Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 05.42.24
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Октябрь » 18 » ЭЪТИРОФ
    14.43.35
    ЭЪТИРОФ
    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД:Минг йилда бир марта туғилган адиб

    4. АДИБНИНГ ИСЁНИ


    Юсуф Жуманинг шеърга сиғмаган гаплари шу қадар кўп ва шу қадар кучлики, ўқиган сайин юрак бот-бот титроққа тушади.  Уларни тўпласа бир неча китоб бўлгулик. Бугун  ана шу китобнинг дебочаси сифатида унинг ёзганларидан  айрим сатрларга  бир назар солайлик׃

    “Шеър ёзолмай қолган қаҳрамону, модерн шоирлар учун, хотиржам яшаётган шоирлар учун шеърлар ёзаман. 
    Бу менинг бурчим!
    Хотиржам беш вақт номоз ўқиётган асл диндорлар ўлдирилса, шаҳидларга таъна тошларини отган, бир оғиз ҳам ҳақни ўн йиллаб айтмай келаётган номозхонлар учун ҳақни айтаман.
    Бу менинг бурчим!
    Бесаноқ фарзандлари қамалса ҳам, отилса ҳам инидан чиқмаётганлар ўрнига пикетлар қиламан, тинч инқилоб қиламан.
    Бу менинг бурчим!”

    Юсуф Жума ўз бурчини бундан ҳам кенгроқ англайди׃

    “2005 йил 13 май Андижон қирғини Ўзбекистоннинг ноқонуний президенти Ислом Каримов буйруғи билан бутун дунё гувоҳлигида содир бўлди. Ўн минглаб инсонлар отиб ташланди. Бундай қирғинлар И. Каримов тахтга келган кундан бошлаб қарийб 20 йилдан буён муттасил қилинмоқда, ҳар куни қилинмоқда. Тергов изоляторларида, турмаларда, миршабхоналарда, чегараларда, пана паналарда ҳуқуқсиз инсонлар террор қилинмоқда, ўлдирилмоқда. Ўн минглаб сиёсий маҳбуслар доимий, чексиз қийноқларга солинмоқда. Бу йигирма йиллик террор бошида Ислом Каримов турибди.”

    У нафақат Каримов бу террорнинг бошида турганини айтади. Балки׃

    “2007 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси кенгаши қарийб 20 йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган Ислом Каримовни 2007 йил 23 декабрь куни бўладиган президентлик сайловига 3-маротаба номзод қилиб кўрсатишга қарор қилди.

    Бу қарор Ўзбекистон Коституциясига тажовуздир. Шундоқ ҳам 20 йилдан буён Ўзбекистон Конституцияси ишламайди. Бунга миллионлаб мисол келтириш мумкин. Масалан, мен 2003 йилда Ислом Каримовни Коституцион тузумга тажовуз қилиш, ҳамда терроризмда айблаб судга берганман. Тўрт йилдан ошаяптики, ҳеч қандай судда кўрилмади.

    Ўзбекистон Либераллар демократик партияси кенгашининг Конституцияга тажовуз қилган ҳаракати Конституцион Судда кўриб чиқилишини ва кенгаш аъзолари бу ҳаракати учун қонун олдида жавоб беришини талаб қиламан.
    Фуқаро Юсуф Жумаев, 5 Октябр, 2007 йил.”

    Бироқ бу талабга золим режимдагилар қулоқ солишмади. У яна исён этди׃

    “Бироқ….
    Бироқ 27 миллион аҳоли яшайдиган бир мамлакатнинг ҳокимиятини бир террорчи босиб олса, ҳеч ким индамайди. Дунё мамлакатлари раҳбарлари жим. Ҳатто кўплари бу террорчини табриклашади.
    Нега?!
    Бу саволга ҳеч ким жавоб бермайди. Ҳамма жим, жоҳил инсоният, жоҳил раҳбарлар жим.
    Ўзбекистон Президенти аталмиш И.Каримов қарийб йигирма йилдан буён ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олган. 2007 йилнинг 23 декабрида тағин етти йилга босиб олади. Тағин етти йил 27 миллион инсон қонини ичади. Гўдаклардан тортиб чолу кампирларгача барча барчанинг қонини Андижондагидек тап тортмай ҳар кун ичади. Тағин етти йил!”

    У энди бутун дунёга мурожаат этади׃

    “2003 йилда диктатор Каримовни терроризмда айблаб Судга берганман. Ахир у нафақат оиламнинг ҳаётини, бутун халқнинг ҳаётини террор билан барбод этди. Халқнинг асл фарзандларини ўлдирди, ўлдирмоқда. Каримов жиноятлари Саддам Ҳусайн жиноятларидан минглаб карра ортиқдир. Мен ўн йилдан буён айтиб келган ҳақиқатни дунё Андижон қирғинидан кейин англаб етди.

    Андижон қирғини Каримовнинг сайлов олди кампаниясининг бошланиши эди. Ўлдирилмаган озодлик курашчиларини ўлдириш, мамлакатни улардан тозалаш эди. Қирғин ва кейинги қама-қамалар бу йиртқич террорчига Ўзбекистон президентлигини тағин террор йўли билан эгаллаш имконидир.

    Бугун у мени ва ўғилларимни йўқотиш учун жазавага тушган. МХХ малайлари «Юсуф Жумаев ва унинг ўғилларини жисмонан йўқотган иши президент ҳимоясида, давлат ҳимоясида», деб маҳаллаларда, туманда гап тарқатмоқдалар. Каримов жаллодлари мени ва ўғилларимни жоҳил кимсалар қўли билан ўлдирмоқчилар.

    2007 йил 6 сентябрида яқинда қамоқдан чиққан ўғлим Машрабни ўғирлаш учун ўнлаб МХХчилар ва ИИБ жаллодлари ташланиши бунинг исботидир. Менинг ўғлим бўлгани учун қамалган, беҳисоб қийноққа солинган Машраб И.Каримов зиндонидаги беомон қийноқларни дунёга ошкор қилди.

    Менга ва оиламга қилинган ҳар қандай зулм учун шахсан Ислом Каримов жавобгардир. Мабодо бирор кори ҳол содир бўлса, бу учун террорчи И.Каримов Халқаро суд олдида жавоб беришини илтимос қиламан.
    Юсуф Жумаев, Шоир.7-сентябрь 2007 йил.

    Шундан кейин саҳро шерини занжирбанд этдилар. Лекин у букилмади. Судда ҳам исён қилди׃

    “Хурматли Судья!
    Менга очилган бу жиноят ишидаги жабрланувчи деб айтилаётган ва гувоҳларнинг барчаси ИИБ да турли юқори лавозимларда ишлайди. Булар жабрланувчилар эмас, туҳматчилардир…

    Мен ва ўғлимга нисбатан эълон қилинган айблов хулосасидаги бу хулосанинг туҳматлигини англатувчи жойлардан мисол келтирсам айблов хулосасини бутунлай кўчириб чиқишим лозим бўлади, шу сабабдан айблов хулосаси деб айтилаётган туҳматномани яхшироқ назар ташлаб, ўқиб чиқсаларинг қанчалик шармандалик эканлигини англаб етасизлар. Менга ўқилган ҳукм ҳам адолатсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас.
    Юсуф Жумаев. 15.04.2008 й.”

    Бундай жасоратни сўз ва ўзни бирлаштирган инсонгина кўрсата олиши мумкин. Бу фавқулодда юз берадиган жасоратдир.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz