Бир кўр билан кўзи очиқ киши ҳамроҳ бўлиб, сафарга чиқдилар. Кўрнинг
қўлидаги қамчиси тушиб кетди. У отидан тушиб, ерни пайпаслаб қамчисини
қидира кетди. Бир заҳарли илон тун совуғи таъсирида карахт бўлиб, Мусо
алайҳиссаломнинг ҳассалари каби қотиб ётарди. Кўр уни қамчи деб ўйлаб,
қўлига олди ва отига минди. Кўзи очиқ киши унинг бу ишини кўрди-да,
ташвишланиб: «Дўстим, қамчи хаёл қилиб олганинг захарли илон-ку! Ташла!»-деб қичқирди.
Кўзи ожиз дастаси тоза чармдан бўлган қамчинга етишдим, деб ўйлаб: «Дўстим, Аллоҳ менга эски қамчи ўрнига янгисини берди. Шунга ҳасад қилиб тортиб олмоқчимисан?»-деди.
-Эй азиз дўстим, сендан қамчи таъма қилаётганим йўқ -деди кўзи очиқ
киши.Аммо ҳамроҳликнинг шартларидан бири - йўлдоши хатарда бўлса, уни
хабардор қилишдир.
У ҳар қанча гапирмасин, қизғанчиқ кўрга
тушунтира олмади. Бир оздан кейин ҳаво қизиди, илон жонланиб, кўрнинг
қўлини чақди ва уни ҳалок қилди...
Бу ривоят махсус шарҳга муҳтож
бўлмаса-да, кўрнинг жисмонан эмас балки қалбан ожиз эканига эътиборни
қаратмоқчимиз. Дунё молидан кўзи ожиз одам билан дўстлашишдан эҳтиёт
бўлмоқ лозим экан. Собир.