Ризобек Вторник, 2024-05-14, 05.11.45
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2008 » Апрель » 18 » БАЁНОТ
    03.21.01
    БАЁНОТ
    Шоир оиласига...Сиёсий террор!

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Баёноти
    Мухолифатчи шоир Юсуф Жума юртимиздаги минглаб, миллионлаб кишилар издиҳомида оммавий ҳуқуқсизлик, авторитар сиёсатга қарши исён қилмаганида қамалармиди? Унинг бир ўғли Машраб “ўғри”га, иккинчи фарзанди Бобур “безори”га айланармиди? Оиласи, мурғак фарзандлари сиёсий бошпана тилаб, халқаро ташкилотлар эшигида сарғаярмиди? Қариндош-уруғ, маҳалла-кўйнинг кўнглига ваҳм оралаб, режимнинг тарғибот қуроли ишга тушганида… шоирга қарши фитнада қатнашармиди? Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган оила бекаси Гулнора Олтиеванинг изтиробли мактубида ана шу ҳақли саволлар ўртага ташланаркан, муштипар аёл биз ҳуқуқ ҳимоячиларидан мадад сўрайди. Юсуф Жуманинг ўзини йўқотишмоқчи бўлишаётганини ҳис этиб, “Эзгулик”нинг бу ишга бош қўшишини илтимос қилганини айтади.

    Аслида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Юсуф Жума ва унинг Бобур ҳибсга олинган дастлабки соатлардаёқ унинг ҳимоясига отланганди. Дарҳол жамиятнинг Марказий бошқаруви мажлиси чақирилиб, гумонланувчи Жумаевларни тергов ва сўроқлар пайтида ҳимоя қилиш учун жамият фаоли Васила Иноятовага ваколат берилганди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига тегишли тартибда мурожаат қилиниб, Ўзбекистон процессуал қонунчилигида ноҳукумат ташкилотларининг жамоатчи ҳимоячи тайинлаш ҳуқуқи мавжудлиги эътироф этилганди. Афсуски, Миллий хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси, Бош прокуратуранинг ички ишлар идораларида қонунга риоя этилишини назорат қилиш Бошқармалари амалий ёрдам беришмади. Аксинча, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Тошкент вилояти прокуратурасидан олинган жавоб хатларида мурожаатларимизга Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари жавоб бериши лозимлиги такрорланган.

    Дастлабки тергов ва сўроқлар адоғига етмай туриб, Ўзбекистон телеканалининг Сиёсат муҳарририяти томонидан Юсуф Жума ва унинг оиласи шаънини қораловчи кўрсатув ташкил этилди. Бу ҳаракатлар миллат шоири Юсуф Жумага қарши сиёсий террор бошлангани, унинг ҳимоя ҳуқуқидан амалда маҳрумлиги, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан марҳамат кутиш ортиқча эканига ишора эди. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жорий этган жазо санкциялари тақдиридан каловланаётган бир паллада ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаолларига нисбатан намойишкорона бир сигнал эди. Халқаро муносабатлар аслида бир сиёсий ўйинлар экани, тузумга қарши бош кўтарган кишига жазо муқаррарлигига таъкид эди.

    Ана шу таъкид, ана шу пўписа куни кеча жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди ҳукми билан қонунлаштирилди. Аслида Юсуф Жума ва унинг оиласига қўйилган айбномалар билан ҳар куни, ҳар соатда ўнлаб кишилар судланадилар. Лекин шоир оиласи теварагида ташкил этилган бундай спектаклдан кўзланган мақсад, шубҳасиз, сиёсий ҳуқуқлар, сўз эркинлиги учун майдонга чиққан ҳар бир шахсга жазо муқаррарлигини намойиш этишдир.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аввалги пресс-релизларида, баёнотларида Юсуф Жума ва унинг оиласи атрофидаги можаролар билан боғлиқ тафсилотларга кўп марта тўхталган. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда ёзилмоқда ҳам. Шу боисдан ҳам жамият мазкур мухтасар баёнотида мухолифатчи шоир ва унинг оиласига нисбатан ташкил этилган сиёсий террорни қоралаб, Ўзбекистон ҳукуматини суднинг кейинги босқичларида бундай абсурддан қўлини тортишга чақиради.

    Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти


    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz