Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 04.46.28
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Декабрь » 1 » Таклиф:Мулоҳаза-Мунозара-Муроса
    01.51.06
    Таклиф:Мулоҳаза-Мунозара-Муроса
    Алибой Йўляхшиев - Миллий муроса ижроия қўмитаси ишчи гуруҳи бошлиғи

    Ғойибдан ”келадиган” мўъжиза йўқ

    Бизнинг, тўғрироғи чет элларда – Ўзбекистондан ташқарида юришган ўзбекистонлик сиёсий ва меҳнат муҳожирларининг аҳволи қандай? Уларнинг сиёсий ва сиёсий бўлмаган ҳаракатлари, юмушлари ҳақида нималар дейиш мумкин? Шу каби ва бошқа хил саволлар бугуннинг бир мунча аҳамиятли масалаларидан ҳисобланади десам катта хатога йўл қўймаган бўламан. Шу сабабдан мазкур масалалар ҳақида билганларимни аммолашиш ва муҳожирликда қилган баъзи саъй ҳаракатларимни хотирлаш фойдали бўлар деб умид қиламан. Шу билан бирга муҳожирликдаги ватандошларимиз билан биргаликда Ватан ва халқ бахти учун бундан буён нималар бажариш мумкинлиги ҳақида ҳам бир мунча фикр мулоҳазаларни ўртоқлашиш фойдали бўлар деб тушундим. Шунинг учун яқин ўтмишда кўрсатилган ижобий ёки салбий ишларимиз, фаолиятларимиздан тўғри хулосалар чиқариш, келажак - Ватан, халқ келажаги учун алоҳида аҳамият касб этади. Масалага шу нуқтаи назардан қаролса, бугун такрор кун тартибига киритилган ҳукумат ва унга мухолифат аталмиш гуруҳлар, ҳатто нуфус - халқнинг орасида ўзаро чинакамига дўстона муроса ўрнатиш мавзусини ўртага қўйиш ва бу борада жиддий бир шаклда фаолият кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир дейишга ўзимни ҳақли ҳисоблайман.  

    Асосий мақсадга ўтишдан олдин яқин тарихдан бир-икки оғиз сўзлашни ҳам лозим кўрдим. Жуда кўпчилигингиз мени танийсиз, мен Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати Самарқанд вилоят ташкилотининг бошлиғи бўлганман ва мазкур фаолиятим ҳисобига  1993 йилдан буён муҳожирликнинг азобини дейсизми (шахсан мен, муҳожирликни дунё азобларидан бири деб ҳисоблайман), нашасини дейсизми тортиб юрибман. Мен ҳозир ҳам “Бирлик” халқ ҳаракати ўз фаолиятини тугатмаган деб биламан. “Бирлик” бу Ўзбектстоннинг яқин тарихи, унинг номини ҳеч ким ва ҳеч қандай бошқа ҳаракат ёки партия ўзлаштиришга ҳақли эмас. Мен мамлакат аҳолисини ҳукумат ходимлари ва фуқаро шаклида бир-бирларига қарама-қарши алоҳида-алоҳида гуруҳларга бўлинишига доим қарши бўлдим ва шундайлигимча ўзгармай қоламан. Бугун ҳам ҳукумат ва унга муҳолифатни, бу иккита душман тарафлар деб қарашдан узоқдаман. Сиёсий қарашлари ва бошқа фиқрлари бир-бирларидан фарқ қиладиган миллатдош ва ватандошлар бир-бирларига душман бўлишлари қандайдир ғайритабиий (анормал) бир ҳолдир. Бизда - Ўзбекистонда, яъни Ўзбекистоннинг ҳукумат доиралари, яъни мансабдорлар ва ўзларини уларга мухолифат ҳисоблаганларда ўшандай тушунча ва ўшандай назар афсуски мавжуддир. Ачинарли жойи шундаки, ҳатто мухолифатдагиларнинг ўзлари ўзаро ва барча турдаги ҳукумат мансабдорлари ҳам ўзлари ўзаро бир-бирларига душманлик кайфиятида ишлайдилар, душманлик қилишадилар дейиш ҳам мумкин. Буниси эса, ғайритабиийликнинг (анормаликнинг) ҳам дунёда учрамайдиган бир бузуқ ҳолидир. Афсуски, бу ҳолат ҳам бизга - ўзбекистонликларга хосдир.  

    Бир мамлакатнинг ватандоши бир-бирига мухолиф бўла туриб, уларнинг инсон шаклида бир-бирларига ғаразлик туймаганлари ҳақида мен бир фактни гурунгларда, дўсту-яқинларим билан суҳбатларда сўзлаб юраман. Бу воқеа ҳам Америкада бўлиб ўтганди. Ота Ж.Бушнинг АҚШ президентлигига иккинчи марта сайланадиган сайловларда сайлов олди кампанияси замони эди. Ж.Бушга рақиб ўлароқ АҚШ демократик партиясидан Б.Клинтоннинг номзоди президентликка кўрсатилганди. Ўшанда АҚШ президенти қурсиси учун кураш, ҳукумат ишларида ўта тажрибали давлат одами Ж. Буш ва нисбатан ёш, катта давлат сиёсатида тажрибаси жуда оз бўлган Б. Клинтон ўртасида кетарди. Шу сабабдан бўлса керак, Ж.Буш Б.Клинтонни ташқий сиёсатда ўз итича ҳам тушунчага эга эмасликда айблади. Бу менимча, Б. Клинтонга нисбатан анчагина жиддий ҳақорат эди. Аммо бу билан Бушлар ва Клинтонлар бири-бирига душманга айланмадилар. Мамлакатларининг ривожи учун лозим бўлган ҳар жойда бирга ёки алоҳида қўлларидан келган хизматларини адо қилдилар ва ҳамон шундай қилишда давом қилишмоқдалар.  

    Хуллас, мен ўз ватандошларим ҳам сиёсий ва бошқа ҳаётий масалаларда турли хил фикр ва қарашларда бўлиши мумкинлигини қўллаб қувватлаш билан бирга, бу фикр ва назарда учрайдиган табиий фарқлиликлар кишиларни, айниқса бир ватан фуқаросини батамом келиша олмайдиган (антагонистик) қарама-қаршиликка олиб боришига қарши бўлдим. Ушбу назаримдан келиб чиқиб 1993 йилгача Ватан ичкарисида, ундан сўнгра Ватандан ташқарида кишиларимизнинг бир-бирларини тушуниб, муросада иш қилишлари, фаолият кўрсатишлари йўлида қўлимдан келганича ҳаракатлар қилдим. Ана шулар ҳақида ҳам қуйида бироз сўзлаб ўтмоқчиман.  

    Шу мақсадда, Самарқанд шаҳри ва вилоятининг ҳукумат мансабдорлари (совет даврида шаҳар ва вилоят КП биринчи котиблари, шаҳар ва вилоят ижроияком раислари ва Ўзбекистон мустақиллик олганидан кейинги ҳокимлар) билан мулоқот, муроса қилишда “Бирлик” халқ ҳаракатининг Самарқанд вилоят ташкилоти анчагина самарали ишлар қилганди. 1990-1992 йилларда бизнинг, ҳукумат мансабдорлари билан мулоқот ва муроса ҳаракатимиз натижасида арман миллатчиларининг, бир тўда тожик миллатчилари аталмиш тайинсиз бир гуруҳни ишга солиш билан Самарқанд шаҳрида иккинчи Фарғона ташкил этиш планлари амалга ошмаган эди дейишга мен ўзимни тўла ҳақли деб ҳисоблайман. “Бирлик”нинг бутун ташкилотлари жойларда фаҳму фаросат билан мамлакат бўйлаб шундай ишлар қилганларида Ўзбекистон миқёсида ҳам анчагина яхши ижобий ишлар амалга ошган бўларди. Балки бугунги ачинарли аҳвол майдонга келмасди.  

    Айтилганлардан ташқари Ўзбекистонда ҳукумат ва фуқаро ўртасида чинакамига муроса ўрнатиш, ҳақиқий барқарорлик, тинч-тотувлик, фаровон турмуш ўрнатиш йўлларини излаб топиш ниятида Ўзбекистондаги ҳукумат одамларининг кексаларидан бири ҳисобланган Бектош Раҳимович Раҳимов, бухоролик бириси, Горбачевнинг кооперативларга ижозатидан фойдаланиб Москвада жуда катта бой бўлганлардан бири (ҳозир мен унинг исмини унутдим ) билан ҳам суҳбатлар ўтказганман. Мақсад битта эди, Ватанда - Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, таълим-тарбия каби ишларни ривожлантириб, муътадил, табиий (нормал) бир тизимни йўлга қўйишда қўлидан иш келадиган кишиларнинг (уларнинг қаерда фаолият кўрсатишларидан қатъи назар) биргалашиб, ягона режа атрофида ишларни ташкил қилиш масаласида умумий бир фикрга келишдан иборат эди. Шу мақсадда, 1993 йилда Раҳматулла Шукурович Мирсаидов билан ҳам учрашишга ҳаракат қилганман. Аммо афсуслар бўлсинким, Тошкентдаги бирликчилар мени у билан учрашишга қўймадилар. Менинг Ватандан чиқиб кетишимга энг сўнгги туртки ҳам мана шу воқеа бўлган эди.  

    Ватандан ташқарида эса, аввал Ўзбекистон ҳукуматида юксак лавозимларда ишлаб, сўнгра мухолифат сафига ўтганлар ҳурматли Муҳаммадбобур Маликов, Мухтор Авазов кабилар билан ҳам умумий ишларимизни самарали қилиш ҳақида суҳбатларимиз бўлган. “Бирлик” халқ ҳаракати раисдоши Абдураҳим Пўлатов ва ”Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) билан суҳбатларимиз жуда кўп марта бўлган десам ҳам бўлаверади. Булар билан асосан мухолиф ҳаракатнинг ишини яхшилаш ҳақида кўп сонли суҳбатларимиз ва конкрет ҳаракатларимиз ҳам бўлди. Аммо ҳар сафар бу икки исми шарифдагиларнинг хатолари ёки сустликлари, нимадандир ҳадиксирашлари сабабли 18 йилга яқин муҳожирлик ҳаётимиз давомида мухолиф ҳаракатимизда  бирорта самарали иш амалга ошмади ва бугун ҳам ишларимиз, уларнинг ишлари фақат бир-бирлари билан тартишлардан, бир-бирларини душман ҳисоблашлардан бошқа ҳеч нарса бўлаётгани йўқ. Чет элларда муҳожирлик мақомига эга бўлган бошқа дўстлар билан ҳам учрашувларим, ёзишмалар бўлди, албатта. Уларнинг барчасини бу ерда санаб чиқиш шарт эмас деб ўйлайман. Учрашувлар ҳақида сўз кетаркан шуни ҳам айтишим керак, ўзбекистонлик Исломиятда олим даражасига кўтарилган ва Ўзбекистонда Ислом динининг ривожланишида хизмат қилаяпман деганлар билан ҳам суҳбатда бўлиш насиб бўлди. Уларнинг исмларини ҳам бу ерда келтиришнинг ҳожати йўқ деб ҳисобладим. Натижани сўрасангиз, мана бугун нималарни кўриб турган бўлсангиз ана шулардан бошқа нарса, шулардан бошқа натижа бўлмади.  

    Юқорида хотирланган учрашувлар мухолиф ҳаракатнинг нисбатан кекса авлоди вакилларига мансуб кишилар эди. Шуниси ҳам борки мухолифат аъзолари ҳисобланган, яъни 1988-1995 йиллар орасида нисбатан ёш бўлган “Бирлик”чи ва “Эрк”чилардан жуда озчилик муҳожирликка чиқишгандилар. Мен, ўшандай ёшлардан номлари тилга олинган лидер бўлмишларнинг биттадан укаларини ( улар ҳам менинг ёшимга кўра ёш авлодга мансуб кишилар эди ) танирдим, шуларни танийман. Шу кунларда биз ёшлар деб аташаётган ва ўзларини мухолифат аъзолари ҳисоблаётганлар (бирлари ўзларини у гуруҳда, бошқалари ўзларини бу гуруҳда ҳисоблаётганлар) 1995 йилдан сўнгра, ҳатто янги асрнинг бошидан, бундан 5-4 йил олдиндан бошлаб ёки ўтган йили, ё бу йил муҳожирликка чиққанлардир. Буларнинг аксарияти (баъзи бир диний қарашлари оқибатида муҳожир бўлганлар мустасно) мамлакатдан сиёсий тазйиқлар ва бошқа хил зулмдан эмас, иқтисодий тангликлардан қочиб, турмуший ҳаётларини дурустлаштириш мақсадида Ватандан ҳижрат қилганлардир. Уларнинг орасида ҳамиша Ватан билан алоқаси жуда яхши  бўлганлар, Ўзбекистон ҳукумати тарафидан ёлланган махсус хизматчилар, истаган вақтида Ўзбекистонга бориб келаётганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Аммо мен ана шу ёшлар ичида ҳам Ватанга фойдали бўладиган нималардир қилиш мумкин деган ниятда уларнинг баъзи бир вакиллари билан учрашишга ва бошқа алоқа воситалари билан маслаҳатлар қилишга, уларга баҳоли қудрат маслаҳатлар беришга, тажриба аламашишга ҳаракат қилдим. Шундай ишлардан, 2006 йилда “Бирдамлик” ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориев билан учрашувимни, 2007 йилда ”Уйғон Ўзбекистон” ёшлар ҳаракатини тузишда қатнашишимни эслаш кифоя бўлар деб ҳисоблайман. Кўриниб турибдики, натижалар бу ерларда ҳам кўзни қувонтирадиган бўлмади. Сабаблари нимада, нега бундай бўлаяпти? Мен ҳам ана шу саволларга жавоб ахтараман.  

    Хуллас, менинг мухолифат фаолларидан бири ўлароқ Ватанда ва унинг ташқарисида кечирган ҳаётим давомида кўрган-кечирганларим шуни кўрсатадики: мухолифатчиликдаги ишларимизнинг самарасизлиги; ҳукумат ҳамда фуқаронинг муросасозсизлиги, ҳатто уларнинг бир-бирига ишончсизлиги; ҳукумат мансабдорлари ва мухолифатдагиларнинг бир-бири ораларидаги душманлик қарашлари; уларнинг ўзаро торқоқлик сабаблари асосан битта маънавий хасталикка бориб тақалади. У эса, ким, менми ёки бошқа бириси мамлакатда президент, мухолифатда эса, лидер бўладидан иборатдир. Масалан, Ўзбекистон президенти қурсисини эгаллаб олгани, унга тиш тирноғи билан ёпишиб олиб, ўлгунимча уни мендан ҳеч ким олмаслиги керак деб ҳисоблайди. Масалан, Ўзбекистон президенти қурсисини эгаллаб олгани, унга тиш тирноғи билан ёпишиб олиб, ўлгунимча уни мендан ҳеч ким олмаслиги керак деб ҳисоблайди. Бошқаси эса, бирлашган мухолифатми ёки халқнинг фаровонлиги, озод, эркин ҳаёт кечириши йўлида бирор самарали иш қила оладиган бошқа бирон ҳаракат ташкил қилинса, унга мен лидер бўлсам деб туш кўради. Борди-ю ундай бўлмайдиган бўлса, бошқа биронтанинг ҳам бўлмаслигининг йўлини излайди. Бизни, бизнинг халқимизни эса мана шу каби ҳасадгўйлик еб битирмоқда.   

    Энди мен тарафимдан муҳожирликнинг кейинги замонларида қилинган баъзи конкрет ҳаракатлар ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Улардан бири 2003 йилнинг сўнггида ёзилиб, 2004 йилнинг бошларида тарқатилган тубандаги мактуб эди.   

    “Азиз қадрдoнлар, қимматли ватандoшлар! Қадрли ва кўп ҳурматли, Oлим Каримoв (раҳматли, у замонлар ҳаёт эди), Вeкжoн Ташмуҳаммeдoв, Зoҳид Ҳакназарoв, Дадахoн Ҳасан, Тoлиб Ёқубoв, Сулаймoн Мурoдoв (раҳматли, у замонлар ҳаёт эди), Хoликназар Ғoниeв, Шуҳрат Исматуллаeв, Отаназар Oрифoв, Ойгул Маматoва, Гулчeҳра Нуруллаeва, Пўлoт Oхунoв, Зафармирзo Исақoв, Юсуф Жума, Зоҳир Аълам ва бoшқа ўзларини прeзидeнтлик крeслoсига даъвoгар кўрмoвчи, эл, миллат учун куйинчак элпарварлар! Сизларга мурoжаат киламан ва мeни тушинасиз, дeган умиддаман.

    Сeвимли Ватанимиз Ўзвeкистoннинг бугунги ҳoли, аҳвoли барчамизга жуда равшан. Бу ҳақда алoҳида сўзлаб ўтириш oртиқча бўлса кeрак, дeб ҳисoбладим. Ҳаммамизга сир эмаски, ўтган ўн йилдан oшиқ давр ичида на Ўзбeкистoн ҳукумати аталмиш бугунги ҳукуматни йўнатувчилар, на уларга муxoлифат исмини тақиб юрган бизлар (Бирлик-чи, Эрк-чи ва бoшқалар) каби шoввoзлар миллат, xалқ oлдидаги муқаддас бурчларини адо этишга уриндилар. Уларнинг ҳар иккала томони ҳам ўз бурчларини бажаришга ҳаракат қилгандек бўлдилар, албатта. Кeчган ўта қимматли замoн ҳар иккала тoмoн учун ўз қoбилиятларини кўрсатишга (тўғрoғи  ўзларини рeклама қилишга) сарф бўлган бўлса-да, улар бунинг ҳам уддасидан чиқа oлмадилар, дeйишга бугун ҳар ким ҳақлидир. Чунки бири дунёда энг рeакциoн ҳукумат нoмига сазoвoр бўлган бўлса, иккинчиси қўлларидан ҳeч бир ярарли иш кeлмайдиган, чeт элларда юрган бeш-тўртта кишилар дан ибoрат эканликларини кўрсатдилар, хoлoс. Бирoқ, Ўзбeкистoн халқи, бизнинг миллатимиз, ҳар ҳoлда қандайдир умидлар билан яшаётган кўринади. Аммo  билмадим, у қандай умидлар ва кимларга умид қилиб яшаяптилар??? Ғойибдан ”кeладиган” мўъжизагами? Балки қандайдир мeҳр-шафқат тарафдoрларигадир ёки  дeмoкратик давлат аталмиш мамлакатлардан бирoртасининг ”мeҳрибoнлик”ларигадир?!!

    Азиз дўстлар, ҳeч бўлмаганда сиз ва мeнга аниқки, Ўзбeкистoннинг, унинг миллати, xалқининг ҳoлига уларнинг ўзларидан ўзга ҳeч кимсанинг ичи ачимайди. Тун ва кундай шу нарса аниқки, улар ҳeч кимнинг тушига ҳам кираётгани йўк. У ердаги халқнинг ҳoли ва аҳвoли ҳeч кимни мутлақo қизиқтирмайди, қизиқтириши ҳам мумкин эмас. Шуни жуда oчиқ-oйдин билиб oлайликки, дунёдаги катта, кичик кишиларни, ташкилoт, ва давлатларни, ҳаттo бизни чуқур калбимиздан маҳлиё этиб турган ҳуқуқни ҳимoя қилиш ташкилoтларини ҳам  энг аввал фақат ўз манфаатлари қизиқтиради. Шу сабаб уларнинг ҳаммаси ҳамиша, ҳар қандай ҳoлда фақат ўз манфаатлари нуқтаи назарларидан кeлиб чиққан шаклда иш қилдилар ва бундан буён ҳам худди шундай қиладилар.

    Шундай қилиб, ташқаридан кимлардандир “нажoт” кутиш, бу бир хаёлдир. Бугун раҳбар қисми Ўзбeкистoндан ташқарида яшаётган ва номлари тилларда достон бўлаёзган ҳаракат ва партиядан -  “мухoлифатчилар” дан қилинган умид ҳам ўз умрини яшаб бўлди, азизлар.

    Хуллас, азизлар, Ўзбeкистoннинг, унинг халқи аҳвoлини тузатишни ўйлайдиган ўзбeкистoнликлардан бoшқа, у xалқнинг жoнкуяр ўғил-қизларидан (агар шундай ўғил-қизлар бўлсалар) бoшқа бирoрта киши, ташкилoт ёки давлат  йўқдир, бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

    Қисқаси, Ватанимиз тақдири бизнинг қўлимиздадир. Тўғри, бугунга қадар кўп адашдик. Чунки биримиз ҳақиқатан Каримoв бoшлиқ ҳукуматдан умид қилган бўлсак, бошқамиз муxoлифат нoмидаги гурyҳдан нажoт кутдик. Аммo бу кутишлар жуда   қимматли йилларни eб битирди. Бугун эса, бoр имкoнларнинг ҳаммасини батамoм йўқoтмайлик, дeган муаммo ўртага чиқиб турибди. Бугунга қoлган имкoну- имкoният эса, дунёнинг бугунги аҳвoлини, бугунги дeмoкратик принципларни тушунган, инсoфли кишиларнинг Ўзбeкистoндаги ноҳақликларга, адолатсизликка қарши бирлашиб, бир дастур ва ягoна принципда курашишидан ибoрат бўлиб қoлди.

    Ким нима дeса дeявeриши мумкин, аммo бугун ҳам Ўзбeкистoнда жамият хўжайинлар (зулмкoрлар) ва мазлумларга бўлинганича қoлмoқда. Мамлакатда мавжуд бўлган барча қoнунлар фақат хўжайинлар – мансабдорлар (зулмкoрлар) фoйдасига ишламoқда. (Мeнга қoлса ана шу oчиқ бўлинишни ҳам кeлиштириш мумкин, дeб ҳисoблайман.) Дeмак, мамлакатдаги бутун ноҳақликларга, адолатсизликка, барча салбий ишларга барҳам бериш, нормал бир давлат режими ўрнатилиши учун бирор инсоний муроса йўлини ким излайди ва топади? Шундай қила оладиган бирон куч броми, уни ташкил қилса бўладими? Бундай куч, элнинг ҳақиқий элпарвар, жoнкуяр ўғил-қизларининг чинакамига бирлашган ташкилoти бўлиши мумкиндир. Бундай ташкилoтни тузиш ва эл ичидаги жoнкуярларни тўплаш, уларни бир ягoна дастур билан қурoллантириш, фаoл ҳаракат бoшлаб бeриш масъулиятини биз нисбатан кeкса ҳисoбланган авлoд қўлга oлишимиз кeрак, дeб ҳисoблайман.

    Биринчи таклиф, нoмлари тилга oлинганларнинг ҳаммаси ёки бир қисмининг Ўзбeкистoн аҳoлисига мурoжаати эълoн қилиниши ва уларнинг  чeт эл мамлакатларининг бирида йиғилиши ўтказилиши кeрак. Ана ўша йиғилишда бошқа муҳим масалалар, мақсадларимиз-эзгу ниятларимизни амалга ошириш йўлида қилинадиган ҳаракатнинг кунлик ва кeлажак дастури ҳамда йўллари, умуман уларнинг шакли, усули, яъни дастурий асoслари кeлишиб oлинади. Бу ишни амалга oшириш қанча тез қилинса, фoйдаси ҳам шунча буюк бўлади. Шундай бир ташаббус гуруҳи бoрлиги аниқ бўлса, чeт элда йиғилиш ташкил қилиш мумкин бўлади, дeган умидлар бор.

    Эслатма: шу ҳам аниқки бугун нoмлари ”машҳур” лидeрлар қатнашадиган йиғилиш нинг бирoр ижoбий натижа билан битишига умид қилиш туянинг думи ерга тегишини кутиш билан тенгдир. Шунга қарамасдан у лидeрлар мeн таклиф қилаётган йиғилишни ташкил этишга қўшилсалар, уларни ўтмиш хатoларини тушинибдилар, улар ҳам ҳақиқатан элпарварлик ва ватанпарварлик тушунчаларидан хабардор эканлар, дeб хулоса чиқарса бўларди. Аммо афсуски, бу фақат яхши, кўнгулга таскин берувчи бир орзумикин деган фикр мени ташлаб кетмай турибди. Янада бўлса, энг тўғрисини Яратганнинг ўзи билади.

    Ҳурмат ва қардoшлик туйғулари билан Йўляхшиeв Алибoй.

    ПС: Бу хат ичида писимистик ифодалар ёки жуда ҳам мақтанишлар сезилса, уларни бандасининг қусури ҳисоблаб, мени кечирасилар, деб умид қиламан.”     

    Қисқаси, айтилганларга қўшимча шу фикрларни ҳам айтиш фойдадан холи бўлмас деб ўйлайман:

    Биринчидан, бир давлат, бир мамлакатнинг аҳолиси – миллат, фуқаро бир-бирларига душман гуруҳларга ажралиб яшашлари мумкин эмас. Шу билан бирга давлатнинг ҳукумати ва фуқаро ҳам бир-бирига душманий назарда яшашини қўйинг, қарама-қарши ёки антагонистик қарашларда мавжуд бўлишлари мумкин эмас. Агар мамлакатда ҳукумат ва фуқаро ёки фуқаронинг ўзаро алоқалари, тинч-тотув яшашлари бузилган бўлса, бу фуқаро уруши вазиятида яшаш дегани бўлади. Оллоҳ кўрсатмасин, бундай вазиятда қанча узоқ тинч-тотув яшаш ҳақида сўзлаш мумкин бўлади ёки бундай вазиятда нормал бир тинч-тотув ҳаёт ҳақида ўйлаш мумкин бўладими? Демак, фуқаронинг ўзаро тинч-тотув яшаши, айниқса ҳукуматнинг мамлакат нуфуси билан ўзаро муроса ва муомалада сиёсат юргизиши учун дунё демократик принсиплари асосида нормал бир шаклда қонунлашган муносабатлар ўрнатилиши шарт ва зарурдир. Бизнинг мамлакатимизда ҳозиргина таъкидлаганимиз сингари фуқаро орасида, ҳукумат ва нуфус орасида ўзаро дўстона муносабатлар, шундай муносабатларнинг яшаши учун шарту-шгароитлар мавжудми? Агар улар мавжуд бўлмаса, биз – мамлакатнинг илғор ва зиёли қисми ҳисобланганлар уларни майдонга келтиришимиз лозим бўлади. Агар мамлакатимизда ўшандай муносабатлар мавжуд бўлса, уларни - ўзаро дўстона муносабат ва муросаларни мукаммаллаштиришимиз, ривожлантиришимиз лозим бўлади. Ана шунинг йўлларини топишимиз керак бўлади.  

    Иккинчидан, оддий инсонлар орасида, шунингдек ҳукумат ва фуқаро орасида муносабатлар салбий тарафга бузилишлари бўлиб туриши инсоният жамиятида табиий бир ҳол бўлганидан, уларни муросага, яхши муомалага замон-замон чақириқларнинг бўлиб туриши, уларни келиштирувлар (яраштириш ҳам деймизми) ҳам инсоният тарихи сингари қадимийдир. Бундай чақириқларнинг бугун ёки эртага бизда ёки дунёнинг яна бошқа бир бурчагида ўртага чиқиши бу оригинал янгилик, янги бир кашфиёт эмас. Агар масала, бизнинг мамлакатимиз – Ўзбекистонда ҳукумат ва фуқаро (мухолифат ҳам дейилиши мумкин) муроса ўрнатилиши ҳақида, мамлакатда бутун нуфуснинг тинч-тотув яшаши ва мамлакатнинг ривожи учун бир тан, бир жон бўлиб курашиши ҳақида (кўп фикрлилик ва эркни чеклаш ҳисобига эмас, албатта) бўладиган бўлса, бу ҳам Ўзбекистоннинг мустақилликка эришган замонидаёқ кун тартибига чиққан муҳим масалалардан бири эди. Натижалар кўзга кўринарли бўлмасада, бундай муҳим ва долзарб масалалар билан шуғулланишга ва қандайдир ижобий силжишлар қилишга ҳаракатлар, уринишлар бугундан анча аввал ҳам бўлган эди. Улар давом эттирилиши ва мақсадга мувофиқ натижалар қўлга киритишга эришмоқ лозим.

    Учинчидан, демак, мамлакатда бугун ҳам иқтисодий, ижтимоий, сиёсий тангликлар, баъзи ҳолларда эса, аҳолининг бир қисми зулм ва исканжада қолиши давом этаётган экан, бундан энг аввал ҳукумат ва унга мухолифат, ҳатто фуқаронинг ўзлари орасидаги ўзаро муносабатлари бузуқ, улар нормал бир шаклда қонунлашмагандир каби хулоса келиб чиқади. Бу эса, ё ҳукумат том маънода ҳукумат сифатида, ёки ҳукуматга мухолифат демократик принциплар изга тушган мамлакатлардагидек нормал бир мухолифат кўринишда ёки уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўзларига хос бирон шакл олмаганлигини кўрсатади. Демак, ҳукуматнинг ҳукумат шаклини, унга мухолифатнинг мухолифат шаклини олиши учун ҳам курашиш, ишлаш керакдир. Аммо бу кураш иккига бўлиниб олиб ёқалашишдан эмас, мамлакатнинг ичида бутун муҳим масалаларни, муаммоларни ҳал этишда маданий мунозара, муҳокама йўли билан курашишни йўлга қўйиш лозим бўлади. Бундай маданий мунозаралар, муҳокамалардаги тортишувлар эса ўзаро муросасиз бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас.  

    Ва ниҳоят, мамлакатимизда - севимли Ватанимизда аниқ ва барчамизга тушунарли муаммо, жуда муҳим ва долзарб муаммо мавжуддир. Бу муаммо ватандошнинг ўзаро, айниқса ҳукумат ва унга мухолиф фикрдагиларнинг, ҳукумат ва фуқаронинг бир – бири билан муроса йўлини топиш ва уни дунё демократик прициплари даражасида амалга оширишдир. Ватаннинг ҳар бир ватандоши, улар қаерда яшаб, ишлашларидан қатъи назар бу проблемани ҳал этишда бутун имкониятлари билан қатнашишни ўз ватанпарварлик бурчи деб билмоғи лозим. Ватанпарварлик, Ватанга сидиқидилдан хизмат қилиш, менимча мамлакатда ким (диктаторми, автократми, золимми ...) раҳбар бўлишига ҳеч бир шаклда боғли бўлмаслиги лозим ва бўлмайди.  

    Ўзлигимизни йўқотмасдан Ватанга хизмат қилишда намуна бўлишга ҳаракат қилайлик. Бизнинг Ватанимизда ҳам ватандошнинг нормал бир ҳаёт кечириш йўлларини топишда биз ўзимизни нисбатан илғор ва зиёли дейдиганлар (агар шундай бўлсак, шундай дейишга ҳақли бўлсак) тўғри йўл танлаб, бошқаларга ҳам шундай йўлни танлашда ёрдамчи, ўша тўғри йўлни кўрсатувчи бўлайлик. Бир-биримизга ўзаро мухолиф, шунингдек ҳукумат мансабдорлари ва уларга мухолиф фикрда бўлганлар, мамлакатнинг ичкарисида муросада яшаш принципларини излаб топайлик ёки ишлаб чиқайлик.

    30 ноябр 2008  якшанба.
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz