Ризобек Вторник, 2024-05-14, 22.40.20
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Апрель » 16 » Муҳожирот таассуротлари
    01.04.10
    Муҳожирот таассуротлари
    Тафовут

    Қайси бир янги манзилга келсангиз ўша жойдаги одамларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, табиати ва иқлими ҳамда бошқа шунга ўхшаш жиҳатларига беихтиёр синчковлик билан эътибор бера бошлайсиз.

    Холландга келганимиздан буён бирмунча вақт ўтган бўлсада ҳали-ҳануз мен илғамаган ўзига хосликлар кўплигини биламан.Уларни ўрганишда давом этарканман, менга бошпана берган бу мамлакат ва унинг меҳнаткаш одамларига миннатдорчилигим бор.Шу боис бу томондаги кузатганларимдан келиб чиқиб гоҳо бир нималар ёзиб тураман.

    Ўшанда Холландга келганимизга бир неча ой бўлганди.Ўзбекистонлик сиёсий бошпана топганларга мамлакатнинг ҳар қаеридан узоқ-яқин ҳудудларидаги қишлоқ ва шаҳарларидан навбати билан уй-жой бера бошлашди.

    Муҳожирот марказида турли мамлакатлардан келган турли миллатли одамлар орасида баъзан келишмовчиликлар чиқиб турсада, бир қараганда бу сезилмасди.Чунки бу арзимас келишмовчиликлар эди.Аммо бизнинг ватандошлар ҳам ўзлари бир неча киши бўлишсада аллақачон уч-тўрт гуруҳчага бўлиниб бўлишганди.

    Ҳозир бу ҳақда гап бошлаганим боиси бизнинг миллатда ватанда туриб ҳам одамийлик, бир-бирига ўзаро оқибат нафақат нотаниш кишилар ўртасида балки қариндош-уруғлар ўртасида ҳам анчайин кўтарилган.Сабалари кўп.Чунки борликдан хуруж, йўқликдан уруш чиқади, дейилганидек одамларнинг ижтимоий тенглик тарозуси посангиси бир томонга қийшайиб кетган.

    Аслида бу ҳақда ҳам узоқ сўз айтмоқчимасман.Чунки асосий гап бошқа ёқда.Сўзимни Холландда биз муҳожирларга уй-жой бера бошлашгани хусусида бошлагандим.Ўша жойидан давом этмоқчиман.

    Андижонлик муҳожир йигит билан менга бериладиган уйни кўргани йўлга чиқдик.Бизни муҳожирларга ёрдам берувчи шу ҳудуд вакили темир йўл бекатида кутиб олди ва автосига ўтқазиб уй кўришга олиб борди.Уйни кўрдик.Гарчанд икки қаватли, ҳамма шароитлари муҳайё, олд томнида гулзор, орт томонида эса ҳовличали уй бўлсада ватандаги кулба барибир қадрдонлиги ҳар онда кўнгилни ўртаб турарди.Лекин начора.Тақдирда мусофирлик тузини тотиш бор экан унга тан бермай илож йўқ.Уйни кўриб маъқул келганини айтганимиздан сўнг бизни олиб келган идора ходими қайта темир йўл бекатига элтиб қўйишини айтди.Лекин биз андижонлик йигит билан миннатдорчилик билдириб шаҳарчани айланиб ўзимиз қайтишимизни айтдик.

    Ҳамроҳим билан табиати гўзал бу эртаклардагидай мўъжазгина шаҳарчани бироз томоша қилган бўлдикда автобус бекатига келдик.Бекатдан сал нарида гулзорнинг ўртасига олма дарахтига бир эшак боғлаб қўйилибди.Унга яқин бориб кўрдик.Эшак биз томонга ётсирадими ҳарқалай қайрилиб қарамади.Бизни ҳайратга солган нарса холланд эшагининг бизнинг эшаклардан тавофути эди.Йўқ, унинг ташқи кўриниши ўша-ўша жайдари ўзимизнинг эшаклар каби, аммо таажубланарлиси у тагига тўкилиб ётган олмаларни емас, олма танасини ғажимас ёҳуд оёғи остидаги гулзорга ағанмасди.Елкасида тезроқ юриши учун ниқталадиган яраси ҳам йўқ.Дуркуллаган, соғлом, бадани шампунлаб ювилганми ялтиллаб турибди.У боғланган жойнинг бир томонида дўконлар, кафе-ошхона сингари шахобчалар бўлиб, одамлар кириб-чиқиб туришарди.Эшак уларга узалиб ҳанграмас ҳам эди.Эшакни кузатиб анча вақт ўтди.Эгаси келиб миниб кетишини кўрмоқчи бўлдик.Лекин биз кетадиган йўналишдаги автобус келди ҳамки у эшакнинг соҳиби келмади.

    Автобусда кетарканмиз, иккимиз ҳам эшак ҳақида таасуротларимиздан мулоҳаза юритиб кулишиб бордик.

    Биз томонлардаги эшаклар дарахтни ғажийди, гулзорми, ўтлоқми қарамай пайҳон қилади, роса кучаниб ҳанграб-ҳанграб олгач тупроқми лойми қарамай ағанаб-ағанаб олади.Оғзига кирган нарсани еяверади.Елкасида хала деб аталадиган яғири ҳам бўлади.Анча кулишдик.Тавба одамлари қандай бўлса жониворлари ҳам шундай бўларканда деб қўйдик.

    Кейинчалик билишимча бу томонларда эшакни умуман ишлатишмас ёки минишмас экан.Шунчаки ишқибозчиликка боқишаркан.

    Холланд мамлакатининг ҳавоси ғоят соф, бир кўкаламзор ўлка.Қишин-ёзин кўм-кўк.Яна бир эътибор берганим итлари ҳуравермайди, мушуклари тунлари дарахтларга ё том бошига чиқиб олиб мовлайвермайди, хўрозлари қичқирганини йилда бир ё эшитасиз ё эшитмайсиз, қўйлари маъраб, сигирлари мўрагани, эчкилари ме деганини эшитмайсиз.

    Тавба, дейсизда бундайин тафовутларни кўриб.Болалигимдан кўп бор қулоғимга тушган гап: ер юзидаги жамики жонзоту ўсимлик дунёси, бир сўз билан айтганда борлиқ табиат одамзот билан боғлиқ дейишади.Назаримда атроф борлиқдаги барча нарсалар инсонлар табиатидан нусха олади шекилли.

    Ризо Обид
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz