Ризобек Суббота, 2024-05-18, 23.03.21
Приветствую Вас Гость | RSS
Главная | | Регистрация | Вход
Меню сайта
    Статистика

    Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0
    Форма входа

    Главная » 2009 » Январь » 3 » ҲИКОЯТ
    00.38.40
    ҲИКОЯТ
    Ҳақиқий фақирлик

    Қадим замонларда бир бой яшаган экан. Унинг мол-давлати шунчалик кўп эканки, баъзан ўзи ҳам ҳисобда янглишиб кетаркан. Ана шу бойнинг бир ўғли ҳам бўлиб, болакайни отасининг зару-дунёси қизиқтирмас экан. Эртага бутун давлати шу ўғлининг қўлига ўтишини ўйласа, бечора бойнинг кечалари уйқуси ўчиб кетаркан.
        Кунларнинг бирида «Эҳтимол бу дунёга келганидан бери тўкин-сочинлик ичида яшагани учун бунча нарсанинг қадрига етмаётгандир. Бирор марта қорни оч қолмаган бўлса, нимани хоҳласа, ортиғи билан муҳайё қилинса. Нимадир ўйлаб топишим керак», дебди бой ўзига-ўзи. Ва ниҳоят, у ўғлига муносиб равишда дарс бериш йўлини ўйлаб топибди. Эрталаб ҳовлида нима биландир банд бўлиб ўтирган ўғлига қараб:
        – Қани тайёргарлигингни кўр. Уч-тўрт кунга айланиб келамиз, – дебди.
        Одатда узоқроқ сафарга чиқишса, сувдан тортиб ҳар турли егуликларгача ғамлаб оладиган бой бу гал ўзининг доимий анъанасига риоя қилмай, тўртта зоғора нон пиширтириб, ўша нонларнинг ўзи билан кифояланибди. Ота-бола ҳеч қандай мулозим ва хизматчиларсиз бир ўзлари йўлга чиқишибди. Узоқ йўл юриб, қуёш тиккага келганда бир дарахт тагига тамадди қилиш учун тўхташибди. Ариқдан оқиб турган сувга зоғора нонни бўктириб қорин тўйғазишибди. Юмшоқ сўлқилдоқ нонлару, ёғлиқ қўй гўштларини еб ўрганиб қолган бой ўғлининг олдида сир бой бермасликка ҳаракат қилибди.
        Кечга яқин улар бир қишлоққа кириб келишибди. Қишлоқ аҳолиси жуда ночор кун кечирар, ҳатто уйларининг деворлари ҳам йўқ экан. Лекин шунга қарамай жуда очиқкўнгил инсон эканлар. Бой ниятини амалга ошириш учун бундан яхшироқ имконият бўлмаслигини тушуниб, қишлоқнинг энг бечораҳол ва камбағал оиласининг кулбасида ўғли билан бир кеча-кундуз қолишга қарор қилибди. Похол устида ухлашга ўрганмаган бечора бой тонггача мижжа қоқмай чиқишга мажбур бўлибди.
        Эртасига уйларига қайтишаётганда ота муносиб «таълим олган» ўғлига савол берибди:
        – Инсонларнинг қанчалик фақирлик ичида, хор яшаётганларини кўрдингми?
        Хаёл оғушида кетаётган ўғил «Ҳа, отажон», дебди.
        – Бундан қандай хулоса чиқардинг? – яна сўрабди ота ва ўғлининг жавобидан сўнг муҳим «дарс»ни бермоқчи бўлибди.
        Кўрган-кечирганларини хулоса қилган ўғил эса бундай дебди:
        – Шу нарса менга аён бўлдики, бизнинг уйимизда битта кучугимиз бор, уларникида эса тўртта. Бизнинг ҳовлимизда катта ҳовузимиз бор, уларнинг эса бепоён даралари, балиқларга тўла кўллари. Бизнинг ҳовлимизда кечаси чироқлар ёниб турса, уларнинг тепаларида сон-саноқсиз юлдузлари порлаб нур сочаркан. Бизнинг ҳовлимиз девор билан чегаралаб қўйилган, уларники эса то уфққа қадар чўзилган. Энг асосийси бизнинг уйимизда шунча нарса бўла туриб, фақат ўзимиз овқатланамиз. Улар эса бир бурда нонларини ҳам яқинлари, қўни-қўшнилари билан баҳам кўришар экан.
        Ўғил сўзини тугатганидан кейин ота унга қарши айтадиган бирон сўз топа олмай, жим бўлиб қолибди. Отасининг индамай турганини кўрган ўғил яна шуни ҳам қўшимча қилибди:
        – Раҳмат, отажон, қанчалик бечора ва фақир эканлигимизни кўрсатиб қўйганингиз учун..

    М.МАЪМУР
    Жойлади: Маъмур
    Всего комментариев: 0
    Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
    [ Регистрация | Вход ]
    Copyright MyCorp © 2024
    Сайт управляется системой uCoz