Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 15.16.28
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 2 » Йилларим ва йўлларим
    01.04.57
    Йилларим ва йўлларим
    33.Саратонда сўлган соғинчлар

    Одамлар билан қанча кўп гурунглашсанг улардаги шунча кўп янги-янги ҳислатлару қирраларни кўраверасан. Яқиндан буён бир суҳбатдошнинг қалб дунёси кечинмаларига қулоқ тутарканман, унинг ўзига хос бир инсон экани борасида ўй сура бошладим.

    Унинг ўзига яраша  дунёси, ўз фикру дунёқарашлари бор.Тўғри, ҳаммада ҳам ўзига хос бир дунё бор.

    Ҳаётимнинг ярим асри ўтаётган паллада дуч келганларим орасида ҳазрати инсон номига муносиблари ҳам кўп, аммо...

    Аммо, бири инсонсифатку аммо қашқирдан баттар атворли,  яна бири илон каби, бошқа бири эса тулкисифат, бошқаси эса тўнғизсифат ва ҳакозолари ҳам йўқ эмас... Улар афсуски ғоят кўп... Уларнинг кўпчилиги билан фавқулодда танишиб қолганимдан афсусланаман. Танимасам яхшироқ бўларди-я.  Қаёқдан ҳам ҳаёт у билан дуч келтирди ,  дея куюниб ҳам қўяман.  Аммо,  кўп ўтмай ўзимнинг кўнглимдан ўтган фикрдан қайтаман. Чунки шириннинг таъмини англаш учун аччиқни татиб кўриш керак дейилгандай ҳаёт йўлларида яхшилар билан бир қаторда бошқа тоифа нусхалар ҳам дуч келадики,  акс ҳолда ёмонни яхшидан қандай ажрата билардик.

    Минг, балки ҳисобининг чеки йўқ марта такрорлангандек,  яна бир айтиш мумкинки: беайб Яратганнинг ўзи.

    Ҳа, айтмоқчи, бугун қаламга олмоқчи бўлганим юқорида ёзганларимга мутлақо даҳли йўқ. Фақат шу ўринга келиш учун негадир ўша гапларни айтгим келди холос.

    Дарвоқе бу галги ҳамроҳим мана бу саволни ташлади:

    -Одамлар нимагадир ҳамиша ҳам юракдаги, кўнгилдаги, дилдаги ҳамма гапларни очиқ айтаверишмайди, нега?..

    У шу саволни берди-ю, бироз жим қолди. Сўнг яна давом этди.

    -Биласизми, масалан миллати ўзбек бир йигитни биламан. У Ўзбекистонда кўп жабру жафолар чеккан. У ҳозирда Ватандан олисдаги давлатлардан бирида яшайди. У билан гоҳо суҳбатлашиб турамиз. Шундай гурунглардан бирида ундан сўрадим.

    "Ўзбекистонни соғинасанми?"  У : "Ўзбекистонни соғинмайман, чунки болалигимдан ота-онам билан қувғин бўлганмиз. Мана ҳозир 23 ёшга кирдим. Ҳозир яшаётган мамлакат мен учун Ватан",  дея жавоб берди.

    Гапнинг очиғи , ёш йигитнинг бу ҳолатини мен тўғри тушундим. Чунки у Ўзбекистонда кўп иштифоликлар чеккан. Лекин иккинчи томондан уни оқлаб ҳам бўлмайди. Сабаби  унинг киндик қони Ўзбекистон заминида тўкилган, қолаверса  унинг кўргуликлари учун Ўзбекистон айбдор эмаску. Кўргуликларнинг айбдори жамиятни парокандаликка олиб келган ҳукумат амалдорлари-ю  уларнинг атрофидаги ҳайбаракаллачилар, айрим мухолиф ниқобидаги "қашқирлар галаси".  Демак ёш йигит киндик қони тўкилган заминни соғинмай қўйишига  ўшалар  айбли  эмасми,  деган ўй кечди.

    Кимдир миллати ўзбегу Американи Ватаним  деб атамасада  ундан олис кетса соғиниши, кимдир миллати ўзбегу Руссияни Ватаним деб билмасада ундан олис кетса соғиниши мумкин.

    Бироқ, ҳамма ҳам ёш йигит ҳолатини мен каби тўғри тушунавермайди-да, тўғрими?

    ...Мана, гувоҳи бўлганингиздай юқоридагиларни айтиб берган бу  галги суҳбатдошим Адҳам Усмон Эшмонов (Нақшбандий) Ўзбекистонни эмас, уни улғайтирган, илм берган, зиё нуридан баҳраманд этган мамлакатни, Руссияни соғинишидан куюнди.  Лекин, айни чоқда Ўзбекистонда қолган авлоду - аждодлари ҳокини зиёрат этишни, Ватанни қўмсашини ва ушбу дил розлари муқадас, қутлуғ  бурч эканини  ҳам айтиб ўтди.

    Хўш, ўша бир сиқим ҳок ҳамма нарсадан азизлигини инкор этмаган ҳолда бошқа бир юртни соғиниб яшаш қанчалик тўғри?

    Бу борада узил-кесил фикр айтмоқчимасман.  Аммо,  шуни таъкидлаш керакки, у ё бу ҳолдаям у ё бу кишининг кўнгил кечинмаларини  маломат этмаслик керак назаримда. Чунки ҳар бир кўнгил кечинмаси ҳар бир кишининг ўз кўнгил мулкидир. У мулкка,  фақат унинг ўзи эгалик қилиши ва бошқа бир кимса дахл этиши жиноятдир, дегим келади.

    Шу суҳбатдошим яна  ижод аҳли хусусида сўз юритар экан қуйидаги ажойиб сўз дурдоналарини баён этди:

    "...Саратон шамолида сўлиган майсалар ҳам бир замон кўнгилларга ҳузур бахш этганларку. Ижодкор ёки ижодкорликка даъвогар киши қалбида пайдо бўлган қўрқув аломатини илҳом алангасида куйдириб юбориши керак. Акс ҳолда қўрқув унинг ўзини ва илҳом парисини аччиқ тутунли, ёнмаган оловга ўхшатиб қўйиши мумкин.

    У замон шоир-шоир эмас, бемақсад оддий бир йўловчи бўлиб қолади..."

    Мен эса унинг бу фикрларини баҳолиқудрат  шеърий мисраларга кўчиришга ҳаракат қилдим.

    Саратон қовжиратган майсалар бир пайт

    Кўнгилларга ҳузур бағишлаганлар.

    Куйган кўнгилларнинг наволари ҳам -

    Юракларга ҳаёт бағишлаганлар.

     
    Қалбдаги қўрқувнинг аломатларин

    Куйдириб ташлагин эй шоир дўстим!

    Гуриллаб ёнмасанг илҳомла жўшиб,

    Фарқинг йўқ  бурқсиган тутундан билгин...

     
    Сен ҳам йўловчисан, мен ҳам йўловчи,

    Аммо қани  шоирга хос шижоат ўти?!

    Ҳамманинг бир йўли, бир сўз армони,

    Қани сенинг сўзинг, сенингда йўлинг?!


    Ризо Обид
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz