Ризобек Воскресенье, 2024-05-05, 17.48.28
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Ноябрь » 19 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    10.25.56
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир Муҳаммад

    АСАССИН
    Тарихий-Замонавий Роман
    ТЎРТИНЧИ БОБ

    Таниқли адиб ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммаднинг адабий-бадиий хазинасидаги асарлари  дурдоналари билан танишар экансиз ҳар гал ҳаёт атоқли дунёнинг янги ва янги қирраларини илғай бошлайсиз.Унинг назмдаги  зукколиги-ю сўзлар дурдонасини маржонларга териши, насрда эса ўзига хос ўз йўлидаги буюк ижодкор эканига  гувоҳ бўласиз.

    Келинг, яхшиси ўзингиз унинг "АССАСИН" асари билан танишингда ва биз айтишга уринган фикрларга ишонч ҳосил қилинг.

    Жаҳонгир Муҳаммаднинг ижод намунасидан яна бир маржонни ҳукмингизга  ҳавола этар эканмиз ,  адабиёт сарчашмасидан яна бир бор қониқиш ҳосил этишингизга тилакдош бўлиб қоламиз.

    Таҳририят.

    ТЎРТИНЧИ БОБ

    20 АСРНИНГ ОХИРИ

    Ҳамидхон Қорабой акани кўндирганидан мамнун эди. Энди Отабекни ҳам синдирсам “иш битди” деб ўйлаётган эди. Зотан эртага эрталабки рейсда Тошкентга учиши керак, уни Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг ўзи чақирган. Қайнотасининг айтиши бўйича Президент билан ҳам учрашиб қолиши мумкин. Шу боис кўнглида қилаётган ишидан ифтихор туяётган эди.
    Ҳамидхон жуда камбағал оилада туғилди. Улар уч ака-ука эдилар. У ўртанча ўғил эди. Акаси ва укаси новча, кучли, аммо у семиз ва заиф эди. Отаси худди хўроз уриштирган каби уларни доим курашга туширарди. У акасидан ҳам, укасидан жуда осон енгилар эди. Улар уни гурсиллатиб йиқитиб, устига миниб олишар ва “бир қоп қум, гум-гум-гум!” деб мазах қилишар эди. У ҳар қанча кураш тушишдан қочса ҳам, отаси барибир уни чақирар ва йиқилганда унинг устидан куларди. Кейин;
    -Сан ҳеч одам бўлмайсан, акангга қара, ёки укангдан ўргансанг ўласанми?-дерди.
    У отасини ёмон кўрарди. Шунинг учун онасининг пинжига тиқиларди. Мактабда ҳам дарслари яхши эмас эди. У семиз ва лўппи бўлгани, юзлари худди қизларникидек тиниқ ва силлиқ бўлгани учун болалар уни бурчакка тортиб ўпишар, “Ҳамида, Ҳамида…” деб мазах қилишар эди. Бунинг устига исмига қўшилган “хон” қўшимчаси ҳам болаларга қўл келар ва улар “Хон, битта ўпич бермайсанми?” деб унинг устидан кулишар эди. Мактабда у ўзи билмаган ҳолда қизларга яқин юрадиган бўлиб қолди. Уйда эса онасининг ёнидан силжимас эди. Бир куни отаси ва онасининг жанжалини эшитиб қолди:
    -Сан бу хунасани бунча ўзингга яқинлаштирма! Борган сари қиз бола бўлиб кетмоқда,-деди отаси.
    -Унақа деманг, нима, боламни кўкрагидан итараманми?-эътироз билдирди онаси.
    -Сан калласини еган аёлга мен нима деяпман? Бу болани келажагини ўйлайсанми, йўқми? Мен уни курашга ўргатиб одам қилмоқчиман. Ана мактабда ҳам ўқишлари расво эмиш. Ҳамма уни “хунаса” деб чақирадиган бўпти…
    -Сиз шундай дегандан кейин, улар нима қилишсин…
    -Чанангни ёпасанми йўқми? Ҳозир бир тепаман, ҳам мандан ейсан, ҳам девордан… Агар бундан кейин унинг ёнингга тиқилганини кўрсам ўпкангни узиб оламан!
    -Нима, мени боламдан айирмоқчимисиз?-онаси гарчи отасининг авзойини билиб турган бўлса ҳам тилини тиёлмади.
    Отаси онасини дўппослай кетди. Ҳамидхон чинқирганча келиб, онасига ёпишган эди, отаси унга муштини ўхтади. Отасининг муштидан сақлаш учун онаси уни зарб билан бир томонга итариб юборди.
    Ҳамидхоннинг онасидан ҳам кўнгли қолди. Шундан кейин мактабдан келиши билан ҳовлининг тўридаги дарахтлар тагига бориб ўтирадиган бўлди. Ташқарига чиқса болалар, уйга кирса отаси, ака-укаси, онаси… Хуллас, у ичидан гуриллаб чиқаётган нафрат гирдобида қолди. Кундан кунга ана шу нафрат гирдоби уни ютиб кетаверди.
    Мактабни бир амаллаб битирди, ҳеч қаерга ўқишга кира олмади. Бир куни отаси уни ёнига чақирди:
    -Сани уйлантириб қўймоқчимиз, яхши жойдан қиз топдик, отаси ижроқўмнинг раиси, бахтинг бор экан, ўзлари сани ўқитиб, ўзлари ишга жойлаб қўймоқчи. Расулбек аканинг қизи, танисанг керак, сендан бир йил олдин макатбни битирган…
    Ҳамидхон ҳеч нарса дея олмади. Аммо Нозимани билади. Мактабда овозаси чиққан қиз эди. Ўғил болалар уни доим ўртага олиб, эзишгани эзишган эди. Бир марта уни мактабнинг омборхонасида бир бола билан ушлаб ҳам олишганди…
    Ҳамидхон отасидан жуда қўрқарди, қаршилик қила олмади. Онасининг ёнига борганди у ҳам “Шу қизга уйланасан, бунақа оиладан қиз олиш ҳар кимга насиб бўлмайди” деди.
    Тўйдан кейин у уйига қайтмади. Чунки ичкуёв бўлганди. Бир томондан оиласидан қутулганига хурсанд эди. Иккинчи томондан қайнотаси уни дарҳол Тошкентга, Юридик факултетга сиртдан ўқишга жойлаб қўйди ва шаҳар прокуратурасида терговчига ёрдамчи қилиб ишга жойлади. Унинг вужуди нафратга тўлгани, кўнгли қора булутлар билан қоплангани иш берди. Бунинг устига қўлига тушган одамлар акаси ёки укаси, синфдошлари каби қаршилик қилмасди. Истаса сўкади, истаса уради, истаса таҳқирлайди. Бу ишидан ҳузур қиларди. Тағин терговчи ҳам, прокурор ҳам унинг айтганини бажаришарди. У бирор нарсани қандай ёзиш керак деб сўраса бас, уларнинг ўзлари дарҳол ёзиб беришарди. Уни ҳар куни биргаликда ресторанларга, зиёфатларга олиб боришарди. Университетга керакли ёзув-чизувларни ҳам улар бажариб, ҳатто биргасига Тошкентга бориб келишарди. Шу баҳонада прокурор унинг қайнотаси билан ака-укадек бўлиб қолганди. Туман прокурори учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари билан яқин бўлиш катта гап эдида. Қолаверса, ҳуқуқ тартибот соҳасини у назорат қиларди. Бу ишга ўтгандан бери ҳам барибир одамлар уни олдинги вазифаси билан атаб “ижроқўм раиси” дейишарди. Унинг бор-йўғи битта фарзанди бўлгани учун ҳам Ҳамидхонни ичкуёв қилиб олганди. Ҳар турли гап чиқмасин деб қизини назоратда сақлаб туриш ҳам кўнглида бор эди. Чунки унинг оёқ олиши яхши эмаслиги қулоқдан қулоққа ўтиб, унга қадар етиб келганди. Нима бўлганда ҳам бу хонадон Ҳамидхонга бегоналик қилмади.
    Ҳамидхон дипломини олиши билан қайнотаси уни МХХга ишга ўтқазиб қўйди. Бир куни қайнотаси:
    -Кеча Ислом акам билан гаплашдим, менга вилоят ҳокимлигини таклиф қилдилар, аммо мен у кишига сизни тавсия қилдим, содиқ ўғлингиз каби хизмат қилади,-деб айтдим.”Мард одам экансиз, ҳамма ҳам куёвини ўйлайвермайди. Бир кун юборсангиз гаплашиб кўраман. Аммо олдин бироз ўзини кўрсатсин” дедилар. Мен раҳбарингизга ҳам айтдим. У ёрдам беради,-деди.
    Расулбек Ислом Каримовнинг қайнотаси билан яқин эди. Бирга чой ичиб, бирга дам олишга бормасалар бўлмайдиган даражада дўст эдилар. У Татянани ҳам болалигидан бери билади. Татяна Расулбекни “Дядя” деганда унинг қулоғига “Дада” деб эшитилгандек бўларди.
    Ислом Каримов билан ҳам узоқ йиллардан бери танишлиги бор. Каримов Давлат планлаштириш идорасида ишлаганида унинг Тошкентнинг “Светлана” деган жойида, партия мактабининг шундай қаршисидаги уйига тез-тез бориб турарди. Вилоятга нима керак бўлса, ҳамма ишини у орқали битирарди, баъзан Москвадан ўндириладиган нарсалар учун ҳам Каримовни орага қўйишарди.
    Ўзбекистонни Гдлянчилар босганда улар Расулбекни терговга чақиришди. Шунда Каримов орага тушиб Расулбекни Марказқўмга янги ишга келган иккинчи котиб Анишчев билан таништирди. Расулбек Анишчевга ҳам ёқиб қолди. Юмшоқ, доим табассум қилиб турадиган, жуда кам гап, ҳамма ишни ими-жимида битирадиган бу одам Гдляннинг ҳам ишончли вакили бўлди. Ўшанда Ҳамидхонни уларга ёрдамчи қилиб берди. Гарчи Ҳамидхон Гдлаяннинг сумкасини ташиб юрган бўлсада аммо Расулбекнинг кўрсатмаси билан жуда кўп одамни қамоққа тиқишда, қилмаган ишларини ҳам бўйнига қўйишда “жонбоз”лик қилди. Кўпинча у Гдлян ёки Ивановга ўзбек маҳбусга қандай муомала қилиш ва тергов қилинаётган одамни қандай тузоққа тушириш, унинг нозик нуқталари ҳақида маслаҳат ҳам берарди. Терговга тортилганларнинг оналари, хотинлари, болаларини қийноққа солиш, уларга маънавий таъсир қилишда Ҳамидхон Гдлянни ҳайратда қолдирганди. Албатта ҳар бир ҳаракатини қайнотаси билан бамаслаҳат қиларди.
    Каримов Расулбекка ишонар ва у олиб келган нарсалардан шубҳа қилмас эди. У Марказқўмга биринчи котиб бўлган кезларда Москвага тўла-тўла “дипломат”ларни ташиш ҳам Расулбекка юклатилган эди.
    Мана энди Расулбекнинг омади чопган, ҳатто мушук ҳам унинг олдини кесиб ўта олмас эди. Унинг бир ишораси билан Ҳамидхоннинг акаси савдо идорасига бошлиқ бўлди. Укаси эса Давлат автоинспексияси раҳбарлигини олди. Ҳамидхон ич-ичидан бунга қарши эди. Аммо қайнотасига бир гап айтишга тил жуфтлай олмасди.
    Хуллас, Ҳамидхонни МХХнинг вилоят бошқармасида аксилтеррор бўлимининг бошлиғи этиб, шов-шувли ишларга қўядиган бўлдилар. Тезда ҳуқуқ тартибот ходимлари орасида номи чиқиб қолди. МХХ доирасида ҳам ҳамма у билан ҳисоб-китоб қиларди. Унинг қайнотаси ким эканлигини билмаган йўқ эди. Ишга тайинланадиган барча кадрлар ва ишдан олинадиганларни ҳам текшириш унга юклатилганди. У фақат бошқарма бошлиғига ҳурмат кўрсатар ва қолганларни одам ҳам ҳисобламас эди. Аммо ҳамма унинг олдида пилдираб, қуллуқ қилиб турарди.
    Ички ишлар бошқармасининг 7-бўлимига катта лавозимда ишлайдиган одамларни кузатишни топширганди. Юзлаб ёш йигитлардан ташкил топган бу бўлимдагилар кечаю кундуз раҳбарларнинг қилмишлари ҳақида ҳужжатлар тўплашар, ким билан, қаерда учрашганлари тўғрисида фотосуратлар келтиришар ва бошқарма бошлиғи ҳаммасини Ҳамидхонга топширарди.
    Бу бўлим расман ички ишлар бошқармасига тобе бўлсада аслида МХХнинг “кўз-қулоғи”га айланганди. Ҳамидхон бу бўлимга ҳокимиятдан қўшимча маблағ, янги машиналар олиб берар, штатларини кенгайтириб мухолифатни, диндорларни, ишбилармонларни ҳам кузатишни юклаганди. Расулбекнинг аралашуви билан тез орада бу тажриба бошқа вилоятларга ҳам ёйилди.
    Ҳамидхон 7-бўлимдан келган ҳужжатлар ва расмларни қайнотасига берар ва раҳбарларнинг топганини шилиб олишарди. Бу ўзига хос бир тизимга айлаганди. Катта-кичик раҳбарлар халқдан юлиб, ўзлари билмаган ҳолатда анчагинасини Расулбекка олиб келиб топширар эдилар. Расулбек эса ўзи ва Ҳамидхоннинг ҳаққини сақлаб, қолганини Тошкентга юборар эди.
    Ҳамидхон акаси ва укаси ҳақида 7-бўлим тўплаган ҳужжатларни сейфга солиб қўяр ва бир кун керак бўлиб қолади деб ўйларди.
    МХХда унинг бир нечта хонаси бор эди. Биттасини худди амирларники каби қилиб ўхшатган ва у ерда айшу ишрат қиларди. Одамларни сўроқ қилиш ва қийноққа солиш учун ҳам алоҳида хоналари бор эди. У нафақат вилоят ва балки мамлакат доирасида ҳам жуда муҳим одамга айланган эди. Мана энди бевосита президент билан боғлиқ ишни ҳам унга ишониб топширишди.
    …Отасини кўндирдим, боласини ҳам кўндираман, деб ўйлаган Ҳамидхон Отабекни сўроқ қилаётган ҳамкасбининг хонасига кириб борди.
    -Қалай бўйнига олдими?-деди у ҳамкасбига.
    -Ўжарлик қилаяпти,-деди ҳамкасби.
    У ҳамкасбини жеркиб берди-да Отабекни ўзининг хонасига олиб келди:
    -Мен сен билан Отабек-Кумушбиби ролини ўйнаб ўтирмайман. Нима десам “Хўп!” дейсан! “Хўп!” демасанг барибир “Хўп!” дедираман. Ундан кўра қанча тезроқ кўнсанг, ишни шунча тез битирамиз…
    У шундай деб сейфдан қийноқда қўлланиладиган “темир-терсак”ларни олиб, столнинг устига қўйди. МХХда қийноқда ишлатиладиган нарсаларни “металлом” яъни “темир-терсак” дейишарди. Уларнинг ҳаммаси худди жарроҳлар амалиётда қўлланадиган асбобларни эслатарди. Қайчидан жуволдизга қадар инсоннинг вужудига ботиши ёки бирор жойини кесиши, қўпориши мумкин бўлган нарсалар… Уларни қийноқда ишлатгандан кейин тозалашмайдими худди занг босгандек бир вазиятда. Балки ваҳимали кўринсин деб атайлаб шундай қилиб қўйишганми?! Хуллас, уларга қараган одам худди қотиб қолган қон доғларини кўргандек бўларди.
    -Биласанми, уч йилдан буён каратэ синфига бораман. Аммо бировни мазза қилиб урганим йўқ. Битта уришимдан ер тишлаб қолишади. Сан анча пишиқ болага ўхшайсан. Сени уриб қўлимнинг қичиғини қолдирадиганга ўхшайман. Мана бундай қилиб…
    У Отабекнинг жағига шундай урдики у ўтирган столи билан бирга деворга бориб урилди. Деворнинг гумбурлаб кетишидан қўшни хонадагилар ваҳимага тушиб югуриб келишди:
    -Тинчликми, Ҳамидхон ака!
    -Бу тирранча менга қўл кўтараяпти. Мени ҳўппа семиз, бир урсам юмалатаман деб ўйлаяти шекилли?! Ёки мактабда семиз болаларни уриб юрганга ўхшайди. Онасини Учқўрғондан кўрсатиб қўяман, бу ҳаромини!- дея одати бўйича тўқима гап қилди Ҳамидхон.
    Отабекнинг эса лаби ёрилган ва қон оқаётган эди.
    -Ҳей ҳезалак, сени пишиқ десам, хом экансан-ку?! Аёл киши ҳам қонини оқизмаликни йўлини қилади, сан нега қонингни томчилатаяпсан, ма, артиб ол,-дея Ҳамидхон унинг устига қоғоз сочиқни отиб юборди.
    -Қулоқ сол!-деди кейин.-Ўша қизни яхши кўрганинг рост. Унга хат ёзганинг ҳам рост. Мана унинг уйидан топилган хат. Имзо сеники. Мана экспертиза хулосаси. Ўзиям жа, шоир бўлиб кетибсан, “Кумушбиби” деб шеър ёзганингга ўлайми? Қизни мухолифатнинг идорасида зўрлашгани ҳам рост. Мана “Зўрладик” деб ёзиб берилган тилхатлар… Ўзлари ҳам шу ерда. Келиб башарангга айтиб беришади, керак бўлса! Қиз ўзини ўлдиргани ҳам рост. Демак, 81-ни қўяман сенга. Қасддан одам ўлдириш. Отувга қадар кетасан! Агар менга қулоқ солсанг қутулиб қоласан.
    -Мен уни кўрганим йўқ, ахир…-деди Отабек аранг.
    -Қулоқ сол, итвачча! Сен уни қидириб уйига бординг, тополмадинг, кейин унинг акаси ишлайдиган жойга бординг. Унинг бориб акасига ёрдамлашиб туришини билардинг. Борсанг акаси йўқ. Аммо беш олтита мухолифатчи ичиб олиб, наша чекиб, уни зўрлаяпти. Орасида исломчилар ҳам бор эди. Исмларини билмайсан. Аммо расмларини биз кўрсатгандан кейин танидинг.
    -Бўлмаган гапку бу!
    -Эшшак, қулоқ сол деяпман, сенга, бу сенинг биттаю битта йўлинг. Бошқа йўлинг йўқ. Барибир шуни такрорлатаман сенга. Боя отанг ҳам қаршилик қилди. Аммо кўзининг олдида онангни зўрлаганимиздан кейин рози бўлди…
    Отабекнинг кўзи бир ҳовуч чўғга айланди ва ўрнидан туриб Ҳамидхон томонга ташланди. Аммо Ҳамидхон ўзини четга тортиб, уни туртиб юборганди унинг елкаси бориб сейфга урилди. Кейин орқасига икки мушт еб чўкиб қолди.
    -Энди сенинг олдингда зўрлаймиз уни!
    У шундай деб ташқарига чиқиб, қайтиб кирди ва зум ўтмай Отабекнинг онасини олиб келишди. У ҳали ҳам ички кийимда, ҳали ҳам дилдираб турарди. Отабек юзини ёпиб олди. Ҳамидхон унинг қўлини орқасига тортиб кишан урди. Сочидан ушлаб бошини теппага кўтарди ва;
    -Кўзингни оч,-дея ўшқирди.
    -Онамга жавоб берларинг!-деди Отабек.
    -Бўйнингга оласанми?
    -Оламан..
    Онаси чиқиб кетиши билан Отабек бир силкиниб Ҳамидхонга калла қўйди. Ҳамидхоннинг жаҳли чиқди ва:
    -Энди аввал ўзингни зўрлатаман, кейин кўз олдингда онангни, ана ундан кейин отангни,- дея Отабекнинг шимини еча бошлади. У қаршилик қилганди тиззаси билан оёқларининг орасига тепганди ҳиққилаб қолди. Отабекни юзи билан ерга ётқизибю эшикни икки марта урганди ташқаридан икки йигит киришди. Улар Ҳамидхоннинг имоси билан Отабекни ўгиришдида боши ва оёғидан кўтариб ерга уришди. У бир қоп қумдек ерга гурсиллаб урилди. Кейин яна орқаси билан ўгириб икки оёғига ип боғлаб ики томонга тортишди.
    -Бу мазза қиладиганга ўхшайди. Бор отаси ва онасини олиб кел , улар буни зўрлаганларингизни томоша қилиб туришсин,-деди Ҳамидхон йигитлардан бирига.
    Бир зумда Қорабой акани бошлаб келишди. У ўғлининг аҳволини кўриб қони қорайиб, ёмон аҳволга тушди:
    -Ҳали бошлаганимиз йўқ. Айтинг рози бўлсин, бўлмаса кўз олдингизда орқасини йиртамиз,-деди Ҳомидхон.
    Шу пайт онасини ҳам бошлаб келишди. Аёлнинг оғзига нимадир ёпиштириб қўйишган ва у бурнидан аранг нафас олаётган эди:
    -Отабек нима деса хўп дегин, булар барибир сени мажбур қиладилар,-деди отаси,- вақти келганда ҳақиқатни айтасан, ҳали!
    Отабек бошини ерга ура бошлади. Ҳамидхон уни сочидан тортиб:
    -Нима қилдик, бошлайликми?-деди.
    -Бошласанг бошла!-деди Отабек.
    Йигитлардан бири шимини ечиб Отабекнинг устига тиз тушганди Қорабой ака мункиллаб қолди.
    -Мана отангни ҳам ўлдирмоқчисан, энди отувга кетишинг аниқ. Агар хўп десанг уни дарҳол дўхтирга олиб боришади. Бўлмаса мана шу ерда хор-зор бўлиб ўлади ва сенга отасининг қотили деган айбни қўяман.
    -Хўп! Хўп!!- деди Отабек.
    -Қорабой акани олиб бориб дўхтирга кўрсатларинг,!-деди Ҳамидхон йигитларга.-Холанинг эса кийимларини кийгизиб ушлаб турларинг. Агар бу яна фикридан айнаб қолса, олиб келасизлар, бўлмаса уйига олиб бориб қўйларинг, дўхтир чақириб бир-ики дори-пори ҳам ёздириб берларинг!
    Кейин Ҳамидхон Отабекнинг қўлини ечиб:
    -Кийин, стулга ўтир. Ножўя ҳаракат қилмаки, қовурғанган дарча очиб қўяман,-деди.
    Отабек бошини егиб ўтирар, Ҳамидхон еса қоғозга ёзиб қўйилган гапларни ўқиб берарди:
    “Мен мактабни битиргандан кейин мачитга қатнай бошладим. У ерда Ваҳобийлар билан танишдим. Ўрта Осиёда исломий халифат қуриш ҳақида дарслар олдим. Қурол отишни ўргатишди. Доим доллар бериб туришди ва мен бу пулни отамга бериб, савдо ишларини ривожлантиришга сарфладик. Менга кўзга ташланмаслик учун соқол қўймасликни, мачитларга қатнаб юрмасликни, дунёвий мухолифат билан ҳамкорлик қилишни, уларнинг лидерларини Ваҳобийликка томон буришни, уларни ҳам демократик режимни йиқитиб, исломий давлат қуришга чақириш юклатилганди.
    Шунингдек мен тайёрланган варақаларни тарқатиш билан ҳам шуғулланар эдим. Уйимдан топилган варақаларда ҳам халифалик қуришга даъват қилинган. Мен ётадиган хонадан чиққан қора дорини эса менга Афғонистондан олиб келиб беришганди. Мен уни Ўшга етказишим керак эди. Дадам орқали Москвада тайёрланаётган суиқасд ҳақида ишончли одамлар билан музокаралар юритар эдим. Мақсад президентни ўлдириш эди. Дадам бу масалада Камолов деган одам бош-қош эканлигини айтган эдилар. Ана шу мақсадларда мухолифат йиғилиб турадиган жойга борганимда у ердагилар мастлигини ва бир қизни зўрлашаётганини кўриб қолдим. Қарасам у мен яхши кўрган қиз экан. У ердаги болалардан иккитасини уриб, шалпайтириб ташладим ва қизни ҳам бир икки тарсаки уриб, орқасига тепиб, чиқариб юбордим. Шундан кейин у ўз жонига қасд қилибди…”
    -Йўқ,-деди Отабек, ўлдирсангиз ҳам мен бу ёлғонга қЎл қўймайман..- мен қора дори нималигини ҳатто билмайман.
    -Демак, онанг ва отангни бу ерга қайтарамиз. Сени ўлдириш ниятимиз йўқ. Аммо улар ўлиб қолсалар бу ҳам сенга айбнома бўлади билдингми? Мард бўлсанг ота-онангни қутқар! Ўлимга тайёрман деб айтаяпсану мана буни эшитишга тоқатинг етмаяпти…
    Ҳамидихон шундай деб эшик томонга юрган эди, Отабек бирдан унга ҳамла қилди. Шундай кейин Ҳамидхон ўзини тута олмади. Отабекни ерга йиқитиб тепкилай бошлади. Кейин стол устидаги асбоблардан бирини олиб, Отабекнинг ўрта бармоғидаги тирноғини қўпора бошлади. Отабек қаршилик қиламан деган эди, Ҳамидхон уни яна тепкилади ва қўл оёғини боғлаб қўйди.
    Оғриққа чидай олмаган Отабек яна ёзилганларни эшитишга мажбур бўлди.
    “Биз Саудия Арабистони билан ҳам алоқа ўрнатганмиз. У ердаги Ўзбеклар жамоаси, шунингдек, Амир Олимхоннинг авлодлари ҳам бизга ёрдам қилиб турадилар. Қанча ёрдамлиги хонамдан топилган дафтарда батафсил ёзилган. Биз бир қанча ташкилотлар тузганмиз, Кўринишидан ҳаммаси бошқа-бошқа бўлсада аслида битта. Уларни Абдусоли қори билан Собитхон қори бошқарадилар. Абдулла Ўтаев деган одам ҳам бор. У Миср билан ҳамкорлик қилади. Сайлов олдидан халқни оёққа кўтармоқчи эдик…”
    -Маю буни яна бир ўқиб имзола, кейин видеога гапириб берасан ва сенга жавоб!-Ҳамидхон шундай деб эшикни бир марта урганди ташқаридан бир йигит кириб келди:
    -Ота-онасига ҳалигидан чойга қўшиб ичиринглар ва кейин сийдикларини анализга берларинг. Ҳужжатини бугуноқ, кечаси билан бўлса ҳам тайёрлаб қўйларинг,-деди.-Мана бу яна хархаша қиладиган бўлса, отасининг юраги санчиб ўлиб қолсин, онаси эса ўзини осиб қўйсин! Улар керак эдилар, лекин бу ишни бузса, улардан ҳам воз кечамиз!…
    …Ҳамидхон учқичдан тушиб, иккита кассета ва қайнотаси берган омонат “яшил” пуллар билан тўла дипломатини кўтарганча Бош прокурорнинг хонасига кириб келганда:
    -Ислом акам масалага жуда қизиқиб, бизни кутиб турибдилар, ҳозироқ боришимиз керак!-деди Мустафоев.
    Улар президент саройига қараб йўл олдилар.

    889 ЙИЛ ОЛДИН

    Чақмоқдан “узилган” қалдироқ Тоҳирнинг кўзларини очиб юборди. У осмонга қараб ётгани боис кўзи жимирлаган юлдузларга тушди. Улар шунчалар кўпки, гўё осмонда зарра қадар ҳам бўш жой қолмагандек. Баъзи юлдузлар у томондан бу томонга ўқдай учиб ўтар ва баъзилари уларнинг ортидан қувалаётгандек эди. Қизиқ, нега улар бир-бирига урилиб кетмаяпти? Тоҳирнинг хаёлига келган илк савол шу бўлди.
    Инсон доим зиддиятли ўй юритади. Балки дунёнинг тузилиши зиддиятли бўлгани учун инсоннинг ҳам фикрлаши шунга мосмикан? Ёмонлик ҳақида ўйласа, яхшилик ҳам хаёлидан ўтади. Нур ҳақида фикрласа, хаёлининг бир қисмини соя ҳақидаги тушунча эгаллаб туради.
    Ҳамма нарсанинг икки томони бор ва бири кўринганда иккинчи томони ҳам инкишоф бўлади. Тоҳир ҳам юлдузлар ўзаро ўйнаётгани боис улар тўқнаш келиб қолмасмикан, деган фикрга тутилганди. Аммо бундан ҳам муҳимроқ нарсалар унинг кўзига қадалаётгани учун юлдузлар ҳақидаги фикр худди юлдуз учгани каби хаёлидан бир зумда ғойиб бўлди.
    Нега кўкда бир пайтда қуёш ҳам бор, ой ҳам! Ахир бири чиқса, иккинчиси кетарди-ку?! Нега енди улар ёнма-ён? Худди қуёш ва ой нур йўллашда мусобақалашаётгандек унинг кўзларига ҳар икки нуқтадан ҳам келаётган шўла тобора кучайиб бораётганди. У нурдан кўзини олиб қочди. Ёнига қараса улкан уммон. Уммоннинг бир томони кўтарилиб уфққа, кўкка қадалган. Шиддат билан келаётган тўлқинлар Тоҳирнинг оёқ учидан қайтиб, яна кўкка қараб чекинмоқда. Тўлқинлар шундай бир товуш ҳосил қилаётгандики, буни мусиқа ҳам, қалдироқ ҳам дейиш қийин. Балки бу мусиқага ўралган гувиллашдир. Анна шу гувиллаш ҳам ёқимли, ҳам ваҳимали эди. Тоҳир бу товушни илгари эшитмагани учун унинг салобатига пешвоз чиқсада, ваҳимасидан ортга қочишга уринарди.
    У кўзини юмиб қайта очганда уммонда сакраб-сакраб ўйнаб юрган жониворларга кўзи тушди. Уларнинг сувдан ташқарига сакрашлари шу қадар ҳамоҳанг эдики, Демак, бу уммон қаърида мусиқа борлигига шубҳа қолдирмасди. Тоҳир бундай жониворлар борлигини ҳатто билмасди ҳам. Уларнинг ҳайбатли ёки ҳайбатсиз эканлигини билиш учун эса, уларни олдин кўрган бўлишингиз керак. Акс ҳолда нимага солиштириб, хулоса қиласиз. Аммо уммон ўзининг буюклиги билан бу жониворларнинг ҳайбатини ютиб, уларни оддийлаштириб юборган эди.
    Тоҳир уммонга қарама-қарши томонга назар солса, улкан тоғни кўрди. Унинг қоялари шу қадар тик эдики, қуёш ва ойнинг биргаликдаги нурларига бош тираб, осмоннинг оёғига қиличдек санчилиб турарди.
    Шу пайт бирдан қизларнинг қийқириқлари эшитилди. Улар тоғ бағридаги адрлардан Тоҳир томонга югуриб келаётган эдилар. Қизларнинг юзлари ҳам кўкдаги қуёш ва ой каби нур сочаётган эди. Уларнинг эгнидаги ҳарир либослар эса адрдаги бахмал яшиллик билан уйғунлашиб кетгани боис бир жойда туриб парвоз қилаётгандек эдилар.
    Бу манзара Тоҳирга жуда таниш туюлди. У қаерда кўрганди бу манзарани. Ана у югуриб юрган кийиклар ҳақида ҳам у эшитгандек эди. Аммо қаерда? Шу дамда саволга жавоб излайдиган лаҳза йўқ эди. Чунки саволлар уммонинг тўлқинлари каби кетма-кет келиб, унинг хаёлларини бузиб кетаётганди.
    Қаердандир унинг қулоқларига шеър садоси келди:

    Оразин очса мукаррам, ой ила хуршид ёнур,
    Шайх калом этса магар, мен каби муршид ёнур…

    Бу Тоҳирнинг икки соатлик танишидан эшитган шеър эди. Ўшанда Тоҳир шайх Ҳасаннинг ҳузурига кириш учун навбатда тунларни тонгларга улаган пайт эди.
    Бир куни яқинига келиб ётган йигитнинг пичирлаб шеър ўқиганини эшитди. Қўрқиб кетди. Чунки шеър айтиш шайх асло кечирмайдиган гуноҳ эканлигини у деярли ҳар куни эшитарди. Лекин бу йигит нега қўрқмаяпти? Тоҳир ўрнидан туриб ўтириб унга қулоқ солди. У айтаётган шеър жуда дардли ва бу дунёда адолатга етиш қийинлиги ҳақида эди.
    Тоҳирнинг қулоқ солиб турганини кўрган йигит:
    -Менинг исмим Али,- деди.
    Кейин Тоҳирнинг кўзларидаги саволни ўқиётган каби гапида давом этди:
    -Мен бу исмни ўзим ўзимга танладим. Ўн йилдан бери ичкаридаман. Аммо бу тун мен учун гуноҳли дунёдаги охириги тун. Ертага ҳақиқий дунёга кетаман. Ўзим танладим буни. Биламан шеър айтган одам бу дунёда қолмайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор, осмоннинг ҳам. Шайх ҳамма нарсани билади. Менга доим шеър айтмаслик кераклигини, бу гуноҳга ботиш эканлигини уқтиришган. Аммо юрагимда исён бор. Шеърлар исёни.
    Бир кун устодим ёнимга келиб, Ҳазрати Алининг ҳам шеър ёзганини айтди. У фақат асадуллои муҳориба эмас, асадуллои адабиёт ҳам бўлган экан. Шундан кейин устодимда шайхга нисбатан шубҳа уйғонибди. Чунки шайх доим “Шоирлар душманлардир” деб айтар эканда. Устодим Ҳазрати Алининг шеърларини айтганда менинг ҳам дунёмда ўзгариш бўлганини сезмаган эканман. Устодни ўша кунги суҳбатимиздан кейин кўрганим йўқ. Аммо энди англадимки, уни кўрмоқ учун мен ҳам Ҳазрат Алининг шеърларини айтишим керак. Ҳазрат Алининг шеърларига уланиб ўзимнинг ҳам шеърларим қуйилиб келмоқда. Сен ҳам эшит!
    Ўшанда Тоҳир:
    -Йўқ!-дея қулоқларини бекитиб олганди. Кўп ўтмай икки соқчи шоир табиат йигитни олиб кетишганди.
    Мана энди Тоҳирнинг қулоқлари остида ўша йигитнинг сатрлари янграмоқда. У яна қулоқларини бекитди. Аммо атрофини ўраб олган қизлар унинг қўлларини тортиб олиб, ўзларининг юмшоқ кафтларига боса бошладилар.
    -Мен қаердаман?-дея олди Тоҳир қуриб қолган лабларини аранг қимирлатиб.
    -Сен аросатдасан,- деди қизлардан бири. - Ана у томонга қара, кўринаётган сароб эмас, оловдир. У шу қадар кучли оловки, бутун бахтсизларнинг ҳаммаси ўша ерда, унинг қаърида. Азобдан инграб ётишибди. Сен билган шоир Али ҳам шу ерда. Бутун вужуди олов ичида, калласи косага айланиб, косанинг ичидагилар биқир-биқир қайнамоқда.
    Тоҳир хаёлидан ўтган нарсани булар қандай сезганига ҳайратда эди. Ҳайратнинг титроғидан қалтираётган пайтда иккинчи қўлини кафтига босиб турган ҳурлиқо унга бошқа томонни кўрсатди.
    Тоҳир аввал у томонга эмас, қизга қаради. У шу қадар гўзал эди-ки, Демак, осмондаги қуёш ва ой биргаликда уни томоша қилиш учун найзага қадалиб қолишган экан-да деб ўйлади. Уммоннинг гуввилаши ҳам шундан экан, уммон аслида шу қизнинг оёғига бош уриб, дод солаётган экан. Тоғларнинг сукути ҳам шундан…
    -Сендан менга эмас, ана у томонга қарашни сўрадим,-деди ҳурлиқо майин ва ёқимли овозда. Унинг овози Тоҳирнинг қулоқларида қотган садоларни эритиб, юрагининг қат-қатларига қадар иниб борарди.-Ўша сен кўриб турган дарвоза ортида беҳишт бор. Биз ўша ерда яшаймиз. У ерда ҳаёт мангудир. У ерда азоб йўқдур. У ерда сени менга ўхшаган 72 ҳурлиқо кутиб турибди. Бири қўлингни ушласа, иккинчиси сочингни силайди. Бири сени сутда чўмилтирса, бири сени бағрига босади… У ерда сен истаган одамлар ҳам бор. Ана, қара ҳозир эшик очилади ва сен кимни кўрасан. Яхшилаб қара, улар сенинг ота-онанг, сени чақираяптилар. Ҳаракат қилма, у ерга бора олмайсан. Боришнинг битта йўли бор, шаҳид бўлишинг керак. Уларни ўлдирган одамни дўзахнинг қаърига йўллашинг зарур. Унинг оти Низомул Мулк!
    Шу пайт ҳамма ёқдан “Низомул Мулк” деган садо кела бошлади. Қуёш ва ой ҳам, уммон ва тоғ ҳам “Низомул Мулк” деяётгандек эди…
    Тоҳир ўзига келса, дастурхоннинг ёнида мудраб қолганини сезди. Чойни ҳўплагандан кейин мудраб қолган экан. Қанча мудради, билмайди. Наҳотки мудраб ҳам туш кўриш мумкин? Наҳотки..
    У дилидан отилиб чиқаётган кейинги саволни эшитишга ҳам улгурмади.
    -Тез чиқ, Шайх ҳазрат ҳаммани фавқулодда йиғинга чақирдилар,-деди соқчилардан бири унга.
    Тоҳир ташқарига чиққанда, аллақачон хос толиблар қоя-қасрнинг пойига тўпланишган экан. Қасрнинг том қисмида шайх кўринди. У елкасига ташланган яктагини тўғирлаган бўлиб, бошидаги салласининг бир учини қайтадан орқага отган ҳолда пастга қараб гапира бошлади.
    -Бугун яна бир улуғ кундир. Тангри бизни яна ёлқади. У бизга яна бир катта душманимизни кўрсатди ва душманиз учун дўзахнинг тўққизинчи қаватида азоб ҳозирлаб қўйилганини билдирди. Баъзиларингиз йиллаб кутаётган ҳақиқатнинг тугуни бугун очилди. Уларнинг ота-оналарини жувонмарг этган кимсанинг номи аён бўлди. Бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган бадбахт вазир Низомул Мулк экан…
    Шайхнинг охирги калимаси толибларнинг важоҳатли қичқириқлари остида қолиб кетди. Тоҳир эса нафасини ичига ютиб қолганди.
    Шайх қўлини кўкка кўтариб:
    -Бас!-деди. Ҳамма жим болиб қолди- Бас! Низомул мулкка бу дунёда ўрин йўқ! Уни дўзахга равона этганнинг ўрни беҳиштдир. Мен аминки бу инсон кимлигини ҳам Тангри унинг кўнглига солган бўлиши керак. Хўп, вазирнинг ишини битириш учун ким йўлга чиқади?
    Толибларнинг ҳаммаси “Мен!” дея шайх томон бош эгдилар. Тоҳир эса турган жойида қотиб қолганди. Унинг вужуди бутунлай музлаган ва ўзига бўйсунмаётган эди. Муз бирдан эриб томчиларга айланди ва терисининг устида “яхмалак” ота бошалди. Кейин бошидан қайноқ сув қуйилгандек бўлди. Қулоқлари остига яна “Низомул Мулк” деган садо келиб урилди.
    Кимдир унинг елкасига қўлини қўйди. Шундагина у ўзига келди ва шайхга томон бош эгиб, тиз чўккан толиблар каби букилди.
    -Сен бу ёққа кел!- Бу шайх эди ва Тоҳирни чақираётган эди. У елдек учиб теппаликка тирманаркан тиззалари қалтираётганди. Томдан пастга тушиб келган Шайх уни тўхтатди:
    -Бу бахт! Бахт одамни ана шундай саросимага солади. Аммо бу мукаммал бахт эмас, оний бахт! Мукаммал бахтга эса, ота-онангнинг қотилини дўзахга юборгандан кейин муяссар бўласан. Қанча-қанча толиблар ҳам бу бахтга етмоқ орзусида. Лекин бу сенга буюрган экан. Буни бутун вужудинг айтиб турибди. Демак, сен аросатга тушган пайтингда Тангри сенга қўл чўзган, фаришталарини юборган, йўл кўрсатган ва бу менга ҳам аён бўлди.
    Шайх уни етаклаб ичкарига олиб кирди.
    -Низомул Мулк ҳақида биласанми?-дея сўради шиддат билан.
    -Эшитганман, шайхим!-деди Тоҳир бошини эгиб.
    -Мен ҳам эшитганман,- шайх калималарни шарт-шарт кесиб, баъзи сўзларни бот-бот такрорлаб гапида давом этди.-”Одил вазир” деб эшитганман, “Миллатнинг пушти паноҳи” деб эшитганман, “Одамларга яхшиликдан бошқа нарсани раво кўрмайди” деб эшитганман, “Раҳмдил ва одил, камбағалпарвар ва адолатпеша” деб эшитганман, аммо эшитганларим афсона экан, ҳақиқатни Тангридан билдим, кўзим очилди, ёлғонларга ишонган дилим тош бўлди! Унинг қотил, бегуноҳ инсонларнинг қонини ичгувчи экани ҳақида ешитганмисан?
    -Эшитганим йўқ, шайхим,-деди Тоҳир пичирлаб.
    -Мен ҳам эшитганим йўқ! Унинг таши одил, ичи қотил эканлигини эшитганим йўқ эди. Унинг ширин сўзлаб, аччиқ иш қилишини билмас эканман. Унинг сенинг ота-онангнинг ҳам каллаларини чодирнинг пештоқига илганидан бехабар эканман. Унинг золимлиги адолат кўрпасига ўраб қўйилганидан бехабар эдим. Унинг Тангрига эмас, иблисга қуллуқ қилишини, шайтоннинг булоғидан сув ичганини, унинг амрини бажаришини билмас эканман, Тангри ҳаммасини бир лаҳзада кўнглимга солди. Шундай, биз ҳақиқат деб юрган нарса сароб, сароб деб юрганларимиз бир лаҳзада ҳақиқат бўлиб қолар экан. Сен у шайтонни бир кўришда ажратиб ололасанми?
    -Шайтоннинг бир эмас минг кўриниши бўлади, шайхим!
    -Ҳа, баракалла, мен ҳам уни бир кўришда ажрата олмайман. Аммо у яшаган муҳташам қаср уни бекита оламайди. Уни қўриқлаган занги соқчилар уни асрай олмайдилар. Уни тахтга ўтқазиб, кўтариб юрадиган қуллар уни қутқаза олмайдилар. Унга қуллиқ қилиб, орқасидан эргашадиган уламолари ажал яқинлашганини башорат қила олмайдилар. Сен йилдиримсан! Ханжаринг йилдиримдир! Йўлингни ҳеч ким тўса олмайди. Аммо сенда совуққонлик ўрнини ҳаяжон эгалласа, қасос ва интиқом ҳисси кўзингни боғласа, ҳамма нарсадан маҳрум бўласан. Тангри сендан юз ўгиради! Биз сендан юз ўгирамиз! Беҳишт сендан юз ўгиради. Бахт сени ташлаб кетади. Бахтсизлик сени кемиради!
    -Шундай шайхим!-деди Тоҳир.
    -Баракалла, мана бу менинг ханжарим, ол! Йиллардир тинмасдан чархлаган ханжарим. Уни бегуноҳ инсонларининг қотили учун сақлагандим. Ўша кунни Тангри менга насиб этди ва уни сенга бераман. Бу ханжар бошқанинг эмас, фақат Низомул Мулкнинг, қотилнинг қонини ичиши керак, унутма1
    -Унутмайман, шайхим!
    Шайх эшикни очиб у ерда кутиб турган бир йигитни ичкари олди.
    -Бунинг тили кесилган, гапиролмайди. Аммо йўлни билади. Одамларни билади. Вазирнинг қачон, қаердан чиқиб, қаерга кетишини ҳам билади. Қасрга олиб кирувчи йўлларни ҳам билади. Сенга эшик очувчи одамларни ҳам билади. Агар вазирни сен ўлдира олмасанг у ўзи ўлдиришини ҳам билади. У шаҳид бўлиш учун туғилган. У гуноҳга ботмаслик учун ўз тилини кесган! Аммо қулоқлари, ҳислари тирик. У вазирни дўзахга юборишни Тангри фақат сенга буюрганини ҳам билади. Аммо сен Тангрининг ишончини қозона олмаган тақдирда жаннат эшиклари унга очилишини ҳам у билади! Борларинг, музаффарлик сизга ёр бўлсин. Мен хуш хабарни кутаман! Сенга эса, ота-она дийдори насиб этсин!
    Тоҳир ва гунг йигит орқага чекиниб чиқиб кетар эканлар Шайх:
    -Ҳозир дамларингни олларинг, тунда йўлга чиқасанлар. Қуёшнинг найзасидан ойнинг нури пештар. Қуёш кўз боғловчидир, ой йўл кўрсатувчи, тунда чиқсаларинг тонга етиб борасизлар, душманни тонгда тутиб, қуёш чиққанга қадар музаффарлик шаробини ичасизлар!-деди Шайх.
    Тоҳир ва гунг йигит чиқиб кетгач, шайх ичкаридаги бошқа хонага кирди ва у ерда кутиб ўтирган кишига юзланди:
    -Мен бу бойликларни ҳали қабул қилмайман. Мен олдиндан ҳақ олмайман. Аввал иш битсин, кейин гаплашамиз. Балки бу камлик қилар. Балки жони кетишини эшитиб қолган вазир бундан кўпроқ ҳақ таклиф қилар.
    -У қаердан эшитади?-дея савол берди кутиб ўтирган одам.
    -У девонбеги йўқолиб қолганидан шубҳага тушмайдими? Икки кундирки, бу ердасиз…
    -Мен икки кунга изн олгандим. Эрталаб яна саройда бўламан ва воқеадан кейин ўзим…
    -Йўқ,-шайх унинг сўзини бўлди,-биз хабарни биргаликда кутамиз. Вазирнинг ўлими ҳақидаги муждани биргаликда эшитамиз ва биргаликда янги вазирни танлаймиз. Бойликларни тақсимлашни ҳам ўшанда гаплашамиз. Бу бойликлар сизга ҳам, вазирга ҳам оид эмас. Халққа оид. Халқники халққа кетиши керак! Аммо сиз ҳам бенасиб қолмайсиз. Тақсимлаймиз. Фақат адолат билан! Бу олиб келганингиз уммондан зарра эканлигини билиб турибман, буни ўзингиз ҳам биласиз…
    Девонбегининг ранги оқариб кетди. Аммо бир нарса дея олмади.
    -Қўрқманг, Тоҳирнинг қулоғига шеър айтган ҳурлиқолар сизни пойлаб туришибди, сизнинг қўлларингизни кафталарига босишади. Истамасангиз ана баччалардан танланг. Оёқларингизни тонгга қадар уқалаб чиқишади. Тоҳирни маст этган чой бизни ҳам жаннатга олиб бориб, олиб келади. Эрталабга қадар бўлган узоқ вақт бир зумда ўтиб кетади…,-деди шайх ва ичкарига кириб келган ҳурлиқони бағрига босиб, мушук каби эркалатиб:
    -Бор, ҳалиги ёқимтой болани олиб кел!-деди.

    (Давом этади)


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz