Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 18.15.07
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 11 » ИҚРОР
    15.44.56
    ИҚРОР
    Дадахон Ҳасан: Мен адашган эканман...

    11 ноябрь 2008 йили Ўзбекистон ҳаётидаги энг эътиборли, энг тарихий бир воқеага 20 йил тўлди. Айнан шу кун, Тошкент шаҳри чеккасидаги, маҳаллаларнинг бирида жойлашган хонадонда илк бор, замонавий ўзбек мухолифати дунёга келди. Халқ жабҳаси номи остида дунёга келган мазкур ҳаракат кейинчалик “Бирлик халқ ҳаракати” номи остида танилди.

    Аксар мухолифат вакиллари учун ўта қадрли ва муборак саналган мана шу кунда, биз эслатганимиз ҳаракат асосчиси, етук мухолифат намояндаси, таниқли ҳофиз ва шоир, бастакор ва асл ватанпарвар, Дадахон Ҳасан билан мулоқотда бўлдик. Ҳаракатнинг туғилиш тарихи ва кейинги тақдири ҳақида суҳбатлашдик.

    Савол: — Ассалому алайкум Дадахон ака, аввало шартли жазони ўташда давом этаётганингизга қарамай, мана шу тарихий кун хурматидан биз билан мулоқот қилишликка рози бўлганингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Дадахон ака, ўша сизу биз билган ва ҳаяжон билан эслайдиган кун ҳақда, машҳур ҳаракатнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз…

    Дадахон Ҳасан: — Бу туйғу, мустақиллик учун кураш фикри, менда биринчи бор ўша, 1986 йилда пайдо бўлган. Фарғонага бораман ўйлайман, йўлда Фарғонадан қайтар пайт ўйлайман, баъзан йўл четида тўхтаб ўйлайман, нима қилиш керак, озодлик учун курашиш керак. Рус империализмига қарши курашиш керак, деб ўйлардим. Нима қилмоқ керак, курашиш керак, хўш кураш қандай бўлади? Аввал шу беш-олтита одам йиғилиб маслаҳат қилайлик, бир нарса бошлайлик дер эдим, ҳаракатни ҳам, партияни ҳам тушунмасдим у пайт. Партия тузиш керак, ҳаракат тузиш керак деган нарсаларга ақлим етмас эди. Бир нарса бошлайлик деб, биз ёзувчи шоирлар, 15 киши ўша 1986 йили гап бошладик. Мен жўрабоши бўлдим. Йиғиламиз, ўтирамиз Ватан ҳақида гаплашамиз, ичволиб айримлари бир-бири билан уришиб кетадими-е, олишиб кетадими, шундай бўлиб ишлар бир маромга тушмаган.

    Кейин 1987 йили биринчи бўлиб Рауф Парфийга айтганман ўз ғоямни. Бир нарса бошлайлик, озод бўлайлик, рус босқичниларидан озод бўлайлик, деб айтганман. Баъзан Рауфнинг уйига Иброҳим Ҳаққул чиқарди, у билан ҳам шу борада гаплашардик. Бир нарса қилайлик, озод бўлиш учун, деб. Бу пайтлар, 1985 йиллари Горбачев томонидан қайта қуриш, ошкоралик сиёсати бошланиб кетди, бу ҳам маълум маънода туртки бўлган бўлиши керак, бундай эркин гапиришларга. Миразиз Аъзамга маслаҳат солиб бордим, бир нарса қилайлик, озодлик деган бир нарса бошлайлик, биз бошласак, келгуси, авлодлар давом эттириши мумкин ҳаркатимизни деб уйлаганман. Мен энди, бу тарих ғилдираги тезлаб кетиб, Россия ўз мустақиллигини эълон қилиб, бу ёқдагилар ҳам шундай қилиб юборишини ўйламаганман. Совет империяси давом этаверади, биз секин шуни бошласак, тегирмон айланиб турса, ёшларни шунга жалб қилиб, секин тарбиялаб, Озодлик ҳаракати, Миллий озодлик ҳаракатига айланиб кетса, деб орзу қилардим. Бунга МОҲ, деб ном қўйганман, Миллий Озодлик Ҳаракати.

    Кейин Солига бордим, Ёзувчилар уюшмасида котиб эди. Шунақа, бир нарса бошласак, шу, Миллий озодлик ҳаракати бошласак, шу, биз бошласаг-у ёшларимиз биздан кейин давом эттириб, 30 йилми-40 йил балким давом этар, кейин Озодлик ҳаракатига айланиб, озод бўлармиз, деб айтдим. У биринчи борганимда унча парво қилмади. Кейин бир неча бор қайта-қайта борганимдан кейин, бу қийин, мураккаб масала, бунга дастур ёзиш керак, низом ёзиш керак, кейин низом ва дастурни Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиш керак, деди. Ёзасизда ахир, дедим, Москвада ўқигансиз, ёзасизда шуни, дедим. Ўшанда ҳам пайсалга солаверди. Жуда кўп бориб, ахийри кейин, 1988 йилнинг июнида Литвада СОЮДУС Халқ жабҳаси тузилди. Шу СОЮДУС бизда, СССРда бўлгани учун, шундан кейин Солига жон кирди. Демак, шундай иш қилсак бўлар экан деб ўйлади, унгача қўрқди. Бир ярим йил қўрқиб юрди. Масалан, мен бу таклифни 1986 йили кўтариб чиққан бўлсам, 1988 йилнинг ноябрь ойига қадар қўрқиб юрди. Хуллас, СОЮДУС туфайли навбатдаги ташрифимда, “бўпти мен низомингиз ва дастурингизни ёздириб бераман”, деди. Шундан сўнг, адашмасам Зоҳир Аъламни Москвага жўнатди, САЮДУСнинг дастур ва низомини олиб келгин деб.

    Ноябрь ойининг бошларида Соли менга телефон қилди, “дастур ва низомингиз тайёр бўлди, одамларингизни бир жойга йиғаверинг”, деди. Унга қадар биз Рауф иккаламиз рўйхат туза бошлаган эдик, кимлар иштирок этади шу ҳаракатда, деб ва 15-20та ёзувчининг руйхати тузиб қўйилганди. Рауфга қўнғироқ қилиб, дастур ва низомимиз тайёр бўлипти, дедим ва 11 ноябрь кунига йиғилишни мўлжалладик, ё сешанба, ё чоршанба эди. Рауф уюшмада ишлагани учун, ўзинг телефон қилиб чақирасан ҳаммани девдим. Кўчада кўрганларим ижодкорларни ўзим ҳам уйга таклиф қилдим, 11 куни соат бешларга бизникига келинглар, деб. Ёзувчилар уюшмасига қатнаб йиғилганларни икки қатновда уйга олиб келдим. Абдураҳим Пўлатов билан Абдуманноб Пўлатов биринчи бўлиб, ўзлари уйимга етиб келишибди, “бизни Соли ака жўнатди, шу ерда бир йиғилишимиз бор экан”, деб.

    Мен Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам яна беш-олти кишини олиб келдим ва уларни кўриб, булар ким дедим, кўзлари беъжо, ҳайдаб юбораман КГБ бўлса керак, дедим. Зоҳир Аълам билан Аҳмад Аъзам “сабр қил, Соли келсинчи, ўша таклиф қилганмиш-ку буларни”, деб шаштимдан қайтарди. Соли Юрий Ласкин деган рус шоир йигит билан бирга келди. Шу уйда 18 киши йиғилдик, дастур нимзомни муҳокама қилдик, кейин мен, қани кимлар ташаббус гуруҳга аъзо бўлади деб рўйхат тузишга киришдим. Шу пайт Зоҳир Аълам ўрнидан туриб йиғилганларни қўрқитишга тушди, “бу сиёсий ҳаракат, уйлаб ёзилинглар, милиция бор, прокурор, тергов сўроқлар бор, КГБ бор, ҳали буни қамоқлари бўлади, бу ҳаракат хавфли”, деди. Шу сабаблими ёки ўзи аслида хоҳиш бўлмаганми, ҳар тугул келган 18-тадан фақат 10 киши ташаббус гуруҳига аъзо бўлдик.

    Қолганлар ташаббус гуруҳига қўшилмади, Соли ҳам қўшилмади. “Мен Ёзувчилар уюшмасида котибман, менга бундай ҳаракатларга қўшилиш мумкин эмас, аммо ёрдам бераман”, деди. Миразиз Аъзам ҳам қўшилмади, союзда ишлайман, деб, Абдуманноб Пўлатов қўшилмади, ака-ука битта ташкилотда бўлиши мумкин эмас деб, Ҳусниддин Зуҳриддинов деган йигит бор эди, у ҳам кирмади, Пўлат Зоҳидов деган архитектор йигит бор эди, у ҳам илмий иш қилишини, яқинда Москвага кетишини рўкач қилиб ташаббус гуруҳига қўшилишдан бош тортди. Фақат ўн киши рози бўлди, холос. Улар орасидаги ёзувчи ва шоир бўлмагаларни мен танимас эдим. Уларнинг ҳаммасини Соли олиб келганди. Мен Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, Миразиз Аъзам, Хуршид Даврон, М.Солиҳ, Рауф Парфи сингари ёзувчи шоирларни таклиф қилгандим. Қолганлар, “мени фалончи таклиф қилди”, деб келишди, мен уларни қаёқдан келган, ким таклиф қилган суриштирмадим ҳам.

    Мен узим айтганлар орасида келмаганлари ҳам бўлди, масалан Шавкат Раҳмон келмади, Муҳаммад Юсуф келмади, Машраб Бобоев келмади, Нортўхта Қилич келмади, Мирза Кенжабоев келмади, Мирпўлат Мирзо келмади, Шодмон Отабоев келмади, Ёқуб Хўжамбердиев келмади…

    Ташаббус гуруҳига қўшилганлар, мен, Рауф Парфи, Хуршид Даврон, Усмон Азим, Аҳмад Аъзам, Абдураҳим Пўлатов, Қаҳрамон Ғуломов, Ғуломқодир Турсунов, Зоҳир Аълам, Фаҳриддин Худойқуловлар бўлдик.

    Ҳозир ҳеч ким тан олмайди, Дадахон ака уюштирган демайди, ғоя меникилигини айтмайди. Дадахон Ҳасаннинг уйида йиғилиб, ўша ерда ташкил қилганмиз дейди. Тан олиш йўқда ўзбекда. Бизни ўз уйига олиб бориб, бошимизни қовуштирди деган гап йўқ. Абдуманноб Дадахон аканинг уйидан ижара сифатида фойдаланганмиз деганмуш, тавба, ҳа, ижара ҳақини бермади-ку. Бирликнинг ғоявий асосчилари, Бирликнинг дарғалари, деб аллакимларнинг номларини ёзишиб юришипти… Балким бошқалар ҳам шу фикрда юргандир, мухолифат қилайлик, дегандир, аммо мен шуни уюштирдим, Ўзбекистонда мухолифатни бошладим. Ўша 11 ноябрь кунигача Ўзбекистонда мухолиф кучларни сояси ҳам йўқ эди.

    Савол: — Демак ўша йиғилишда, сиз ўйлаб юрган МОҲнинг ташаббус гуруҳи тузилди?

    Д.Ҳасан: — Шундай. Ўша йиғилишда илк бор МОҲнинг аъзолари аниқланди ва ташаббус гуруҳи тузилди. Ўзи, ўша ташаббус гуруҳидан бошқа аъзо бўлмади ҳам-ку…

    Савол: — Ўша йиғинда, демак бўлажак Бирлик ҳаракати юзага келган, номи тасдиқланган, шундайми?

    Д.Ҳасан: — Йўқ, ундай ном кейин пайдо бўлди. САЮДУС “Народный фронт” сифатида танилгани учун биз ҳам ўз ҳаракатимизни Халқ жабҳаси деб атадик, Рауф иккаламиз шунга келишган эдик. Кейин Миллий жабҳа деб ҳам атадик. Бирлик деган ном, кейинроқ, қурултой пайтида пайдо бўлди, бу ҳўв ўша, 1916 йилларда бўлган «Бирлик», «Эрк» партияларига қиёсан танланган. Соли танлаган бу номларни. Энг кизиғи ўша, 1916 йилдаги бу икки партия ҳам бўлиниб, ярми ҳукуматга сотилиб, ярми Сибирга сургун бўлиб, йўқ қилинган. Бу Бирликнинг дастури ҳам ёзилди ва унда Мустақиллик ва Озодлик учун курашамиз деган сатр йўқ эди. Фақат, ўша табиий, моддий бойликларни, табиатни ҳимоя қиламиз, асраб авайлаймиз, пахта якка ҳокимлигига, болалар ўлими, аёлларнинг оғир меҳнатига қарши курашамиз, дейилган, Орол масаласи кўтарилган эди. Озодлик-Мустақиллик деган термин йўқ эди у ерда. Ҳамма совет одами бўлгани учун Озодликни тушунмасди. Ҳозир ҳам совет одамлари. Қорни тўйса бўлди, пул бўлса бўлди, Ватан ҳам, миллат ҳам керак эмас бугунги мухолифатчиларга. Ватан, Миллат, Озодлик керак бўлса четда пишириб куйибдими уларга? Долларга яқинроқ бўлиш учун чиқиб кетишди аслида, бу нафс эгалари.

    Ўшанда яхши ният қилгандим, мухолиф кучлар астойдил курашади, деб умид қилгандим, афсус-афсус…

    Савол: — Афсус?..

    Д.Ҳасан: – Ҳа, афсус… Орадан мана йигирма йил ўтиб, бугун ҳамма қилган ҳаракатларимга пушаймонман. Ўзи бу ерда миллиятчи, фидойи, ҳақиқий ўзбек фарзанди йўқ экан. Менинг орзуларим рўёбга чиқмади. Мен адашган эканман, на зиёли, на шоир-ёзувчиси ҳали Озодликка тайёр эмас экан, курашга тайёр бўлмаган экан, ҳали ўша хомкалла ўзбеклигича турган экан. Мухолифат ҳали шакилланмаган экан. Бизда мана шу 20 йил ичида мухолифат бўлмади. Бўлса мен танир эдим уларни. Мен уларнинг ҳаммасини жанг майдонини ташлаб, Ватанни тарк этиб, майдондан қочиб кетган дезертир аскарга ўхшатаман. Ахир ҳеч бўлмаса тўртта мухолифатчи турса ҳукумат у билан ҳисоблашарди. Бугун мамлакатда мухолифат йўқ, бор бўлса ҳам бирлаша олмайди, бир-бирини ғажиб юради.

    Савол: — Ҳозир мухолифат ўзи ичидаги олишув билан овора юрган бўлса, аввал ундай бўлмаган-ку, ахир эҳ қандай чиқишлар қилганмиз, астойдил курашганмиз, деб гапиришади-ку?..

    Д.Ҳасан: — Ҳеч қандай кураш бўлмади, Мустақиллик учун интилиш бўлмади, ҳаммасига ўша Россиянинг ўзи йўл очиб берди. Ўзини шартта мустақил деб, эълон қилган эди қолганлар ҳам шунга мажбур бўлганидан мустақил бўлиб қолишди. Кураш билан бўлгани йўқ бу эришиш. Кураш йўқ, на Эрк, ва на Бирлик курашмади. Мустақил бўлай дегани йук. Нечта йиғин ўтказилган бўлса, айримларини ҳатто видеога олганмиз, бирортасида, ҳой биз калониямиз, Москвага мустамлакамиз, Озодликка интилайлик, курашайлик, деган гап бўлган эмас. Тил давлат тили бўлсин, Орол қуриб кетаяпти, болалар ўлими, аёллар ўзларининг жонига қасд қилаяпти, пахта яккаҳокимлиги деган гаплар бўлган, холос. Озод бўлсак, чинакамига Мустақил бўламиз, Ватан ўзимизники бўлади, деган гапни эшитмаганман, ҳали ҳам эшитаётганим йўқ. Энди-энди, мана бу президент уларнинг кўнглидагидай президент бўлмагани сабабли ҳафсаласи пир бўлиб, биз ўзи мустақил бўлмаган эканмиз, дейишмоқда. Ҳатто Совет даври яхши эди, дейишаяпти. Тўқ яшардик, ҳамма нарсамиз бор эди, арзончилик эди, бизга нима кераги бор бунақа мутсақилликни, дейишаяпти. Ҳақиқатдан ҳам тўғрида, бунақанги истибдод, зулум илгари йўқ эди. Нима ёзсак чиқар эди матбуотда.

    Масалан мен Чўлпоннинг шеърларини қўшиқ қилиб айтардим, 60-61-62-йилларда, Яссавийнинг ҳикматларини бемалол айтардим, тўйларда фақат диний қўшиқлар куйлардим, худога нола тарзидаги қўшиқлар айтардим, ҳеч ким индамас эди-да. Ҳозиргидай тазийқ таъқиблар бўламаган-да…

    Савол: — Хуллас йиғилиш ўтди, ташаббус гуруҳи тузилди, кейин нима бўлди?

    Д.Ҳасан: – Ўша ерда мен Солидан сўрадимки, ҳаракатга бошлиқ тайинланадими деб, у, бу масалани кейин гаплашамиз, деди. Орадан бирор ҳафта ўтгач, Абдураҳим Пўлатов Соли томонидан ташаббус гуруҳига бошлиқ этиб танлангани маълум бўлди. Кейин мурожаатнома ёзилди, мана шундай ҳаракат тузилди, бизнинг сафга қўшилинг, вилоятларда бўлимлари тузилсин, деган маънода. Мен Водий буйича иш олиб борадиган бўлдим. Мурожаатни кўтариб Водийга бордим, у ерда Алишер Ибодиновга кўрсатдим, мана кўр, биз Озодлик учун курашамиз, деб мақтандим. Унинг рафиқаси машинкада ёзарди, мурожаатни хотинингга бер, кўпайтирсин, уни тарқатамиз, дедим. У эса кулиб қўйди. Кейин кўпайтирмабди ҳам, парво ҳам қилмай устимиздан кулган экан, ўшанда. Афтидан охири нима бўлишини яхши билган. Кейин орадан бир оз вақт ўтиб 1989 йилнинг 28 майида қурултой бўлди. Таъсис қурултойи. Унгача биз Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф Водийга бир неча бор қатнадик, концертлар уюштирдик, мурожаатларни тарқатдик, диндорлар билан учрашувлар ўтказдик, хуллас тарғибот ишларини олиб бордик.

    Қурултойда учта масала кўрилди: Халқ жабҳасининг номланишини кўриб чиқиш, дастур ва низомни кўриб чиқиш ва ҳайъат ва кенгашни сайлаш. Биз раис сифатида Солини тавсия қилдик, кўпроқ водийликлар, Соли чиқиб эса, “Абдураҳимни Бирликка ўзим олиб келганман, шуни сайланглар, мен отвод бераман, союзда ишларим кўп”, деди. Абдураҳим раис бўлиб сайланди. Кенгаш ҳайъати ҳам сайланди. Энг кизиғи, кенгаш ҳам, ҳайъат ҳам сайланиб, мен кўчага чиқиб-кириб юрганим учун, мен тушиб қолибман. Шунда Андижондан келган бир йигит, “биз Дадахон акани деб келганмиз, ҳаракатни бошлиғи деб биз шу одамни таниганмиз, шу киши бизни олиб келди, нега ҳайъатга сайламадиларинг”, деган. Кейин э-ҳа, деб мени ҳам овозга қўйишди, ва мен ҳам ҳайъатга аъзо бўлдим.

    Савол: — Илк йирик қурултой бўлгани боисҳаяжон босганда а, шу боис сизни унутиб қўйишганми?

    Д.Ҳасан: — Унутганми ёки унутишни хоҳлаганми, ҳар қалай мен кейин, андижонликларнинг эътирозидан сўнг сайландим. Шундан сўнг Водийга кетиб тарғибот ишлари билан банд бўлдим ва орадан анча ўтиб мени чақиртиришди, бу пайт телевизорга чиқиб 10 сентябрь куни ўтадиган намойиш-митингни тўхтатишни айтиш керак бўлган экан. Мен билан Олим Карим (Озод деҳқонлар партияси асосчиси, марҳум) бунга қарши бўлдик. Биз иккимиздан ташқари ҳамма телевизорга чиқишни маъқуллади, ва Аҳмад Аъзам, Зоҳир Аълам, Гулчеҳра Нуруллаева, Дамин Норзиқулов, Зоҳид Ҳақназаров, Абдураҳим Пўлатов, Абдуманноб Пўлатовлар чиқиб митингни тўхтатайлик, кейин ҳам қилаверамиз, майдон бизники дейишди. Кейинчалик улар, Соли чиқинглар дегани учун чиқдик дейишди, у пайтлари Бирлик ҳали бўлинмаган ва Солининг гапи гап эди…

    Савол: — Қандай митинг эди, нима ҳақда эди бу митинг?

    Д.Ҳасан: — Ўзбекистон бўйлаб катта митинг ўтиши керак эди, асосий мақсад нима эди мен яхши билмайман, у пайтлари унақа намойишлар кўп бўларди. Биринчиси 1989 йилнинг 9 апрелида Чуқурсойда илк йирик намойиш ўтган эди. Ҳукуматни саросимага солиб қўйган намойиш. Шу боис юқоридагилар митинглардан хавфсираб қолган эди. Бу галгисини тўхтатишга ҳаракат қилишган, Аввал Каримов Абдураҳимни чақирган, партбилети тортиб олинган эди, партбилетингни қайтиб бераман, Бирлигингни рўйхатдан ўтказиб бераман, Кибернетика институтига сени директор қилиб тайинлайман, митингни тўхтат деган, у хўп, деган. Аммо ўша вақт келгунга қадар партбилети ҳам берилмаган, Бирликнинг ҳужжатини олиб борса рўйхатга олинмаган, ишга ҳам табиий тайинланмаган, ўртада улар телевизорга чиқиб қўйган. Шундан сўнг Абдураҳим тўнини тескари кийиб олди, яна митинглар бошланиб кетди ва 1 октябрь 1989 йили тил бўйича намойиш қилдик. Ҳозирги Мустақиллик майдонида. Жуда катта намойиш бўлди, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши ҳақида.

    Ўша намойишдан сўнг ваҳимага тушган катта Солини маслаҳатга тортган, уларнинг муносабати яхши эди. Улар аввалдан яхши муносабатда бўлган эди. Ўша 1989 йилларда у депутат эди. Борди-келдиси бўлган экан, ўрталарида. хуллас Соли каттанинг сурнайига ўйнай бошлаган экан. У Солига анави Абдураҳимингни йўқот, гапга кирмаяпти, ўзинг ёки Эркин Воҳидни раис қилиб сайла деган ва Соли Абдураҳимни раисликдан олиш устида иш бошлаб юборган экан. Марказий Кенгашда Абдураҳимни олиш масаласи кўриладиган булди. Бир нарсани айтиш керак, дастлаб Соли Абдураҳим билан келишган эди, бу масалада, Абдураҳим рози булганди. Аммо, кейин назаримда, унинг кетидан одамлар тушган, кетма раҳбарликдан, сен келажакда бизнинг биринчи котибимизми буласан деб. Шундан кейин бу хам тўнини тескари кийиб олган.

    Савол: — Биринчи котиб? Бирликнинг биринчи котибими?..

    Д.Ҳасан: — Йўқ, Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Кенгашининг биринчи котиби, у пайт ҳали президентлик йўқ эди-да… Кенгаш чақирилди, Кенгашга Мирза Кенжабоев Абдураҳимга қарши хат ёзди. Чунки у ҳам Абдураҳим билан уришиб қолганди, сабаби Абдураҳим муомаласи йўқ, қўпол йигит эди-да. Қорачопон қишлоқи, деган Кенжабоевни. Дилором Исҳоқова, Аҳмад Аъзам шу хат ўқилмасин, яхши бўлмайди деган, Кенжабоев: ҳа-энди деб, Дилоромга ўқийсиз деганида, у, ўқимайман, деб туриб олган. Кейин мактуб Тоҳир Каримга берилди ва у ўқиб эшиттирди. Абдураҳимга қарши ёзилган хат унинг фойдасига ишлаб кетди.  Хат ёмон эди-да, энг кизиғи унинг остида бизнинг ҳам номимиз бор экан. Бизнинг бу масаладан хабаримиз ҳам йўқ эди. Зоҳид Ҳақназар чиқиб, бу мактубдан хабари йўқлиги ва унга имзо чекмаганини айтди, кейин мен ҳам чиқдим, мен ҳам мактубдан хабарим йўқлигини айтдим. Ўшандай бўлиб, бўлиниш юзага келди, 1989 йил октябрь ойи эди. 1988 йилнинг ноябрь ойида тузилган ҳаракат, 1989 йилнинг ноябрига ҳам етиб боролмади. Бир йилга етмай бўлиниб кетди. Узбекчилик-да. Бир йил ҳам яшамади. Шу бўлинди, шу бўлинди, икки ёққа…

    Савол: — Сиз сафдошларнинг телевизорга чиқишга Соли даъват қилган экан дедингиз, нима у ҳам митингларга қарши бўлганмикан?

    Д. Ҳасан: — Телевизорга чиқиб ёмонлади-да бирликчиларни, митингчилар булар, митингга чиқиб ўзини кўрсатмоқчи, деб. Ҳамма Солини хойин, сотқин деди, мен ҳам қўшиқ айтдим, “хойинни кўринг, зангори кўзгуда кўринди”, деб. Митингга катта ҳам, бу ҳам қарши бўлган. Митинг қилмаймиз, деган. Абдураҳим қиламиз, деб туриб олган. Биз ҳам қиламиз митинг деганмиз. Шу ердан чиққан ҳамма гап. Кейин Каримовнинг топшириғи билан Абдураҳимни раисликдан олмоқчи бўлди, анави мактуб ўқилди… Шунинг учун Солини хойин дейишди, ҳамма унга ташлановирди, сен буздинг, сен бўлдинг, деб. Шундан сўнг 1990 йилда у Эрк деган ҳаракат тузмоқчи бўлди. Назаримда, ҳаракат булмайдию, партия қилгин, деб кимдир айтди шекилли, кейин партия тузилди.

    Савол: — Мана шу бўлиниш юзага келган пайтга қадар Бирлик рўйхатдан ўтиб бўлганмиди?

    Д. Ҳасан: — Йўқ, Бирлик 1991 йилнинг 11 ноябрида рўйхатдан ўтган.

    Савол: — Ҳали рўйхатдан ўтмай туриб, қурултой ўтказилишига ҳукумат томонидан қаршилик бўлмаганмиди?

    Д. Ҳасан: — Йўқ. Қурултой қилардик, шаҳар ижроия қўмитасидан рухсат сўрардик, рухсат берарди. Ўша бўлинганидан кейин иккинчи қурултой бошланишидан аввал Абдураҳим билан Соли Куръонни ушлаб, Аҳмад Аъзамнинг уйида қасам ичишди, мана эртага қурултой, лекин мен ҳам чиқиб ўзимни ҳимоя қилмайман, сен ҳам, халқ, делегатлар кимни раис қилиб сайласа шуни сайлаймиз, рози бўламиз дейишди. Кейин 11 ноябрь 1989 йилда иккинчи қурултой бўлди, аммо Абдураҳим чиқиб ишни бузди. “Мени Аҳмад Аъзамнинг уйига олиб боришди, вербовка қилишди, ундай дейишди-мундай дейишди, давить қилишди”, деб. Бундай деганидан кейин делегатлар яна Абдураҳим томонга ўтиб, уни қўллаб юборди. Ана шундай лўлилиги бор эди-да. Кейин у ерда уч киши Усмон Азим, Бек Ойбек угли, Шуҳрат Исматуллаев раисдош бўлди. Раисдош булди-ю, лекин барибир ҳамма иш Абдураҳимни қўлида эди. Хуллас ана шундай килиб 1990 йилдан бошлаб митинглар тўхтаган эди.

    Савол: — Сизнинг ўзингиз асос солган ҳаракатдан кетишингизга нима туртки бўлди?

    Д.Ҳасан: Келаси йилнинг апрель ойида икки кунлик курултой бўлди. Шунда мен Абдураҳимнинг олдида бегона одамларни кўра бошладим ва бу менда шубҳа туғдириб қўйди. Унга йўл кўрсатиб, гап ўргатиб бузғунчиликка даъват қиларди, назаримда улар ўша КГБнинг одамлари эди. Мен айтдим, фалончи ва фалончи КГБнинг агенти, агар шуларни ҳайъатга сайласанглар мен хайъат сафидан чиқаман, дедим. Ғавғо кўтарилди, “қаёқдан биласиз агентлигини, у ёқни одами бўлса ҳужжати бўлиши керак”, дейишди. Мен уларнинг ёнида ҳужжати бўлмайди, дедим. Шунга қарамай нодонлар ўша одамларни ҳайъатга сайлади, кейин ўша-ўша қайтиб Бирлик йиғинларига бормай қўйдим. Ундан кейин ҳам қурултойлар бўлди, аммо мен чиқмадим, чақириб келишса ҳам бормадим. 1992 йилда газетада ниҳоят хабар чиқдики, “Дадахон Хасанов аризасига биноан, мажлисларга қатнашмагани учун Бирлик марказий кенгаши аъзолигидан чикарилди”, деган. «Мустакил ҳафталик»ми, деган газета чиқаришарди, Москваданми билмадим, ўшанда ёзиб чиқишган, орадан икки йил утиб.

    Савол: — Шундай қилиб 1986 йилдан буён қалбингизда яшаб келган ғоя, 1990 йилга келиб нобуд бўлди?

    Д. Ҳасан: — Равнақ топмай тугади. Шунга айтаманки, демак мен адашган эканман, Озодлик масаласи ҳали пишиб етилмаган экан. Аммо орадан ўтган мана шу 20 йил бизга катта сабоқ бўлди. Кимнинг кимлигини билдик. Ким миллиятчи, ким демократ, ким диндор, ким ҳақиқий Ватаним, халқим деб курашадию, ким мансаб, амал ёки моддий, шахсий манфаат учун майдонга тушиб карнай чалаётганини, ажратиб олдик. Яна шу тўхтамга келдимки, менинг дидимдаги, менинг фабула дейдими колипимга тушадиган бирорта ҳам курашчини топмадим. Масалан, биттасининг, мана гап сўзи яхши, виждони пок, муомаласи яхши десам битта жойи тўғри келмай қолади. У ё диндор бўлиб чиқади, ё юз фойиз демократ бўлиб чиқади. Миллиятчилик йўқ, ўзбекчилик йўқ, Ватан, Миллат демайди. Ахир Ватан, Миллат демаган одам, қандай мухолифатчи бўладию, қанақасига халққа хизмат қилади? Фақат қорнига хизмат қилади, ҳозиргилари каби. Диндор бўлса динга хизмат қилади, Қуръонга хизмат қилади, диндорда миллиятчилик ҳам йўқ, демократия ҳам. Демократ, ҳамма нарса очиқ-сочиқ бўлсин, дейди, бу ерда на миллат бор, на миллий қадрият, урф-одат. Кейин кўпи мутлақо саводсиз… савияси жуда ҳам тубан. Китоб ўқимаган, тарихини ҳам билмайди, келиб чиқишини ҳам…

    Савол: — Мана шу 20 йил сабоқ бўлди, дедингиз, Дадахон ака, агар ҳозир, тарих чархпалаги ортга қайтиб, ўша 11 ноябрь 1988 йилга, мана шу хонадонга қайтганингизда, ўша калбингизда яшаган ғояни барибир қилармидингиз, агар ҳа десангиз ким билан қилардингиз?

    Д. Ҳасан: — Ўша кимларни таклиф қилишда ҳам мен адашган эканман. Энди, чертиб кўриб, ҳақиқий миллиятчи, ватанпарварларнигина таклиф қилардим…

    Савол: — Бормиди ўзи шундайлар?

    Д. Ҳасан: — Энди ҳозир, бўлиши керак. 20 йил катта имтиҳон бўлди, катта синовлардан ўтди, қийинчилик, иқтисодий қийинчилик, мана бу зулум уларни тоблади, баъзиларни етиштирди. Одамни қанча урсанг, шунча худайчи бўлар, дейдию, одамни урсангиз дод дейди, урмасангиз демайди. Хамирни ҳам қанча эзсангиз шунча чиройли нон бўлиб чиқади-да. Ана шу 20 йил кўпларни тоблади, чиниқтирди. Ўша пайтларда, ишларимиз ғоятда палапартиш бўлган эди. Бирлик чиқипти, шунга аъзо бўлволиб, фалончида пулим бор, дўқ қилиб пулимни олволай, маҳаллада обрўси бўлмаса, Бирликка кириб обрўли бўлволаман, келажакда катта одам бўламан, деб келаверишган. Моддий ва шахсий манфаат эгалари ҳам кўп эди.

    Савол: — Сизнинг ғоянгиздаги каби бўлолмаган мухолифат халқни ҳам эргаштира олмади, ўзаро низога берилиб кетди, у ҳозир ҳам давом этаяпти, агар ўша, сиз айтаётган тобланганлар билан ҳаракат барпо қилинса халқ эргашармиди?

    Д. Ҳасан: — Асосий масалага энди келдингиз. Халқ ҳеч нарсага тайёр эмас. Халқни уйғотиш керак, халқни тарбиялаш керак. Мен энди ишни шундан бошлардим. Халқни уйғотишимиз керак. Биз ўйлардикки, биз тайёрмиз, халқ ҳам тайёр деб. Халқ билан ҳисоблашмаган эканмиз, халқнинг даражасини ўлчамаган эканмиз. Шу билиниб қолди. Ҳа, энди, Бирлик бўлганда одамлар кирди, аммо у пайт ўзи шундай эди, демократия пайти эди, ошкоралик, қайта қуриш эди. келаверарди ҳамма. Аммо мустақил бўлиб, диктатура боис, ҳамма қўрқиб қолди. Демократия замонида салгина кўзи очила бошлаган халқнинг кўзи яна юмилди. Совет империяси аввал қўрқитган эди, бугунги ҳокимият эса халқни қамади, азоб берди, турли жабру жафоларга мубтало этди. Ҳозир ким билан гаплашма, илгари қамайди дерди, ҳозир отади дейди. Энди бугунги халқни аввал қўрқувдан озод қилиш керак. Дастлабки иш шу бўлиши керак. Халқ мухолифатга эргашмаса бу юртда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Агар бордию халқнинг теппасига яхши президент келиб, матбуотда, тижоратда, сиёсатда, ижтимоиятда ҳатто иқтисодда демократия жорий этилса, халқ уйғонади, дунёни танийди, Ватанни севади, ҳақиқий озод фуқарога айланади.

    Савол: — Демак, энди умид яхши президент келишида эканда?

    Д. Ҳасан: — Халқимизнинг даражаси шу бўлса, яхши президент ҳам ўз- ўзидан келиб қолмайди. Унинг учун ҳам курашмоқ керак. Энди яхши президент келишини фақат таҳмин қилишимиз мумкин, халқ орасидан ҳам, мухолифат орасидан ҳам президент чиқмайди, сайловларни эса кўрдингиз. Ёки бирор бир тасодиф воқеа бўлсагина, бу юртга яхши президент келиши мумкин. Ҳозирги президентдан эса ҳали бери қутилиб бўлмайди. У кишидан кейин қизлари турипти, қизларининг иккита ўғли бор, улар турипти. Бу династиядан 100 йил нари-берида қутилмаймиз. Демак, оғир бўлайлик (кулади).

    Савол: — Дадахон ака, мана шу ўтган 20 йил ичида янги авлод юзага келди, бу авлод айнан мавжуд тузумнинг тарбиясини олди, ота-онаси қўрқув билан яшади ва дунёга келган авлод буни ўзи учун хислат дея қабул қилди. Дейлик, бу авлод қандайдир ғояни ўзида кўтара оладиган, сиз умид қилаётган ғояларга эргаша оладиган авлод бўлишига ишонасизми?

    Д. Ҳасан: — Йўқ, ишонмайман. Чунки қулдан қул туғилади. Фарзандлар эркин бўлиши учун, аввало ота-она қулликдан озод бўлмоғи лозим. Шундагина паҳлавон, мард ўғлонлар туғилади. Энди, масаланинг иккинчи томони бор, бола чақалоқлигидан бошлаб, боғчасида ҳам, мактабида ҳам, колледж ва лицейларда ҳам Каримовнинг ғоялари, китоблари ўқитилади, ўргатилади. Ўқитувчилар, тарбиячилар ҳам бугунги сиёсат одамлари. Шундай бўлганидан кейин булардан нимани кутасиз, ҳеч нарсани кутиб бўлмайди.

    Савол: — Ўша кун, сиз учун умидлар узилган кунми, умид бир йил бўлса-да яшаган кунми ёки унутиш керак бўлган кун?

    Д. Ҳасан: — Умид-ку узилмайди. Албатта, бошланиш дебочаси куни бўлиб қолади у кун. Охири нима бўлади, фақат худо билади. Саломат бўлсак, то дунёдан ўтгунча кўрамиз, нима бўлади.

    Савол: — Ва ниҳоят, ўша кун, энг аввалида бирга бўлганлар, бири майли парчаланиш натижасида Бирлик тараф бўлди, бошқаси Эрк тараф, нима бўлганда ҳам, улар мухолифат дарғалари сифатида қолишга ҳақлими ёки ҳаммасини барбод қилгани учун айбига иқрор бўлиб четга чиқишлари керакми?

    Д. Ҳасан: — Улар жиноятчи. Нафақат айбдор, гуноҳкор, улар жиноятчи. Ватан хойини, жиноятчи. Уларни суд қилиш керак. Ватанни шу аҳволга ташлаб кетдими, у ёқдан туриб Ватан, Халқим дейишга маънавий ҳаққи йўқ уларнинг. Улар Ватандан узилганлар. Ўзбекман дейишга ҳам ҳаққи йўқ. Улар ширин ҳаёт излаб кетишди. Доллар йиғиш учун кетишди. Агар мухолиф ҳаракатни ўша ёқда давом эттирамиз, бу ерда бўлмади дейишганида, қани эди, бирлашмаяптию, аҳил булмаяптию. Бири бирининг қонини ичиб ётибди. Демак улар, мухолифатчи, ватанпарвар бўлиб туғилмаган. Фидойи мухолифатчи, бўлиб туғилади. Онадан туғилади, худойим беради. Ҳақиқий тозалари бўлса, улар билан ишлаш мумкин, аммо мен ундайларни кўрмаябманда…

    Дадахон Ҳасан 1941 йилнинг 11 ноябрида Туркистоннинг Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. 1966 йили ТошДУ (ҳозирги Миллий университет)нинг журналистика факультетини битирди ва Мақсуд Қориевнинг таклифи билан “Совет Ўзбекистони” газетасида иш бошлади. Газетадаги фаолияти атиги бир ярим йил давом, бунга Эътибор Охунова билан муроса килаолмагани сабаб бўлди ва Дадахон Ҳасан ишдан кетишга мажбур бўлди.

    Ўша йили ЎзТВ қошидаги “Узбектелефильм” студиясига редактор сифатида ишга кирди. У ерда бир-икки йил ишлаганидан сўнг филармонияга таклиф килишди, зеро бу вақтга келиб қўшиқчилиги анча авж олганди. “Аслида талабалик пайтимдаёқ, шоир ва ёзувчилар билан учрашувларда қўшиқ басталашга киришган эдим, айнан ўшанда Рауф Парфий биринчи бўлиб менинг қўлимга Чўлпоннинг шеърларини тутқазган эди ва мен унинг 23-та шеърини ҳамда Яссавий ҳазратларининг ҳикматларини қўшиқ қилиб куйлаганман”, дея хотирлайди Д.Хасан.

    Унинг таъқиб ва тазйиқларга тўла сиёсий фаолияти ҳам, маълум бўлишича, айнан ўша талабалик давридан бошланган. 1961 йили Д.Хасан илк бор, Миллий озодлик ҳаракатининг асосий ташкилотчиларидан бири ифатида совет Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) томонидан уч кеча-кундузга қамаб қўйилган, калтакланган ҳамда пешонасига тўппонча ўқталиб қўрқитилган. Бу воқеаларни унинг ўзи мана бундай хотирлайди.

    “Талабалик йилларимнинг аввалида, яъни 1961 йилнинг декабрь ойларида,  факультетда «Ҳамзачилар» уюшмасини туздик. Ижодий уюшма. Уюшма ўша вақтда матбуотда чиқиши мумкин бўлмаган шеърлар, мақолалар ва адабиётларни муҳокама қиларди, машғулотлар ўтказарди. Аслида ўша уюшмага аъзолик пайтидаёк Миллий озодлик фикри пайдо бўлган ва бу интилишлар баъзан «Ҳамзачи» деган деворий газетамизда ҳам акс этарди. Олти ойгина умр кўришга улгурган уюшма, КГБ томонидан тўхтатилган. Мен эса уч кун давомида қамоқда сақланганман. Сўнгра бир татар йигит, пешонамга тўппончасини кадаб, «агар ҳамзачиларга қатнашсанг отиб ташлайман» деб пўписа қилган ва уйимга олиб келиб ташлашган”.

    1973 йили ижтимоий-сиёсий ҳамда диний маърифий қўшиқлар айтгани учун бир йил давомида Тошкент шаҳар Собир Раҳимов прокуратурасида сўроқ қилинган ва бир ҳафта давомида қамоқда сақланган. “Эски шаҳарда менинг қўшиқларим ёзилган кассеталар савдо қилинарди, унда Махтумқули, Яссавий, Чўлпон шеърлари, Рауф Парфий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов шеърларига басталанган қўшиқлар бор эди. Шароф Рашидов ҳар йилги бўладиган пахтакорлар қурултойида, санъаткорлар диний қўшиқлар айтиб, одамларнинг онгини заҳарлаб юрганмиш, прокуратура қаёққа қараяпти, дегани сабабли сўроқ қилиниб, қамаб қўйилганман. Кейинроқ, назаримда Рашидов, ҳа майли ёш йигит экан, қамаманглар деган”.

    1976 йили, Свердлов номидаги концерт залида Ватан, Туркистон, Амир Темур ҳақида айтган қўшиқлари боисТошкент шаҳар Ленин район ички ишларбўлимига олиб кетилиб, унга 15 кеча-кундузлик қамоқ жазоси берилган. “Ислом Саттаров деган генерал буларди, шаҳар бошқармасининг бошлиғи, ўша мени ёнига чиқариб, «туппа-тузук йигит экансиз, нима қиласиз, Туркистон, Амир Темур, деб қўшиқ айтиб, 30 рубль жарима олингларда қўйиб юборинглар, уйига кетаверсин» деган. Ташқарига чиққанимда эса ҳатто ўша 30 сўмни ҳам олмай, кетаверинг дейишган, уйимга кетганман. У пайитнинг миршаблари одамийроқ эди”.

    1989-йили Фарғона фожеаларининг асосий сабабчиси деб топилиб, унга Фарғона вилояти прокуратурса томонидан жиноий иш очилиб, сўроқ қилинган. Бунга унинг «қўзғалинг эй, аҳли мўмин, ёвга қарши қўзғалинг» деб қўшиқ айтгани сабаббўлган. Ёзувчилар уюшмасидан йўлланма олиб Латвиянинг Пицунда деган жойидаги ёзувчилар дамолиш уйида бўлган пайтида маҳаллий КГБ ходимлари олиб кетган ва Ригада бир ҳафта давомида сўроқ қилган. Ошкоралик, демократия, қайта қуриш сиёсати шарофати билан қамалмай қолган, Фарғонада очилган жиноий иш «қўшиқларингизда жиноят аломатлари йўқлиги учун», деган важ билан тўхтатилган.

    1993 йили августда Тошкентда шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўз уйидан олиб кетилиб, Жаззахнинг Фориж туман милициясигақарашли қамоқхонага қамаб қўйилади. Уни ҳар турли дўқ-пўписалар билан қўрқитиб (эътибор қилинг, бу мустақилликдан кейинги миршаблар кўриниши), бир ҳафтадан сўнг Олтиариққа ташлаб кетишади. Бу чоралар, Д.Хасаннинг фикрича, уни “Эрк” партиясининг навбатдаги қурултойига қатнаштирмаслик учун кўрилган. 1994 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ИИВ ертўласига  қамаб қўйилиб, 45 кун сурункасига сўроқ қилинган, калтакланган, руҳий таъсир ўтказилган, сўнгра 4 йил муддатга уй қамоғида ўтириш, “қўзғалинг” қўшиғини қайта айтмаслик шарти билан қўйиб юборилади.

    Ва ниҳоят 2006 йили Ўзбекистон МХХ-ти Марказий аппаратига чақирилиб, сўроққа тутилди, Андижон тўғрисидаги туркум қўшиқлари учун жиноий иш очилиб, Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича судининг ҳукми билан 3 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Орада эълон қилинган икки амнистия ҳам унга таъсир қилмади ва у ҳамон шарли жазони ўтаб келмоқда.

    http://vof.kg/uz/&

    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz