Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 10.43.37
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Октябрь » 29 » Долзарб мавзу
    00.17.45
    Долзарб мавзу
    Жаҳонгир МУҲАММАД: Қатағонлар мамлакати

    AҚШ давлат департаменти ўзининг ҳар йили эълон қиладиган диний эркинликлар алоҳида ташвиш уйғотадиган давлатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритмади. Хўш, Американинг қарорини қандай изоҳлаш мумкин? 

    Маълумки, бу нарса АҚШда ҳам кўп саволлар уйғотди, тортишувларга сабаб бўлди. Чунки АҚШ Конгресси томонидан ташкил қилинган бир халқаро қўмита бор. У йил давомида диний вазиятни ўрганиб боради. Бу қўмита аслида мустақил қўмита сифатида тузилган ва унга жуда кўп дин вакиллари, сиёсатчилар ҳам кирган, таниқли шахслар, экспертлар жалб этилган.

    Ҳисоботни асосан улар тайёрлайди ва давлат департаментига тақдим этади. Мана шу ҳисобот тайёрланган пайтда мазкур халқаро қўмита Ўзбекистонни алоҳида ташвиш уйғотадиган гуруҳга киритган. Бу гуруҳда ҳозир Бирма, Хитой, Шимолий Корея, Эритрея, Эрон, Саудия Арабистони, Судан ва Вьетнам бор. Мана шу рўйхатга дастлаб Ўзбекистон ҳам киритилган. Ўша халқаро қўмита Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар бугунги шартларга, талабга жавоб бермаслиги, Ўзбекистон қонунлари ва ҳаттоки Конституцияси ҳам халқаро талабларга тўла жавоб бермаслигини ўз ҳужжатларида таъкидлаган ҳолда давлат департаментига тақдим этган.

    Лекин давлат департаменти Ўзбекистонни дастлабки 8 та мамлакатнинг гуруҳига киритмасдан, кейинроққа олди. Яъни бу ҳисоботнинг давомидаги диний эркинликлар бўйича тоқат қилиб бўлмайдиган мамлакатлар гуруҳига киритди.

    Умуман олганда Ўзбекистон динни таъқиб этаётганлар рўйхатидан чиқариб ташланган эмас. Балки дастлабки энг ташвишли 8 тасидан пастроққа сурилди. Буни АҚШ Давлат департаменти шундай изоҳлаяпти: агар биз Ўзбекистонни бу йил шу рўйхатга, яъни 8 талик энг ёмон гуруҳга киритганимизда эди, бу бизнинг сиёсий қасдимиз бўлиб қолган бўлар эди. Чунки Ўзбекистон бизни Хонободдан қуваяпти. Биз шунга қарши бир сиёсий одим отган бўлар эдик.. Давлат департаментининг мулозимлари ана шунга қайта-қайта урғу беришди.

    Лекин бу айни пайтда конгрессменлар, матбуот вакиллари ва жуда кўп мутахассисларни ҳам қониқтирмаяпти. Улар айтишаяптики: хўп, Эрон мана шу рўйхатга киритилган, чунки у ерда “баҳоийлар” таъқибга олинаяпти. Саудия Арабистони шу рўйхатга киритилган, чунки у ерда мусулмон динидан бошқа динларга тоқат қилиб бўлмаяпти. Ёки бошқа жойларда ҳам турли янги чиқиб келаётган гуруҳларга тоқат қилинмагани учун шундай танқидларга учрамоқда. Ҳатто шу нуқтаи назардан қараганимизда ҳам, Ўзбекистон бу гуруҳга кириши керак эди. Чунки мана жуда кичик бир мисол, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам иддао қилаётганидек “акромийлар”га нисбатан тоқат йўқ.

    Яъни турли тарафлардан қараганингизда ҳам, мана шундай саволлар келиб чиқмоқда ва Давлат департаментининг қарори жуда қаттиқ танқидларга учрамоқда. Табиийки, Давлат департаменти бу ҳисоботни Конгрессга тақдим этди. Энди Конгресс кўриб чиқади. Мен ўйлайманки, ҳар ҳолда бу нарса у ерда жиддий равишда тортишувларга сабаб бўлади…

    САВОЛ׃ Жаҳонгир Муҳаммад, мана суҳбатимиз давомида бундан 10 йил муқаддам аҳвол бир оз яхши эди, деган фикр айтилди. Менинг қўлимда битта ҳужжат бор. Бу - 1991 йилнинг декабр ойида Ислом Каримовнинг Намангандаги намойишчилар билан учрашуви. У ерда Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдошев мулоқоти акс этган. Ўша пайтда Каримов: “Мен исломий давлат қурилиши тарафдориман. Ислом динини ҳурмат қиламан”, деган эди ва бу фикрни исбот қилиш учун сал ўтмай у ҳажга ҳам бориб келди. Ўша пайтларни яхши эслайсизми? Нега у ўзгарди? Нега бирдан диндорларга қарши коммунист бир одам…

    ЖАВОБ׃ Каримов ўзгарган эмас. Ўша пайтда ҳам у  сиёсий ўйинлар қилган эди ва ҳозир ҳам сиёсий ўйинлар қилмоқда. Менимча, унинг динга муносабати совет даврида қандай бўлса, шундай шаклланган ва шундай қолган, ҳеч қачон ўзгарган эмас.

    Аммо ўша пайтда, 1991 йилларда демократик бир оқим бор эди, демократик кучлар бор эди ва айни пайтда мана шу демократик кучлар билан ёнма-ён бир қанча диний ташкилотлар ҳам бор эди. Улар ҳам халқ орасида катта кучга эга эдилар.

    Албатта, мана шундай пайтда Каримов уларни алдаш учун, уларни сайловлар олдидан йўлга солиб олиш учун шундай ваъдалар берган эди. Ҳатто Ислом давлати қуриб бераман ва кейинчалик мана олти ойда “жаннат” қилиб бераман дейишгача борган эди. Лекин аслида сайловдан кейин биз гувоҳи бўлдикки, бутун диний ташкилотларни ҳам, уларга қўшиб демократик ташкилотларнинг ҳам ҳаммасини қатағон қилди. Ҳаммасини йўқ қилди.

    Мана бугун Ўзбекистонда турли-туман воқеаларнинг келиб чиқиши замирида ҳам аслида Каримовнинг ўша пайтда қилган хатолари ётади. Агар у ўша пайтда мана шу ташкилотларни йўқотмаганида, қувғин қилмаганда эди, уларнинг орасидан радикал гуруҳлар етишиб чиқмаган бўлар эди.

    Чунки менинг ёдимда бор, 1991 йилларда диний ташкилотлар билан демократик ташкилотлар ёнма-ён ҳаракат қилар эдилар, биргаликда матбуот конференциялари ўтказар эдилар ва биргаликда жуда кўплаб масалаларни тортишар эдилар. Диний ташкилотларнинг ўша пайтда ҳукуматга келамиз деган даъвоси йўқ эди…

    Лекин Каримов уларни шу даражада қувғин қилиб, қатағон қилдики, бугун энди ўзининг қаршисида рақиблар ҳосил қилди. Ҳаттоки улар энди жамиятдан умуман чиқиб кетган бўлсалар ҳам, бу нарса Каримовнинг тушига кирмоқда, Каримовни қўрқитмоқда ва у ҳар бир соқол қўйган одамда, ҳар бир дўппи кийган одамда мана шундай душман қиёфасини кўрмоқда. Бу қўрқувни аслида режим ўзига ўзи яратди.

    САВОЛ׃ Жаҳонгир ака, мана шу Наманган воқеаларини бир хотирласак. Ўша пайтда мамлакат парламентининг депутати эдингиз. Айтинг-чи, ўша пайтда ҳам ҳукумат тепасида динни назорат қилиб туриш керак, агарда назорат қилиб турмаса, у қудратли бир кучни ташкил этиши мумкин, деган тушунчалар бўлганмиди ёки бу кўпроқ Наманган воқеасидан кейин, диндорлар ҳам бирлашиб қандайдир ягона кучни ташкил этиши мумкинлиги англанганидан кейин пайдо бўлганмиди?..

    ЖАВОБ׃ Совет даврининг кейинги йилларида, хусусан Михаил Горбачёв даврида, ошкоралик йилларида жуда кўп эркинликлар бўлган эди. Мана шу пайтда Ўзбекистонда ҳам анча диний эркинликлар мавжуд эди. Бу мустақиллик йилларига келиб кучайганди. Ҳатто диний гуруҳлар орасида жуда катта тортишувлар, сайлов жараёнлари бошланиб кетган эди. Масалан, менинг ёдимда бор ўша пайтда Тошкентда муфтий сайлови пайтида Хадрада одамлар тўлиб кетган, катта намойишлар қилиб, сайловга норозиликларини билдиришган, юришлар қилишган.

    Ўшанда табиийки, Каримов тарафдорлари жуда қаттиқ қўрқиб қолганлар. Бу жуда катта куч эканлигини кўрганлар ва бу таҳлика уларда ўша пайтдаёқ бўлган. Лекин улар ўшанда жуда катта хато қилдилар. Бу куч билан мулоқот орқали муносабат қилиш мумкин эди. Чунки бу куч ўша пайтда мулоқотга ҳозир бўлган куч эди. Мамлакатнинг демократик йўлдан боришига рози бўлган куч эди. Мамлакатнинг диний йўлга бурилишини истамаган куч эди.

    Мана ундан кейин, яъни диний гуруҳлар қаттиқ таъқибга учраганидан кейин, уларнинг турли-туман вакиллари четга чиқиб кетганидан кейин, улар дунёнинг турли бурчакларида худди ўзлари каби қувилганлар билан бирлашдилар ва бошқа томонлардан мадад олиб, Ўзбекистонга бошқа оқимлар ҳам кириб кела бошлади. Лекин 90-йилларда бутун диний гуруҳларда мамлакатимиз демократик йўлда бўлиши керак, деган фикр қатъий эди…

    САВОЛ׃ Жаҳонгир Муҳаммад, бизнинг эфирдаги муддатимиз саноқли. Ўзбекистонни диний эркинликлар алоҳида ташвишли бир давлат дейишимиз мумкинми ёки диний муаммолар мавжуд бўлган бир давлат дейишимиз мумкинми?

    ЖАВОБ׃ Ўзбекистонни ҳам, унинг ёнида бўлган Туркманистонни ҳам диний, умуман ишонч нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, фақат диний эмас, умуман ишонч нуқтаи назаридан жуда таҳликали давлатлар рўйхатига киритиш керак ва шунинг ичида табиийки, дин ҳам бир нуқта бўлади. Чунки фақат диний эмас, бошқа ишончлар ҳам Ўзбекистонда жуда қаттиқ қатағонга учраган. Табиийки, АҚШ Давлат департманети келгусида хатоси дея олмайман-ку, мана шу тактикасини ўзгартириши мумкин. (“Озодлик” радиоси, 2005 йил, Ноябр)

    www.jahonnoma.com
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz