Дўстим, бу ҳаётни осмоннинг устида десак ҳам ҳато бўлмайди. Негаки, биз учун ер ағдарилиб, осмон оёғимиз остига тушгандек бир ҳис-туйғу бор.Гўёки ер эса бошимизда, бутун бор оғирлиги билан елкамиздан босиб келаётганга ўхшамайдими?
Бизларнинг бу дунё ташвишларимиз нариги дунёдаги ташвишлардан ҳам даҳшатлироқ деган бир ўй кўнгилдан кечади... Менимча, биз тириклар ҳавои нафсга берилиб Барзах оламининг азобидан қўрқмай қўйдик. Ўзингиз тасаввур этинга, нариги дунёдагилардан бири гўр азобларида қисматларини кўрмоқдалар, кимлардир эса дўзахгами, жаннатгами дея дир-дир титраб тургандайлар. Бизларчи? Биз эса тавфиқу-ҳидоятдан маҳрум бўлиб бир-биримизни тўғридан-тўғри жаҳаннамга қараб тортиб кетаяпмиз.
Тириклар қабрлар устида кўз-ёш тўкканларида диққат билан назар солинг. Даҳшат!!! Тириклар охиратдаги азобидан эмас, шунчалик қўрқувдан бақир-чақир қилиб, баланд овозда йиғлаганликларининг гувоҳи бўласиз... Улар ўлганлардан айрилганларига йиғлашмайдилар. Айрилиқ дардидан кўз-ёш тўкмайдилар.Улар одат бўлиб қолган бир маросимдаги ўз мажбуриятларини адо этишадилар. Сабаби эса дўстим, элу юрт олдида маломатга қолишдан, гап-сўз тарқалишидан қўрқадилар. Гўёки обрў-эътибор, жамиятдаги аҳамиятларини йўқотиб қўйишдан қўрқишади. Энг даҳшатли томони шундаким, ҳозир бу одатдаги маросимлар ҳам аста-секин бошқача тус ола бошлади. Дафн маросимларини ҳам ким-кимдан ўзар яъни кимошар мусобақасига ўхшатиб қўйишди. Ҳақиқатда эса тириклар ўликларни тамомила унутиб қўйдилар десак ҳам тўғри бўлар. Тириклар ўликларга раҳмат, мағфират тилаб, хайрли дуо қилиш ўрнига, ўликлар баҳонаси ила қорин, тирикчилик қайғусидалар. Шунинг учун ҳам яратган Эгамиз ҳам бизларни аста-секин унута бошлади...
Дўстим Дунёнинг УСТУНЛАРИ қулаб бўлган, мана шунинг учун ҳам осмон оёқ остида бугун.