Бундоқ ўйлаб қарасам мутелик, тобелик болалигимиздан онгу шууримизга сингдириб борилар экан. Бу ҳислат деймизми ё иллатлар ўзбек оилаларининг фарзандлар тарбияси борасидаги асосий мезони экан, десам айрим дўстлар фикримга қўшилмасликлари табиий. Шунинг учун ҳам айтганим сўзлар, яъни мутелик, тобелик руҳида тарбияланишимиз асосларига озроқ тўхталиб ўтмоқчиман. Албатта бу мулоаҳазалар тугал эмас, баҳсталабдир. Агар шундай бўлса, бу борада бошқаларнинг ҳам фикр-мулоазаларини ўрганиш фойдадан холи бўлмас.