Кун тартибига қўйилган қуйидаги уч масала бир овоздан тасдиқланди.
1. Маъмуржон Абдуғаффоровни ҳаракатга аъзоликка қабул килиш ва уни Европа бўлими раҳбари ўринбосари лавозимига сайлаш.
2. “Бирдамлик” Ҳаракатини 10 август куни “Озодлик” радиосидаги тарафкашликларга қарши пикет ўтказиш масаласини муҳокама қилиш.
3. Бошқа масалалар.
Дастлаб Маъруфжон Абдуғаффоровни “Бирдамлик” ҳаракати аъзолигига қабул қилиш ва Европа бўлими раҳбари ўринбосари вазифасига сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари уни бир овоздан “Бирдамлик” ҳаракатига аъзоликка қабул қилишди ва Ҳаракатни Европа бўлими раҳбари ўринбосари вазифасига сайлашди..
Иккинчи масала сифатида “Бирдамлик”ни “Озодлик” радиосидаги тарафкашлик ва цензурасига қарши пикетларини ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари “Озодлик” радиосининг айрим мухбирлари, айниқса ака- ука Бобожоновлар радиода тарафкашликка йўл қўйиб келишаётгани, улар “Эрк” партиясидан ташқари мухолифатдаги бошқа ҳаракат ва партиялар фаолларига сўз беришни истамасликлари ҳакида гапирдилар. “Бирдамлик” фаоли Ёдгорбек Турлибековнинг айтишича “Бирдамлик” ҳаракатини Юсуф Жумани қамоқдан озод қилишни талаб қилиб АҚШда 6-7-8 июль кунлари ўтказган пикетларини умуман ёритмаган. “Холбуки уларни бу ҳақда огоҳлантирган эдик”, деди Ёдгорбек Турлибеков. Ўша куни пикетда қатнашган Исоқжон Зокиров ҳам бу фикрларни тасдиқлади.
Йиғилишда сўз айтган “Бирдамлик” етакчиси Баҳодир Чориев нима учун “Озодлик”ни пикет қилиш кераклигига изоҳ берди. “Озодлик”да яхши ижодий муҳит яратилиши керак. Радио мухбирлари тарафкашликни тўхтатишлари керак. “Озодлик” радиоси раҳбари ўзбек тилини яхши билмаслиги ва ўзбек мухолифати фаолияти билан яхши таниш эмаслиги сабаб радио ўз вазифасини тўла бажара олмаяпти. Шу сабабли радио раҳбари ўзгариши, Бобожоновлар ишдан кетиши керак. Биз шуни талаб қиламиз”, деди Баходир Чориев.
Ўзбек мухолифати фаоллари бу масалада бир неча марта “Озодлик” радиоси раҳбариятига, радио директорига мурожаатномалар йўллашган, ҳатто бойкот эълон қилишга мажбур бўлишган, лекин уларнинг талаб ва таклифлари эътиборсиз қолиб келмоқда. Шу сабабли “Бирдамлик” фаоллари “Озодлик” радиоси раҳбарияти жойлашган Вашингтонда ва радио таҳририяти ўрин олган Прагада ҳамда Швеция пойтахти Стокҳолмдаги АКШ элчихонаси биноси олдида очлик намойишлари ўтказиш масаласини муҳокама қилдилар.
Йиғилиш иштирокчилари пикетларни 10 август куни ўтказишга келишиб олишди.
Учинчи масала юзасидан Ҳаракатнинг шимолий Швеция бўйича раҳбари Георгий Морозов сўзга чиқди. “Швеция 1 июлдан Европа Иттифоқига раҳбарликни бошлади. ЕИга аъзо мамлакатлар министрлари Швецияга келган кунлари “Бирдамлик” ҳаракати бу имкониятдан фойдаланиб Швеция парламентига ўз таклиф ва талабларини етказса яхши бўларди”, деди у.
Йиғилишда Г.Морозов таклифлари бир овоздан маъқулланди ва уларни амалга ошириш йўллари ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Шундай қилиб “Бирдамлик” ҳаракатининг навбатдаги йиғилиши ўз якунига етди.