Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 01.38.21
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Октябрь » 10 » Бизга ёзадилар
    20.09.52
    Бизга ёзадилар
    Адҳам Эшмонов

    Ватандошларга мактуб
    «Эски,ачиган хамиртуруш ила мазали нон пишмағай! »
    (Халқ ҳикматларидан)

    Ассалому алайкум қадрдонларим ва ғурбатдаги ҳаётимнинг ҳамшериклари, аҳли имону диёнат, дўсти содиқ, оқибат соҳиблари. Пиру бадавлат отажонларимиз, меҳридарё онажонлар, қадрдон акалар ва укалар, азиз опажонлар, мунис сингилларимиз, севикли ўғил қизларимиз!

    Ушбу мактубим ила эзилган қалбингизни эзишим ва чексиз изтиробларингиз устига, устама этишимни билгайман. Афсуским бошқа иложим йўқ! Мажбурман, «сўзласам тилим куйгай, сўзламасам дилим куйгай. » Азизларим, қувғинлик давомида оғир мусибатлар гувоҳи бўлдингиз.Не не дарду ситамлар бошингиздaн кечмади. Ватан, қовму қариндошлар меҳрига муштоқ булдингиз, айрилиқдан қайғули кунлар, тунлар қаршиладингиз. Аммо сабр тоқат ила, чидаб келдингиз, келмоқдасиз ҳам. Армонлар сабр косаларини тўлдирди. Кунлар, тунлар, ойлар йиллар ўтди. Илк қатағон бўлганларимизнинг ёшларимиз 50 ва 70 оралиғида бўлибди. Ғурбатдаги ҳаётда кўпчиликнинг фарзандлари вояга етиб улғайибдилар, ували жували бўлибди. Аммо ҳеч биримизнинг қалбимизни Ватан иштиёқи, соғинч ҳамда Ватанга қайтиш нияти тарк этмади.

    Дарҳақиқат сўнги йилларда муҳожирликда ҳар турли «дордан қочганлар» ҳам пайдо бўлдилар. Сиёсий муҳожирлик мақоми кўпчилик учун моддий ҳаёт манбасига айланди десак хато бўлмайди.Натижада қулбола, жавпазак сиёсатчиларнинг жаврашидaн, доҳийлар жазавасидaн йўллардaн адашдик, машмашадaн бошимиз чиқмай қолди.
    Такаббур раҳномалар этагини тутган такасалтанг отабезори шумғияларнинг таҳқиридaн заҳaр заққум ютдик.Орамиздaн меҳру шафоат кўтарилди, юргилигимиз қолмади.

    Менинг мулоҳазаларим, аччиқ хақиқатлар, гина қудратлар ўтган кунларимиз, ғурбатдаги хаётимизнинг аччиқ -чучук лаҳзалaрини бир шингил-шапоғидур халос.Ҳаловатсизликдaн, ҳақ-ноҳақлиқдaн сўйласам саргузаштлар достони адо бўлмагай.

    Яратган Хаққи ҳурмати, она Ватанимиз, табаррук Азиз Авлиё Анбиёларимиз,ота боболаримизнинг, бевафо дунёдан ўтган жами авлоду аждодларимизнинг табаррук руҳлари ҳаққи ҳурмати. Сиз азизларим, мен осий бандани ауф этгайсизлар. Умид қилгайманким қалбим оҳу нидолари, дарду ситамлар, сиз юртдошларимнинг бефарқлик йўлларидaн ҳамфикирлик сари даъват этгай, Иншооллоҳ.

    Яратганимиз шоҳид, камина узоқ йиллар давомида кескин қарор берган эдим. Тамом, бас, бошқа даватлар этмагайман дея.Елкамнинг чуқури курсин бу машмашалaрни деб. Шунга қарамасдан арқонни узун ташлаб, сабр тоқатли бўлдим.Нохақликлар, туҳмат, маломат тошлари аёвсиз менинг ва яқинларим боши узра сочилганда ҳам, қалбимни кенг, бардошимни метиндек этдим. Кимлар, нималар дея бўҳтон тошларини отмадилар. Хоин, жосус, яҳудий, насроний, тожик, халқ душмани, мухолифатни йўқотмок, пароканда этмоқ учун махсус жўнатилган МХХ, ФСБнинг ходими деган шарафли ва шарафсиз номларни (иснодларни) бир қанча шараф, бурч, одамийлик, имон, оқибат, диёнат нималигини билмаганлардан олдим.
    Менинг ягона айбим Оллоҳ Ҳақ Таъоло шоҳид ўзбек бўлганлигимдан, аталганлигимдан, ёки Ўзбекистонда авлоду аждодларим табаррук ҳоки-сурлари ётганлигидур! Аммо бошқа гуноҳим йўқ мутлaқо! Қалбимда Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат чексиз ва садоқат буюкдур. Бир замонлар сабру тоқатим, бардошим қоялар шамолда емрилганидек емрилди! Лекин тушкунликга тушмадим, мақсадларимдaн воз кечмадим, шукур.

    Мен ва оила аъзоларимни бошларига шунчалик ноҳақлиқлар ёғдирган, туҳмат ва маломат тошларини отган нокасталар авваломбор менинг ақлу-идрокимдан, тажрибамдaн ими жимида фойдаланиб келдилар. Узоқ йиллар давомида баҳоли қудрат ватанимга, бозоримга, мозоримга нисбатан бўлган садоқатим, меҳр-оқибатимни сидқидилдан сақлаб, тишимни тишимга қўйиб, Она диёр висолига йўлларида муштоқ бўлдим. Мақсадлар сари етаклаган умидим таянчи ўз мозору бозоримга эгалик қилишдек орзу ниятларгина бўлди.

    Отам раҳматлик бир замонлар панду насиҳат қилганларида « Бир замонлар келиб замоннинг устунлари қулайди, ўғлим. Меҳру шафоат,оқибату диёнат орадан кўтарилади. Ўғлим эр йигитнинг сояси бўлсин, кўкрагида ёли бўлсин, ўз мозoрига, қолаверса, бозорига эгалик қилсин.Сен эр йигит бўлсанг кўкрагингда ёлинг бўлсин, соясиз бўлмагин. Менинг чироғимни ёқиб ўтрадиган одам бўлгин, мозорларимизни унутма болам» , дегандилар.
    Раҳматлик отамнинг айтган насиҳатларини эслаб, ўзимга кўп саволлар бердим, ўйладим-мен кимман, нега энди нокасталарнинг фитналаридaн кўнглим оғриб қутлуғ бурчдaн воз кечсаму мозорим эгасиз қолиб,бозорим оёқ ости бўлсаю, мен эса соясиз, кўкрагида ёли йўқ мунофиқларга тенг бўлиб қолсам деб.
    Натижада ошкора даъватларимни тарк этиб тахаллуслар ила машқлар ёздим. Баҳоли қудрат мақсадлaрим сари интилдим. Бир замонлар алифни калтакдан ажрата олмаган кимсалар, мунофиқларга сабоқ бердим. Заҳмату заҳaр - заққум ютганимдан афсусланмадим.
    Жонимни Жабборга бериб, ғаразсиз Ватан, мақсад йўлида мақолалар ёзиб фитнакорларнинг номларидaн чоп этишга ҳам рози бўлдим. Минг афсуслар бўлсинким аҳвол ўзгармади. Замон илгари сурилдию, аммо жаҳолатпарастларнинг онглари, ақлу-идроклари интилиш йўлларини, ҳамжиҳатлик, одамийлик йўлларини танламадилар.
    Меросталабларнинг одатлари ўзгармади, фитнакорлар бошқа бир қанча инсонлар номларига ноҳақ иснод келтирдилар. Муҳожирлар орасида туҳмат асоратидагиларнинг сонлари яна ҳам кўпайди. Муҳожиратни бирлашиш ўрнига тарқоқлик, жаҳолатга ғарқ этдилар. Аммо кўпчилик биродарларимиз юқорида қайт этилган даҳшатнинг нима учун содир бўлганлигини ва бўлаётганлигини уйлаб кўрмадилар.Балким истамадилар,балким кимларнингдир ақл-идроклари етмади. Натижада замони мустабид узайди, ғанимларимиз тантана қилди . Ватанимиз, халқимиз, миллатимиз сарсону саргардонлик йўлларида овора бўлдилар.

    Қадрдонларим, ўзингиз бир фикр этингчи, ғанимларимизга муқобил харакатнинг кераги бор эканми? Негаки, муҳожирлар оч қолган каламушлар каби бир бирини шафқатсиз еб битирдиларку! Мана бир неча йилларким муҳожират орасида махсус хизматларнинг тили билан айтилганда «активные мероприятия» олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, махсус хизматларнинг айғоқчилари (маълумот манбаси - агентурный источник), ёинким махсус хизмат тили билан айтсам «дураки инициативники» деган тоифадаги калтафаҳмларда бор албатта.( Мен қоғозларда битилмаган шараф қомусини шу кунларга қадар матонат ила сақлаб келдим.Андишали бўлдим,Оллоҳдан қўрқдим. Лекин шуни ҳам такдидлаб утмоғим керак.Мен кимнинг кимлигини ва ким, қачон, кимга МАЪЛУМОТ МАНБАСИ(агентурный источник) бўлганлигини ва кимларни қачон (вербовка) қилинганлигини эшитма қулоқ билан эмас, далиллар асосида биламан.Исбот ҳам қила оламан, лекин бунга зарурат йўқ. МАЪЛУМОТ МАНБАЛАРИ (агентурные источники), илтимос, мени МЕМУАР ёзишга мажбур қилманглар. Андишани отини қўркоқ қуйманглар.Уйлайманки гап эгаларини топади.)
    Лекин асосий кулфатимиз муҳожиратдаги айрим ватандошларимизнинг илмсизлигидан, фаросатсизлигидан. Ўзларига бино қўйиб,билмаганин билдим деганликларидандир.Ушбу иллат ҳамманинг томирига болта уриб, муҳожиратда униб - ўсиб чиқаётган ақлу-идрокли, тажрибали ватанпарвар инсонларининг илдизларини қуритмоқда. Аминманким, бундан кейин ҳам айни аҳвол давом этаверади. Муҳожиратдагиларнинг бир қисми ватан келажагини эмас, таъминотни, тамоқни, ўз қоринларининг ташвишларидагина ҳаракaт этиб келмоқдалар.
    Бу ҳолатни шахматда «ЦУГЦВАНГ»ҳолати билан қиёсласак жуда уринли бўлади. Мана шунинг учун сиз азизларга фикрларимни билдиришни лозим топдим. Имоним комилким ҳар бир бошлаган ҳаракат бир вақти соати келиб яна уша «ЦУГЦВАНГ» ҳолатига тақалади, афсус! Авваломбор «ЦУГЦВАНГ» ҳолатини бартараф этиш чораларини топмоқ керак. Ислоҳатни ўзимиздaн бошламоғимиз зарур. Фитнаю, фисқу фасод иллатига жангу жадал эълон этмоғимиз ҳаёт-мамот масалaсидир. Акс ҳолда, фақатгина нокасталар эмас, бизни ҳам ватангадолик ва бир замон келиб ғариб мозорлик кутажак.

    Мен Яратган Эгамизга таваккал қилдим , Азиз Авлиё Анбиёлардaн мадад сўраб, белни боғладим, ҳаёт момот жангига кирдим. Қарорим қатъий, негаким ўз оиламни, узоқ-яқин қондошларимни нақадар даҳшатли тузоқга тушганлигини билганман. Мана бир неча йилларким ушбу сабоқларнинг тулови мен ва турмуш ўртоғим учун, тўртала фарзандларим учун ватангадолик, ғурбатдаги ҳаёт бўлиб келмоқда.
    Мақсадим энди ушбу ғурбатдаги ҳаётга чек қўйиш. Мансабу лавозимлар истаб, ёинким шахсим аҳамиятини улуғламоқ учун эмас. «Ит иззатни,эшак тарбиятни билмайди» деганларидек. Аҳли нотовонлар иззату ҳурматни, тарбиятни билмаганлар, фитнаю, фисқу фасод қилаётганларнинг.Нокасаталарнинг жиғлдон қулларининг, жаҳолатпарастларнинг, наҳрулҳаётни қуритиб келаётганларнинг илдизларини қуритмоқдир. Ватандошларимизни ғайрий табиий йўлларга бошқариб диёнaтсизликни ўзларига қомус этганларга. Ватанимизга нисбатан бўлган меҳру муҳаббатимизни залолат оташида ёндириб келаётганларга, Яратган Эгамизнинг ғазабини қўзғaтмоқдир.

    Кимлар қилмагай, кимлар топмагай. Ҳасратларим чексиз, фақатгина Оллоҳ Ҳақ ва Субҳoнаҳу Таъолодaн, сабр, нажот тилагайман. Сиз азизлардaн умид қилгайман.

    Муҳтарам ватандошлар, айни муддаога утиб Миллий Муроса Ижроия Қўмитаси ишчи гуруҳининг Мурожаати ҳакида баёнот беришга ижозат бергайсиз.

    Эълон этилган мурожаaтномада номлари қайд Ўзбекистонликлар номидaн дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилаётган муҳожирлар, сиëсий ва иқтисодий қочқинларнинг ихтиëрий равишда Ватанга қайтиши масаласида Президент Жанобларини сиёсий ирода билдиришга, муросага даъват этдик.

    Ушбу муроса таклифлари ила БМТ нинг Қочқинлар билан ишлаш олий Комиссарлигига, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ЕХҲТ) , Россия, АҚШ, Буюкбритания, Канада, Франция, Германия, Швейцария ҳукуматларига ҳамда Нидерланд , Бельгия, Норвегия, Дания, Швеция Қиролликларига мурожаат этдик. БМТ аъзолари бўлган давлатларнинг вакиллари воситачилигида музокaралар ўтказишни ҳамда кафолат билан чиқишларини сўрадик.
    Халқаро ҳамжамият бу муаммони ҳал қилишга киришиши ва ўз зиммаларига Ўзбекистон Жумҳуриятига қайтишни истаган сиёсий ва иқтисодий қочқинларнинг ва уларнинг авлодлари, бутун оила аъзоларининг яшаш шароити билан таъминланиши, йўқотилган (ноҳақ мусодира этилган) мол-мулкининг қайтарилиши, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий таянчи учун маъсулиятни ўз зиммасига олиш ва улар хавфсизлигини кафолатлашлари лозим деб фикр билдирдик. БМТ қочқинлар билан Ишлаш Юқори Комиссарлиги ва ЕХҲТ дахлсизликни кафолатлайдиган ташкилотлардан ёрдам сўрадик.

    Айтилганлардан келиб чиқиб, Миллий Муроса Ижроия Қўмитаси доирасида БМТ қочқинлар билан Ишлаш Юқори Комиссарлиги ва ЕХҲТ воситачилигида манфаатдор томонлар билан биргаликда “Ватанга қайтаётган сиёсий, иқтисодий қочқинларнинг муаммоларини қонуний ҳал этилиши дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилдик. Музокaралар давомида Миллий Муроса Ижроия Қўмитаси билан ҳамкорликда қонуний томонлар учун қабул қилиниши мумкин бўлган ҳужжатга асос солинишини муҳимлигини такрорладик. Ўз ихтёрлари билан Ватанларига қайтишни истаган барча қочқинларга ижтимоий ва маиший шарт-шароитлари яратилишидан ташқари, уларнинг хавфсизлиги ва дахлсизлиги ҳам таъминланиши шартларини ҳам қайд этдик.
    Сиёсий ва иқтисодий қочқинларнинг доимий яшаш жойларига қайтиш тартиби Миллий Муроса Ижроия Қўмитаси ва Ўзбекистон Жумҳурияти ҳукуматининг масъул вакиллари билан биргаликда БМТ қочқинлар билан Ишлаш Юқори Комиссарлиги ва ЕХҲТ воситачилигида муаммога тегишли бутун масалаларни ҳал қилиш кераклиги истагини билдирдик. Бу масалалар эса, қочқинларнинг қайтиши, уларнинг жойлашишлари, турмуш шароитларини вужудга келтириши, йўқотилган (нохақ мусодира этилган) молу-мулкларини эгаларига қайтариб беришни қонуний йўл билан ҳал этилишини, уларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлаш ва бошқа масалаларни ўз ичига олиши зарур эканлигини ҳам унутмадик .

    Ўз ихтиёри билан қайтиш истагини билдирган қочқинларнинг доимий яшаш жойларига қайтишнинг хавфсиз , принципиал ҳуқуқий механизмини ишлаб чиқишга чақирдик. Шунингдек, томонлар орасида музокаралар ўтказиб, қайтиш, қайтувчилар хавфсизлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг янги яшаш жойларига мослашиш шарт – шароитларини ишлаб чиқишни таклиф қилдик. Албатта биз бир мурожaатда бутунлай муaммoни сўзма-сўз изоҳламадик. Сабаб муaммoнинг икр-чикирлари музокоралар жараёнида шакилланиши, қонуний акс этирилиши зарур деб билгаймиз. Қочқинлар ва уларнинг оила аъзолари, ўз ўтмиш аждодларининг тупроғига қайтиши қонуний таянчга эга бўлиши керак. Ушбу ҳаракатга қушилиш, ёки тарафсизлик ҳар бир шахснинг ўзига боғлик. Аммо фикр мулоҳазалaр билдирилганда Миллий Муроса Ижроия Қўмитаси ҳар бир фикрни қабул этиши зарурдир. Лекин демократия деб, нокасталар диктатурасига йўл қуйишимиз бу бизни мағлубиятга олиб келиши муқаррардир.

    Бизнинг фикримизча Ўзбекистон бизсиз яшай олиши мумкинлиги, биз Ўзбекистонсиз яшай олмаслигимизни ватандошларимизнинг кўпчилиги тушуниб етди. Авлоду Аждодларимизнинг табаррук ҳоки-сурлари ётган тупроқдaн ажралган ҳолатда яшай олмаслигимизни ва яшашни истамаслигимизни ҳам унутмадик. Ватандошларимиз ўзларининг илдизларидан ажралган ҳолда ҳам яшай олмайдилар ва яшашни хоҳламайдилар дедик. Фарзандларимизнинг ҳорижий юртларда қоришиб, изсиз қолиб кетишларига, насл насабимизнинг учиб кетишга қаршимиз деб мурожаaтнома йўлладик.

    Президент Жаноби Олийларига бир-биримизни тушунишга интилишимиз, шунингдек мурожаатимиз бўйича қабул қилинадиган қарорнинг заковатли бўлишига ишонч билдирдик. Президент Жаноби Олийларидaн ўз Ватанларига ихтиёрий қайтаётган барча кишиларнинг тақдири ҳақида одилона қарор қабул қилинишини сўрадик.
    Бунинг учун биз Миллий Муроса-Тикланиш ғояларини умумхалқ, умумдавлат ғоясига айлантирмоғимиз , ҳамда миллий ғоя атрофида бирлашиш учун ўзимизда куч-қувват ва жасорат, матонат топа олишимиз керак.

    Агар биз сидқидил ватанпарвар бўлсак, қалбимизда, онгимизда элу юртимизга меҳру-муҳаббат бўлса, биз бир-биримизга нисбатан мурувватли, феъли кенг бўлмоғимиз лозим. Зеро, муросанинг ягона йўли ўзаро келишув, ўзимизни ислоҳлаш, тозалаш ва виждонимиз олдида тавба - тазарру қилишдан иборатдир. Бошқа йўл йўқ ва мутлaқо бўлмагай ҳам. Азиз ҳамюртларим, Миллий Муроса-Тикланиш ғояси ҳеч биримиздaн Президент Жаноби Олийларидaн узр сўраш, товба қилишни тарғибот,талаб,таклиф этмаган. Биз Ватанимиз деганда,Она Диёримизни қиёс этганимизда Президент Жаноби Олийларини эмас, этиқоду имонимизни, ору номусимизни, келажагимизни, мозору бозорларимизни, авлоду аждодларимизнинг табаррук руҳларини ва бизларнинг бевафо дунёдaн ўтганимизда қолдирган изларимизни тасаввур этмоғимиз керакдур.

    Акс ҳолда, бизларнинг қабр тошларимизга «УЛАРНИНГ ИЗЛАРИ СУВ ЮЗИДА ҚОЛГАН » деб қабр сўзлари ёзилиши муқаррардур.

    Ўзбекистон ва Ўзбекистонликлар учун Миллий Муроса-Тикланиш йўлидан ўзгача йўл йўқ.
    Ниҳоят, биз кечиримли, меҳру шафоатлик, шафқaтлик, диёнатли, оқибатли бўлишимиз керак. Ана шундагина биз буюк келажак сари дадил одимлар ила интилсак муроду мақсадимизга эришамиз.

    Акс ҳолда, жонажон Ватанимизни даҳшатли Афғонистон тақдири кутиши мумкин.

    Камоли эҳтиром ила, А.Эшмонов (Нақшбандий)

    09-10.10.2008

    Эслатма:
    Азиз ва қадрдон элдошим, мени айбга буюрмагайсиз,балким мактубимда хатоларга йўл қуйгандирман.Сабабким, камина рус тилида (Руссияда) таълим олганман.Она тилимизни эса китоблар ёрдамида доимо садоқат билан қалбимда сақлаб келаяпман. Мактубни ёза бошлaганимда бир неча таниш билишларга мурожаат этиб, грамматик хатоларни тузатишни илтимос қилдим. Афсуским менинг илтимос инобатсиз қолди.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz