Антиқа “суҳбат”(Бугунги кун баъзи журналистлар савиясига чизилган портрет)
Журналист: Хўш, суҳбатимизни анъанавий савол билан бошласак. Қайси рангни ёқтирасиз?
Рассом: Менга умуман ҳеч қанақа ранг ёқмайди.
Журналист: И-е, касбингиз рассом эди, шекилли?
Рассом: Нима, ҳали сиз ким билан суҳбатлашаётганингизни ҳам билмайсизми?
Журналист: Йўқ, нега энди, сўрадим қўйдим-да… Севган машина русумингиз?
Рассом: Ўзингизда бўлмагандан кейин нима қизиғи бор.
Журналист: Ит боқар экансиз, лақабини билсак бўладими?
Рассом: Буни ўзимга ҳақорат деб биламан. Шунча
нарсалар турганда итим ҳақида сўраш… Яхшиси итимдан интервью ола
қолинг! У айтаётган саволларингизга мендан кўра кўпроқ нарса бера
олади.
Журналист: Биз аудиторияни қизиқтира олишимиз
керак. Саволлар ҳам шунга мослаб тузилган. Айтингчи, кўпроқ қайси
фаслни ёқтирасиз? Ёзними ёки қишни?
Рассом: Иккаласини ҳам эмас. Менга умуман баҳор ёқади.
Журналист: Камера олдида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
Рассом: Ўзингиз-чи?
Журналист: Илтимос, саволни мен бераман. Камера қаршисида жавоб бериш одамдан масъулият талаб қилар эканми?
Рассом: Нима, сиз мени қамоқда ўтириб жавоб бераётган одам қиёфасида тасвирламоқчимисиз? Тушунмадим.
Журналист: Асабийлашманг! Хўш… Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
Рассом: Нимани назарда тут-япсиз?
Журналист: Умуман олганда, кайфиятингиз қанақа?
Рассом: Сиз келишингиздан олдин яхши эди.
Журналист: Бошқа қизиқроқ саволга ўтсак, бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?
Рассом: Бўш вақтимда асосан бўш бўламан.
Журналист: Йўқ, тушунмадингиз. Ҳалиги… бекорчиликда демоқчи эдим. Бекорчиликда нималар билан машғул бўласиз?
Рассом: Бекорчиликдами?! Кўпинча интервью бераман.
Журналист: Хўш… Расмларингизга чидаса бўлади.
Умуман олганда, сизда нимадир бор. Мана бу расмни олайлик. Камера
яқинроқ! Яхши… Гуллар, қушларми-ей, нима бало! Яна булутлар. Ёмғир
ёғади, шекилли. Қизиқ, бу ерда нимани тасвирлагансиз?
Рассом: Тасвирчингиз орқангизда турибди, ундан сўрай қолинг!
Журналист: Мабодо, сизга «журналист» деган мавзуда расм чизиш топширилса, нималарни акс эттирган бўлардингиз?
Рассом: «Журналист» деган мавзу берилсами?!
Унда… ҳм, анча абсурд мавзу экан. Ҳа, топдим: кўм-кўк осмон. Бирорта
ҳам булут йўқ. Чақмоқ чақиши ёки момақалдироқ бўлишидан асар ҳам
кўринмайди. Аммо узоқ-узоқлардан тоғлар кўриниб турибди. Ён томонда эса
катта, кенг пахтазор. Ишчилар шиддат билан пахта теришмоқда… У ёғини
яна ўйлаб кўриш керак.
Журналист: Агар сиз рассом бўлмаганингизда, ким бўлар эдингиз?
Рассом: Рассом бўлмаганимда, бу саволингизга жавоб берардим.
Журналист: Сир бўлмаса, севган қизингиз борми?
Рассом: Сир эмас, хотиним бор.
Журналист: Қайси пайтда расм чизишни мақул кўрасиз? Илҳом келганидами ёки илҳомсиз чизиш қўлингиздан келадими?
Рассом: Илҳом борида умуман бир иш қилиб
бўлмайди. Менимча, сиз уни кўрмагансиз. Акс ҳолда бунақа савол бермаган
бўлардингиз. Агар Илҳом келса, тамом. Мўйқаламдан тортиб,
мўйлабингизгача тегиб кўради. Жуда шўх бола-да.
Журналист: Майли, бу саволга ҳам бир амаллаб жавоб олдик. Энди, суҳбатимизни якунласак. Мухлисларга сўнгги сўзингиз!
Рассом: Нима мен ўлим тўшагида ётибманми, сўнгги сўзимни айтишим керак?
Журналист: Йўқ, тушунмадингиз. Журналистларга тилакларингиз.
Рассом: Шундай демайсизми?! Азиз журналистлар,
илтимос, бирор одам билан суҳбатлашсангиз, мана бунақа саволлардан
йироқ бўлинг! Бир дона сўз айтсангиз ҳам, мантиққа асосланинг!
Ёнгинангизда шунча воқеалар содир бўлса-ю, сиз кимнингдир ёқтирган
ранги, итининг лақаби ёки бўлмаса хотини бор одамга «севган қизингиз»
дея савол бериб ўтирсангиз. Илтимос, жиддийлашинг! Ахир сиз ЖУРНАЛИСТ
деган масъулиятли касб соҳибисиз. Шунга муносиб ҳаракат қилинг!!!