Ризобек Понедельник, 2020-07-06, 22.16.56
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 8 » Муроса ижроқўми ва муросага оид фикр, мулоҳазалар…
    12.56.24
    Муроса ижроқўми ва муросага оид фикр, мулоҳазалар…
    Кулларимиз кулларимизга бирлашса эди

    Ватан, мақсад йўлида эгилган бошлар мағлуб эмас, ғолиблардир!

    Мана муроса ҳақидаги расмий таклифнинг эълон этилганига ҳам бир ой тўлиб, вақт иккинчи ойга кетмоқда. Аммо теварак атрофда ҳар турли эътиборга лойиқ бўлган ва бўлмаган даъволару, фикр-мулоҳазалар, бузғунчиликлар ҳам мавжуд. Айрим юртдошларимиз айни муддаони тамомила кўрмаяптилар (кўришни истамаяптилар). Айримлари бу таклифни мен биринчи қилган эдим, ташаббус, фикр меники эди-ю лекин сенлар мендан олдин ёзиб қуйдингларда, дея орқаворатдан ўпка - гина ҳам қилишмоқдалар. Айримлари «қани нима қила олар экансанлар менсиз» деб ҳам пайт пойлаб ўтиришибдилар десам хато бўлмайди.
    Шу ўринда демоқчиманки бу фикрлар, мулоҳазалар, таклифлар эски, ота боболаримиздан, ўтган замонлардан қолган. Сизу биз бу фикрларни, муроса масаласини ўз замонамизга мослаштириб қўллашгагина ҳаракат қилаяпмиз десак ўринли бўлади. (Сапарбой Бекжановнинг кўчирмачилиги бундан мустасно)
    Ижроқўм бошқарув органларига келсак, мен ижроқўмни (муроса таклифини ҳам) никоҳлаб ўз маҳримга олган ва олмоқчи эмасман. Мақсадлар, давр талаби бошқа, муроса таклифлари ила келажак авлод учун ватан йўлларини сақлаш. Бизнинг наслимизнинг ўтиши билан ватан йўлларини келажак авлодларимиз қадамларига озор берадиган «тиконлар» босиб кетишининг (тўсиқлар пайдо бўлишининг ) олдини олишдир.

    Ўйлайманки, бугун ижроқўмга ўзларини фикр - мулоҳазаларини билдирганларнинг (орқаворотдан шарҳловчиларнинг, қалб нидолари ила суҳбатдошларининг ҳам) фаол қатнашуви зарур. Бунинг учун балки менинг ижроқўмдан чиқишим ва сизларга бағишладим дейишим керакдир? Қани эди кулларимиз - кулларимизга бирикса - ю (ўчоқдаги куллар назарда тутилмоқда), беҳуда қарор берган эканман, дея кейин азият чекмасам.
    Негаки муроса ғоясини, ватанга эмин - эркин кириб чиқиш масаласининг жаъми зиддиятлардан (миш – мишлардан, шахс шуҳрати ва аҳамиятидан) устун деб биламан. Ишонаманки, ҳозирги муроса таклифида муҳим мақсадлар, ҳар биримизнинг эзгу ниятларимиз бор. Аммо муроса масаласи бу бир йиллик иш эмас. Балким бир неча йил ҳам кетар, балким бизлар муроса тантанасининг гувоҳи бўлмасмиз. Мана бу кунлар раҳматли Авди оға Қулиев, Хайрулла ака Исматуллаев, Сулaймон Мурод, Абдурашид Шариф ва бошқа биродарларимизга насиб этмади. Уларнинг кўзлари бевафо дунёдан очиқ, ватан йўлида интизор кетди. Мана шунинг учун юртдошларимизнинг иккиланмасдан ижроқўмда иштирок этишларига имкон яратиб, ижроқўмдан мен чиқишим мумкин. Сабаб, улар менинг шахсимдан ва бошқа кўпгина нарсалардан ҳайиқишадилар (ўзларига эп кўрмайдилар). Айримларини менинг исми шарифимдан безгаги тутади, майли, фақат исмини ёзмасдан бизга ёрдам берсин дейишадилар. (ушбу таклифлар соҳибларини маънавияти ёнганлар деб биламан) Бу асоратлар, қилвирлик уларни четда туришга мажбур этганини кўриб қаҳрланаман.

    Кимларнингдир тарафкашлик ва қайсарлик ва ҳасад иллатига мубтало бўлиб, ўринсиз кин сақлаб келаётганлигига ачинаман. Кимлардир гўёки мен уларнинг сариқ чақага арзимайдиган «амал - обрўсига» шерик бўлаётгандек нуқул тош отиш билан оворалигидан ғазабим ошади-ю, товба дейман. Ўз қусурларини миллий ва умуминсоний қадриятларимиздан устун кўриб бузғунчиликни давом эттирганлигидан афсусланаман.

    Натижада биз мақсадларимиздан узоқлашиб кетаяпмиз. Кўпчилик айни муддаодан четда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу маломатларнинг ҳаммаси мени чуқур уйларга солади. Мана шундай пайтлар «эй, бор - эй» дегим ва муомила эшикларини бекитишни истайман. Яна сабр қиламан, ойнинг ўн беши қоронғи ва ўн бешининг ёруғлигига ишонаман.

    Ижроқўмдан чиқишим масаласига келсак, албатта натижада ишлар бир оз тўхташини тушунаман. Лекин аста - секин ривожланади, ижроқўмга ёшлар киради, эски «тулкилар» кирадилар. Кўпчилик ўзининг нимага қодир эканлигини кўрсатади. Кўрсата олмаганлар ўзи ўзидан ижроқўмдан чиқиб ҳам кетадилар. Лекин асосий мақсад муроса масаласи аста секин ёмонми яхшими амалга ошади. Бунга менинг ишончим комил.
    Кимдир айтиши мумкин, ҳаракатни бошлаб ўзини четга тортиш баҳонасини қидирмоқда деб. Йўқ асло, мақсаднинг амалга ошиши йўлида мен оқилона қарор бериш йўлларини қидираяпман холос. Ҳаракатга мен қадрдон юртдошим Алибой аканинг (Йўляхшиевнинг) сўзларини ерда қолдирмасдан қўшилган эдим. Аммо ижроқўмда доимий фаолият кўрсатиш мажбуриятни ўз зиммамга олмагандим. Ушбу фикрларимни кўпчиликга билдирган ҳам эдим (Алибой ака Йўляхшиевга, Исмоил ака Дадажоновга, устоз Жаҳонгир Муҳаммадга, Ризо Обидга, Сафар Бекжон ва бошқаларга). Шунга қарамасдан бошланган ишни кўпгина диққатга арзигулик натижаларга олиб келдик. Натижаларимиз бу фақатгина эълон қилинган бир - икки мурожаатлар эмас. Муроса йўлида музокаралар, келишувлар, битимлар тузилди, маблағлар ажратилди. Ҳамда бизга муроса йўлида таянч бўлгувчи кучлар билан алоқалар ўрнатилди. Балким энди бошқа муҳожирларга, сиёсий мухолифат™ вакилларига йўлни бўшатиб бериш керакдир? Аҳли муҳожирлар, сиёсий мухолифат™ вакиллари, ҳеч тортинмасдан мақсадга ўтинг. Менсиз сиз мақсад чўққиларига етиш қобилиятига эга бўлсангиз, иккиланманг, сизга фақат оқ йўл тилаб йўлни бўшатаман.

    Содир бўлган ва бўлаётган турли - туман ҳаракатларни кузатиб ўйланиб қоласан киши. Баъзан ҳайратдан ёқа ушлайсан ва муаммоларнинг, зиддиятнинг асл негизи нимада деб? Балким сабаб кўпчилигимизнинг «олма пиш, оғзимга туш» деб ўтиришимиздандир?

    Баъзан ҳаёлимда, гўё сабаб бўлгувчи қусурларни ўзимдан ҳам қидира бошлайман:

    Балким мен ўзбекистонлик бўлсамда, лекин ватандошларимизга хос хусусиятларни тушунмасдирман? Балким ҳақиқатдан ҳам мен бегонадирман? Балким мен юртдошларимизни тушунмаётгандирман? Балким улар мени тушунишмаётгандирлар? Модомики бизнинг таълим тарбиямиз, дунёқарашларимиз, ҳаётимиз тамомила бошқа - бошқадир. Бизлар улғайган, таълим олган, яшаган муҳит ҳар биримизда бошқа - бошқа хусусиятлар шакллантиргандир?
    Бир мақсад сари интилганлар орасида эса ягона «тил» бўлиши, ягона тушунча ва ягона хусусиятлар бўлиши керак. Мана шунинг учун ва муроса ғоясининг илгари сурилиши учун, мен ижроқўмда бўлмасам тўғри деган фикрларга бораман. Лекин қандайдир бир куч менга «шайтонга ҳай бер», дейди. Бу ҳаракатда чўрт кесмаслик керак, ҳаттоким мақсад амалга ошиши учун инсон айрим ҳиссиётдан, мулоҳазаларидан воз кечиши ҳам керак деб уқтиради.

    Мен эса яна ҳаёлларга чўмаман, ўзим ўзимга савол бераман:

    Мен ватандошларимиз билан умумий тушунарли тилда гаплашиш қобилиятига эга эмасдирман? Балким мен бунга интилмаётгандирман, балким истамаётгандирман дея. Сунгра бу масала ҳар биримизнинг виждонимизга (виждон бўлган тақдирда) ҳавола деб тинчланаман. Лекин «қушларнинг тилини қуш билади». Сизлар бир - бирингизни мендан яхшироқ тушунасизлар деб ўйлайман.
    Вахоланки кўп ишларни мен қилишим керак ва қилсам тўғри бўлишини ҳам биламан. Аммо кўпчилик мен каби кишилар билан мулоқот олиб боришдан ҳайиқишлари (ўзларига эп кўрмаслиги), яна мени ўйга солади. Уларга ўзларига ўхшаган одамлар керак деб, яна хунобим чиқади.

    Асосий жумбоқ шундан иборат, мен ўзбекларимизга ўхшаш эмасман, бунинг учун Ўзбекистонда униб ўсишим керак эди. Ҳозирги муҳитда, муроса ҳаракатини жонлантириш учун ўзбекистонликларга хос хусусиятларга эга бўлган одамлар керак. У одам ўта талабчан бўлмаслиги, жуда ҳам кўп нарсаларни билмаслиги керак. Ёҳуд билганлигини ошкора этмаслиги керак. У одам атроф - муҳитга мос, бошқаларга ўхшаган ва уларни тушуна оладиган ва уларнинг олдида улардан устун кўринмайдиган бўлиши керак. Балким юзимга тупурсангда, лекин қорнимни туйғаз дея, қўл қовуштириб туриши керакдир? Гапнинг пўскалласини айтганда, у одам оломондан ажралиб кўзга ташланмаслиги лозим дейман ҳам. Лекин менинг «елкам борлигидан», ўзимга хос фикр, мулоҳазаларим, дунёқарашларим, интилишимдан афсусланмайман.

    Юқорида айтганларим билан биргаликда яна шуни ҳам қайд этмоқчиман. Бугун ўзбекистонликларга ҳижрат жуда зарур, улар давр таққозоси билан ҳижратга қадам қўйдилар. Кимлардир ҳаётини сақлаб қолиш учун, кимлардир жиғилдон, ҳаёт қайғусида. Аммо бу қадамлар келажак учун жуда катта аҳамиятга эга. Ватандошларимиз ҳижратдагина ўзгаришлари мумкин. Мусофирликдагина ватандошларимиз яна кўримсиз ҳалойиқдан (оломондан) эътиборга лойиқ халқга айланиши, шаклланиши мумкин. Уларнинг ҳозирги вақтдаги жиғилдон ( қорин, ҳаёт) қайғулари аста - секин қоринлари тўйгандан сўнгра бошқа бир турланишга (шаклланишга) олиб келиши мумкин. Яқин йилларда бу жиғилдон қайғусида юрганлар илм, ҳунар ўрганишадилар, қоринларини тўйғазишадилар. Уларнинг қалбида ватан қайғуси, ватанга муҳаббат шаклланади, пўлат каби ҳижрат йўлларида тобланади. Ҳозир оч қоринга на ватанга муҳаббат, на фидоийлик сиғади. Ҳозир халқ бир оломон сифат, оч наҳор! Бу оч оломонга ҳеч бир ҳиссиёт, ватан туйғуси керак эмас. Уларга бугун нон ҳамма нарсадан азиз.
    Ватан туйғуларининг ва ватанга бўлган муҳаббатни уйғониши учун оломон - халқга айланмоғи зарур. Халқнинг қорни тўқ, усти бутун бўлиши лозим! Ҳаёти осойишта ва келажаги хавф-хатарсиз бўлиши керак.
    Ватандошларимиз қориннинг тўқлигини бугун фақатгина ватандан ташқарида топдилар. Ҳижаратнинг шафқатсиз, даҳшатли йўллари оч - наҳор ватандошларимизни бутун дунёга тарқатиб юборди. Шунга қарамасдан ўзбекистонликлар учун ҳижрат йўллари ёпилиши ноўрин.

    Ҳижратдаги ўзбекистонликларнинг фарзандларидан, келажак наслдан умид. Янги туғилган ва туғилажак наслдан умид қилишимиз керак. Улар ҳижратда вояга етишадилар, ватанни соғинишадилар. Худди бир неча йиллар олдин мен каби ўз томирларини излаб ватан йўлларига чиқишадилар деб умид қиламан.
    Мана мен ҳам узоқ йиллар ватан, миллат нималигини билмас эдим. Лекин замон келиб мен ўзимнинг томирларимни, ватанимни қидириб топдим. Менимча, ҳозир ҳам мана шундай ҳолат юз бермаса, ҳеч бир ўзбекистонлик ватан қадрини била олмайди. Бугун юртдошларимизга ватан керак эмас , бугун уларнинг бошқа ташвишлари тўлиб - тошиб кетаяпти.

    Менинг баён этган фикр мулоҳазаларимни ўқиб, сиз бу ҳаракатни хом ҳаёлда бошлабсизда, дейишингиз мумкин. Йўқ мутлоқо, биз ҳаракатни тўғри бошладик. Муроса йўлларини қидириш керак, муроса йўлларига мустаҳкам замин яратиш керак. Лекин ватанга бўлган муҳаббатни биз фақатгина қайтиш таклифи, йўли билан уйғота олмаймиз.
    Муроса таклифининг энг асосий мақсади (вазифаси), ватанга истаган кишининг кириб чиқиш (қонуний) имкониятни амалга оширилиши, ҳамда ушбу мақсад йўлидаги хизмати. Ҳамда ҳижратдагилар орасида имконияти борига қадар муросани тарғиб қилиш (тушунтириш) деб биламан. Демак, авваломбор ҳукумат билан бўладиган муросадан олдин ўзаро озми - кўпми муросага келиш керак.
    Бунинг учун эса ҳар бир ватандошимиздан воз кечиш ўринсиздир. Ҳаттоки ўринсиз ва ўринли зиддиятлар бўлишига қарамасдан, ҳар бир юртдошни муросага таклиф қилиш керак. Бу ўринда «мен бош эгсам иззат нафсимга зил кетар экан» деган мулоҳаза ўринсиз. Ватан учун, мақсад йўлида эгилган бошлар мағлуб эмаслар, бу инсонлар ғолиблардир. Дарҳақиқат, тарих ҳар кимнинг ҳатти ҳаракатини ўзи баҳолайди. Келажак наслларимиз, яқинларимиз кимнинг кимлигини ўзлари билиб етадилар. Бугунги шароитда биз ҳиссиётлардан устун бўлишимиз керак. Биз авваломбор ўзимизнинг қусурларимиздан ғолиб келишимиз керак. Акс ҳолда, бир замон келиб тирсакларимизни тишламоқга интилиб қолишимиз мумкин. Аммо бу натижа бермайди, ҳаёт сабоқларидан ўрнак олишимиз керак.

    Муроса ижроқўми ҳар турли фикрлардан ва ҳар турли кишилардан ташкил топиши керак. Ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётий ва сиёсий тажрибаларини ҳисобга олиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Оқсоқолларимизсиз ҳам бу ҳаракат илгари сурилмайди. «Қари билганини пари билмас» деган халқимиз. Энг муҳими шундаким бизлар тарих, дунё чархпалагини ортга айлантира олмаслигимизни яққол англаб етишимиз керак. Демоқчиманки, ватанимиз тарихида жуда кўплаб юртдошларимизнинг тарихий ўринлари бор. Биз тарихий сабоқларни урганишимиз керак. Ҳаттоки салбий сабоқлардан ҳам ижобий натижаларга йўл, замин яратиш лозим. Бу хақиқатдан юз ўгирмаслигимиз зарур.
    Яна бир муҳим масала, ёш авлодга йўл берилиши керак, у ёмон, бу ёмон деб саралаш керак эмас. Ҳар бирининг ўз ўрни, ўз вазифаси бор, муҳтарам ватандошлар.

    Др. А. Эшмонов (Нақшбандий)

    06/07. 11. 2008
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2020
    Сайт управляется системой uCoz