Ёшлик яхши даврда...Орзулар осмон қадар... Шундоққина кўкдаги юлдузларга қўл чўзиб, узиб оладигандай туйғулар оғушида яшайсан киши... Шижоат шу қадар бўладики, тоғларни уриб талқон қилгудай кучни ҳис қиласан...
Ёшлик умрнинг баҳорига ўхшатилади. Демакки, ҳаёт мазмунига тамал тоши ана шу ёшлик даврида қўйилар балки...Балки...
Лекин ёшлик ғайрати қанча жўшмасин, ҳадеганда орзулар амалга ошмай қоладиган кезлар ҳам бўлади ҳаётда. Орзулар армонга айланмаслиги учун эса, дунёни англамоқ йўлига чиқишга тўғри келиб қолади гоҳо. Бироқ, ҳамма ёш ҳам бу йўлга чиқишга жазм қилавремайди. Дарвоқе, нега ёшлик ҳақида, орзулар хусусида гапириб қолди бу киши деяётгандирсиз?
Бу ҳақда бежиз сўз бошлаганим йўқ. Боиси бугун журналист, шоир , Замондош ТВ Бош муҳаррири Улуғбекжон Бакировнинг таваллуд айёми куни!
Улуғбекжонни бошқа кўплаб ёшлардан фарқли равишда орзулар ушалишини чиндан исботлаш учун кураш отига минган чавандозга қиёслагим келади. У ҳақиқат майдонига дулдул суриб кирган суворийдай виқор билан, ишонч билан даврага нигоҳ ташлайди... Унинг нигоҳи бугун АҚШдан тортиб Авропагача, Осиё ва Шарқ мамлакатлари, қўйингчи курраи заминнинг қай бурчида бўлмасин ўзбекистонликлар нигоҳи билан дуч келмоқда. У ўзининг ўткир ва ўктам овози билан, кўркам ҳамда сервиқор жисми билан Улуғбекжонни орзиқиб кутадиган ватандошлар, миллатдошлар хонадонларига ойнаи жаҳон орқали кириб боряпти.
Кеча яқинда камтаргина Улуғбек 30 ёшга кирди, деб қутлагандик. Бугун у ўттизни майдалаб, яна бир ёшни ҳатлаб ўтяпти.
Улуғбекжон Ўзбекистондалик пайтларида мухолифат сафларида, инсон ҳақлари курашчиси, журналист сифатида эътиборга тушган ёшлардан. Лекин Ўзбекистон режими уни ҳам назардан қочирмади. Унинг сиймосида ҳукумат ўзига рақибни кўрди. Мана неча йилларки у ватандан олисда, Норвегия қироллигида муҳожирликда яшаб келмоқда. Лекин у кўпчилик ватандошлар каби иссиқ жойга келиб олдим, дея қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Ёки бўлмаса кузатаётганларимиз кўплаб тенгқурлари каби мусиқий, кўнгилхуш сайтларга кириб олиб, ўйин-кулгуга берилаётгани йўқ. У туну кун эл-юрт ташвишида бедор. Бедор, дея муболаға қилаётганим йўқ. Том маънода тунларни тонгга улаб ватан ишқида , миллат кўйида ёниб яшаганини бир мен эмас кўплаб бошқа минтақаларда яшайдиган мухлислари ҳам эътироф этишмоқда.
Улуғбекжон ҳақида ёзишда кўп ташбеҳлар тизишга ҳаракат қиляпманкуя , лекин бу иқтидорли ижодкорни ҳар томонлама таърифлашга етарли эмасдай кўнгил тўлмаяпти. Чунки унинг номи билан боғлиқ айтилажак тавсифлар ғоят кўп. Уларнинг сўнггиларидан бирини айтиб қўя қолай.
Шу йилнинг баҳоридан Замондошга ҳамкорликни бошлаган Улуғбек Бакиров айрим журналистлар бир умр қила олмайдиган вазифани адо этиб қўйди. У Замондош ТВда амалга оширган ишлар кўлами ҳақида айтиб ўтирилмаса ҳам унинг кўрувчилари, мухлислари яхши билишади. Лекин бу Улуғбекжонга чегара бўлиб қолмаслигига ишонаман.
Қутлов учун сарлавҳани Улуғбек осмонидаги ўттиз ва яна бир юлдуз, деб қўйдим. Чунки у умр осмони юлдузларининг ўттизтасини узиб, ўттиз биринчисини ҳам қўйнига солди.