ёғи доғлаётган пайтда жизғанак бўлиб куйиб қолганди. Оқибатда Нишон тумани Марказий шифохонасининг (реанимация) жонлантириш бўлимига чалажон келтирилган қизалоқнинг малоҳатига путур етган, бутун юзидаги куйиш унинг ҳуснига чанг солган эди. Мутасаддилар ҳодисадан хулоса чиқармади, навқирон авлод келажаги эвазига тўлдирилаётган режаларнинг кетидан қувди.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти жамоатчиликнинг эътиборини айни ҳодисаларга қаратиб, Ўзбекистон ҳукуматини бола меҳнати, ўсмирларни оммавий ҳашарларга жалб қилишни таъқиқлашга ундайди. Бу борада қатъий сиёсат ишлаб чиқиш, унга амал қилиш механизмларини шакллантириш ҳамда бу борадаги халқаро ҳуқуқий амалиётга мувофиқ ҳаракат қилишга чақиради.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz