Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 06.01.25
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Декабрь » 5 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    15.09.45
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир Муҳаммад

    АСАССИН
    Тарихий-Замонавий Роман

    Таниқли адиб ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммаднинг адабий-бадиий хазинасидаги асарлари  дурдоналари билан танишар экансиз ҳар гал ҳаёт атоқли дунёнинг янги ва янги қирраларини илғай бошлайсиз.Унинг назмдаги  зукколиги-ю сўзлар дурдонасини маржонларга териши, насрда эса ўзига хос ўз йўлидаги буюк ижодкор эканига  гувоҳ бўласиз.

    Келинг, яхшиси ўзингиз унинг "АССАСИН" асари билан танишингда ва биз айтишга уринган фикрларга ишонч ҳосил қилинг.

    Жаҳонгир Муҳаммаднинг ижод намунасидан яна бир маржонни ҳукмингизга  ҳавола этар эканмиз ,  адабиёт сарчашмасидан яна бир бор қониқиш ҳосил этишингизга тилакдош бўлиб қоламиз.

    Таҳририят.
    *                   *              *

    ОЛТИНЧИ БОБ

    21 АСРНИНГ БОШИ

    Дурдона Жосуслик Хизмати бошлиғи билан учрашувга тайёрланар экан, қандай қилиб соқчиларини ташлаб кетиш ҳақида ўйлаётган эди. Уларга ҳар қанча ишонса ҳам, Жосуслик хизмати бошлиғи билан учрашгани дадасининг қулоғига бориб етишини истамасди. У ташқи кийимларини ичкисига алмаштириб, хонадан чиқди ва:
    -Санлар бориб дам олаверинглар, бошим оғриб турибди, эртароқ ётаман, балки саҳарлаб бир жойга борамиз, йўлимиз узоқ бўлиши мумкин, яхшилаб дам олинглар,-деди у соқчиларига ва:
    -Ҳа, дарвоза очиқ турсин! Соня келмоқчи эди. Келса меҳмонхонадан жой қилиб беринг,-дея хизматчи аёлга юзланди. Кейин унга болалар ҳам дарсларини қилиб бўлишлари билан уларни ётқизишни буюрди.
    -Аммо дарвозани очиқ қолдира олмаймиз,-деди соқчилардан бири.
    -Сен яна маҳмаданалик қилаяпсан, айтганни қил, бўлмаса эртага Тошкентга жўнатман! Санга бориб дам олгин, эртага узоқ йўлга чиқамиз дедим. Нима қилишни манга ўргатмаларинг!-дея бақирди у.
    Сўнг хонасига кириб қайтадан кийинди-да, секин яна ташқарига чиқди. Ҳаммаёқ жим-жит эди. Соқчиларнинг хонасида ҳам сокинлик. У хизматчи аёлни имлади ва унга:
    -Мен бир танишим билан учрашувга кетаяпман. Қачонгача бева бўламан, балки буниси ёқиб қолар, узоқдагилар билишмасин,-деди.
    -Ўлибманми, опажон. Тилим кесилган мени…,-деди хизматкор ўзига билдирилган ишончдан ғурурланиб.
    -Мен кетгандан кейин ана улар чиқиб қолишса: “Бўлажак поччам билан учрашувлари бор экан, ҳеч кимга айтмаларинг”, деб тинчитиб қўй,-дея унга уқтирди Дурдона.
    У ҳовлига чиқиб “Мерседес”ни ўт олдириши билан соқчилар югуриб чиқишди.
    -Ҳой-ҳой тўхталаринг,-деди хизматчи аёл.-Сизларга айтишга тортиндилар, манга айтдилар, бўлажак поччам билан учрашувлари бор экан!
    -Уфф!,-деди соқчилардан бири,-охири бошимиздан айрилмасак бўлди. Бўлажаги эмас, собиғи билан учрашса ҳам биз ёнида бўлишимиз керак!
    Хизматчи яна гапга аралашди:
    -Тўғри, собиғи билан учрашсалар, албатта ёнларида туришларинг керак, лекин буниси…
    Хизматчининг гапини соқчилардан бири кесиб ташлади-да:
    -Нима қиламиз, орқадан кузатиб борамизми?-деди шеригига.
    -Жиннимисан, бу ер ўрмоннинг ичи бўлса, орқадан келаётган машина дарҳол билинади. Кейин ишдан қувилмайлик, тағин,-деди иккинчиси ҳушёрлик қилиб.
    -Бирор кор-ҳол юз берса нима қиламиз?
    -У ҳолда мана гувоҳимиз бор…
    -Балки Тошкентга хабар берсак-ми, Рустам аканинг гаплари ёдингдами, “Ер остидан илон ўтса ҳам билишим керак” деган эдилар.
    -Аввал аниқлаш керак, бу илонми йўқми? “Агар кетган бўлса, санлар нима еб ўтирибсан” демайдиларми?..
    Илгари Дурдона соқчиларини ўзиники қилиб олган эди. Истаган пайтда олиб кетарди, истаган пайтда ташлаб кетарди. Аммо Москвага келгандан бери бу ернинг вазиятини биладиган одамлар кераклигини баҳона қилиб, унинг соқчиларини алмаштиришди. У шундан бери уларга ишонмайди. Бир икки синаб кўрди. Синовдан яхши ўтишди. Аммо шунда ҳам улар олдингиларининг ўрнига келишгани унга тинчлик бермасди.
    Айтилган манзилга яқин қолганда машинани бир четга тўхтатиб орқага қараб турди ва орқадан келаёган машиналарни ўтказиб юборди. Кейин чўнтагидаги қоғозни олиб, адресни яна бир бор қараб кўрди.
    Икки кун олдин аэропортда унга оид олтинларни олиб қўйишди. Аслида у ҳамма нарсани расмийлаштирган ва Москвадаги қазо-қазолар билан ҳам гаплашган эди. Шунга қарамай юкларини аэропотда тортиб олишибди. Шундан кейин танишларига қўнғироқ қилса, бу масалани фақат Жосуслик хизмати раҳбари ҳал қилиши мумкинлигини айтишди.
    Унга телефон қилиш ёки ҳузурига бориш учун эса отасини хабардор қилиши керак. Отаси шундай шарт қўйган. Шу боис газетада ишлайдиган дугонаси Соня орқали Жосуслик хизмати бошлиғига хат юборди ва олинган жавобда қаерга келиши ёзилган эди. Манзилни топса озиқ-овқат дўкони экан. Ҳайрон бўлиб турганди, бир аёл унга яқинлашиб:
    -Мен сизни бошлиғимиз ҳузурига олиб бораман, машинангизни дўконнинг орқасига парк қилинг,-деди.
    Дурдона иккиланиб турганди, ҳалиги аёл чўнтагидан ҳужжатини олиб унга узатди.
    Жосуслик хизмати бошлиғининг алоҳида топшириқлар бўйича ёрдамчиси экан. Шундан кейин машинасини парк қилиб, ҳалиги аёл ҳайдаган таксида йўлга чиқишди.
    -Учрашувимиз жосуслик киноларидагидек бўлаяти-ку?-деди Дурдона унга.
    -Пенсияга чиққандан кейин биз ҳам бирорта кинога сенарий ёзамиз-да,-деди ҳалиги аёл ярим расмий оҳангда.
    Бу Дурдонанинг юрагини ғаш қилди. У аёл ҳам хато қилганини тушунди шекилли:
    -Аммо бизда пенсияга чиқиш йўқ-да. Охиригача ишлаймиз,-деди.
    Лекин шундан кейин ҳам суҳбат қовушмади. Такси бир қанча кўчаларни айланиб бир боғ ичидаги ҳовлига кириб борди. Дурдонани Жосуслик хизматининг бошлиғи ўзи кутиб олди.
    -Бу ерда илгари фақат отангиз бўлганлар, сизнинг мамлакатингиздан бошқа ҳеч ким бу ерни билмайди. Битта билгани бор эди. Илгари сизларда Ички Ишлар вазири бўлган. Аммо у ўлиб кетган. Отангизнинг бир оғиз илтимослари билан ундан воз кечилган. Орадан ўн йил ўтганига қарамай бу хабар ҳеч қаёққа сизмади. Бизнинг учрашувимиз ҳам табиийки, сир тутилади,-деди у салом аликдан кейин Дурдонанинг қўлини ўпиб уни ичкарига бошлар экан.
    -Аммо мен бировни ўлдиришни илтимос қилиш учун келмадим. Агар шундай ишни қойил қиладиган бўлсаларинг, бу ҳақда ҳам гаплашаверамиз,-дея кулди Дурдона.
    -Олдиндан айтиб қўя қолай, Америкадан бошқа жойда бўлса, қиламиз. Аммо…
    -Шамол қаёққа эсишини билдингиз-а?-деди Дурдона.
    -Албатта, аёлнинг қасоси биринчи галда собиқ эрига йўналган бўлади…
    -Нима учун Америкада қила олмайсизлар?-қизиқди Дурнона.
    -Иккаламизнинг орамизда қолсин, сиз илгари бу ишни истаганингизда, топшириқ олган йигитлар бориб отангиз билан гаплашишганини биласизми?
    -Йўқ…
    -Отангиз уларга изн бермаганлар. Чунки биз отангизга тушунтириб қўйган эдик.
    -Ундай бўлса отам менга дашном берган бўларди? Дарвоқе, буни сиз қаёқдан биласиз? Нега сиз тушунтириб қўясиз?
    -Ишимиз шу, ҳамма нарсани билиш.. Нега отангиз изн бермадилар ва нега сизга айтмадилар. Отангиз ақлли одам. Нимадан кейин нима бўлишини биладилар. Отангиз раҳбарликка ўтганларида сиз ҳали туғилмаган эдингиз. Ўшанда раҳбарликка ўтадиган ҳар бир одам бизнинг тегирмонимиз орқали ўтарди. Отангиз бу тегирмондан тирик чиққан одам. Америкаликлар билан ҳар кимни ҳам ўйната олмаймиз.
    Америкаликлар ҳамма нарсани кечиришади, аммо ҳудудига бориб зўравонлик қилсангиз ҳеч қачон кечиришмайди. Бу масалада нафсониятлари жуда баланд. Шунинг учун ҳам мен суҳбатнинг аввалидаёқ бундай ишга кира оламаслигимизни айтдим. Отангиз бу ҳақда сизга билдирсалар, кейин сизни назорат қила олмас эдилар.Гапнинг индаллоси биз изн бермаган эдик…
    Кейинги пайтда отаси билан орасига совуқлик тушган Дурдона бу гапдан жаҳл қилди.
    Илгари қўлида ишлаган бир йигит Америкага қочиб кетди ва сирларини оламга ёйди. Ўшанда хорижий радиоларда ҳар куни унинг молиявий ишлари ҳақида гап борарди. Бунинг устига АҚШ конгресси ҳам унинг масаласини кўра бошлади. Бошқа томонда эса собиқ турмуш ўртоғи уни судга берганди. Кечалари билан ухламай чиқарди. Ҳирси лов-лов ёнарди. Собиқ эрига енгилгиси келмасди.
    Бир кун қўриқчиларининг каттасига собиқ эрини йўқотишни буюрди. Аммо баҳона устига баҳона топишди. Шунда отаси чақириб қолди.
    -Сан жим юрасанми, йўқми?-деди отаси.
    -Нима қилибман?-деб жавоб берди захархандалик билан Дурдона.
    -Вой, манжалаққининг қизи, яна нима қилибман дейди-я?! Нима, отанг, ҳеч нарсани билмайдими, дунёга шарманда қилдинг-ку? Қайси қоғозга қарасам сени исминг. Бу кетишда гўрга кирасан!
    -Кирсам кирибман, сизга нима?-дея қўрслик билан жавоб қилди Дурдона.
    -Менга нима? Нимани кўрсатиб қўяман санга. Қанақа оёқ ташлаб юрганингни билмайди деб ўйлайсанми?
    -Билсангиз нима қилай? Мени ҳам Жаслиққа юборасизми?
    -Жаслиққа онангни юбораман! Сани эса синглинг билан бирга Чалматовга топшираман, бугун борган жойларинг бор-ку, ана ўша подвалда чиритади! Ит ҳам сўрамайди санларни! Жуда раҳм қилсам, керак бўлса, океаннинг нарёғига топшириб юбораман!
    Шу куни Дурдона синглиси билан Чалматовнинг ҳузурига боришганди. У ерда собиқ эрининг қариндошлари ётганди. Уларнинг қийноқларга солинганини ўзи суратга олиб, собиқ эрига юбормоқчи эди. Чалматов уларга “томоша” кўрсатиб берди. Ертўладан чиқишар экан опа-сингил қалт-қалт титрашар эди. Қулоқларининг остида маҳбусларнинг инграшлари, кўзларининг олдида уларнинг тирноқларини сўкиб олишгани…
    Дурдона отаси айтганини қиладиган одам эканлигини билгани учун ҳам тилини тийишга мажбур бўлди. Отаси ҳам бироз жаҳлдан тушган бўлди ва:
    -Ана биттасини топиб қўйдим, Сарваржонни. Кейинги ҳафтага тўй. Агар одам бўлиб у билан яшасанг, ўрнимга ўшани қўяман ва ундан кейин билганингни қилиб юраверасан,-деди отаси.
    Дурдона бошини егиб турганди бу гапдан яна ўт олди.
    -Нима мен сизга қулман-ми, истаган пайтда сотасиз? У латтани мен яхши биламан, энди ҳезалак билан яшамаганим қолдими?
    -Агар гапга кирмасанг, кўзимдан йўқол! Даф бўл, бу ерларда қорангни кўрмайин-ки, уриб оёғингни синдираман. Мени бутун миллат отам дейди, оёғимни ўпади. Сан бўлсанг манга гап қайтарасан, йўқол. Қорангни ўчир!
    Шундан кейин уни дарҳол Москвага жўнатишганди. У отасидан хафа бўлиб ҳамма бойликларини Москвага таший бошлади. Шу орада олтинлари қўлга тушиб, мана энди Жосуслик хизмати бошлиғи билан шу ҳақда гаплашаман деб келса, гап бошқа томонга айланиб кетди.
    Дурдона гапни айлантириб ҳужум қилиб кўрмоқчи бўлди:
    -Мени бу ерга олиб келган хоним пенсияга чиқсалар филмга сенарий ёзишлари мумкин экан, қолаверса сиз ёки сиздан кейинги одам менинг ўғлимни шу ерда қабул қилганда бу учрашув ҳақида айтиб қўйиши ҳам мумкин…
    -Сиз аслида разведкачи бўлишингиз керак экан, мени дарҳол икки нуқтада ушладингиз,-деди мезмон.
    -Мендан разведкачи чиқмайди,-деб қўя қолди Дурдона ҳужуми дарҳол пучга чиққанидан руҳсизланиб.
    -Нега чиқмас экан, гўзалсиз, ақллисиз, чаққонсиз…
    -Раҳмат! Раҳмат!-дея кулиб қўйди Дурдона.
    -Ана у шофер қиздан хавотир олманг. У пенсияга чиқса ҳам гунг бўлиб ўтадиганлардан. Лекин келажакда сизга содиқ хизмат қилади. Илгари отангизни бу ерга олиб келган одам ҳалига қадар у кишига ёрдамчи…
    Дурдона отасининг ёрдамчисини яхши билади. Жуда айёр одам. Отасидан бошқа одамни бир тийинга олмайди. У отасидан олдин ҳам шу ишда ишлаган. Ҳамма ундан қўрқади. Аммо шу лаҳзада мезмон у ҳақда ўйлашга изн бермаётган эди.
    -Ўғлингиз масаласига келсак, сиз отангизнинг бу ерда бўлганидан фақат ишонч туйганингиз каби у ҳам бизга ишониши учун айтилса, ажаб эмас. Лекин бу учрашув қайдиятдан ташқари.
    -Мен олтинларим ҳақида ҳамма идорани хабардор қилган эдим. Умуман Тошкентдаги олтинлар бу томонга оқса нимаси ёмон, сизлар бой бўласизлар-ку?- Дурдона асосий мақсадга ўтиб қўя қолди.
    -Фақат бизлар эмас, сиз ҳам…
    -Хўп мен ҳам. Лекин бу билан мени ҳам бошқаларни ҳам чўчитиб қўйдингизлар.
    -У ерда ҳар икки томондан ҳам хатолик бўлган. Юк 20 тонна деб кўрсатилган экан ва амалда 25 тонна бўлган.
    -Буни олдиндан қандай билдингизлар? Чунки юк ушлангандан кейин тортиб кўрилган. Қолаверса, юкни дипломатик йўл билан олиб келгандик-, ажабланишини яширмасдан очиқ гапирди Дурдона.
    -Унутманг, ҳали 15 йил олдин битта мамлакат эдик. Ҳали ҳам илдизларимиз мустаҳкам. Мен фақат отангизнинг ёрдамчиси ҳақида гапирдим. Аммо МҲХда асосан бизнинг кадрлар ишлашини унутманг. Бунинг учун ҳам отангизга раҳмат. Сиз ёш эдингиз, 1991 йилда Олий мажлис сессиясида МҲХни тарқатиб юбориб, ўрнига янгитдан миллий бир ташкилот тузишмоқчи бўлганлар чиқишганди. Ўшанда отангиз қаҳрамонлик қилдилар ва МҲХни сақлаб қолдилар. Шу билан ўзларини ҳам сақлаб қолдилар.
    -Демак, фақат отамни эмас, мени ҳам назорат қиласизлар?
    -Вазифамиз! Ҳамма нарсани ва ҳаммани назорат қиламиз.
    -Менинг соқчиларим ҳам бўлмаса сизларга…
    -Ҳозирча йўқ. Биз унчалик пастга тушмаймиз. Лекин сиз истасангиз уларни ҳам алмаштирамиз.
    -Қандай алмаштирасиз?
    -Ҳар қандай ақлли одам ҳам оддийгина нарсаларнинг ечимида қийналиб қолади дейишгани рост экан…
    Бу гап Дурдонага қаттиқ тегди. Худди ахмоқлигини кўрсатиб қўйган одамдек хижолат чекиб қолди. Раис пайт келганини сезгандек:
    -Лекин биз томондан қилинган хатони тузатамиз, 20 тонна олтинни айтилган жойга етказиб қўйишади,-деди.
    -Қолганичи?
    -Қолгани расмийлаштирилмагани учун кейинроққа қолади. Муносабатларимиз дарз кетмаса уни ҳам оласиз.
    -Лекин барибир ёмон бўлди, бу ҳақдаги гаплар матбуотга ҳам чиқиб кетди…,-деди Дурдона.
    -Миш-мишлар чиқди, холос, биз буни расман рад этсак, миш-мишлигича қолиб кетаверади. Отангиз бу гаплар ҳақида сўраган эдилар, текшириб чиқамиз, деб масалани орқага ташладик. Лекин сиз билан менинг ҳар кун учрашувим қийин. Имкониятдан фойдаланиб баъзи нарсаларни гаплашиб олсак.
    -Нимани?
    Дурдона шундай деб атрофга қаради. Бино уч қаватли бўлиб улар биринчи қаватда, кираверишдаги жойда ўтиришганди. “Ҳаммаёққа ёзиб олувчи жиҳозлар қўйиб ташлашгандур? Бу суҳбат дадамга бориб етса нима бўлади? Шундай ҳам ҳар кун бақиргани бақирган. Ойимнинг миясини еб ташлади. Ўзи-ку куёвини ёқтирмас эди, энди ажралгандан бери икки гапнинг бирида “Мени дунёга шарманда қилдинг” деб айтади. Уни ўзи топган эди. Ўзи ёқтирмади. Ўзи ҳайдади. Энди яна ўзи бақиради. Шунақа ҳам золим бўладими одам?
    Дурдонанинг хаёлга ботганини кўрган раис:
    -Сиз мени Володя денг, мен эса сизни Диля дейман,-деди.
    -Дугоналарим Диля дейишини бутун дунё билади…Шу гапларни ташқарида гаплашсак бўлмайдими?-деди Диля.
    -Нега энди? Ёки бу ерда гапларимизни ёзиб олишадими деб хавотир қилаяпсизми? Хавотир олманг бу ерда ёзишмайди. Лекин ташқарига чиқиб гаплашсак ҳам бўлади. Фақат ташқарида нарёқдагилар сателет орқали суҳбатимизни ёзишлари ҳам мумкин. Шунинг учун сиз Диля бўла қолсангиз яхши. Бу ерда эса бизникилар, энди ўз бошлиқларини ёзишадими?
    -Бир пайтлар ҳатто “Горбач”ни ҳам ёзишган-ку? Мана энди очилди. Сизни ҳам ёзишлари мумкин,-деди киноя билан Дурдона.
    -Ёзадиган бўлсалар нима ташқарида ёзишмайдими? Лекин биз яширадиган нарсалар ҳақида емас, келажагимиз ҳақида гаплашаяпмиз. Бунинг сизнинг мамлакатга ҳам, бизга ҳам фойдаси бор. Биз ҳеч қачон энди эски тузумга қайтмаймиз. Қайтадиган бўлсак, беш-олти йилдан бери ялиниб юрган Белорусни аллақачон қўшиб олардик.
    -Унда Украинадаги инқилобга нега бу қадар жаҳлларингиз чиқмоқда,-дея киноя қилди Дурдона.
    -Бу жиддий масала. Бизни бўғзимиздан бўғиб олишмоқчи. Биласиз, МДҲ катта бозор. Бозор учун ҳаммавақт кураш бўлган. Оддий бозорда ҳам савдогарлар эртароқ бориб, яхшироқ жойни эгаллашга уринадилар. Бугун ким дунёга кўпроқ қурол сотса, ўша мамлакат бой бўлади. Бу оддий ҳақиқат ва биз МДҲни қўлдан чиқармаслик учун курашамиз. Чунки дунёда энг катта қурол ишлаб чиқарувчиларданмиз. Қолаверса, Туркман газини Авропага биз сотамиз. Газ сизнинг мамлакатдан ўтиб келади. Яна ҳам қолаверса, пахта ва ҳоказо. Буларни сизга айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Мендан яхшироқ биласиз.
    -Нега энди қўшиб олмаймиз деяпсиз, агар биз истасак-чи?
    -Ҳеч қачон истамайсиз. Отангиз ҳам истамайди. Халқингиз ҳам истамайди. Икки марта қўшиб олиб биз нимага эришдик? Бугун энди бизнинг халқ ҳам истамайди? Тўғри истайдиганлар бор. Аммо бу ишни амалга оширадиганлар охири яхши бўлмалсигини биладилар. Чеченистон халқимизнинг тоқатини битирган…
    -Чеченистон масаласи бу сизларнинг ички курашингиз. Ҳокимият учун курашни Чеченистонга кўчиргансизлар…
    -Балки… Демак, бу ўйинга мос одамларни ўша ердан топганмиз. Хуллас, сабаблари кўп. Сизларни эса яқинимизда тутиб, олди берди қилишни ва бошқаларнинг орқа томорқаси бўлиб қолмасликларингни истаймиз. Биз олдин ўз мамлакатимизни оёққа қўйиб олишимиз керак. Шу билан бирга яқинимизда бўлаётган воқеаларни ҳам шундай кузатиб тура олмаймиз.
    -Керак бўлса сизлар ҳам Ғарбнинг мусиқасига ўйнаб кетасизлар, Володя,-деди Дурдона бўш келмасликка ҳаракат қилиб ва кўчма номга ўтиб.
    -Биз ҳеч кимнинг мусиқасига ўйнамаймиз, Диля. Агар ўйнаганимизда ҳозир иккаламиз гаплашиб ўтирмаган бўлардик. Мана сиз Москвага ишга келганингиздан кейин сизни ушлаш ҳақидаги талабномани олганмиз.
    Володя шундай деб папкадан бир қоғозни олиб Диляга узатди. Диля унга кўз югуртирди-да:
    -Пашшадан фил ясашади, буни ўзингиз ҳам биласиз,-деди.
    -Аммо улар пашшани эмас, ҳақиқий филни ушлашга умидвор. Мана бу талабнома ҳам ўша кезларда келган.
    Энди Володя “Траффикинг” деб ном олган ва турли мақсадларда хотин-қизларни четга сотиш бўйича Дилянинг ширкатлари шуғуллангани ҳақида ҳам уни сўроқ қилиш кераклиги борасидаги талабномани унга узатди.
    -Менинг ширкатим ёшларга иш топиб берган. Корея, Араб давлатларига юбориб уларни иш билан таъминлаганман. Бу ҳам Ғарбга ёқмайди. Чунки арзон ишчи кучуни ҳаммадан кўпроқ улар истайдилар. Мана энди тўҳмат қилишмоқда.
    -Буни тўҳмат деб бўлмайди. Биргина Дубайда мамлакатингиздан бир йилда 563 нафар аёл фоҳишхоналарда ушланган ва уларнинг аксарияти сизнинг ширкатларингиз орқали четга чиққан. Уларга мана шу кифоя. Кўрдингизми, сиз яхши ният билан иш қилаяпсиз, кимлардир бузуқчилик қилаяпти ва айбни сизга қўйишяпти. Шунинг учун ҳам биз бунга эътибор қилмадик, деди Володя.
    Диля хаёлга ботди. Демак, бу ҳамма нарсани билади. Биринчи марта шу таклиф кимдан чиққанди, ўзи? Эслади. “Пантера” клубида ишлайдиган бир йигит келиб:
    -Мафия ҳозир қизларни четга сотиш билан шуғулланмоқда. Бир йилда бир неча миллион пул қилишаяпти. Шуларнинг ҳам танобини тортиб қўйиш керак деганди.
    Шундан кейин Дурдона “рекетчи” болаларни мафиячилар олдига юбориб уларга қўшимча солиқ солганди. Кўп ўтмай мафиячиларнинг каттаси унинг ёнига келди:
    -Опа, бу ишни сизнинг ёрдамингиз бўлмаса ривожлантира олмаяпмиз. Бир томондан Ички ишлар вазирлиги, иккинчи томондан Хавфсизлик хизмати, кейин прокуратура ҳам ҳақ талаб қилаяпти. Сизнинг паноҳингизга ўтсак, ана шулардан ҳам қутулган бўлардик. Ҳозиргидан кўпроқ фойда қилардик, олтмиши сизга, қирқи бизга,- деди.
    -Йўқ,-деди Дурдона ўшанда,- тўқсони менга, ўни сенларга. Бу сенларнинг кўпроқ ишлашларинга йўл очади ва талтайиб ҳам кетмайсизлар. Ана у идорадагиларга айт, менинг олдимга келишсин, ҳақларини ўзим бериб қўяман…
    Дурдона аввалига четдан шакар, сариқ ёғ олиб келар ва божхона ҳаққи ҳамда солиқ тўламасдан катта даромад қиларди. Аммо янги иш унга ҳеч қандай ташвиш туғдирмади. Жуда тез ривожланди. Фақат Араб давлатларига эмас, бу ёғи Ҳиндистон, нарёғи Португалиягача ҳам қизларни пуллашди, ҳам ёш йигитларни ишга юбориб уларни қулдек ишлатиб, катта даромад қилишди. Келган миллионларни эса четга чиқариб хорижий банкларда тўплай бошлади. Шуларни ўйлаб:
    -Володя, ҳали кутиб туринг, банкларда ҳам шунча пули бор деган қоғоз оласиз,-деди.-Чунки болаларим масаласини кўриб чиққан суд боргунимга қадар ўтган ҳар бир кун учун 500 доллардан жарима белгилабди. Ҳозирнинг ўзи бу пул анча бўлган. Эртага фалон банкда пули бор экан, бизга беринг, деб ҳам талабнома юборишади.
    -Юборишган,-деди Володя ва яна бир қоғозни кўрсатди ва:
    -Майли, булар билан асабингизни бузмайлик. Лекин Кайман оролларидаги пулларингизни Қибризга кўчиришни маслаҳат бераман. Уларнинг назорат ҳудудидан чиқишингиз керак. Отангиз Шветсария, Франсия ва бошқа мамлакатларнинг банкларида ҳам сизнинг номингизга олтинлар қўйган. Уларни ҳам кўчириш керак. Агар бир нуқтага кела олсак, ўйлайманки келамиз, чунки бунинг биздан ҳам кўп сизга фойдаси бор, ўзимиз ёрдам берамиз. Мана бу қоғозларга эса эътибор қилманг. Бу ҳаммаси ҳасад, кўра олмаслик, тузоққа илинтириш учун қилинган уринишлар. Аммо биз президентимизнинг бир оғиз гаплари билан буларни архивга қўйганмиз. Фақат бугун учрашганингда кўрсатиб қўй, бизнинг унга ёмонлигимиз йўқ, дедилар.
    -Ҳали бу учрашувимизни у киши биладиларми?-дея ҳайратланди Дурдона.
    -Албатта, мен у кишидан изн олмасдан бундай учрашувга қарор бера олмасдим. Билардим, сиз олтинлар масаласини ўртага қўйишингизни. Ўзингиз айтгандек, бу матбуотга ҳам чиқиб кетди. Ҳаммасига у кишидан изн олдим. Сизга ҳурматлари жуда баланд. Бирор кун ўзим ҳам учрашиб гаплашаман дедилар.- Шундай деб Володя яна гапни ҳужжатларга бурди:
    -Кўрдингизми, булар келганига беш-олти ойдан ошди. Агар биз сизга дўст бўлмасак, ўзимизни яқин тутмасак ушлаб берардик. Орада шундай шартномамиз бор. Ҳатто отангиз жаҳлимизни чиқариб турганда ҳам буни қилмадик. Уларга изн бериб, шу ердан сизни ушлаб кетишларига кўз юмиш билан отангизни уларга қарши қайрашимиз мумкин эди. Лекин буни ҳам қилмадик, чунки сизнинг томирингизда бизнинг қонга яқинлик бор. Биз онангизни ҳурмат қиламиз. Биз ҳеч қачон ўз яқинимизни сотмаймиз. Биз битта одаммиз…
    -Раҳмат! Лекин барибир ҳар қандай ҳимматнинг ҳам ортида мақсад бўлади?-деди Диля.
    -Чунки биз сизга ишонардик. Келажакда сиз билан иш қилишга ишонардик,-деди Володя.
    -Шунинг учун олтинларни ушлаган экансизлар-да?!
    -йўқ бундай эмас, десам барибир шубҳа қиласиз, майли сизнингча шундай бўлиб қолсин, менга кўра эса орада англашилмовчилик бўлган. Биз ҳаммасини билардик ва ҳатто ўша қўшимча беш тонна қаерга кетганини аниқлаб кейин сизни тузоққа илинтиришимиз мумкин эди. Буни қилмадик. Чунки бизга тузоққа илинган одам эмас, сиз каби қўрқмас, мустақил одам керак.
    -Мен нима учун керак, сизларга?
    -Отангиз қариб қолмоқда, Буни тан оласизми йўқми, барибир бу ҳақда ўйлашимиз керак. Қариган сари у киши ўзи билмаган ҳолда майдонни океаннинг нарёғидагиларга бўшатиб бермоқда. Уларни сиз биздан яхши танийсиз. Уларга қолса сизни ҳам ушлаб кетишса.
    -Дадам билан бир неча марта тортишиб қолдик. Дадам жуда ўжар. Мени ҳали ҳам бола деб ўйлайди ва фикрим билан ҳисоблашгиси келмайди, -деди Диля юрагига айқин гап очилганидан енгил тортиб.
    -Лекин биргаликда иш қилсак, дадангизни йўлга солиш мумкин. Бундан ҳам муҳими у кишидан кейин биз у ерда ё сизни, ёки сиз истаган одамни кўришни хоҳлаймиз. Улар ўз одамларини тайёрлаб қўйишди ва инқилоб қилиб ҳокимиятни унга олиб беришмоқчи. Дарвоқе, илгари ҳам 25 тонна олтинни ушлашган экан, у сизга оид эмасмиди?
    -Ўшандан кейин бу партияни расмийлаштирган эдим-да, аммо болалар беш тоннасини шундай қўшиб юборишибди,-деди Диля эркаланган оҳангда.
    -Уни ҳам қайтарамиз. Лекин отангизни қандай қайтарамиз, бу жумбоқ бўлиб турибди. Биз билан ўйин қилаётганга ўхшаяпти. Ҳамма гапимизга “хўп-хўп” деб айни пайтда уларга ҳам йўл бераётгани бизга ёқмаяпти.
    -Дадам, ўжар боладек гап, айтганини отаси олиб бермаса, жаҳл қилиб тўнини тескари кийиб олади. Сизлар унга ниманидир йўқ деган бўлсаларинг керак-ки океаннинг нарёғига ҳам кулиб қарайдиган бўлди.
    -Аслида биз ўзимиз кулиб қарашни айтган эдик. Лекин бунчаликка боришини кутмагандик. Учрашувларига бизнинг одамларни олмайдиган одат чиқарди.
    -Дадам жуда ўжар ва бир фикрга ёпишиб олса, ундан ажралиши жуда қийин. Сиз боя айтган гапни унга бир неча йўл орқали исботлаш керак. Ҳатто буни ўзингиз ёки Президент расман айтишлари ҳам керак. Бунга ҳам шубҳа қилади. Балки бирор жойда мажлисда айтиш керак. Шундагина ишонади,-деди Диля.
    -Мен ёки президент айтишимиз қийин эмас. Истаган қадар далиллар ҳам қўямиз ўртага. Аммо очиқ айтиш, бу бўлмайдиган гап.
    -Хўп, уларнинг режаларини менга айтишингиз мумкинми?
    -Мумкин. Масалан, улар бир қанча ноҳукумат ташкилотларини Тошкентда рўйхатдан ўтказишди. Энди вилоятларда ҳам бўлимлар очишди. Ҳозирнинг ўзида бир қанча ёш журналистларнинг бошини айлантириб олишди. Кейин инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиганлар ҳам кўпайиб кетди. Мухолифатни ҳам улар бошқармоқда. Веб саҳифалар қилиб беришди. Ҳатто программаларини ёзиб беришмоқда. Томчи, томчи тўпланиб дарё булур деган мақолларингиз бор. Бунинг устига нарёқдан келган ҳарбийлар бинолар қуриб муқимга қолишгандек иш қилишмоқда.
    -Ҳа, улар нима дейишса, дадам шуни бажармоқда. Уларга дадамдан ҳам яқинроқ одамни топиш осон бўлармикан. Дадам улардан жуда қўрқади ва айни пайтда фақат улар ёрдам бериши мумкин деб билади. Сизлардан эса амалий ёрдам ололмайман, деб ўйлайди.
    -Уларга ҳам дадангиз керак. Лекин уларнинг режими бошқа биласиз. Ичкаридан сиёсий босқи остида қолишса, дарҳол режалари ўзгаради. Бунинг устига улар демократияни ёйиш асосий планимиз деб эълон қилиб юборишди ва бу йўлга жуда катта маблағни йўналтиришмоқда,-деди Володя фикрини асослашга уриниб.
    -Ҳа-я, сизларни ҳам тинч қўйишмоқчи эмас,-деди Диля кинояомуз оҳангда.
    -Кўрдингиз Грузияда нима бўлди? Украинада ҳам олдини ололмадик, ахмоқлар гапга қулоқ солишмади, энди бу нарса сиз томонларга ҳам ёйилади. Ноҳукумат ташкилотларининг идораларида ҳар куни 40-50 кишини тўплаб қандай қилиб Чаушескони йиқитишганини, Гуржистондаги, Украинадаги инқилоб ҳақида ўзлари олган ҳужжатли филмларни намойиш қилишмоқда. Аммо дадангиз бунга эътибор қилмаяпти. Қанча маълумот киритаяпмиз, аммо кўз юммоқда.
    -Яхшилаб тушунтирса, эътибор қилади…
    -Гап ўша тушунтирадиганларда, дадангизни атрофини Ғарбга қулоқ соладиганлар ўраб олган, аста секин уларни у кишига таъсир қила олмайдиган жойларга ўтказиш керак. Бунда сиз катта рол ўйнашингиз мумкин…
    Улар узоқ гаплашдилар. Бу биринчи учрашув бўлгани учун Володя кўпроқ хушомад қилиб, Дурдонани ўзини ўзига мақтади. Анчагина ичганлари учун ҳам Володя жиддий масалаларни гаплашишни орқага олди. Аммо улар хайрлашар эканлар Дурдона:
    -Унутманг, дадам исботни яхши кўради. Уни бир марта ишонтирсангиз бас, қолгани жуда осон бўлади. 1999 йил Феврал, 2004 йил Апрел воқеаларида сизларнинг қўлларингиз бор деган гаплар чиққан эди. Тағин улар сизлардан олдинга ўтиб дадамни ишонтириб қўйган бўлишмасин.
    -Қойилман, ҳали ҳам шу ҳақда ўйлаяпсизми?-деди Володя.-Бўпти дастлаб, бирорта мақола чиқарамиз.
    -Чиқараверинг, у ҳам керак, лекин дадамга у кифоя қилмайди.
    -Нима қиламиз бўлмаса?
    -Камида ё баёнот беришингиз ёки бирорта минбардан шу ҳақда гапиришингиз керак. Масалан, Думага ҳисобот бериш учун борганда, гап орасида буни ҳам қистириб ўтасиз. Истасангиз, Думада ёпиқ мажлис қилинг, кейин дадамга стенограммани етказамиз.
    -Мен катталар билан гаплашиб кўраман, аммо сиз мендан ҳам бало экансиз,-деди Володя.
    -Бизда бало сўзини ҳам яхши ҳам ёмонга ишлатадилар.
    -Агар ёмонга ишлатадиган бўлганимизда, шунча вақтни сизга бағишлаган ва яна учрашишга орзуманд бўлармидик?
    -Яна қачон учрашамиз?
    -Соня орқали хабар юбораман,-деди Володя Дилянинг кафтини ўз кафтига босар экан.
    -Унга ишонса бўладими?-дея сўради Диля.
    -У менинг ишончли одамим…
    -Лекин баъзан дадамни ёмонлаб ёзарди-да…
    -У пайтларда дадангизни танқидий мақолалар орқали йўлга солиб турардик.Керак бўлса эртага сизни мақтаб ёзади.
    -Ҳали эрта, дадам шубҳа қилиб қолиши мумкин…
    -Эрта, деб кутиб ўтиверсангиз, эрталар тугамайди. Менимча битта-бита чиқариб дадангизни ҳам ўргатиш керак. Масалан, аввал сизга қарши чиққанларга жавоб уюштирамиз. Кейин эса алоҳида суҳбатлар ва мақолалар. Одамлар кўп ўқийдиган вебсайтларимиз ҳам бор. Уларни ҳам ишга соламиз. Қарабсизки, отангиз ҳам сиздан фахрланадиган ва сизга ишонадиган бўлиб қолади. Майли, қолган гап ва режаларни кейинги учрашувга сақлайлик, вақт ҳам алламаҳал бўлди,-дея Володя Дилянинг қўлини ўпди.
    -Битта саволим бор, шу дадамнинг юрагида бир сония бўлса-да, сиздан юз ўгирганига ишонасизми?-деди Диля.
    -Йўқ, ишонмайман, дадангиз бизнинг одам бўлган ва бизнинг одам бўлиб қолади. Аммо қариди…Қолган гаплар эса, шунчаки суҳбат эди. Асосий гапларни кейинги сафар гаплашамиз!
    Володя шундай деб Дилянинг ёноғидан ўпди-да, машинага миндириб, жўнатиб юборди.

    (Давом этади )


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz