Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 14.13.38
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 6 » Йилларим ва йўлларим
    15.59.42
    Йилларим ва йўлларим
    34.Сув тескари оққан замон

    Одатдагидай ҳамма болалар каби мен ҳам кексалар тили билан айтганда ўт-олов эдим.Аммо бола бўлсамда бобомнинг китобларда ёзилмаган ҳикояларини ёнларига ўтириб олиб соатлаб тинглашдан зерикмасдим.

    Бобом кўп сўзламасдилар.Икки жумлани айтардиларда ўзларига ром этиб қўярдилар.Кейин давомини айтишларини кутиб бақувват гавдаларига, узун-узун қўл-оёқлари, қалин соч-соқоллари-ю қуюқ қош-киприкларига тикилиб анча фурсат ўтириб қолардим.Бобом эса айтилгандан ўзинг хулоса чиқар дегандайин узоқ тин олишдан сўнг "эҳ-ҳе" ёки бўлмаса "ана шунақа гаплар" деб қўярдилар.Нимага "эҳ-ҳе" дедилар ёки "ана шунақа гаплар" деб қўйдилар мен ҳам узоқ ўй суриб қолардим.

    Бобом бир гал бундай дегандилар:

    -Бизлар энди кексайиб қолдик.Кўп яшадик, аммо оз кўрдик ва оз билдик, лекин сенлар катта бўлиб ҳали кўп нарсаларни кўрасанлар.Замон шу кетишда бўлса ҳали сувлар тескарисига оқадиган ва теракнинг учига чиқадиган замонлар келади,- дегандилар.

    Мен болаларча соддалик билан:"бобожон сув қанақасига тескари оқади, ахир шунақаси ҳам бўладими, теракнинг учига қандай чиқади" каби саволларга кўмиб ташлардим.Бобом эса қизиқувчанлигимга, саволларимга жавоб олиш учун астойдил куюб-ёнишимдан завқланибми билмадиму бир жилмайиб қўярдиларда:"вақт-соати келиб ҳаммасини ўзинг кўриб, билиб оласан" деб қўярдилар.

    Илк бор ўзим туғилган қишлоқдан шаҳарга келганимда мактаб ёшига етмаган бола эдим.Кўпқаватли уйда яшовчи қариндошимизникига меҳмонга бордик.Мен қариндошимизнинг болалари билан ташқарида чопқиллашиб ўйнаб юриб ўта чанқадим.Яқин-атрофда ариқда сув кўринмади.Сув ичиш учун уйга қараб чопдим.

    -Сув ичаман, сув беринглар -дедим ташналикдан энтикиб.

    Хонадондаги қариндошимизнинг қизи "мана ичақол"  дея, эндиликда биладиганим қувурдан келадиган сув жўмрагини очиб юборувди шариллаб муздай чув чиқди.Ғоят чанқоқ бўлсамда бир зум ҳайратда туриб қолдим.Биз тўртинчи қаватда эдик.Сув қандай қилиб тепага чиқди?Ахир сув ҳамиша пастга қараб оқадику.Бу бобом айтганлари сувнинг тескари оқиши ва терак бўйига чиқишига бир мисол эди.

    Орадан йиллар ўтиб кўпқаватли уйларга сув кўтарилиши ажаблантирмай қўйди.Мактабнинг юқори синфларида ўқиётганимизда Самарқанд, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри ва Фарғонанинг ўша қўшиқларда машҳур бўлган Шоҳимардонга саёҳатга бордик.Гап шундаки ким Шоҳимардон томонларга саёҳат қилган бўлса сувнинг оппоқ сут каби рангидан ва унинг қуйидан юқорига қараб оқишини кўриб ҳайратланган бўлишлари аниқ.

    Кейинчалик эса табиатнинг бу сир-синоати ҳам одамларни ажаблантирмай қўйди.

    Вақт ўтиб тахт учун Абдуллатиф ўз отаси Улуғбекни  сўйганини билиб ҳайратландим.Сўнг эса қанчадан-қанча жонларни олиб кетган урушлар ҳақида тарих китобларидан ўқиб ларзага тушган кезларим бўлди.

    Дунёда  бобом айтганларидай сув тескарисига оққанидан ҳам ҳайратланарли воқеа-ҳодисалар шиддат билан ривож топаётганидан ҳар кун ақлни шоширгулик бир ҳодисотга қараб туриб унданда лол қолмай илож йўқ.

    Мана масалан Ўзбекистон бошига бир зулм юритгувчи золим пошшо келиб қолгани сувнинг тескари оқа бошлаганидан ҳам ҳайратланарли эмасми?Вақт ўтиб эса ҳамма -ҳатто бутун дунё унинг золимлига кўз юмиш тугул  кўникиб ҳам кетганигачи?...

    Энди бугунги ҳайратланарли воқеани қаранг, китобда ўқиганимиз бир пайтлар қора танлиларни ирқий камситувчи деб ном чиқарган Америкадай ҳамма соҳада дунёда энг...энг...энг дейилаётган қудратли мамлакатда илк марта  қора танли йигит Президент бўлиб турибди.

    Бобомнинг "ҳали кўрасан, сувлар тескари оқадиган замонлар келади" деган сўзлари шу қадар исботини топдики, ҳозирги айрим  Ўзбекистондан чиққан "доҳийлар" нафақат тушдан кейин нима бўлишини балки оёқлари остини бир оддий кишичалик ҳам кўра олмаётганликлари ажаблантирмаяпти.Чунки улар дунё чархини ўзга йўналишга бура оладиган салоҳиятга эга эмаслар.Лекин бу учун уларнинг ҳечда айби йўқ.Сабаби дунёга улар фақат "доҳиймиз" дея айта олиш учунгина келганлар, илло жамиятни ўзгартира олиш қобилиятлари асло йўқ.

    Бу каби сувнинг терс оқиши кимларгадир бахт эшикларини, фаровонлик, озодлик, ҳурлик, тенглик сари йўлларни очаётган бўлса Ўзбекистон ҳалқларини  эса  фақат ва фақат таназзул гирдобига тортиб бормоқда.

    Эҳ-ҳе, ана шунақа гаплар...

    Ризо Обид
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz