Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 19.34.48
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 13 » Бугуннинг гаплари
    16.45.29
    Бугуннинг гаплари
    Ғафур Йўлдошев

    Ислом Каримов тушингизга кирса нима қилардингиз?

    Тушимга Ислом Каримов кирибди. Уни фақат телевизорда, газета ҳамда интернетдаги суратлардагина кўрганман холос, яқиндан ҳеч қачон кўрмаганман. Худойимдан сўрайман, бундан кейин ҳам Ислом Каримов билан илойим учраштирмасин. Иложи бўлса тушимда ҳам у билан учрашишни истамасдим, бироқ туш бизнинг ихтиёримизда эмас. Хуллас, тушимда Ислом Каримов билан бир хонада, якка - ёлғизмиз. У нималарнидир тинмай гапиряпти. Мен эса бирдан сергакландим ва атрофда ҳеч ким йўқлигидан тезроқ фойдаланишим керак деган хаёл лоп этиб келди.

    Ён-веримга қарадим. Телефонлар, кулдон, стуллар… уриб ё санчиб одам ўлдирадиган тузукроқ нарса кўзга илинмади. Шунда, беихтиёр қайсидир фильмдаги тасвирни эсладим ва Ислом Каримовнинг бўйинидаги йўғон қон томирини тишлаб, узиб юборишим керак, бор кучим билан қаттиқ тишласам у типирчилаб жон таслим қилади деб ўйладим. Вена томирини мўлжаллаб, энди ирғимоқчи бўлаётганимда бирданига атроф ғала-ғовурга тўлди ва қаердандир лўли хотинлар пайдо бўлди. Лўлилар мени енгимдан тортиб, елкаларимдан итаришни бошлаб жанжал чиқаришга уринишаркан семиз Рустам Иноятов билан яна бир гуруҳ Каримовнинг ҳамтовоқ жиноятдошлари кўринди. Улар “бопладикми!” – деб тиржайишди. Шу жойда чўчиб уйғониб кетдим.

    Аслида умрим бино бўлиб, одам ўлдириш тугул чумчуқ ёки товуқ ҳам сўймаганман. Мабода бирор танишимиз парранда сўяётганида иштирок этган бўлсам ҳам доим четга қараб турардим. Шунинг учун тушимда одамни жонига қасд қилаётганим аввалига ғалатироқ туюлди. Тушнинг таъбирини яхшиликка бўлишини худойимдан сўрадим. Айни дамда ўзимни инсофга чорлашимга қарши ўзлигимда ғайриихтиёрий бир сезги уйғонди. Ич-ичимдан сездимки, нафақат тушимда, балки ўнгимда бўлганида ҳам Ислом Каримовни ўлдиришига ҳаракат қилардим.

    Бунинг сабаблари:

    Аввало, Андижонда онам касал ётганида ва 2006 йили оламдан ўтганида уйга бора олмадим. 2005 йил ИИВ вазири Баходир Матлюбовнинг “Озодлик” радиоси президентига ёзишича, мен – Турғунбек тахаллуси билан радиога материал тайёрлаган Ғафур Йўлдошев, Андижон воқеалари пайтида, вилоят театри ва кино-театри биноларини милиционерлар ёқди деб ёлғон информация тарқатган эмишман. Аслида материалда одамларнинг овозлари бор ва у ҳозир ҳам архивда турибди. Шу хат оқибати ва яна бошқа сабаблар борлиги учун радио раҳбарияти мени хавфсизлигим борасидан Андижонга боришимга рухсат беришмади. Лекин шундай бўлса ҳам борардим, аммо онамнинг касали жиддий эканини қариндошлар ўшанда айтишмаганди. Қолаверса, онам раҳматли ҳам умрининг охирги кунлари: “ўғлимга узилганимни бирор ойдан кейин айтинглар, тағин келиб юрмасин, кўнглим сезаяпти қамаб қўйишади,” – деган экан. Мен буларнинг ҳаммасига Ислом Каримовни айбдор деб биламан. Боиси Ислом Каримовнинг одамлари фақат у чизган чизиқдан юришади ва унинг гапига, кўрсатмасига асосан биз журналистларни жиноятчига чиқаришган, бизни Ватанимиздан қувғин қилишди.

    Иккинчи сабаб эса: Андижонда ўқ отар қуроллардан одамларни оттиришга буйруқ бергани учун Ислом Каримовни айбдор санайман. Гарчи Бобур майдонида, Чўлпон кўчаларида менинг яқинларимдан, қондошларимдан бирови отилмаган эса-да.

    Учинчиси: Ислом Каримов Ўзбекистон халқига муттасил ёмонлик келтирди ва келтирмоқда. Айни қахратон қишда одамлар қоқ бетонли уйларда газсиз, электрсиз ўтиришибди. Ислом Каримов эса заҳирадаги газни эмас, аҳолига тақсимланаётган газни чет элларга сотиб, бойлик орттирмоқда. Оддий нонга пули йўқ оилаларни; ойлаб гўшт емаётганларни; мардикорликда хор-зор бўлаётганларини; суд залларида инсоний қиммати бир чақага арзимай умри хазон кетаётганларнинг қанча-қанчасини мухбирлик касби боис одамлар орасида юриб, кўриб юрагим эзилган. Нонга тўймаётган гўдаклар; бетон уйда қиш кунлари силга чалинаётган одамлар; ноҳақдан қамалиб, хўрланаётганлар ҳаққи-ҳурмати мен Ислом Каримовни айбдор санайман!

    Ҳозир қамоқда жабрланаётган ўзим шахсан таниган инсонлар Мамадали ака Маҳмудов, Юсуф Жума, Исроилжон ака Холдоров, Аъзамжон ака Турғунов, Солижон Абдураҳмонов, Андижон бозорида мусиқа магнит ленталарини сотиб, оиласини тебратувчи Абдулҳамид акалар …ҳўҳ-ҳўв! Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин! Шу ноҳақдан қамалган инсонларнинг хуни учун ҳам мавриди бўлганида мен Ислом Каримовнинг кекирдагини тишим билан узиб юборардим!

    Бу гапларни ёзаяпман-у, одамга доимий алам қиладиган бир ҳолат дилимни ўртаб, ғашимга тегаяпти. Агар оддий одамлар президентликни ўзлаштириб олган маддоҳ-аферистдан тўйдик, уни ўлдириш керак дейишса, ўша Евросоюзи ҳам, Америкаси ҳам оддий инсонларни террористга чиқаришади. Ислом Каримов ўзининг аскарларини тиш-тирноғигача қуроллантириб, тинч аҳолини отса – ғарбдагилар уни жаллодга чиқармайди, маданийчасига юмшоқроқ қилиб диктатор деб аташади ва “мулоқот йўлини излаяпмиз”дан нарёғига ўта олмайди.

    Бу гапларни ёзаяпман-у, фикрларим бир томонлама эмасми деган ҳадикли ўй гоҳида узоқдаги шуъла мисол ялт этиб қўяди. Ёдимда бор, 2005 йили “Озодлик” радиосининг “Қурултой” эшиттиришида Жаҳонгир Муҳаммад Ислом Каримов ҳақида нимадир деганида Исмат Хушев, “Ислом ака ҳақида унчалик кескин гапирмаслик керак, Ислом акани ҳам яхши ишлари бор,” деган эди. Шунда Жаҳонгир Муҳаммад, келинг, ўша яхши ишларини сананг, унинг ортида нима борлигини мен сизга ҳозироқ айтиб бераман деганини эслайман. Ўшанда Исмат Хушев “Ислом ака”сининг хайрли ишларидан лоақал биронтасини санаб беролмаганди.

    Шу ўринда масалани дангал қўядиган бўлсак: бугунги кунда Ислом Каримовни ёқтирганлар ва ёқтирмаганлар неча фоизни ташкил этади? Ўзбекистонликларнинг ва чет элда яшаётган миллатдошларимизнинг неча фоизи лоақал тушида бўлса-да Ислом Каримовни ўлдиришга тайёр?

    Ўрни келди, яна бир гапни айтай, фақат ўзимга душман орттирмаслик мақсадида мисол келтирмоқчи бўлганим – шахснинг исми-шарифини маъзур тутасиз сир сақласам. Тасаввур учун изоҳ: ўша шахс ҳозир чет элда, биз каби қувғинда яшайди. Бир пайтлар Ислом Каримов гуруҳида анчайин йирик ишларда ишлаган, давру-даврон сурган ва кейинчалик қамалиб, охир-оқибат шу Америка қитъасидан бошпана топган. Ўтган йили, янги йил арафасида бир танишимиз қўнғироқ қилиб, сизни зўр одам билан гаплаштириб қўяман деб қолди ва бироздан кейин телефон дастагидан таниш овоз – ўша, мен исмини сир тутаётган шахснинг овози эшитилди. Сўрашдик. Шу кўйи ё ўн беш минут ёки ярим соат гаплашдик. Асосий вақтнинг 95 фоизида у гапирди. Қочқинликка келиб жуда ёмон кунларни кўрганини, ҳатто бир сафар баланд бино қурилишида ишлаётганида тепадан қулаб кетишига сал қолганини йиғламсираб айтиб берди. Мен бу гаплардан ўзимча хулоса чиқариб, демак, бу Ислом Каримовни жуда ёмон кўрса керак? Ахир катта лавозимларда ишлаган жойидан маҳрум қилиб, қаматди, эндиликда бола-чақаси билан ватандан узоқда юрибди, бунга асосан Ислом Каримов сабабчи-ку, – деган хаёлга бордим. Лекин хато ўйлаган эканман, кунларнинг бирида яқин танишларимиздан бири: “…ўша шахсга Ўзбекистон СНБси пул берган экан, оиласи Ўзбекистонга бориб келибди, менга буни ўзи айтди,”– деди. Мен бунга ишонмадим. Лекин кейинроқ бошқа иккинчи танишимиз ҳам айнан юқоридаги гапни такрорлади. Наҳотки шу рост бўлса, деб ўйланиб юрганимда, биринчи ва иккинчи одамларни мутлақо танимайдиган учинчи киши: “…у шахс менга Ўзбекистон билан алоқани тиклаб олдим деяпти,” – деди. Ниҳоят тўртинчи одам – Торонто шаҳридан самолётда 5-6 соат олисда жойлашган Ванкуверда яшайдиган яна бир танишимиз ҳам ўша шахс ҳақида гапириб, “…бизнинг Ванкуверга келиб, бир-иккита йигитлар билан учрашиб, отани(Ислом Каримовни) ёмонламанглар, яқинда ҳаммамиз қайтамиз, яхши жойлардан иш беради, деб кетибди,” – деди. Қисқаси тўрт кишидан, уларнинг орасида мени алдамаслигига ишонган кишилардан ўша шахс ҳақида деярли бир хил мазмундаги гапларни эшитдим. Шу тахлит, мен бу шахснинг ўз қадрига бўлган ўзлигини тушунмадим. Ислом Каримов билан унинг жинояткор гуруҳи бошига ит кунларини солган бўлса-ю, энди у бир имо билан “Ислом ака” дея жаллоднинг этагини ўпишга тайёр турса?! Қолаверса, яна бошқа манбаларнинг айтишига қараганда, ўша шахс кетини кўрсатиб мақтанган ҳам экан, “каттанинг тепкисини еганмиз, орқамизни табаррук қилиб қўйган,” деб.

    Эҳтимол, шундай инсонлар орамизда борлиги учун Ислом Каримов даврини суриб юргандир?! Эҳтимол, Ислом Каримовни лоақал тушимда кўрганимда ҳам кекирдагини тишлаб узардим дегувчи миллатдошлар орамизда камлиги боис биз бугун шундай кунларга қолгандирмиз?!

    Ўз вақтида Ислом Каримов машҳур шоир-ёзувчилардан тортиб эл севган хонандалар-у, дин пешволаригача – хуллас кўпчиликни ёнида олиб юриб, аҳоли орасида ўзига обрў орттиришга ҳаракат қилди ва кейинчалик ишлатиб бўлинган латта каби ахлатга ташлаб юборди. Ҳа, айнан!

    Даҳшатли мисоллардан яна бирини келтирсам, эл севган машҳур қўшиқчини Ислом Каримов ўзига яқинлаштирди, ҳаж сафарларига олиб борди ва …охир-оқибат, (мен ишончли манбадан эшитганим) тан соқчиларига айтиб машҳур қўшиқчини қўлини қайриттириб кетига тепганича саройдан қувғин қилди. Лекин минг афсуски, машҳур қўшиқчи шундайин шармандаликдан кейин ҳам Ислом Каримовга ён босди: Андижон қирғинбаротида ёмғирдай ёғилган ўқлардан жони омон қолганлар Қирғизистонга қочиб ўтганида, ўша – Ислом Каримов кетига тепган машҳур қўшиқчи қочқинларни ортга қайтариш учун Қорасувга борганини “Фарғона.ру” интернет сайтида ўқидим. Демак, кетига тепилган бундай машҳурлар Ислом Каримов тушига кирса мени яна саройга қайтаринг дея пойига тиз чўкиб ялинса керак-да?! Менимча, халқ тақдири улар учун ўзининг икки тангага арзимайдиган ўзлигидан қиммат эмас!

    Хўп, бугунги кунда Ислом Каримов хизматини бажараётганлар ва бажаришга тайёрлар-у, аксинча ёқтирмаганлар неча фоизни ташкил этади? Лоақал тушида бўлса-да, жаллоднинг вена томирини тиши билан узишга тайёрлар кўпчиликми?

    Шу ерда мавзунинг охирати кўрингандай туюлди ва ёзганларимизга сўнгги нуқтани қўймасдан бир-икки танишларга кўрсатдим. Аввало танишлардан икки киши вампирлар, яъни одам қонини ичувчиларни эслаганини ёзишибди. Бироқ мен бу ўринда бутунлай бошқа бир фильмдаги қасд олувчи одамнинг ҳолати борасида гапирган эдим. Европада яшаётган дўстимиз эса, “Мен Каримовни халқ Суд қилиши лозим деб ҳисоблайман. Худди Саддамдай, худди Милошевичдай…” деди. Америкада яшаётган дўстимиз: “Мен Каримовни ашаддий душманиман, лекин, биласизми, Каримовни шундоқ ҳам умри тугаб бораяпти. Озроқ чиданг, жуда оз қолди. Бу мақолани шу тарзда эълон килсангиз ҳар ким ҳар хил қабул қилади. Ҳеч бўлмаса тушни ўзгартиринг…“ дея маслаҳатлар ёзди. Учинчи танишимиз эса, “Ҳаммаси зўр! Мақоланинг остига Каримовни ўлдиришга биринчи турганлардан дея менинг ҳам имзоимни қўйиб қўйсангиз,” деб илтимос қилди. Хуллас билдимки Ислом Каримов сиёсатидан жабрланганларнинг учтасидан биттаси ғаддорга қасддор. Аксинча кимлардир худойимдан Ислом Каримовнинг ўлимини тилаш билан кифояланмоқда. Гарчи уларнинг яқинларидан бирови қамоқхонада итдан баттар кун кўриб, нафақат ўтаётган кунларни, балки секундларни-да ғанимат билиб ётган бўлса ҳам. Бошқа бировлар эса ўзингизга душман орттириб нима қиласиз, шу мақоладан кечиб қўяверинг дейди.

    Мавзудаги охирги гапим: юрагимда борини айтдим. “Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич,” деганларидай, Ислом Каримов каби мен одам ўлдирганим ёки ўлдиришга буйруқ берганим йўқ. Қўлимга қурол беришган тақдирда ҳам чолларни, кампирларни, ҳомиладор аёлларни-ю, болаларни отолмайман! Гарчи улар Ислом Каримовнинг уруғ-аймоғи бўлган тақдирда ҳам! Лекин бу деганим Ислом Каримовга қарши қурол кўтаришни истамайман деганим эмас!

    Канада.
    Манба: “Муносабат”.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz