Ўзбекнинг буюк шоири ЮСУФ ЖУМА ижодидан
Зиндонда кўкардим нечун кўрмайсан
Мен ҳам бир дарахтман чинордан юксак
Зиндонда кўкардим, нечун кўрмайсан.
Ердан ер ҳаққимни бермайсан фалак
Кўкдан кўк ҳақимни нечун бермайсан.
Мени камситарлар чўп дейди чўплар
Дейдилар хаслар хас, хазонлар хазон.
Битта япроғимча келмайди кўплар
Бошимга тор келар поёнсиз осмон.
Ҳамон зиндондаман менинг еримда
Зарпечаклар ўсар, тиканлар ўсар.
Ўсдим руҳиятда, ўсдим шеъримда
Қуёшдан, тупроқдан тош девор тўсар.
Мен ҳам дарахтман темир тўр тўрт ён
Тағин қат-қат девор ҳар сангги –Помир.
Сўрайди ердан ер осмондан осмон
Поёнсиз кўксимда бир юрак томир.
23.07.2005.
|