Ризобек Четверг, 2025-06-19, 01.01.46
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа
    Главная » 2011 » Апрель » 10 »

    Улуғбек Бакиров: Узоқдаги яқинлар


    00.23.14

    Улуғбек Бакиров: Узоқдаги яқинлар

    Эй дўст, боқаётган кунга боқ узоқ
    Ботаётган кунга мезбондир уфқ.
    Ҳеч ким айта олмас, азалий жумбоқ
    Эртанги қуёшни кўрамизми, йўқ.
    Юсуф Жума
    Баҳорнинг илк кунлари таътилга чиқиб, Норвегиядан Амстердамга келдим. Бу биринчи келишим эмас. Бир неча йилдан буён Ҳолландга кўп келиб-кетиб тураман. Бу ерда энг азиз дўстим ва бошқа қадрдонларим яшайдилар.Шунинг учун бўлса керак, Ҳолланд диёри менга жуда ёқади. Ҳар сафар бу меҳри дарё, азиз инсонларнинг хонадонларида бўлиб, дийдорлашиб қайтсам, қалбим яйрайди. Муҳожирликнинг ҳижронларини бир зум унутгандай бўлиб, Ватанга боргандай бўламан. Кўпларини Ватандан билганим, азиз инсонлардир. Уларнинг руҳсатларини сўрамаганим боис исмларини ёзолмаябман.
    Ҳар сафар Норвегиядан Ҳолландга келаётганимда қалбим қувониб, хурсанд бўлиб келсам, Ҳолланддан қайтаётганимда эса, аксинча, маъюс қайтаман.
    Инсоннинг барча яхши ҳислатларини қадрлайман. Айниқса, самимийлик ва очиқкўнгилликни олий қадрият, деб биламан.
    Таниқли журналист, шоир ва адиб Ризо Обидни Ватандалик пайтимда матбуот орқали танирдим. Муҳожиратга чиққанимдан кейин у кишининг ёзганларини ўқиб, тайёрлаган кўрсатувларини кўриб, у кишидаги самимиятни кўрдим. Анча вақт фақат интернет орқали ёзишиб турдик.
    Ҳолландга кўп бора келишимга қарамай, Ризобек ака билан ҳеч кўришолмадим. Сабаби, бу ерда кўп туролмасдим. Бу гал узоқроқ турибман. Ҳар нарсанинг ўз вақти-соати, фурсати бор, деганларидек, бу сафар мавриди бўлиб, Ризобек ака билан кўришиб, яқиндан танишдик. Наврўз кунлари кўришдик…
    Амстердамдан Ризобек ака яшайдиган шаҳарчагача тахминан олтмиш чақиримча масофа бор экан. Одатда, икки поездда алмашиб қирқ беш дақиқада етадиган манзилга бизлар анча кеч келдик. Ўша кунлари бу йўналишда таъмирлаш ишлари кетаётганлиги боис, биз борадиган йўллар беркитилиб, ўрнига бекатма-бекат метрода ва бошқа поездларда етиб бордик. Ризобек аканинг таклифига кўра, соат ўн икки, бирлар атрофида келишимиз керак эди. Йўлдаги ҳангомалар билан соат иккида манзилга етдик. Бекатда Ризобек ака билан бирга ҳайдовчиси кутиб олдилар.
    Ризобек ака хонадонларига келгач, бир-бир ярим соат ўтириб, бир пиёла чой устида суҳбатлашиб ўтирганимиздан кейин эшик жиринглаб, яна ҳайдовчи келди. Машинага ўтириб, шаҳар айлангани чиқдик. Шаҳар марказига етиб келганимиздан кейин бир палла тарихий обидаларни томоша қилиб, мароқ билан суҳбатлашиб, шаҳар айланиб, Ризобек ака хонадонига қайтдик. 
    Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиманки, гап машинада ҳам эмас, Ризобек аканинг ҳайдовчисида ҳам эмас. Қалбимдан ўша пайтлари ўтганларни айтмоқчиман, ҳолос. Муҳожирликнинг аччиқ қисматини тотиб юрганлар яхши биламизки, бошқа мамлакатларни билмадим-у, лекин, европаликлар муҳожирларни жуда ҳам суявермайдилар. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, Европага олис Ўзбекистондан келиб, Ризобек аканинг ўзга юртда, ҳижратда нуфузли бир ташкилотда ишлаб, юксак қадр топганлиги ватандошим сифатида менда ўзгача таассурот қолдирди. Ҳолланд ҳайдовчининг ёши улуғ бўлишига қарамай, машинага кираётганимизда ҳам чиқаётганимизда ҳам ҳар гал машинадан тушиб, бизларга эшикларни очиб-ёпиб туришлари, очиғи, бунга одатланмаганим учун менга ғалати туюлди. Кейин билсам, бу мулозамат ҳайдовчининг оддий вазифаси экан. Шу вазифасини бизларга қилмаса нима бўларди?! Ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Бировнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Боз устига бизлар бир дарбадар муҳожир бўлсак. Қиссадан ҳисса кўп деганларидек, Европада инсон қадр-қиммати шоҳга ҳам гадога ҳам бир ҳил. 
    Ризо Обид хонадонига қайтгач, дилдан анча суҳбатлашдик. Мен "Замондош ТВ” га суҳбат бердим. Суҳбатим қандай бўлди, билмадим-у, аммо, Ризо Обиднинг биздек ёшларни ҳам суҳбатга тортганлиги мени анча ўнғайсизлантириб қўйди. Чунки, "Замондош ТВ” да Жаҳонгир Муҳаммад, Ёдгор Обид каби устозлар, миллатимиз ойдинлари ёки жасоратли ҳамкасбларимиз Саодат Омонова, Малоҳат Эшонқулова сингари журналистлар эфирга чиққанидан кейин, улар қаторида чиқишим, анча ҳаяжонли ва ўзига яраша масъулиятли бўлади-да. Ўзимча доноларнинг доносига ўхшаб нималар дедим, Худо билади. Ризобек аканинг айтишича, суҳбат яхши чиққан.
    Суҳбатлашиб ўтирганимизда кўзим токчадаги гулдонда қийғос очилган пахта чаноқларига ва бир Марғилон дўпписига тушди. Аввалига пахталарни кўриб, ҳайрон бўлдим.
    -Бу пахталар қаердан келдикин, дедим ичимда. Ана сўрайман, мана сўрайман дейман-у, ҳеч суҳбатимизни бузишга ботинолмайман. Пайти келганда сўрасам, -шу Ҳолланддаги совғалар сотиладиган дўконлардан олганман, деганларида, оғзим очилиб қолди. Бу пахталарни кўриб, албатта, Ўзбекистоннинг бепаён пахта далаларини эсладим. Ризобек ака шундай антиқа нарсаларни топганлигига қойил қолдим. 
    Интервьюдан кейин ўзимизнинг паловхонтўрани туширгач,…
    Шу жойда "лирик чекиниш” қилсам. Ош ҳақиқий "Анжанча ош” бўлди. Ризобек акани ош қилишларига қўймадик. Ўзимиз қиламиз, дедик. Тўғриси, ўзим ҳам ош дамлайман-у, лекин, ўрганмаган жойимда эплашим қийин. Лекин, дўстим ундай эмас, унга жойни ҳам вақтни ҳам фарқи йўқ. Ҳафсала билан чойхоначасига қилаверади. Шу сабаб, аралашмадим. Ризобек ака билан суҳбатлашиб ўтиравердим. Ош ҳар сафаргидек Анжанчасига айтганда, "даҳшат” бўлди.
    Ўзимизнинг девзирани кўрмаганимизга анча бўлганди. Ризобек ака ўтган йили Москвага борганида бозордан олиб, -юртдошларим келсалар ош дамлаймиз, деб, асраб қўйган экан. Бизларнинг ҳам насибамиз қўшилиб, гўзал водийимизнинг гурунчидан баҳраманд бўлдик. Ошдан кейин чой устида яхши одамлар, ростгўйлик ва албатта, ўша бизларга келиши қийин бўлган демократия хақида тамшаниб-тамшаниб гаплашдик. Ризо Обиднинг куюниб, ёниб сўзлашидан миллатимиз дарди шундай уфуриб турарди. Суҳбат давомида АҚШга Жаҳонгир акага қўнғироқ қилдик.
    Жаҳонгир ака билан беш йилга яқин ёзишиб алоқа қилиб турамиз. Лекин, бирор марта жонли тарзда телефонда гаплашмагандим. Жаҳонгир ака билан Бишкекка янги келган пайтларимда илк бор алоқага чиқиб, ёзганларимни "Туронзамин”га юбориб турардим. Адибимиз билан алоқага чиқишимга муҳолифат фаоли, ажойиб инсон, қадрдон акамиз Насрулло Саййид (ҳозирда Канадада) сабабчи бўлганларидан ҳамиша миннатдорман. Доимо Жаҳонгир ака билан гаплашгим келарди-ю, лекин, тўғриси, бунга жазм қилолмасдим. Фақат ёзишардик. Бу сафар Ризобек ака баҳонасида бизлар ҳам телефон орқали Жаҳонгир ака билан гаплашдик. Ўша кунлари Жаҳонгир аканинг Аббосбек акалари оламдан ўтган кунлар эди. (У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин!) Ҳол-аҳвол сўраб, таъзия билдирганимиздан кейин, дилдан ўзгача бир қувонч билан яйраб суҳбатлашдик.
    Илк бор гаплашаётганим Жаҳонгир Муҳаммад ҳам Ризо Обид ҳам менга худди ҳар куни гаплашиб, кўришиб турган, ўзимнинг яқинларимга ўхшарди. Во ажаб, бу қанақаси бўлди, дейман ўзимга ўзим. Одатда, деярли бундай ҳолга тушмагандим. Яхши одамларнинг яхшиликлари масофа ҳам вақт ҳам макон ҳам танламасдан қалбларга яхшилик нурини таратавераркан.
    Жаҳонгир ака билан ҳайрлашганимиздан сўнг яна анча ўтирдик. Вақт алламаҳал бўлгач, Ризобек аканинг, -бугун қоласизлар энди, дейишларига қарамай, Амстердамга кетишга отландик. Бир кунлик вақт жуда тезлик билан ўтиб кетганини ҳам сезмай қолибмиз.
    Кетар пайтимиз Ризобек ака менга Саид Аҳмаднинг "Йўқотганларим ва топганларим” дўстимга эса, Тоғай Муроднинг "Бу дунёда ўлиб бўлмайди” китобларини, "Даракчи” газетасининг бир сонини ва -шеърлар ёзиб турарсиз, дея, ён дафтарчалар туҳфа қилди. Тўғриси, бу совғаларни кутмаган эдик. Ўзбекча китобларни қўлимизда ушламаганимизга ҳам анча йил бўлганди. Китоблардан Ватаннинг иси келарди. Эҳҳҳ, Андижонда қолган китобларим, китобларим….
    Бу кутилмаган совғалардан жуда-жуда қувондик. Гарчи Саид Аҳмаднинг мазкур китобини нашрдан янги чиққан пайтлари Ватанда ўқиб чиқишимга қарамай, ўша кеч Амстердамга қайтаётганимиздаёқ поездда қайтадан ўқиб келдим. Эсимда, бу китоб янги босмадан чиққан пайтлари Тошкентда эдим. Китоб дўконидан бир нусҳасини олиб, Онажонимга гўзал Андижонимда совға қилган бўлсам, орадан мана ўн икки йил вақт ўтиб, муҳожиратнинг аччиқ қисматларини бошимдан ўтказиб, Ватанимдан жуда-жуда олисларда, етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган Европанинг Ҳолланд диёрида қалби қуёш инсон Ризо Обид менга совға қилиб турган бўлса, бу дунёнинг ишларига лол қолмасдан иложим йўқ.
    Китобни дунёдаги энг азиз неъматлардан бири деб биламан. Илоҳим, ҳамиша китобдай азиз бўлинг, қадрли Ризобек ака!
    Ризобек ака билан ҳайрлашар эканмиз, келаси ҳафтанинг дам олиш кунлари, албатта, Амстердамга дўстимнинг уйига меҳмонга келишларини таклиф қилиб, йўлга тушдик…
    Келаси ҳафта якшанба куни Ризобек ака Амстердамга келдилар. Бир кун аввал скайпда гаплашганимизда, соат ўн иккига келаман, дегандилар. Роппа-роса соат ўн иккида поезддан тушдилар. Беш-олти дақиқа пиёда юриб, дўстимнинг уйига келдик. Бир пиёла чой ичиб шаҳар айлангани ташқарига чиқдик. Ризобек ака икки-уч кун аввал телефонда бизларни Амстердамдаги бир музейга таклиф қилгандилар, жон деб рози бўлдик.
    Амстердамда кўп музейларга, ҳайвонот боғига, концертларга, театрларга дўстим кўп олиб тушганди. Яқинда Бухородан юртдошларимиз келиб, бу ерда зўр концерт берганида, боргандик. Концерт ҳақида мавриди келганда бошқа бир нарса ёзарман. Ҳозир гап бунда эмас, гап бизларнинг Ризобек ака таклиф қилган музей ҳақида. Биз тушган кўп музейлардан фарқли ўлароқ бу музей анча таниқли эди. Аввалроқ, бу музейга киришни истаб, интернетдаги саҳифасига кириб кўргандик. Ризобек ака эса, бу ниятларимиздан беҳабар, айнан ўша музейга таклиф қилиб қолди. -"Мадам Тюссо” ("Madame Tussaud”) музейига кирмадингизми?, деб сўраганларида. -Йўқ ҳали кирганимиз йўқ, лекин, киришни режалаб юргандик, дедим. -Ундай бўлса, бирга борамиз, дедилар.
    Жаҳоннинг машҳур музейлардан бири бўлган "Мадам Тюссо” музейи Лондоннинг Мэрилебон шаҳрида жойлашган бўлиб, бугунги кунда дунёнинг ўн шаҳрида, жумладан, АмстердамЛас-ВегасКопенгагенНью-ЙоркЛос Анжелес,ГонконгШанхай,  ВашингтонВена ва Берлинда ўз филиалларига эга. Музей ҳайкалтарош Мария Тюссо (1761-1850) томонидан барпо этилган. 
    Қисқаси, ўша музейга кирдик. Кўпчилик билса керак, бу музейнинг ўзига ҳослиги шуки, музейда дунёга таниқли бўлган машҳур буюк шахслар ва санъат юлдузларининг ҳайкаллари (рус.: музей восковых фигур) кўргазмали тарзда бирин-кетин қўйилган. Масалан, биз кирган Амстердамдаги бу музейнинг кириш қисмида АҚШ президенти Барак Обама ҳайкали турарди. Музейнинг асосий зали бошланишида эса, Владимир Ленин, Михаил Горбачёв, сал нарида Нидерланд қироличаси Беатрикс, Бош Вазир Марк Рютте, Маргарет Тэтчер, Уинстон Черчилль, Хитойнинг амалдаги диктатори Ху Цзиньтао, тибетликлар лидери Далай-лама XIV, Жорж Бурш, Жон Кенниди, Махатма Ганди, Рим папаси Бенедикт XVI, Альберт Эйнштейн, машҳур Қозоғистонлик велопойгачи Александр Винокуров, булардан ташқари, Майкл Жексон, Анжелина Жоли, Бред Питт, Мадонна, Леди Гага, машҳур футболчи Роналдиньо, Чарли Чаплин ва бошқа машҳур шахсларнинг ҳайкаллари жой олган эди. 
    Музейга кирганимиздан кейин катта лифтда биз каби бошқа сайёҳлар билан бирга бир гуруҳ бўлиб, юқорига кўтарилдик. Эшик очилгач, қоп-қоронғу бир хонага кирдик. Бир маҳал, Ҳолланд тарихини аск эттирган рамзий улкан бир ҳайкал юқоридан пастга мусиқа садолари остида тушиб келиб, худди тирик одамдай оғзини қимирлатиб, ҳайбатли овозда, инглиз тилида Ҳолланд тарихини қисқача сўзлаб, яна юқорига кўтарилиб кетди.
    Шундан кейин ўнг томондаги зулматдан "гум-гум” этиб, замбаракдан ўқ отилиб кетса, бўладими. Ўқ отилиб, ўша жой аста-секин ёришиб, Ҳоландда бўлган уруш манзаралари театрлашган саҳна кўриниши тарзида намойиш этилди. Сўнгра кейинги эшик очилиб, бир "қишлоқчадан” ўтдик. Яна бир эшик очилди. Ичкарига кирсак, зим-зимистон. Эшик олдида, алвасти кийимида, худди эртаклардагидек ёвуз бир тирик одам ичкарига имо қилябди. Ичкарини эса, таърифлашга тиллар ожиз. Зулматда бамисли жинлар, қашқирлар маконига кириб қолгандайсиз. Боз устига баланд овозларда турли ҳил қўрқинчли хайқириқлар эшитилар, ҳайвонлар, турли маҳлуқлар садоси келарди. Манзара жуда ҳам қўрқинчли эди. Ҳуллас, бу кўриниш қанча давом этганини билмадим-у, лекин, қўрқувдан юраклар қинидан чиқиб кетай деди. Устига-устак гуруҳимиздаги қизларнинг бу манзарадан қўрқиб чинқирашлари-ю, бақиришлари, одамни янада даҳшатга солди. Қисқаси, бир амаллаб, терга ботиб, бошқа бир ёруғ хонага эсон-омон ўтиб олдик. Бу асосий кўргазма зали экан. Эшикдан кираверишда ўшал ўзимизнинг Ленин бобо "Хуш келибсизлар!”, дегандай, савлат тўкиб турибди. Ёнларида эса, М.Горбачёв… 
    Ҳайкалларни кўришга келган одамлар шу даражада кўпки, ҳамманинг қўлида фотокамера бўлиб, бир-бирларини ҳайкаллар қаршисида суратга олиш билан банд. Одамлар ҳайкаллар билан суратга тушиш учун навбат кутиб туришади. Шу жумладан, бизлар ҳам. Ўзбекча қилиб айганда, ит эгасини танимайдиган қизиқ бир манзара. Суратга тушиб юрибмиз. Орада бир кичик кафе манзараси акс этган бўлиб, ихчамгина бир юмалоқ стол ўртасида машҳур америкалик кино юлдуз Жорж Клуни ўтирибди. Унинг икки ёнида эса, биттадан бўш ўриндиқ-стул турибди. Ўнг томондаги стулнинг орқа томонида биз танимаган бир чиройли аёл (актриса бўлса керак) шу стулга суяниб турибди. Дўстим айнан ўша стулга бориб, оёғини чалкаштириб, худди Ҳолливуд актёрларига ўхшаб, савлат тўкиб ўтирибди. Мен эса, дўстимни ўша манзарада суратга олябман. Бу қилиқларимизни кўриб турган Ризобек ака хандон отиб кулиб турибди. Дўстим суратга тушиб бўлиб, ҳали туришга улгурмаган ҳам эдики, бир маҳал, бир европалик киши аёли билан шундоқ дўстимнинг ёнига келиб, уни қучоқлаб суратга тушмоқчи бўлябди. Шу палла нима бўлаётганини  тушуниб улгурмаган дўстим, шарт ўрнидан туриб кетса бўладими. Ҳалиги эр-хотин бўлса керак, улар аввалига бу даҳшатдан қўрқиб кетиб, сўнг, кулиб юбордилар. Боиси, дўстим ўзи келишган, бўйи новча йигит бўлиб, ўша куни атайлаб қора костюм-шим, қора туфли, оқ кўйлак ва қора галстукда пўрим бўлиб борганди. Кўринишидан у ростдан ҳам худди Ҳолливуд актёрларига ўхшаб кетарди. Шундан бўлса керак, ўша киши дўстимни ҳам бир ҳайкал деб ўйлаб, у билан суратга тушмоқчи бўлди. Бу манзарадан барча роса қаҳ-қаҳа отиб кулди. 
    Қисқаси, ҳайкалларни томоша қилиб, бамисли, ўша замонларда юргандай ва "улар” билан шахсан кўришгандай бўласиз. Биз "улар” билан суратларга тушдик. Музейда юриб, икки соатдан кўпроқ вақт ўтганлигини ҳам сезмай қолибмиз. Ризобек ака таклифидан жуда ҳам миннатдор бўлдик. Музейга қилган саёҳатимиз бир умрга эсдалик бўлиб, жуда мароқли ҳамда қизиқарли тарзда ўтди. Музейдан чиққач, Амстердамнинг марказий "Дам” майдонини сайр қилдик, эсдалик учун суратларга тушдик, кейин яна дўстимнинг уйига қайтдик. Уйга келгач, гурунгимизни давом эттириб, суҳбатлашиб ўтирдик. Кейин Ризобек акани кечки поездга кузатдик.
    Шундай қилиб, Ризобек ака билан анча яқиндан танишиб, қадрдон бўлиб қолдик. Ризо Обид билан ўтказган шу қисқагина вақтларимиздан ва мароқли суҳбатларимиздан айтишим мумкинки, бу ажойиб, бағрикенг инсон ўзининг камтарлиги, самимийлиги ва ниҳоятда очиқкўнгиллиги билан бизлар учун яқин инсонга айланди. Ризобек ака жиддий сиёсий мавзулардан ташқари, ҳазил-мутойибага ҳам бой одам экан. У киши билан ҳамсуҳбат бўлган киши асло зерикмайди. Маънавий қувват, руҳий озуқа олиб, диллар яйрайди. Ҳаётий тажрибалари ва ижод маҳсулидан ҳамда сермазмун суҳбатларидан  қалблар нурга тўлади.
    Миллатимизнинг жонкуяр фарзандларидан бири, забардаст инсон, таниқли журналист, шоир ва адиб Ризо Обид билан танишганимиздан бағоятда хурсандмиз! Омон бўлинг, ака!
    Улуғбек Бакиров
    Амстердам
    6 апрель, 2011 й.


    Read more: http://zamondosh.blogspot.com/2011/04/blog-post_1286.html#ixzz1JFEsFg7H
    Жойлади: zamondosh
    Всего комментариев: 3
    1 FeriYa  
    0
    Salom yahshi yigit, nega saytizda koment yozish mumkin emas?

    2 Маъмур  
    0
    Яхши қиз, кўриб турганийздай бизда изоҳ қолдириш мумкин, фақат рўйхатдан зтганда ҳақиқий адресди ёзиш кергий эди, Амстердам шаҳри деб эмас ўзийиз яшайдиган шаҳарни. Қайси шаҳарлигини ўзийз яхши биласиз мен айтмай қўя қолай.Чунки адайиздан гап эшитиб қоменг.

    3 Fazliddin Yokub  
    0
    Assalomu alykum Rizobek va Ulugbek . Avvalo sizlarning jahongashtaliginlarni korib kuvondim , havas kildim . Uzokdan kuzatib borayapmiz , ijodlaringiz va intilishlaringiz yahshi tomonlari kop ammo biroz bolsada kamchiliklar ham yok emas . Mayli bularni ilgarida gaplashib , maslahatlashib borilsa yahshi boladi . Hozir men sizlarning eski va mashhur muholifatchilar sahifalaringizdan joy olib borayotganligidan mamnunman . Tarih kelajakning mevasi deganlaridek, bugungi yoshlarimizga tarihni eslatib borishlaringizni kop istardik . Ijodlaringiz va samimiyatlaringizda yahshiliklar tilab kolamiz . Fazliddin Yokub . AMERIKADAN .

    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2025
    Сайт управляется системой uCoz