Ризобек Воскресенье, 2024-05-19, 03.57.18
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Декабрь » 28 » Замонавий адабиётни ўрганамиз
    00.36.35
    Замонавий адабиётни ўрганамиз
    Жаҳонгир МУҲАММАД

    АСАССИН
    Тарихий-Замонавий Роман

    Таниқли адиб ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммаднинг адабий-бадиий хазинасидаги асарлари  дурдоналари билан танишар экансиз ҳар гал ҳаёт атоқли дунёнинг янги ва янги қирраларини илғай бошлайсиз.Унинг назмдаги  зукколиги-ю сўзлар дурдонасини маржонларга териши, насрда эса ўзига хос ўз йўлидаги буюк ижодкор эканига  гувоҳ бўласиз.

    Келинг, яхшиси ўзингиз унинг "АССАСИН" асари билан танишингда ва биз айтишга уринган фикрларга ишонч ҳосил қилинг.

    Жаҳонгир Муҳаммаднинг ижод намунасидан яна бир маржонни ҳукмингизга  ҳавола этар эканмиз ,  адабиёт сарчашмасидан яна бир бор қониқиш ҳосил этишингизга тилакдош бўлиб қоламиз.

    Таҳририят.
    *                   *              *

    ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

    1998 йилнинг охири

    Янги йил байрамидан бир кун олдин Миртемирга Америкада узоқ йиллардан бери яшаётган Чол телефон қилди. Миртемир Америкага ҳали яқинда келгани учун Чолни унча яхши билмас эди. Аммо ҳамма Чол ҳақида гапирарди. Ҳеч ким унинг номини айтмас, ҳамма уни Чол дер эди.
    Кимдир уни ҳар қандай ишни уддасидан чиқа олади, деса яна кимдир ҳар қандай одамга ҳар қандай тўҳматни қилишдан қайтмайди, жуда кўп одамни қон қақшатган дер эди. Миртемир узоқ йиллардан бери мухолифатда. Туркияда эканлигида Ўзбекистон газеталаридан бирида Чол ҳақида танқидий мақола чиқди. Шунда радиодан телефон қилиб, Миртемирдан мазкур мақолага фикр сўрашди. У бундай мақолалар қандай тайёрланиши ҳақида гапириб берди. Кўп ўтмай Чолдан миннатдорчилик мактуби олди. Орқасидан эса Чолнинг Каримовга қарши иш қилмагани ҳақида ёзган очиқ хатини ўқиди.
    Шу боис у Чолдан узоқ туришга ҳаракат қилди. Аммо Америкага келган куниёқ остонасида Чол пайдо бўлди. Олис бир мамлакатда эшикдан кириб келган ватандошга ким ҳам қучоқ очмайди. Чолнинг билмаган нарсаси йўқ экан. Тўғрироғи ўзини ҳамма нарсани билгандек қилиб кўрсатар экан. Сталиндан гап очилса, у билан қайси йили қаерда ва қайси соатда учрашганини айтса, Нерудан гап бошланса, унга қандай маслаҳат берганини ҳикоя қиларди. Дунёдаги ҳамма лидерлар билан учрашган, ҳамма воқеаларнинг ичида бўлган ва ҳатто бошқариб турган қилиб кўрсатарди ўзини.
    Оддий одам унинг соатма-соат, дақиқама-дақиқа қилиб айтиб берган гапларига шубҳа қила олмас эди. Унинг хотирасига қойил қолмасдан илож йўқ эди. Худди компютер каби ҳамма хабарлар ва номларни ўз хотирасида сақлар ва жойида қўллана оларди. Аммо Миртемир унинг “мағзи”ни тезда чақди. Бир куни унга мамлакатдан бир дўстидан олган хабарни айтди. Бу хабарни фақат у ва дўсти биларди, холос. Орадан уч кун ўтиб, Чол унга телефон қилиб, “Ҳозиргина бир муҳим хабар” олдим дея ўша Миртемирдан эшитган гапни унинг ўзига айтиб берди.
    Миртемир дўстига хат ёзиб бу хабарни кимгадир айтиб-айтмаганини сўради. Хабар ҳали тарқалмаганига ишонч ҳозил қилгач,
    -Чолданми?-деди.
    -Э, сизга ҳам айтдиларми?-деди ҳалиги одам.
    Шундан кейин у Чолни кузатса, мана шу йўл билан ўзини аҳамиятли шахс деб танитар ва ҳамманинг диққат марказида бўлар экан. Пенсияда бўлгани учун вақти кўп. Турли газеталарни ўқийди. Радиоларни эшитади ва ўзи тўплаган маълумотлар асосида ўзи ҳам турли хабарларни тўқир экан. Америкада яшаётган ватандошлар ишхона ва уйнинг йўлидан бошқа нарсани билмаганлари учун унинг оғзига қараб ўтирар эканлар.
    У тинмай бошқаларни ёмонлар ҳам экан. “Фалончига мен бошпана олиб бердим, аблаҳ, салом бермай кетди», “ Писмадончини ишга жойлаб қўйдим, иплос хабар ҳам олмай қўйди” каби гапларни янги келган ватандошларга бот-бот айтар экан. Улар Американи яхши билмаганлари учун унга ғирт ишониб, бир неча ой унинг атрофидан айрилмай қолишаркан. Чунки Ватанда биров орага кирмаса ишга ўтиб бўлмаслигини улар яхши биладилар ва “тажриба”дан келиб чиқиб, бундай “аҳамиятли” одамнинг этагини маҳкам тутишга интиладилар. Америкада эса жиддий бир ишга, айниқса, ҳукумат ишига ўтаётганда, биров орага тушса, остонадан қайтиб кетасиз. Бу ерда тил билишингиз, имтиҳондан ўтишингиз керак. Бўлмаса “чол”лар тугул молларнинг ҳам фойдаси тегмайди.
    Чол тинмай Боймирза отани ёмонлар эди. Бу Миртемирга ёқмади. Чунки Миртемир Боймирза ота билан устоз-шогирд тутинган, уни улуғ инсон деб ҳисоблар ва унинг саксон ёшлик тўйини ўзи бош бўлиб ўтказганди.
    Миртемир Чолни қанча совуқ қарши олса, у шунча тез-тез келадиган бўлди. Охири бир кун у “Миртемирни ҳам мен ишга жойлаб қўйдим” деган гапини эшитиб қолди ва Чолга “Шунақа гаплар айтишга уялмайсизми?” деди. Шу билан оралари совуқлашди.
    Аммо янги йилга бир кун қолганда Чол Миртемирга телефон қилди ва
    -Туркиядан Олмосли келган, жуда муҳим хабар бор, мен Раҳим ва укаси Абдуваҳобни ҳам чақирдим, бир келиб кетинг,-деди.
    Миртемир Олмослини яхши танирди. У ҳукумат ишларида ишлаган ва кейин тижоратга ўтган, жуда бадавлат одам эди. Туркияда ва кейин Авропада яшаган мухолифатчи Холисни бир неча йил пул билан таъминлаб, ката-катта маблағларни сочиб юрган. Миртемирга ёмонлиги ҳам, яхшилиги ҳам тегмаган. Миртемир унинг оиласини яхши биларди. Онаси ва синглиси билан гаплашган, улар Ватан ҳасратида ёнган ажойиб инсонлар эканлигини кўрган эди.
    Олмосли Ватанга ишбилармон сифатида борган ва тезда юқори табақаларга йўл топа олган эди. Ўзи Каримовнинг маслаҳатчиси ва укаси Каримовнинг хорижий банклардаги ишончли вакилига айланганди. Бирдан уларнинг оралари бузилгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди ва Олмосли хорижга чиқиб яшаётган Холиснинг ёнидан айрилмай қолди. Уни бугун умрага олиб борса, бир ойдан кейин Америкага бошлаб борарди. Бугун Туркия президенти билан учраштирса, бир ойдан кейин Авропа бўйлаб саёҳатга олиб чиқарди.
    У Туркия раҳбарларининг эркатойи эди. У ҳақда жуда кўп мақолалар ёзилган ва унинг жуда сирли одам эканлиги айтиларди. Унинг ўзи ҳам мақолалар ёзар ва дунёнинг ўта долзарб муаммолари ҳақида кескин фикрлар билдирар эди. Унинг мақолалари Миртемирга ёқар ва учрашганларида кўпинча ана шу масалалар атрофида гаплашишар ва Олмосли чуқур мушоҳада юритгувчи яхши суҳбатдош эди. Шу боис Миртемир у билан учрашувни рад этмади.
    Миртемир келганда Чолнинг уйида Олмосли билан Туркиялик бир хоним ҳам бор эди. Уни журналист деб таништиришди. Аммо журналистга эмас, спортчига ўхшаб кетарди. Миртемир ундан шубҳа қилди ва унинг олдида гапирмасликка уринди.
    Гап Каримов ҳақида эди. Раҳим Каримовни, унинг сиёсатини ёмонлар экан укаси аксини гапирарди. Охири Раҳим чидай олмади ва ўрнидан туриб, укасини муштлай кетди. Чол ва бошқалар бир четга ўтиб, томоша қила бошладилар. Миртемир уларни аранг ажратиб қўйди. Шундан кейин Чол ошни дамлар экан, Олмосли Миртемирни бир четга олиб׃
    -Феврал ойининг ўртасида Ватанга қайтамиз, ҳаммамиз бир учқичда қайтамиз,-деди.
    -Тинчликми?-дея қизиқди Миртемир.
    -Каримов битди. Холисни унинг ўрнига қўямиз, сизлар ҳам унга қўшилиб, уни қўллашларингиз керак!
    -Биринчидан, Каримовни кетгани ёки кетишига ишонмайман,-деди Миртемир.- Ишонган тақдиримда ҳам Холисга ишонмайман. Каримов билан унинг фарқи йўқ.
    -Шу гапни ўзига ҳам айтган экансиз, унга шу гапингиз жуда қаттиқ ботган, нега фарқи йўқ?-дея эътироз билдирди Олмосли.-Бугун Каримовдан қутулиш учун лозим бўлса, ҳатто шайтон билан ҳам бирлашиш керак.
    -Шайтонга қарши шайтон билан бирлашиш шайтонликни қабул қилишдир,-деди Миртемир киноя билан,- Унинг исми Холис аммо ўзи холис эмас. Каримовнинг энг катта хатоси танқидни кўтара олмаслиги ва танқид учун одамларни қувғинга олишидир. Худди шу нарса Холисда ҳам бор. Танқид қилган одамни иғвогар деб эълон қилади, унга тўҳматлар уюштиради, устидан бўҳтонномалар ёздиради ва ҳоказо. Бунинг учун сиз берган пулларни сарфлайди, табиийки. Ҳатто уни танқид қилган одамни ўлдиртиб юбориш учун ҳам ҳаракат қилади. Бундан хабарингиз бор.
    Каримовнинг иккинчи хатоси ўз атрофига ахмоқ бўлса ҳам, ўғри муттаҳам бўлса ҳам фақат ўзини мақтаган, содиқ бўлиб кўринган одамларни тўплайди. Охирида уларнинг садоқатини ҳам оёқ ости қилади. Айни нарса Холисда ҳам бор. Уни мақтасангиз буни садоқат деб билади. Атрофига фақат ана шундайларни йиққан. Каримовга ўхшаб у ҳам маҳаллийчи. Ёнидаги тозилари ё укаси, ё жияни ёки ҳамюрти. Қолган битта иккитаси эса адашганлар.
    Каримовнинг учинчи хатоси ўзидан бошқа ҳаммани “ҳеч ким” деб билади. Айни нарса Холисда ҳам бор. Хуллас, Каримовда қандай иллат бўлса, ҳаммаси Холисда ҳам бор. Ҳар иккаласи ҳам ўз тинчлиги, ўз манфаати учун минглаб одамларни йўқотиб юборишга тайёр шахслар. Буни узоқда туриб билмайсиз, аммо яқинида бўлсангиз, дарҳол англайсиз. Бугунгача ким Холисга яқин келган бўлса, ҳаммаси ташлаб кетди. Нега? Чунки у ҳам ашаддий диктатор. Агар Каримовни ўрнига келиб қолса, ҳаммани қон қустиради. Каримовга ўхшаб бугун динчи, эртага атеист, индинга миллатчи…
    Бу гаплар Олмослига унча ёқмади. Лекин Миртемирга қарши гапиришни истамади ва
    -Иқтисодни ҳам билмайди. Бугунга қадар икки миллион долллар пулнинг бошига етди. Энг зўр жойларда яшатдим, қўлини исиқ сувдан совуқ сувга урдирмадим, дунёни кездирдим, уй жой қилиб бердим, хуллас, бор-бутимни сарфладим, энди уни мансабга қўйишим ва у мендан қарзларини узиши керак,-деди.
    Гапни индаллосини айтганда, Олмосли ҳақиқатдан ҳам кўп пул сарфлади, Фақат Холиснинг ўзига эмас. Балки Каримовни ағдариш мақсадида Туркияга олиб келинган ёшларнинг ҳам ҳамма харажатларини у тўлади. Мухолифатнинг рўзномаси учун ҳам у пул берди.
    -Ҳа, газета чиқариш учун сиз пул берганингиз ва газетани жўнатишни синглингиз бўйнига олганидан хабарим бор. Синглингиз жуда ҳам ватанпарвар. Эркаклар кўтара олмаган газета тўпларини ўзи орқалаб, учқичга олиб чиққанини кўрганман. Лекин Холис фақат сизга эмас, жуда кўп одамга ваъда берган. Мамлакатни деярли бўлиб берган. Мана шундай ваъдалари эвазига қарз олиб, умргузаронлик қилмоқда. Бундай одамни мамлакат бошига яқин йўлатиш миллатга хоинлик қилиш эмасми?
    Миртемирнинг бундай кескин гапидан кейин бир зум айтган гапидан уялгандек бўлдими ёки юрагида бошқа гап борми, Олмослининг кўзида ёш айланиб кетди ва у ҳам Миртемирга пешвозан суҳбатни айни маромда давом эттирди.
    -Шу ерда ўтирбману аммо барибир у яна бир хато қилиб қўймасин дея кўнглим нотинч. Билмасдан бир нарса деб юборса ҳамма режалар издан чиқиб кетади. Бу планимизни ҳам ана у диндорлар билан ўртоқлашиб қўйибди…
    -Қанақа план? Қанақа диндорлар?
    Миртемир бирдан ҳушёр тортди. Олмосли билан бирга келган аёл тағин махсус хизматлардан бўлмасин? Тағин бу яна бир ўйин бўлиб чиқмасин?
    У ростдан ҳам бир план борми-йўқлигини ва бундан Холисни хабари бўлиб-бўлмаганини аниқлаш учун Олмослига׃
    -Сиз билан гаплашаяпсиз, лекин бунга Холис қандай қарайди? Унинг бошқалар билан ҳамкорлик қилишига асло ишонмайман. Қўйинг, бу мавзуни умуман ёпайлик ва ошни еб тарқлайлик,-деди.
    -Ошдан кейин Нью Йоркка борамиз, Акбархон ака билан ҳам гаплашамиз,-деди Олмосли.
    -Мен боролмайман, эртага Янги йил ва оилам билан бирга бўлишни истайман.
    -Оилангизни олиб юринг, тайёргарлик яхши ва ҳаммага етадиган жой ҳам бор. Агар керак бўлса, у кишининг уйига яқин меҳмонхонадан жой ҳам олдириб қўйганмиз.
    -Лекин мен барибир Холисни сизнинг режангиз бўйича юришига ишонмайман,- деди Миртемир гарчи режа нималигини билмаса ҳам.
    Шунда Олмосли Чолнинг телефонини олдида Олмонияга телефон қилди׃
    -Бу ерда бутун мухолифат бирлашди ва Тошкентга боришга тайёр,-деди.
    Олмосли Холиснинг овозини эшитиладиган қилиб қўйган эди.
    -Мен Каримовни битирдим, мамлакатни қўлга киритдим, ёнингиздагиларнинг менга кераги йўқ. Улар фақат индамай ўтирсалар, бас. Қолган гапни келганингизда гаплашамиз!-деди Холис.
    Холиснинг бу гапи Олмослини шошириб қўйди ва ранги оқариб кетди.Аммо ноқулай вазиятлардан чиқишга уста одам
    -Бу ахмоқ билан бир иш қилиш қийин. Наригиси ҳам ахмоқ. Шу ташаббусни сиз қўлингизга олишингиз керак,-деди Миртемирга.
    -Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас дейишади. Демак, мен ҳам аскар эмасман. Мен биринчидан, ҳеч қачон кимгадир тобе бўлишни истамайман. Жуда ҳам эркин одамман. Иккинчидан, кимнидир ўзимга тобе қилишни истамайман, чунки ҳамманинг ҳам эркин бўлишини истайман,-деб жавоб қилди Миртемир.
    -Бу аҳволда мукаммал одамни топа олмаймиз ва яна Холис масаласига қайтамиз,-деди Олмосли бир зумда адашиб қолган отни йўлга солган чавандоздек мамнун қиёфда.
    -Ҳа, сиз бир нарсани энг мукаммал дея кўрсатинг мен сизнинг хатоингизни кўрсатаман. Сиз бир одамни хатосиз деб айтинг, мен сизнинг хатоингизни айтаман. Сиз менинг хатоимни айтинг, мен сизнинг кимлигингизни айтаман. Дунё мана шунақа. Лекин мен одамни яратган Тангрининг ўзи унинг жонини олиши керак деган қатъий ишончдаман. Каримов мен бу дунёда кечира олмайдиган якка шахс. Лекин унинг ҳам ўлимини истамайман. У ҳам яшасин ва қилмишлари учун мана шу дунёда жавоб топсин.
    -Бизга қўшилмайсизми?-дея сўради Олмосли.
    -Йўқ, бундай ҳаракатларнинг охири ёмон бўлади, Холис илгари ҳам шунақа хом-хатала ишларга бош қўшиб, кўп одамни хонавайрон қилганди, агар яна бир нарса ўйлаётган бўлса, уни тўхтатиш керак. Чунки бу йўл билан биз фақат диктатура мустаҳкам бўлишига ёрдам қилаяпмиз. Бу кетишда охири Ватанда бир киши ҳам кўчага чиқа олмайдиган бўлиб қолади ёки диктаторга ҳамма одамни қириб ташлаши учун шароит қилиб берган бўламиз. Бунинг устига унутманг, қилич билан келган, қилич билан кетади,-деди Миртемир.
    -Э, йўқ, нималар деяпсиз, бир гап бўлса мана мен билган бўлардим. Фақат ҳаммамиз биргалашиб Ватанга қайтиб борайлик, битта учқичда борайлик, халқ бизни кутиб олади ва бу ҳаракат инқилобга айланиб кетиши мумкин, деган план бор эди, қўшилмасангиз биз сизни мажбур қила олмаймиз,-дея Олмосли ичкарига, бошқалар ўтирган хонага қараб юрди.
    Ичкарида Олмосли гапни узоқдан бошлаб, яна биргаликда Ватанга қайтиш керак деган гапни айтганди, Миртемир сўҳбатга қўшилмади…
    Шу билан улар хайрлашдилар.
    Америкада бу суҳбат битиб янги йил кириб келар экан Ватанда ҳам янги йил байрами бошланиб кетган эди.

    1998 йилнинг охири, 1999 йилнинг йил боши

    Алматов байрам табрикларини қабул қилар экан, қўлидаги қадаҳни кўтаришга қўрқиб турганди. Чунки ҳали Каримов сўраб қолиши ёки чақириши мумкин-да. Бугун у қабулхонага телефон қилиб, Каримовни табриклаш ниятини айтганди, котиб бир зум ўтмасдан қайта қўнғироқ қилиб׃
    -Ўзлари сизга телефон қилар эканлар,-деди.
    Шундан кейин юрагига ғул-ғула тушди. Нима гап экан? Нега қабул қиладилар? Ҳар доим байрам арафасида хаёлларига келмаган ҳадя олиб боришимни билар эдилар-ку? Ёки бирортаси бирор нарса деб қўйдими?
    Алматов ҳатто хаёлида ҳам Каримовни сенлашга қўрқарди. Унга шунчалик жон олдириб қўйган-ки, у хаёлимдан ўтганини ҳам билиб қолиши мумкин деб ўйлар эди.
    Мана бир неча соатки саволлар Алматовга тинчлик бермасди. Дунё қизиқ экан. Кўпчилик уни жуда қудратли, мамлакатни бошқариб турган одам дейди. Баъзилар ҳатто Каримовнинг жилови ҳам унинг қўлида деган хаёлга борадилар. У эса янги йил байрами кириб келаётганига қарамай қўлидаги қадаҳни кўтара олмайди. Еган овқати ҳам томоғидан ўтмайди. Бир оддий қул ҳам байрамда эркин бўлади, аммо у эркин эмас эди. Қанчадан-қанча одамлар келиб, унга ҳадя бериб, ширин-ширин гаплар айтиб кетдилар. На бир ҳадя кўзига кўринди ва на бир ширин гап қулоғига кирди. Хаёлида ҳам, дилида ҳам, қулоғида ҳам фақат “Нима гап экан?” деган савол худди булдозердек гуриллаб айлангани айланган.
    У ҳар сонияда девордаги соатга қарайди. Бир дақиқа у ёқда турсин, бир сония ҳам жуда узоқ вақт экан. Туриб-туриб, кейин соатга қараса, энди ярим дақиқа ўтган бўлади. Соатнинг “тиқ-тиқ” этгани эса худди бошида биров ёнғоқ чаққандек бутун вужудини қоплаб олганди. Ана шу зайл вақт имиллай-имиллай янги йил киришига 25 дақиқа қолганда котиб телефон қилди ва 20 дақиқадан кейин бориши кераклигини айтди. У апал-тапал йўлга чиқди.
    Алматов ўтирадиган бинодан Девонга ер ости йўли бор эди. Бу туннелдан битта енгли машина юра олади. Аммо туннел Каримов яшайдиган 3 қаватли уйнинг тагига борганда бекилади. Чунки нариги томонини фақат Каримовнинг ўзи кабинет ва уй ораси йўлаги сифатида қўлланади. Шу боис фавқулодда ҳолатларда Алматов ўша нуқтага қадар борар ва у ердан ташқариага чиқиб, девон ҳовлиси орқали ичкарига ўтарди. У туннелдагина қўлланиладиган машинани қолдириб, юқорига чиқди ва Каримовнинг қабулхонасига қараб югурар экан, хурсанд эди. Чунки кўнглидан Каримов янги йилни мен билан кутиб олар экан, деган фикр ўтди. У Девон ёнига келганда, тўсатдан бир дарахтнинг ортидан Каримов чиқиб қолди. У анқайиб қолди. Бошқа биров кўзига Каримов бўлиб кўриндими ёки бу ростдан ҳам Каримовнинг ўзими? Қўрималари қани? Бу соатда бу ерда нима қилади?
    -Анқайма, шундан вафодор эканингни ва айтганимдан олдин келишингни билардим. Юр, бироз Девон ҳовлисида айланиб гаплашамиз,-деди Каримов унга. Шундагина Алматов ўзига келди ва қаршисида ҳақиқатдан ҳам Каримов турганига ишонди.
    -Янги йилингиз билан табрикламоқчи эдим,-деб Алматов Каримовни қучоқламоқчи бўлди. Каримов гавдасини бошқа
    -Қанақа янги йил?-деди,- қани, ана у амалиётни қандай ўтказамиз, ана ўша кун биз учун янги йил бўлади ва ўшанда биргаликда ичамиз. Ўша кун формангни кийиб келасан. Амалиёт яхши ўтса, янги йилни қутлаймиз, елкангга яна битта юлдуз тақиб қўяман. Бўлмаса, формани ечасан!
    Алматовнинг ҳадяси ҳам қўлида қолди.
    -Қўлингдагини мана бу дарахтнинг остига қўй,-деди Каримов.
    -Бу жуда қимматбаҳоо…
    -Агар амалиётни пишитмасанг бу нарсалар бир тийинга қиммат бўлиб қолади, амалиёт яхши ўтса, демак сени энг катта ҳадянг ўша бўлади. Унутма, илгари пошшолар бур ўқ билан икки ҳайвонни урганлар. Биз бештасини бирдан ураяпмиз. Бу осон бўлмайди. Диндорлар масаласида бугунгача бизга ишонмаган дунёни ишонтиришимиз керак. Сайловнинг мсаллиғини тайёрлаб қўйишимиз лозим. Бу сенга ҳам кейинги сайловгача қолиш гарантиясини беради. Мухолифатни бутунлай битиришимиз шарт. Халқни кўзини қўрқитиб туриш лозим. Ниҳоят, кучимиз борлигини, ҳар қандай шаритда иқтидорни қўлда тута олишимизни бошқалар ҳам билиб қўйсин. Биласан, дунёнинг қулоғи бор ва ҳамма гапни эшитишади. Шунинг учун ташқарида гаплашайлик дегандим. Ҳамма байрам билан овора. Осмондан туриб ёзиб оладиганларнинг ҳам хаёлига булар шу пайтда ишни гаплашади деган гап келмайди. Яхшилаб эшитиб ол. Амалиётда ким қатнашаса ҳам вақтини билмаслиги керак. МХХдан икки киши билади ва уларга 15 феврал деб айтдим. Аммо амалиётни бир кун кейинга мўлжалла. Мен ҳукумат мажлисини ҳам 15 га айтганман ва бир кун қолганда 16 га кўчирамиз. Демак, 45 кун қолди ва бу ҳақда бошқ гаплашмаймиз. Камида 5 жойда шампанский очасан. Ҳукуматдагиларга яхшироқ қилиб қуй. Кейин банкдагиларга ҳам бир шиша бер. Ўзингни одамларинг ҳам қуруқ қолмасин. МХХ яқинида ҳам биттасини оч! Импортнийсидан бўлсин. Кимнинг маҳсулоти бўлишини ҳам ўйлаб қўй. Шишалаар бирин-кетин очилсин! Ҳозироқ бориб ҳамма нарсани текшириб чиқ…
    -Ижрочиларнинг баъзилари МХХ да…
    -Шуни ҳам менга айтасанми? Нодирхонга айт, ҳаммасини битта бочкага солади!
    Шу пайт олисдан соатнинг бонг ургани эшитилди, одамларнинг қийқириқлари келди ва қаердандир осмонга мушаклар отилди.
    -Янги йилинг билан табриклайман,-деди Каримов,- буниси эмас, кейингиси билан!
    Каримов шундай деб ортга қайтди ва дарахт остидаги ҳадяни олиб, бино ичига кириб кетди. Шундагина Алматов эшик ёнида бир йигит кутиб турганини ва Каримов ҳадяни унинг қўлига тутқазганини кўрди. Фавқулодда ҳолатлар учун қилинган бу эшикдан девоннинг ҳожатхонасига кириш мумкин. Демак, қолган қўриқчилар ичкарида кутишмоқда ва янги йил оқшоми Каримовнинг қорни оғриб қолди деб ўйлашса керак.
    “Ҳа, отам, пишиқсиз!” деб қўйди хаёлан Алматов.
    У ўзини қушдай ҳис қилди. Демак, Каримов фақат унга ишонади. Ҳатто МХХга ҳам аниқ кунни айтмабди. Агар ҳадяни олмаганда кўнгли хира тортаради, лекин ҳадяни ҳам олди. Фақат нега уни дарахтнинг остига ташлатди ва кейин қайтишда олди? Балки ичида ёзиб оладиган бир нарса бормикан деб ўйладими? Наҳотки… Бирдан кўнглидаги равшанлик ўрнини зулмат қоплади. “У туллак, ҳатто ўзига ҳам ишонмайди” деб ўйлади ва ана шундай деб ўйлаганидан қўрқиб кетиб, атрофга қаради. Шу пайт бадани жунжикди. Шундагина бу ерга қадар юпун келганини англади. Дарвоқе, Каримов ҳам жуда юпун кийимда эди. Балки ҳаво совуқ эмасдур? У қўлини-қўлига ишқамоқчи бўлганди бармоқлари қотиб қоганини ва ҳаво жуда совуқ эканлигини ҳис этди ва яна югурганча ишхонаси томонга кетди.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz