Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 02.16.32
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Октябрь » 21 » ЭЪТИРОФ
    12.04.42
    ЭЪТИРОФ
    ЖАҲОНГИР МУҲАММАД: Минг йилда бир марта туғилган адиб
    5. БУЮК СЕВГИ ЎРНАГИ

    Шоир зоти борки севгини, муҳаббатни куйлаган. Юсуф Жума ижодида ҳам муҳаббат алоҳида ўрин тутади. Ўзи бир парчаси бўлган халққа муҳаббат, ўзи деҳқон бўлиб ардоқлаган заминга муҳаббат, дунёни яратган Тангрига муҳаббат, ота-она,  дўстга муҳаббат…

    Шуларнинг орасида у асл ёр мавзусини ҳам олий даржага етказа олган шоирдир. Бу ҳам дунёда бўлмаган малакка эмас, ёнидаги ёрига севги, хаёлдаги гўзалга эмас, фарзандларининг онасига севги...

    У зиндонбанд этилар ёки уйидан айро тушишга мажбур этилар экан, ёр ҳижрони уни ўртайди.

    Ҳар дамда ўлдиради ҳижрон деган пайкон - ўқ,
    Ҳар дамда тирилтирар, эй ёр, хаёлинг қутлуғ.
    Тириклар ичра мендек ўлиб кўргани йўқдир,
    Ўликлар ичра мендек қайта тирилгани йўқ


    Юсуф Жума асраларида ана шундай ўтли сатрлар жуда кўп. Буни унинг сирдоши, унинг ёри ҳам шу қадар чуқур англайдики, бир кун дўстини, шоирни соғинганида у ҳам шоирга айланади. Бу Юсуф ва Зулайхо севгиси эмас, бу Юсуф ва Гулнора севгисидир. Бу ҳақиқий севги ўрнагидир. Қаранг, Гулноранинг ўтли сатрларини׃

    Куни билан йиғладинг, осмон
    Наҳот сенинг ëринг қамоқда.
    Болаларинг қамоқда бу кун,
    Ë дардлашдинг мен билан бу кун?


    Буни ўқиган инсон боласининг “Дод!” деб юборгиси келади. Севган ёри қамоқда, севган икки боласи қамоқда бўлган онаизор шоирага, ўтли шоирага айланади.

    У бошини урадиган жой қолмагандан кейин исён этиб, “Ўзимга ўт қўяман” дейди. Ўшанда бу гап мени ҳам ўртаб юборган ва қуйидаги мактубни ёзган эдим׃

    “Гулнора синглим!
    Сизнинг Авропа лидерларига ёзган хатингиз менинг юрагимни ўртаб юборди.

    Ҳақиқатан ҳам бугун адолатдан гапириб, адолатдан юз бурадиганлар замони бўлиб қолди.

    Агар сиз ҳақ бўлиб ҳам кимнидир танқид қилсангиз, тамом бир умрлик душманга айланасиз.

    Агар сиз ноҳақ бўлиб ҳам кимнидир мақтасангиз тамом, унинг дўстига айланасиз ва сизнинг хатоларингиз ҳар қанча ёмон бўлмасин ундан кўз юмадилар.
    Агар Ўзбекнинг минг йилда бир марта туғиладиган буюк истеъдоди Юсуф Жума МХХнинг лаънати жосуси бўла туриб, кимларнидир мақтаса эди, бугун бутун дунёга шов-шув солиб, уни дунёнинг қаҳрамонига айлантирган бўлардилар.

    Афсуски… ҳа, афсуски Юсуф Жума каби истеъдод ана шундай разолатли замонда туғилди. У бу разолатли замоннинг ўйинларига қўшила олмади ва ким бўлишидан қатъий назар у ҳақда ўз сўзини, ҳақ сўзини айтди.

    Уни Ислом Каримов ўзининг душмани деб билди. Уни “каримовчалар” ўзларининг душманлари деб билдилар. Қаранг, миллатнинг буюк шоири қамоқда ўлимга юз тутаётган пайтда ҳам улар ўз ўйинлари гирдобидалар. Шоир ҳақида тинимсиз бонг уриш сизга қолмоқда. Миллатим, халқим деганлар қани? Мухолифатман, лидерман деганлар қани?

    Юсуф Жума қамоқда ўтириб ҳам бу халққа буюк хизмат қилмоқда ва кимнинг ким эканлигини таниб олишда йўл кўрсатмоқда.

    Агар Ислом Каримовда озгина виждон, иймон, инсоф бўлганда эди миллатнинг шоирини бу куйга солмаган бўларди! Унда бундай туйғуларнинг йўқлигини 17 йил олдин ҳам айтган эдим ва бугун ҳам айтаяпман. Демак, вақт одамни ўзгартирмас экан. Демак, ундан умид йўқ ва Сиз ўзингизга ўт қўйсангиз ҳам унинг дунёсида ҳеч нарса ўзгармайди. Балки унга шу керакдир? Миллатнинг энг буюк шоиридан ва унинг оиласидан ҳам қутилиш лаззатини истаётгандир?

    Сиз Юсуф Жуманинг бу дунёдаги энг ёрқин умид юлдузисиз! Бу умидни сўндиришга ҳаққингиз йўқ! Аксинча бу умидни яшатишингиз керак. Шунинг учун майли ҳайқиринг, хатлар ёзинг, танбалларни туртиб туринг, дунёнинг манфаатпараст тўраларини инсофга чорлаб туринг, аммо ўзингизга ҳеч қачон ўт қўйманг. Сиз уларга ўт қўйинг, сўзингиз билан, шоири оламга мададингиз билан, халқнинг виждонига садоқатингиз билан! Худди Юсуф Жума қабоҳат тўраларига ўт қўйгандек Сиз ҳам ҳақни айтиб уларга ўт қўйинг! Ўзимга ўт қўяман деманг! Бу сизнинг Юсуф Жумага ўт қўйганингиз бўлади! Бу сизнинг Ўзбек миллатининг умидига ўт қўйганингиз ва катта гуноҳингиз бўлади!

    Юсуф Жума ардоқланадиган кунларга яқин қолди. У адолат шоҳсупасида турганида ёнида сиз ҳам туришингиз керак. Биламан сизга жуда оғир! Оилангизга жуда оғир! Аммо зиндондаги Эрга бунданда оғир. Шунинг учун ўша Эр учун яшашни мақсад қилинг, ўша Эрга умид эканлигингиз билан ифтихор этинг!
    Каримов ва “каримовчалар” йўқолиб кетади, аммо Юсуф Жума йўқолмайди, худди миллат йўқолмагани каби!

    Мен бу мактубни битган пайтда ўзбекнинг миллий шоири Юсуф Жума зиндонда бўзлаётган эди׃

    Ҳеч кимга бошланмаган маҳшар менга бошланди
    Ҳеч кимга ташланмаган ҳижрон менга ташланди.

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz