Ризобек Вторник, 2024-05-14, 06.45.06
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 3
    Гостей: 3
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Апрель » 12 » 2.Қалдирғоч ва илон
    15.18.11
    2.Қалдирғоч ва илон
    Она тилим - буюк хазина!

    Баҳорнинг илк кезлари Ўзбекистонга қалдирғочлар учиб кела бошлайди.Улар ўзбек хонадонларининг айвонлари, уй ичларига ҳам уя қуриб полопон очиш учун ҳозирлик кўришларини баъзан соатлаб кузатганман.Қалдирғочлар бошқа айрим қушлар каби эринчоқ эмас, омонат уя қуришмайди, инларини шундай қуришадики, агар атайлаб бузилмаса, билмадим неча йиллар тураверади.

    Қалдирғочлар ҳақида бежиз сўз бошламадим.Чунки уларни одамзотнинг энг яқин дўсти ҳисоблашади.Болалигимда уларнинг “ғижир-ғижир” этиб бир нималар ҳақида ўзаро баҳслашгандай “сўзлашувлари” нима ҳақда экан дея қизиқсинардим.

    Бир гал бувимдан:
    -Буви, қалдирғочлар уйларга ин қуришади, ҳеч ким уяларини бузмайди.Улар уй шифтидаги тўсинга беланчак илиш учун қоқилган михга қўниб олиб нималар ҳақда гаплашишаркин - дея сўрадим.

    Бувим аввалдан шундай афсона ё ҳикоя бўлганми ёки йўқ билмадимку-я, лекин бир ривоятни айтиб бергандилар.Бувимнинг исмлари Тилобатхон бўлиб у кишидан кўп шу каби ривоятлар эшитганман.Ҳозир ёдимда борича қалдирғоч ҳақидаги ривоятни ёзмоқчиман.

    Бувимнинг қалдирғоч ҳақида айтган ривояти.

    Ер юзида бир қонҳўр девми ё бир маҳлуқ пайдо бўлибди.Ўша маҳлуқ жамики жонзотларнинг қонларининг таъмини бирин-кейин татиб кўра бошлабди.Қайсики жонзотнинг қонини тота бошлабдими, демак ўша жонзот қирилиб кета бошлаган экан.Маҳлуқ кунлардан бирида илонга буюрибди:менга ер юзидаги қайси жонзотнинг қони энг ширин эканини билиб қайт.
    Илон ер юзида кезиб юриб кўплаб жонзотлар қонини татибди.Сўнггида одамзотнинг қони барча жонзотларники ичида энг ширини, деган қарорга келибди ва бу ҳақда хабар бериш учун қонхўр маҳлуқ сари йўл олибди.У ўзининг янги кашфиётидан ғоят хурсанд судралиб бораётса, ин қураётган қалдирғоч ердан уяси учун навбатдаги ашёни олишга қўнаётиб илон билан учрашиб қолибди.У замонлар қалдирғоч одамлар уйига ошён қурмас экан.Қалдирғоч турқи совуқ бу судралиб бораётган жонзот - илондан хурсандлиги боисини сўрабди.

    -Бунчалар шодонсан?

    Илон шунда қалдирғочга жавоб берибди.

    -Эй, билсанг эди нега хурсандман.Менга ер юзидаги қайси жонзотнинг қони энг ширин эканини билиш буйруғини берган маҳлуққа хушхабар элтмоқдаман.Бу хабарим учун биласанми қанчалар эъзозларга эришаман.

    -Қандай хушхабар экан?

    -Ер юзидаги жонзотларнинг қони энг ширини одамзотнинг қони экан.Энди менинг хожам одамлар қонидан ташналигини қондиради.

    Қалдирғоч кўп ўлкаларда бўлиб уззукун меҳнат қиладиган одамзотни яхши биларкан.Илоннинг бу хабарни маҳлуққа етказишидан даҳшатга тушибди.Лекин уни қандай тадбир билан қайтариш ҳақида ўйлар экан, даҳшат ҳиссини сездирмасдан дебди:

    -Эҳ, илон билсанг эди сенинг бу хушхабарингдан менинг ҳам хурсандлигимни.Кел тилингдан бир ўпай.

    Илон бундай чиройли қуш унинг тилидан ўпмоқчилигидан хурсанд “майли” дея тилини чиқариб тутибди.Шу заҳоти қалдирғоч илоннинг тилини чўқиб олибди.Унинг тили заҳридан қалдирғоч тил тортмай ўлибди.Уларнинг суҳбатидан воқиф бўлган одамзот қалдирғочни бир умрга дўст тутибди ва ўзи яшайдиган уйнинг истаган жойида ошён қуриши учун изн берибди.

    Илон эса йўлида давом этиб маҳлуқнинг ёнига етиб борибди.Лекин тили чўқилиб икки айридай бўлиниб, ўзи топган хабарни илонга тушунтириб беролмай қолибди.Маҳлуқ ҳарчанд:қайси жонзотнинг қони ширин экан, деб сўрамасин илон тилини чиқарармишу аммо ҳеч бир нарса айтолмас экан.

    Бу бир афсона, аммо ўзим кузатганим бир гал шифтдан ўрмалаб келган илон қалдирғоч уясидаги полопонларини ютаётганини кўрганман ва оғилхонадан бешлик-санчқини олиб келиб илонни шифтдан тушириб янчган эдим.

    Балки мен қаламга олган ушбу ривоятни ўқий туриб сизга таниш ёки таниш бўлмаган ўзбек тилидаги шевалардаги бирор-бир сўзга дуч келгандирсиз.

    Афсона тил ҳақида бўлгани учун ёдга олдим ва сизга ҳам айтиб бердим.


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz