Жаҳонгир Муҳаммад : Минг йилда бир марта туғилган адиб
2. ЗУЛФИҚОРГА АЙЛАНГАН СЎЗ
Булбул битмас элда сайроқ Юсуфдир,
Зулм бошин ёрган қайроқ Юсуфдир,
Ҳуррият деб йўлга чиққан маҳалда,
Тангри бизга берган байроқ Юсуфдир!
Сўзнинг қудрати ҳақида жуда кўп ёзилган. Лекин Юсуф Жума ҳақ сўзнинг байроғидир. Кўнгилларда ўтган ҳақ сўзни тилларга бошловчи ном бу Юсуф Жума бўлди.
Бир хат олгандим׃
“Мен бугунга қадар кўнглимда Ислом Каримов режимини лаънатлар эдим. Аммо унинг номини айтишгина эмас,
балки ўйлашдан ҳам қўрқардим. Юсуф Жумани ўқиб, унинг ҳаётига узоқдан
назар солиб, энди кўнглимдагиларни ёзишга қарор қилдим” дейилганди ўша
хатда.
Кўрдингизми, золимнинг номини тилга олиш бир томонда турсин, унинг номини хаёлидан ўтказишга қўрққан одам энди у ҳақда ёзишга азм қилибди. Демак, унинг дилидаги музлаган сўзларини эритиб, кураш майдонига ташиган байроқ Юсуф Жума бўлди.
Зотан ҳақ сўзни айтишни истаган кўнгил унинг сўзларини такрорласа, бас, бутун дардлари тилга келади. Унинг сўзлари шунчаки оддий сўзлар эмас. Юсуф Жуманинг ҳар бир сўзи зулфиқордай ўткир. Урилган жойини кесади. Шунинг учун доим уни синдиришга, букишга уриндилар. Сўз учун қатағон бошланди. Фитна кетидан фитна уюштирдилар.
1994 йил фитнаси…уни судга тортдилар.
2000 йил фитнаси… унга яна туҳмат қилдилар.
2001 йил фитнаси… уни ҳибсга олдилар. Қийноқларга солдилар.
Маълумки,
Каримов зиндонида ҳаммани букадилар. Фақат букилгандан кейингина
озодликка чиқарадилар. Букилганлар қаддини ростлаб олгунча йиллар ўтиб
кетади. Аммо танҳо Юсуф Жумани бука олмадилар.
Майдонга кирганда мисли арслон,
Сўзи сиртмоқ бўлиб шоҳни сиқади.
Юраги камондир, қалами пайкон
Шоир букилмайди, шоир букади.
У
қамоқдан чиқиб ҳам ҳақ сўзни айтишдан қайтмади. 2003 йил май ойида
Европа банкининг Ўзбекистондаги анжумани ўтказилиши муносабати билан
келган Банкнинг раҳбарига “Дунёнинг энг катта турмаси бўлган
Ўзбекистонга хуш келибсиз”, деб ҳайқирди. Қамоқдаги қийноқлардан кейин ҳам унинг сўзи байроқлик шоҳсупасидан пастга тушмади.
Бу
сўзни ўлдириш учун золимнинг кураши ҳам тинмади. 2006 йил июнида
шоирнинг машинасини ағдариб, уни жисмонан йўқотишга ҳаракат
қилдилар. Шукрки, мақсадларига эриша олмадилар.
Алам уларни қутуртирди. 2007 йил 25 июлда унинг юрагига ханжар урдилар – шорнинг ногирон фарзанди Машрабни ҳибсга олдилар.
Юрагимни яралади қузғунлар
Подшосини Худо билган бединлар.
Қонга тўлди ўн саккиз минг очунлар
Полопоним бургутга айланмоқда,
Отасидек қасосга шайланмоқда.
Маълумки, Юсуф Жума
фақат сўз айтиш билан чекланмади. У ҳаётда ҳам байроққа айланди. У
золим шоҳни судга беришгача журъат этди. Ғирром режимнинг ғирром судини
ҳам шарманда қилди. Кейин золимга қарши майдонга чиқди. Қўрқоқ золим
навкарларини ишга солиб, уни қамади. Аслида бу золимнинг енгилиши эди.
Бу мангу тарихнинг қўлида золимнинг хиёнат йўлига, хиёнат зинапоясига
тушганини исботлаган яна бир кучли далил бўлди.
Ҳар бир кун битта зина
Кунлар зинапоядир.
Ҳар бир тун битта зина
Тунлар зинапоядир.
Дам – зина, соат – зина,
Ой, йиллар зинапоя.
Қиш -зина, баҳор–зина
Фасллар зинапоя.
Шоҳлар ҳам, гадолар ҳам
Ушбу зинапояда.
Курқоқ ҳам, фидолар хам
Ушбу зинапояда.
Ўлмайин деб кирмагин
Хиёнатнинг дастига.
Бу кўҳна зинапоя
Элтади ер остига.
(ДАВОМИ БОР).
|