Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 18.28.36
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 4 » "Эзгулик" хабарларидан
    02.00.51
    "Эзгулик" хабарларидан
    ДИЛНУРА ҚОДИРЖОНОВАНИ КИМ ЎЛДИРДИ?
    Шу йилнинг 26 февралида Ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Шарқ булбули” деб ном қозонган Дилнура Қодиржонованинг фожеали ўлими ҳақида хабар тарқатди. Ҳолбуки бунга қадар хушовоз хонанданинг ўлими сабабларини Ўзбекистон телевидениеси, қатор маҳаллий нашрлар бошқача талқин қилишаётган эди: гўё санъаткорнинг юраги бехосдан тўхтаб қолган эмиш! Марҳуманинг яқин қариндошларига, Дилнурани билганларга эса мутлақо бошқа ҳолат айтилди – “ўзини осиб ўлдирди, санъаткорнинг шаънини сақлаш учун матбуотга ёлғон хабар берилди!” дейилди. Аслида эса Дилнурадан узоқда (Андижонда) бўлган ота-онани тинчлантириш, жамоатчилик ўртасида ортиқча шов-шувлар олдини олиш учун тўқилган ёлғонларнинг барчаси муайян жиноятни яширишга қаратилган ҳаракатлар бўлиб, хонанда ваҳшиёна қотилликнинг қурбони бўлган эди..

    Мамлакатда катта-катта раҳбарларнинг оиласи, болалари билан боғлиқ жиноятлар йиллаб очилмай ётгани каби Дилнуранинг фожеали ўлими сабаблари ҳам очилмаслиги эҳтимол. У Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовнинг укаси - Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи Жамшид Матлубовнинг иккинчи хотини эди. Айтишларича, айнан Дилнура ўлдирилган кунлари Баҳодир Матлубов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга бу ҳақда ахборот берган, ҳодиса тафсилини ўз талқинича тушунтирган. Бу қўш хотинли уканинг акаси мавқеи ҳукуматда сақланиб қолар экан, адолатни қарор топтиришга умид боғлаш мушкул.

    Энди жамоатчиликни миршаббошиларнинг кирдикорларидан хабардор этиш мақсадида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Дилнура Қодиржонованинг онаси, Андижон вилояти Избоскан тумани Чувама қишлоғида яшовчи оддий мураббия Октябрхон Юсупованинг арзларига қулоқ тутайлик.

    - Қизимнинг жасадини кафанлашдан олдин унга етказилган қийноқ изларини кўрдим. Бўйнида чуқур яра чизиқ, баданида қорайган жароҳат излари, шилинган жойлар бор эди, - деди Октябрхон опа. — Эртаси куни неварам Дилёра (Дилнуранинг қизи) “Аям дадам билан хафалашиб қолган экан... Роза опам (энага) бизларни уйғотиб, укам Саидматлубхоннинг камарига аянг ўзини осибди, деди” деганини айтди. Қўни-қўшнилар асл воқеадан хабардор, лекин ҳеч ким юрак ютиб, Матлубовларга қарши гувоҳлик беролмайди. Гўё, Дилнура ўзини осган Саидматлубхоннинг халати белбоғи узунлиги бир қарич (терговолди ҳужжатларида 30 см дейилган — “Эзгулик”), осилган шифонернинг баландлиги 1 метр (терговолди ҳужжатларида ҳам шунга яқин — “Эзгулик”) дан сал баланд.

    Дилнура 1976 йилда "Чувама" қишлоғида туғилган, маҳаллий мусиқа мактабини битирганди. Йиллар ўтиб, қатор танловлар совриндори бўлди. Классик қўшиқларни маромига етказиб айтадиган, халқаро танловларда тенгсизлиги билан ном чиқарганди. Мамлакат Президентининг шахсан ғамхўрлиги билан қатор мукофотлар олган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига эга бўлганди. Консерваторияда таҳсилини давом эттираётганди. Қишлоқдоши, аввалги турмуш ўртоғи Маҳамадсобир Мирзақулов билан икки нафар қизи (Диёра, Шаҳризода), сўнгра Жамшид Матлубовдан ўғли (Саидматлубхон) бор эди.

    Санъаткор умрининг сўнгги дамларида Чилонзор тумани 9-даҳасининг 43-уйи 22-хонадонида болалари билан яшаган, кундошли уйнинг тинчи бўлмагани каби Жамшид Матлубовнинг биринчи хотини Раъно билан ўзаро можаролар бўлиб турган. Бу ҳақда қўни-қўшнилар, Дилнуранинг фарзандлари энагаси Рене Метмурадова, хонадонга яқин бошқа кишилар ҳам яхши билган. Октябрхон опанинг гумони ҳам айнан кундош ва унинг 22 яшар навқирон ўғли Хуршид(у ҳам миршаб)данки, бунга асослар бор. Дилнура ўлдирилган куни кундош Раъно Матлубова ва Хуршид Матлубовни қўшнилар ҳодиса содир бўлган уй олдида кўришган, ҳодиса содир бўлиши олдидан Матлубовнинг жияни Мадина ва Розалар хонадонда бўлишган. Ҳатто Дилнуранинг “ўзини осиб ўлдиргани”ни миршаббошига улар қўнғироқ қилиб айтишган.

    Жамшид Матлубов Дилнуранинг жасадидаги жароҳат изларини қайнонасига унга айнан ўзи (Ж. Матлубов) сунъий нафас олдираётганда етказилган жароҳат, дея изоҳлади. Маййитни она юртига олиб кетишига рухсат бермади. Қайнона-қайнотани Дилнуранинг танаси совумай туриб, Тошкентдан ҳайдади. Орадан бир ой ўтмай сирли равишда қабрни очдирди ва эксгумация натижасида ички аъзоларни олдирди. Бу синоат декабрь ойига келиб, тергов органи томонидан тайинланган эксгумация натижасида фош бўлгач, Дилнуранинг аввалги турмушидан орттирган қизлари Дилёра, Шаҳризодаларнинг тарбиясини етти ёт бегона — Рене Метмурадовага топширди. Мақсад жиноят изларини яшириш, ҳодиса гувоҳлари бўлган фарзандларни назоратда тутиш эди.

    Бинобарин, миршаббоши Матлубов Чилонзор тумани прокурори Х. Қўлдошевнинг қўли билан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа тумани судига даъво аризаси киритиб, Маҳамадсобир Мирзақуловни (қизларнинг отаси) оталик ҳуқуқидан маҳрум қилдирди. Дилнуранинг уй, машина, қимматбаҳо ашёлар, тилла буюмларига суд орқали таъқиқ қўйдирди. Санъаткорнинг ўлими ҳақидаги гувоҳномани ота-оналари олишига йўл бермади. Энди-энди эсини таниётган невараларга онасининг қариндошлари меросини талаб кетгувчи “йўқсиллар” эканини тушунтирди.

    Ака-ука миршаббошилар дастлабки терговолди суриштирувларни бошлаб юборган Чилонзор тумани прокуратурасининг ҳаракатларини тўхтатди. Дилнуранинг сирли ўлими ҳақидаги Октябрхон Юсупованинг мамлакатимиз турли идораларига йўллаётган мурожаатларини оқибатсиз қолдиришга эришмоқдалар. Ҳатто Октябрхон опага Чилонзор тумани ҳокимиятидагилар агар шикоятларни тўхтатса, у билан келишиши мумкинлигини ҳам айтишди. Айрим жонкуяр “қариндош”лар ҳам Матлубовлар билан ўйнашмасликни маслаҳат беришмоқда. Дилнура билан сафдош бўлган айрим санъаткорларнинг дарди ичида, айримлари “Етимларнинг ҳаққига кўз олайтирманг, тинчиган ишни қўзғашдан мақсадингиз Дилнуранинг мулкига эга чиқиш” дея, адвокат Рустам Тўлагановни ёллаб сирли жиноятни фош этишга уринаётган Октябрхон опага ташланишган.

    Ўтган бир йилда миршаббошилар жиноий ҳаракатларни яшириш мақсадида турли матбуот нашрлари, радио-телевидениеда чиқишлар қилинди. Хонанданинг ўлими сабаблари сир тутилди, у билан боғлиқ можаролар, ҳатто миршаббошининг иккинчи хотини экани ҳам жамоатчиликка ошкор қилинмади. Ҳолбуки, жамоатчилик Дилнуранинг санаъткор, жамоат вакиласи сифатида шахсий ҳаётидан бохабар бўлишга ҳақли эди. Боз устига, ўлими сабаблари ошкор қилиниши муҳим эди.

    Албатта, халқимиз менталитети, одамларимиз характеридаги ҳафсаласизликка кўра, сабабларини суриштирган билан марҳум тирилиб келмайди. Ўртада жанжал чиққани қолади... Бироқ, бизнингча, ҳофиза Дилнуранинг ўлими унутилмаслиги керак. У ҳар қанча тафтишга лойиқ, миллий санъатимиз жавоҳири, дурдонаси бўлган истеъдод халқимиз мулки бўлгани учун ҳам бу борада бурчлимиз. Фожқеа сабабчилари миршаббоши бўладими, ундан каттасими, бетакрор овоз соҳибаси, юз йилда бир туғиладиган истеъдод эгаси хотирасини халқимиз бағридан юлиб олишга ҳақи йўқ...

    Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аввало маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборини мазкур сирли ўлим ҳодисасини халол ёритишга, республика Бош прокуратураси, ҳукуматни бу борада изоҳ беришга чақиради. Дилнура Қодиржонованинг обрўйи, миллий санъатимизда тутган мавқеини ҳисобга олиб, Миллий хавфсизлик хизматини тергов ҳаркатларини тиклаш ва фожеа ташкилотчиларини фош этишга ундайди, миршаббошилардан бу борада тушунтириш талаб қилади.

    Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz